Мултимедиа
6 декабр 2019

РТдан ваъз: Совуқ, сайлов, сафсата, разолат – СССР

Бугун атрофга қараб ваъз учун белгилаганим барча мавзуларнинг боши с билан келар экан.

Совуқ. Сайлов. Сафсата.  Ҳам яна бир мавзуни Разолат деб номладим.

Бу мавзулар ҳарфларини ëзсам, СССР бўлар экан. Шу кунларда Ўзбекистонни яна қул қилиб, ўз зиндонига қамамоқчи бўлган Путиннинг қопқонини мақташ пойгаси давом этди.

Гап Ўзбекистоннинг  ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи)га кириши ҳақида.  Грузияни фаровон қилиб, ўғриларни тумтарақай қувган улуғ ислоҳотчи Михаил Саакашивили бу иттифоқ ҳақида мана бундай деган эди:

«Бу иттифоққа кириш учун иқтисодий кўрсаткичлар¸ фаровонлик индекси ва валюта барқарорлиги талаб қилинмайди. Унга кириш учун фақат битта шарт бор. У ҳам бўлса – Россияга қул бўлишга розилик».

Ўрисга қул бўлишга розимиз, деган миллионлаб ўзбеклар борлигига ишонаман. Аммо уларнинг бу фикри совуқдан деформация бўлган касал мия маҳсули эканлигини ҳам биламан.

«Спрут» деган фильмда Италия мафиозлари ўз эли Сицилиянинг атом қолдиқлари мозори бўлишига қарши чиқишади. Чунки улар ўғри ва қароқчи бўлишса ҳам эл-юртини севган одамлар эди.

Любой ўзбек мулозимига сенга палон пул берамиз, аммо сен туғилган юртга зарар етади, дейишса, албатта, у пулни танлайди. Газ сотишда ҳам шундай бўлган. Откат олиб бойиш эвазига бутун миллатни совуқда қолдиришга рози бўлишган. Газ сотилган пайтдаги президентнинг исми Каримов эди. Бош вазир Мирзиëев эди. Азимов дегани бор эди. Халқ ва эл душмани деганда кўзим олдига шулар келади.

Дарвоқе, Мирзиëев  Туркманистонга бориб олтин қумғон билан Орқадоғнинг дарахтини суғориб, итини мақтаган китобини ўзбекча чиқардим, деб мақтаниб юрибди. Эй, президент, халқ совуқда қийналди. Бировнинг итини ўйлагунча, ўз халқингни ўйла.

Бир вақтлар Қатар қашшоқ давлат бўлган. Нефть топилганда Қатар раҳбарияти «бу нефт меники» демаган, «Бу бойлик халқники» деган ва бойлик бутун халққа умрбод тақсим қилинган. Қатар ватандошлари фуқаро эмас.

Хабарлардан кейин ваъзни келган жойидан давом эттираман.

МАҲАЛЛИЙ ХАБАРЛАР

Тошкентдаги  онлайн аукционда 2 млрд 800 миллион сўмлик крутой авторақамлар сотилди. Дунëдаги энг катта бойлик манбаси – бу мақтанчоқнинг иззат-нафсидир.

400 минг ўзбек Россиядан депортация қилинди ва «қора рўйхат»га киритилди. Ўтган 11 ойда Россиядан Ўзбекистонга 300 ўзбек жасади қайтди. Бу 300 ўзбек жасади солинган темир тобутларни Ташқи меҳнат миграция агентлиги пул тўлаб Ўзбекистонга келтирди. Қанча  ўзбек ўлиги Россияда кўмилгани ҳақида статистика йўқ.

Поп туманида 82 яшар чол поезд тагида қолиб ўлди. Чол йўлни яқин қиламан, деб темир йўлни кесиб ўтмоқчи эди. Йўл қоидасига кексаю ëш бирдай амал қилгани маъқул.

Прокуратура, ИИБ ва аэропорт ички назорати ҳамда божхонанинг ўнта қоринбой амалдори 20 яшар Р.И. исмли йигитчани 3000 рублни алмаштирди дея «жиноят устида ушлашди». Бу йигит қозоқда стройкада ишлайди. “Остона-Тошкент” йўналиши бўйича учиб келган ва таксига ва кунлик расходга дея ëнидаги 5 000 Россия рублининг 3 мингини 390 минг сўмга айирбошлаб, қолган 2 000 рублини қайтим сифатида подставной шпионга бераётган пайтда ушланди. Ушлаган итваччалар максимум ойига 200 доллар маош олади. Ҳаммасининг Тошкентда қиммат ҳовлиси ва кўтида «Каптива», «Малибу» мошини бор. Ойлигинг шунча экан, буларни қаердан олдинг, деб сўраб, срази 20 йилга қамаса бўладиган порахўр погонли талончилар галаси. Бир бечора мардикорни қақшатишди қопқон қўйиб.

Чет эл хабарлари

Озарбайжон парламенти ўзини ўзи тарқатворди. Президент бизасиз ҳам ишини билиб қивуради. Биза ортиқча нонхўр бўмайлик, дейишди.

Тожикистон президентининг ўғли Рустам Раҳмон 3 декабрь куни Тошкентга келди. Мирзиёевга ва унинг қизларига отаси Имомали Раҳмоннинг саломини етказиш учун. Ҳартугул, тожик раҳбарининг 7 қизи, икки ўғли, бир тўда куёвлари, келинлари ва набиралари бор. Бирни кўриб шукур қил, бирни кўриб фикр қил…   

СОВУҚ

«Совуқдан  кичрайиб қолган қуëшни иситгим келади бағримга босиб». Бу мисрани уйларда гугуртни эконом қилиш учун газ тинмай ëнадиган ўтган асрнинг саксонинчи йилларида шоира Қутлибиека Раҳимбоева ëзган эди.

Совуқ шундай нарсаки, у ҳатто зеҳниятимизнинг бир парчаси бўлган меҳмондорчилик одатига ҳам шак келтиради. «Сизни уйга чақирардим-у, меҳмонхонам музлаб ëтибди. Хотин, бола-чақа битта хонага қамалиб ëтибмиз» десангиз, энг хира меҳмон ҳам сразу тушунади.

Мақолда айтилганидек, «қиш ўчоғи тор – тур уйингга бор». Аммо борадиган уйинг ҳам музлаб ётган бўлса-чи? Қаерга борайлик? Қиш тўқсони энди бошланган бўлса. Айтишларича, президентнинг қизларию куëвларининг уйлари иссиққина эмиш.

САЙЛОВ

Афсус, мамлакатимизнинг оти Япония эмас. Японияда бирор бир бўлгада муаммоли ҳолат бўлса, масалан, бир туманда чироқ ва газ тизими ишдан чиқса, мамлакат сайлаб қўйган биринчи раҳбар хотин бола-чақаси билан ўша авария бўлган жойда чодирда яшар экан. То муаммо  ҳал бўлгунга қадар.

Тасаввур қилинг, Арнасойда газ пасайган, свет ўчган. Бу муаммони ҳал қилиш учун президент Мирзиëев, унинг хотини Зироат опаю танноз қизи ва очопот куëвлари капа тикиб ўтирибди эл қатори совуқ қотиб. Мен буни тасаввур қила олмадим. Чунки япон эмасман. Ўзбекистонда раҳбар одамнинг уйида чироқ ўчмайди, газ кесилмайди, мошинаси бакида бензин тугамайди.

Раҳбар одамнинг соати ҳам тўхтаб қолмайди. Аввалига ўзи ақлсиз каллаваранг бўлган одамни раҳбар этиб сайлашади, кейин эса ҳамма уни ақлли деб айта бошлайди. Энди раҳбарнинг қизи бўлсангиз, дарров сизга амал тегади. Бу қизларга эр бўлсангиз, еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда. Истасангиз «Тесла» миниб, 200 га чиқаринг. Истасангиз, катта йўлда элнинг боласини ғарчиллатиб мошина билан бостириб ўлдиринг. Биров ғиринг демайди.

Бир темирчи ëки қурувчи эртаю кеч ишлаб иморат солди ëки квартира сотиб олди. У меҳнат қилиб, шу уйга эгалик ҳуқуқини олди. Иккинчи бир одам, айтайлик, давлат амалдори бу уйни бузиб ташлар экан ëки олиб қўяр экан, у инсоннинг мулкка бўлган ҳуқуқини ўғирлайди. Амалдор тер тўкмай бировнинг мулкини ўғирлайдиган мамлакатда ҳеч кимнинг кўнгли хотиржам бўлмайди.

Ўша амалдорниинг меросхўри аварияга учраб ўлади (Алишер Усмоновнинг жияни ўлгани каби). Ëки амалдорнинг гей жазмани уриб ўлдиради. Бўз тумани ҳокими ëки ИИВ полковники билан бўлганидек.

Бугун қамоқда ëтган Шуҳрат Ғуломов, Ҳаëт Шарифхўжаев ëки Нодир Тўрақуловлар ўзларини худо деб билишди. Ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олишди. Гулнора Каримова, Ихтиëр Абдуллаев, Отабек Муродов  ëки Рашид Қодиров. Бугун қанд касали асорат бериб, инсулин уколни камерага киритишга зўрға муваффақ бўлаëтган Самарқанднинг собиқ ҳокими Туроб Жўраевчи?

Айни пайтда шу золимлар соясига салом берган халқ деб аталмиш тўда ҳам ўз қилмишига яраша совға олиб ўтирибди. Совуқ ва қоронғи уй. Доимий муҳтожлик, камситилишни ҳақ этган тўда.

САФСАТА

Бир пайтлар «Гондурас олов ичида» деган кино бўларди. Совуқ тушган шу кунларда сандалда ëниб кетганлар, қўлбола печдан чиққан оловда куйганлар ëки кўмир иси элитиб ўлганлар тўғрисидаги маълумотлар уруш хабарлари каби тинимсиз келмоқда.

Каримов айтган эди бир вақтлар, «Ëниб-куйиб яшанглар» деб. Бир вақтлар сафсатадек туюлган гаплар бугун худди башорат каби эшитилади. Мана ëниб-куйиб кетишяпти жизғанак бўлиб. Янгийўллик 84 яшар қария жаҳаннам оловини бу дунëда кўргандек бўлди. Қария тунда ëниб кул бўлди.

Бугун эски «Жигули»ни сотвордим металлолом нархида. 1986 йили совет пайтида 14 минг рублга олинган қаймоқранг 06 «Жигулижон». Олинган пайтида бир шиша ароқ 4 сўм, бир буханка нон 20 тийин, бир кило оққанд 1 сўм бўлган, деди бобом. Яна унинг айтишича, 60 дона гугурт бир тийин бўлган экан. Ўша гугуртни эконом қилиш учун эртадан кечгача газ ëниқ тураркан. Газда счётчик ҳам йўқ экан у маҳалда. Ўша пайтда тикув фабрикасида мастер бўлиб ишлаган бобом ойига 160 сўм оларкан.

«Каптива» «Жигули»дан яхши-ю, омо-лекигин… Эски чориғингни унутма дейишади-ку. Бобом уйга газ ўтказганимизда битта уйдаги голланд печини бузмай қолдирган эди. Ўз гапида туриб олган эди. Бугун ҳаммамиз ўша печнинг ëнидамиз. Чунки юртбоши халқ унинг сафсаталарига ишониб ўтирган пайтда газни уларга раво кўрмай Хитойга берворган.

Умуман, ҳар нарсанинг яхши ва ëмон тарафи бўлади. Масалан, бола туғилгани севинч. Аммо бола туғаëтган аëл азобланиб ўлиши ҳам мумкин. Қўшнимиз Сорахон опа ўлди, аммо боласи тирик қолди. Агар жуда бой бўлиб, уйда бир дипломат тўла дўллор қўйсанг, ўғри уриши мумкин.

Максимум бахтиëр қиладиган севинчли нарса йўқ чамамда. Қашшоқлик камтарликка ўргатади. Масалан, таппини ангрен кўмири ва керосин билан аралаштириб супер ëнилғи яратишни. Масалан, ҳар битта ўқувчи уйидан икки баклашка ичига иссиқ сув тўлдириб келиб, синфхона дераза рахига қўйса, синф исийди.

Шу маънода, қашшоқликда ҳам ҳикмат кўп. Кўпни кўрган одам бирни кўриб шукр қилади, бирни кўриб фикр қилади. Бугун қўй гўшти еб ўтирган одам ойлаб гўшт кўрмаган кунларини унутмайди.

Қиссадан ҳисса

Қашшоқлик ҳали инсонийлик ўлди, дегани эмас. Ëмонлик кетидан албатта яхшилик келади. Эртага тонг отади ва қуëш чиқади. Бу совуқ кунлар ўтиб кетиб, ëз келади. Ана энди ривоят айтсам:

РИВОЯТ

Узоқ йўлдан келган йўлчи Ўзбекистон аталмиш мамлакат дарвозаси олдида бир муддат ўтириб, ўтган кетгандан савол сўрди.

– Бу мамлакатда кимлар яшайдур?

– Бир динор ойлик олиб минг динорлик мошин минадурғон амалдорлар.

– Фақиру фуқаро нима қиладур?

– Улар қарз олиб, қасрда тўй қилиб, кейин қул бўлиб ишлашга кетадур. Хотинлари бўлса, туққан боласини сотиб ейдур.

– Бу давлатнинг подшоси нима қиладур?

– У ўз ойлигига ҳар ой ўнта автобус сотиб олиб, Афғонистонга жўнатадур. Товуқ боқадур ва унинг товуқлари олтин тухум туғадур.

– Одамлар нега кўкариб кетган?

– Совуқ. Олдинги подшо бу давлатнинг газини умрбод Хитойга сотибдур.

– Нега буларнинг бўйни букик?

– Булар ҳар куни бўйнини букиб қасам ичадур.

Гап шу ерга келганда йўлчининг давленияси ошиб кетибди. Наффиг деб орқасига қайтиб кетибди.

Қиссадан ҳиссани Ўзбекистондан кетишни орзу қилаëтганлар сони белгилайди. Биргина Америкага кетиш учун бир миллион ўзбек грин кард навбатида турибди. Канада, Германия ва Чехияга кетаман деб фирибгарлар тўрига тушганлар қанча. Чунки совуқ мамлакатни нафақат одамлар, балки қушлар ҳам тарк этади. Биз ҳали печкага олов ëқмаган пайт турналар Ўзбекистонни тарк этиб, иссиқ ўлкаларга учиб кетишган эди.

РАЗОЛАТ

Одам чироқ ëниқ турган пайтда қоронғу ҳақида, газ ëниб турган пайтда совуқ ҳақида сира ўйламайди. Қорни тўқ, усти бут, бадавлат пайтида одам қашшоқлик ҳақида ҳам ўйламайди. Бахтиëр одам бир кун келиб, боласи сувга чўкиб ўлишини хаëлига ҳам келтирмайди. Одам боласи совуқ пайтида газ ҳақида, қоронғуда эса электр ҳақида ўйлайди. Қашшоқ одам лотерея ютиб, бой бўлсам дейди. Қани эди чўнтагимда бирдан миллион дўллор бўлса, дейди камбағал. Барча бахтсиз ва омадсизлар эса соатлаб бахтиëрлик ва саодат ҳақида ўй суради.

Аммо газ «Буюк келажак» ғояси ижодкори бўлган Каримов-Мирзиëевлар тарафидан абадиян Хитойга сотилган. Электр симлари чириган. Трансформаторлар ўлган. Каримов даври меваси бўлган Мирзиëев эса халқни боқибеғамликда айблаб, маломат қилиб ўтирибди. Электр бўлмаса ҳам симëғочлар ғўддайиб турибди. Бу столбалар сони халқни қашшоқ қилган ва қоронғулигу совуққа мубтало қилган амалдорларни осишга етади.

Ассалому алайкум, зимистон Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 апрел 2017
Ўзбекистонда давлат тилига катта эътибор ҳақида кўп гапирилаётганига қарамай, мамлакатда ўзбек тилини мустақил ўрганиш бўйича қўлланмани топиш анқонинг уруғидек ...
19 сентябр 2016
«XXI аср» газетаси (17.09.2016) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партиясидан бўлажак давлат раҳбари сайловига вақтинчалик президент ...
25 август 2022
Элтуз порталининг бугунги сонидан 5 та шикоят ва битта расмий муносабат ўрин олган. Дастлабки шикоят телеграм мессенжеридаги фирибгарлик ҳақида. ...
28 сентябр 2015
Баъзида ўзаро баҳслашаётанлар орасида бир-бирини «манқурт (зомби)» ликда айблашлар учраб туради. Хўш, аслида манқуртлар кимлар? Мен ҳозир қўлдан келганча ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...