Асосий мавзулар
20 декабр 2019

РТдан ваъз: Сайлов деган яйловдаги қўйлар ҳақида

Мабодо Жуманазар ака бориб келган ўзга сайëра вакиллари Ўзбекистонга келиб қолса, ўзларининг тармоғида нималарни ëзган бўлишарди?

Қандайдир одамлар катта залга тўпланволиб, бўйинларига ҳар хил рангдаги шарфларни ўраб, ўзига ўхшаган, бироқ четда яшаган юртдошларини виза билан Ўзбекистонга киритсакми ëки киритмасакми, деб гаплашиб ëтишибди.

Ўша ўзга сайёралик ликобчаси билан тепароққа учиб қараса, одамлар гавжум Тошкентдан сал нари зулматда эмиш. Совуқдан кўкариб кетишганмиш, барча одамлар сигир тезагини ëқиб, ҳамма ëқни тутун қилиб ташлашганмиш.

Албатта, бу икки манзарани бир-бирига қўша олмаган ўзга сайëраликнинг диодлари куйиб, замекания бўлиб кетади.

Аммо биз ўзга сайëралик эмасмиз, бу хола-хола ўйинининг оти сайлов эканини биламиз.  Анови океан ортидан келган радио мухбираси айтгандай сайлов-яйлов эмас.

Эй лаби дўрдоқ.

Асаби чатоқ ўртоқ.

Дебатни бас қил.

Биз эртага Американи қувиб ўтамиз.

Агар бугун Зимбабвени қувиб етолсак,

дея ёзган эди бир вақтлар Маяковский.

ЭРТАКЛАР ЎЗБЕКНИ ҚАЕРГА ЕТАКЛАР?

Мабодо юқорида айтганимиз ўзга сайëралик сайловни кузатишга эриниб, ўзбек халқ эртакларини ўқиб қолса, қолган диодлари ҳам куйиб кул бўлади.

Ўзбек эртаклари ишламай еб ëтиш, яъни паразитликни тараннум қилади. Масалан, битига ботган бир вилоятлик кал дангаса пошшонинг қизига уйланволиб жит қилади.

Ëки битта банкрот фермер чол «олтин қайнайдиган хумча», тинимсиз текин овқат берадиган «очил дастурхон» ва буларни қўриқлайдиган телохранитель «Ур тўқмоқ» эгаси бўлади.

Нима учун? Битта чўлоқ лайлакни ошнинг тагига босмасдан қўйворгани учун.

Зумрад деган қиз эса ўрмонда яшаган холага подход қилиб, падхалим бўлгани учун бир сандиқ олтин олади. Тўғри гапни айтган Қимматни эса аждаҳо еб ташлайди. Мана шунақа…

Энди хабарлар. Хабар бўлганда ҳам азиз юртимиз хабарлари.

МАҲАЛЛИЙ ХАБАРЛАР

Наманган вилоятининг 32-Исфархон сайлов округига ЎзЛиДеПдан депутатликка номзод бўлган Хаджаев Зокиржон Захиджановичнинг шотирлари уйма уй юриб, устига «Mexmash» деб ёзилган пакетларда сайловчиларга «майда-чуйда» бозорлик бериб ўз номзодини тарғиб қилаётган экан. Совғаларга қўшиб плакат ҳам берибди.

Энг қизиғи шундаки, Зокиржон акамиз шу «Мехмаш» МЧЖнинг директори эканлар.

Бу нима? Сайловчилар овозини қанд-қурс билан сотиб олишми? Зокиржон ака, сиз ишлагани келдингизми ё сотвоганими, дея савол қўяди ватанпарвар блогер Нурбек Алимов.

***

Юнусобод метро йўлининг қурилишида рўй берган ер ўпирилиши оқибатида, дастлабки хабарларга кўра, 20 дан зиëд меҳнаткаш тириклай кўмилиб қолди. Пайшанба куни олтита жасад чиқарилди.

Қурувчилар объектни байрамга битирамиз, дея жонларини жабборга бериб техника хавфсизлигини унутишган. Мамлакатда шу куни мотам эълон қилиши керак бўлган президент Мирзиёев эса 17 декабрь куни хотини билан Токиога учиб кетди.  

Шу ўринда ўтмишдаги айни мавзуга оид Ҳамзанинг шеърига басталанган машҳур қўшиқни тингласак.

Ҳой ишчилар, эзилган меҳнатчилар.

Бор бўлсин хизматчилар, эмасму бир инсон

Ишчининг нега умри бойлар учун қурбон.

ЧЕТ ЭЛ ЯНГИЛИКЛАРИ

Қозоғистонда мустақиллик куни саналган 16 декабрда мамлакатнинг қатор шаҳарларида намойиш ўтказишга уринган ўнлаб фаоллар ҳибсга олинди. Ушбу сана 1986 йилнинг декабрида Қозоғистонга Кремль вакили Геннадий Колбин тайинланишига қарши уюштирилган ва совет қўшинлари томонидан бостирилган Олмаота воқеаларининг 33 йиллигига тўғри келмоқда.

***

Россия ҳарбий суди 10 декабрь куни Петербург портлашида айбланган 11 нафар шахс, жумладан, 9 ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик фуқарони 19 йилдан юқори ва умрбод қамоқ жазоларига ҳукм қилди.

2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросида портлаш содир бўлиб, 16 одам, жумладан, худкуш экани иддао қилинаётган қирғизистонлик 22 ёшли Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган эди.

 CИЁСАТ БАРЧАНИНГ ИМТИЁЗИ

Келган жойидан давом қилсак.  Сайлов бу сиëсатдир. Сиëсат ҳақида ҳурмату эътироф билан гапирмоқчиман.

Сиëсат – бу бир имтиëз. Имтиëз бўлганида ҳам барчага бирдек оид имтиëз. Масалан, ногиронлар учун ажратилган парк жойидан фақат ногиронлар фойдалана олади.

Болали аëл ëки иккиқатлар учун имтиëздан фақат улар қўлланади.

Сиëсат эса барча учун имтиëз. Бугун феодал ëки қулдорлик даврида яшамаётганимиз ота-боболаримиз амалга оширган сиëсат меваси.

Бугун мустақил давлатда яшаëтганимиз Горбачев ва Ельцин каби ҳурриятчи сиëсат арбоблари пешана тери меваси. 27 та мамлакат ичида Европа бўйлаб юрганда бир давлатдан иккинчи давлатга бошпурт контролисиз бемалол ўтиб кечиш сиëсий имтиëз меваси.

Каримов даврида «Сиëсат ëмон. У билан шуғулланманг» ёки «Ёшларни сиёсатга аралаштирманглар», деган мужда парваришланди.

Олимларнинг айтишича, сиëсат билан аҳволи ўта оғир руҳий беморларгина шуғулланмайди. Чунки сиёсат билан шуғулланиш учун мамлакатда бўлаётган жараёнлардан хабардор бўлиш лозим, воқеаларни тушуниб, таҳлил қилишга одамнинг ақли бўлиши керак.

Демак, Каримов даврида одамлар ўзини жинниликка солиб, «сиëсат билан шуғулланмаймиз», дейишган экан.

Каримовнинг бешта тамойилидан бири «Иқтисод сиёсатдан юқоридир», дея аталарди. Бу иборани ақлсиз тўтиқушлар нима дейишаётганининг маъносини билмай, телевизордан юз минг карра такрорлашган.

Ҳолбуки, иқтисод сиёсатдан юқори туриши мумкин эмас. Иқтисод давлат сиёсатининг бир қисмидир. Иқтисод ва мамлакатдаги турмуш даражаси юритилаётган сиёсатга боғлиқ.

Қашшоқ Африка мамлакатлари улкан табиий захиралари бўлишига қарамай, бошқарувнинг ёмонлиги, яъни ёмон сиёсат туфайли азият чекишади.

Норвегия эса демократия ва эркинликлар боис ўз мамлакатининг нефть ва газ савдосидан бюджетга 1 триллион доллар йиғди.

Сиëсат – ижтимоий онгнинг фаол тури. Ҳайвонлардан бизни фарқлайдиган омил бу.

Масалан, 90га кирган бобой 9 май куни орден-медалларини тақиб, кўчага чиқар экан, у мутлақо сиëсатни тамсил қилади.

Ҳатто кимсасиз оролга бориб қолган Робинзон ҳам сиëсат юритган. Оролда Британия байроғини кўтарган ва Жумабойга инглиз тилини ўргатган.

Сиëсат боис барчанинг аҳволи бир кунда сезиларли енгиллашиши мумкин.

Масалан, сиëсатчи талаби билан прописка ва ОВИР тизими бекор бўлди, дейлик.

Паспортни Грузиядаги каби икки соат ичида автоматдан чиқариб олсак.

Техпаспорт ва техосмотр бекор бўлса. Грузиядаги каби.

«Ëшлар иттифоқи», «Нуроний» жамғармаси, «Ўзбекконцерт» каби паразит идоралар йўқ бўлса.

Давлат берган машинада хотинини сартарошга олиб борган ҳоким қамалса.

Диктантдан икки олган домла институтда она тили ва адабиëтдан дарс бермаса…

Бу гапларни ëзиб турсам, бир гала иккичилар тармоқда демократияни ëмонлаб комент битиб ташлашибди.

ДЕМОКРАТИЯ НИМА?

Демократия жамиятнинг ўз орасидаги аҳдидир. Қонун чиқарувчига уни ижро қиладигани аралашмайди. Ҳокимлар халқ депутатлари кенгашларида буйруқ бериб ўтирмайди.

Судлар эса мустақил қарор қабул қилади (суд раисига президент администрациясидан Зайнилобиддин телефон қилиб, палончининг ишини ëп, демайди).

Журналистлар эса кўзи тўрт бўлиб ҳар ерни кузатади (ҳоким бобо уларнинг жанозасини ўқийман, деб ўдағайламайди).

Сайлов эркин бўлади (яна ўша Зайнилобиддин телефон қилиб, палончани сайланг, демайди).

Бой солиқ тўлайди. Қашшоқ пособия олади. Конун эса бой ва камбағал учун тенг бўлади.  Демократия дегани шу.

Демократия бойга ҳам, фуқарога ҳам керак. Буни Рашид Қодиров ëки Гулнора Каримова тушунганида эди, ҳозир қамоғда ўтирмасди.

Шуҳрат Ғуломов каби легендарний герой ҳам, экс ДХХ раиси Ихтиëр Абдуллаев ҳам, Отабек Муродов ҳам балки қамоғда ўтирмасди…

Демократик жамиятда ҳеч ким Самарқанд экс ҳокими Туроб Жўраевга сен Рамзанга уч кило олтиндан бўлган қумғон совға қил, дея буюра олмайди.

Бугун ҳукумат ва пул мени қўлимда дея шаҳарликларнинг парк ва боғларини олиб, ер участка қилиб сотаëтган куëв Отабек Умаров ҳам танасига ўйлаб кўрсин.

Агар демократик давлат бўлганида эди, бу куëвнинг президент қайнотаси непотизмда айбланиб 30 йилга қамаларди.

Демократик давлатда солиғини тўлаб қўйган одам бойиб битади. Қашшоқ фуқарога эса ўлиб нетиб қолмасин, деб пособия берилади.

Энг муҳими, кимдир президент бўлиб сайланса, амма-холаси ва куëвларига давлат охуридан ем едира олмайди. Импичмент қилиб, онтариб ташлашади.

Демократик жамият бўлганида Тошкент марказидаги кулбаси бузилган Ойша хола бу кулбани буздирган Отабек Умаровни судга берарди.

ОАВлари Ойша хола тарафини олиб мақола ëзарди. Отабек дегани туғилганига пушаймон бўлиб, бор-йўғидан ажраб, қайдасан Қўқонжоним, деб тиррақи бузоқдай қочган бўларди.

Демократия жамият ичидаги кучлар келишуви ва уларнинг мувозанатидир.

Инсоният тарихида ҳеч бир жамият демократия каби мустаҳкам бўлмаган.

Швеция, Норвегия, Германия каби дунëвий либерал ва демократик давлатларни кўринг ва демократия бўлмаган …истонлар билан таққосланг.

Ҳалиям кеч эмас. Бугун олтин охурдан ем еëтганлар эртага баланда ичиб, турма жаллоди олдида тўнқайгиси келмаса, марҳамат, жамият билан келишсин.

Иштаҳасини бугун тийсин. Бугун товоқдан қўлини тортсин. Кўр эмасмиз. Кар ҳам эмасмиз.

МУТЕЛИК 

Жаҳолат, хабарсизлик ва билимсизликдан қўрқоқлик келиб чиқади. Буларнинг никоҳидан эса мутелик туғилади.

Мутенинг томирида фақат қуллик қони оқади.

Кейинги бир ҳафта ичида мен блок қилганлар жоҳил қўрқоқ ва мутелар эди.

Уларни ифшо қилиш учун Муҳаммад Солиҳ чиқишлари қўл келди.

Туркистоннинг ботир шоиридан таралган қаҳрамонлик нури чаëну калтакесакларни чўчитиб юборди.

Баъзи мутаасиблар эса бетамизларча буюк шоирга лой чапламоқчи бўлишди.

Улар ëзган ажи-бужи калака–малякаларани ўчириб ташласам, “Демократия бу, бизнинг ҳам сўз эркинлигимиз бор”, деб ҳақ талаб қилишди.

Жавоб шу. Сизларда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ йўқ.

Қутурган итда қопиш ҳуқуқи бўлмагани каби.

Сизларнинг энг сўзамол, энг бийронингиз ҳам милициянинг оддий сержанти олдида тили тутилиб, ëнидагиларни сотишни бошлаб юборади.

Миллионта исботимиз бор.

Энг каттангиздан тортиб энг майдангизгача бир-бирингизга қарши кўрсатма ëзгансиз.

Бу кўрсатмалар турибди жойида. Буюк ёзувчи Михаил Булгаков айтгандек, қўлëзмалар ëнмайди.

Уларга қараб шоир Рауф Парфи айтган сатрлар мана бу:

Оқни қора дейсан, тиллани темир,

Ноҳақсан, сарқитни ош деб урасан,

Кармисан? Кўрмисан? Нимасан ахир?

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
17 июн 2022
Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?Бунинг сабабларини билиш учун қиз бола бўлиб ...
21 сентябр 2020
Аёллар дискриминацияси ва гендер тенгликка қарши ҳаракатлар аввал масжидларда, ички ишлар ходимлари орасида (аёлларни ечинтириб, тўдалашиб томоша қилиб видеога ...
4 феврал 2019
ТИВнинг собиқ мулозими Алишер Таксанов январь охирида Венесуэлада бошланган воқеаларни Ўзбекистонга қиёслаб ёзган шеърини фейсбукда эълон қилди. «Элтуз» таҳририяти ...
3 сентябр 2018
2 сентябрь куни милиция бўлимига чақирилган тошкентлик интерьер дизайнер ва блогер, 41 ёшли Миразиз Аҳмедов уйидан чиқиб кетганича ҳануз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...