«Ўз халқини қирди бир хоин…»
Матлуба Азаматова 1965 йил Андижон шаҳрида туғилган. Максим Горький номли Адабиёт институтида таҳсил олган. Британиянинг IWPR институти ва Би Би Си радиоси мухбири бўлиб ишлаган. Ҳозирда Швециянинг Ҳелсинборг шаҳрида яшайди.
Қонли Андижон
Қонга ботди бугун Андижон,
Ҳақ излаган халқим қирилди.
Кўчаларда гирдоб бўлди қон,
Инсон ўлиб, руҳлар тирилди.
Қонга ботди бугун Андижон,
Чангалини ёзди Азроил.
Ёш гўдаклар таслим қилди жон,
Ўз халқини қирди бир хоин.
Қонга ботди бугун Андижон,
Жонни олди Ислом деган зот.
Мурдаларга тўлди бу майдон,
Тополмади одамлар нажот.
Қонга ботди бугун Андижон,
Мард йигитлар жон қилди фидо,
Ёш бола-ю, қизу ёш-жувон…
Ҳаммасига гувоҳдир Ҳудо.
Қонга ботди бугун Андижон,
Ажал қувди минглаб одамни.
Отангман, деб қутурган ҳайвон,
Тингламади ҳеч бир нолани.
Қонга ботди бугун Андижон,
Ўлим бугун қилди тантана.
Ҳақиқатдан кетди бор мадор,
Устун келди хиёнат яна.
Қонга ботди бугун Андижон.
«Халқ отаси» фарзандин қирди.
Халқим юрагингда уйғонсин исён,
Дунё сенинг кулфатинг билди.
Қонга ботди бугун Андижон.
Қасос тайин қотиллар учун.
Қалбда гулхан ловуллар ҳар он,
Ҳақни қўллаш – бу менинг бурчим.
Матлуба Азаматова
«Озодлик оҳанглари»
Eltuz.com