Асосий мавзулар
27 январ 2020

Хуфёна иқтисодиётимиз ҳажми аслида қанча?

Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров миллий иқтисодиётда хуфёна иқтисодиёт ҳажми, турли ҳисоб-китобларга кўра, 45 фоизни ташкил этишини билдирди.     

“Аслида эса бизда хуфёна иқтисодиётнинг ҳажми бундан анча ортиқ”, деди “Элтуз” билан суҳбатда иқтисодчи Санжар Ақилов.

Унинг таъкидлашича, бугун Ўзбекистон иқтисодиётининг асосини ташкил этаётган хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес вакиллари олинган фойданинг катта қисмини расмий бухгалтерия ва статистикадан яширишга интилиб келади. 

– Чунки бизда солиқ тизими ҳалигача адолатли йўлга қўйилмаган,- дейди иқтисодчи. – Банк тизимимиз кўнгилдагидек ишламайди. Сал қаддини ростлаган тадбиркорларни таловчилар кўп. Бундай шароитда кўпчилик фойдани яширишни маъқул кўради. 

У умумий овқатланиш корхоналари мисолида ўз фикрини исботлашга уринди. 

Дейлик, битта ошхона кунига 5-6 миллион сўмлик савдо қилади. Бу маблағнинг кўпи билан 15-20 фоизи банк орқали айланади. Корхонанинг бухгалтерия ҳисоби ҳам банкда айланаётган пули асосида юритилади. 

Қолаверса, ошхонада 10 киши ишласа, 3-4 тасигина расмий ишчи ҳисобланади. Қолганларига эса маош ўзаро келишувга кўра нақд кўринишда берилади. 

Демак, ошхонада айланаётган 80-85 фоиз маблағ ҳеч қаерда расман қайд этилмайди. Бу эса шунча маблағ хуфёна айланяпти, деганидир.

Мебель цехи фаолиятини олиб кўрайлик. Бу ерда ҳам юқоридаги ҳолатни кузатиш мумкин. Яъни ўнта мебель сотилса, биттасининг пули кирим қилинади, қолганлариники яна давлат назоратидан четда қолади. 

Бозорларимиздаги аҳвол эса бундан беш баттар. Биз бозор орқали тирикчилик қиладиган халқмиз. Бозордаги савдо ва хизмат кўрсатиш ҳажми жуда катта. Лекин унинг ҳам асосий қисми расмий статистикада кўринмайди. 

Иқтисодчи Санжар Ақиловнинг билдиришича, тадбиркорлар ўзаро савдо алоқаларида ҳар қандай расмиятчиликни чеклаб ўтиш ҳаракатида бўлади. Бу улар учун қулай ва фойдали. 

“Юқорида кўриб чиққан мисолларимизнинг ўзидаёқ хуфёна иқтисодиёт миллий иқтисодиётимизнинг камида 65-70 фоизини ташкил этишидан дарак беради”, дейди у.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг ўртача йиллик даромади 1700-1800 долларни ташкил этади. 

Аммо ички бозордаги нарх-наво, хизмат кўрсатиш нархлари билан бу даромадни солиштирганда ўзаро номутаносиблик яққол кўзга ташланади. 

Нарх-наво қиммат бўлса-да, расмийлар савдо ва хизмат кўрсатиш ҳажми йилдан йилга ошиб бораётганини айтиб келади.

“Ҳолбуки, кундалик маҳсулотлар нарх-навоси даражаси аҳолининг харид қуввати қай аҳволда эканидан ҳам дарак беради. 

Бизда эса айрим кундалик маҳсулотлар нархи ривожланган ва ўртача ривожланган мамлакатлардаги нархлар билан тенг ёки кўпроқдир. 

Бу, биринчи навбатда, мамлакатимизда рақобат муҳити йўқлиги далолати бўлса, бошқа томондан, аҳолининг ўртача даромади аслида расмий статистикадагидан кўра баландроқ эканига ҳам ишора қилади. 

Шунинг ўзи ҳам бизда хуфёна иқтисодиёт ҳажми расмийлар айтаётганидан кўра анча катта эканидан дарак беради”, деди Санжар Ақилов “Элтуз” билан суҳбатда. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 апрел 2024
Фарғона вилоятидаги ва умуман водийдаги барча профессионал журналист ва зиëлиларга икки оғиз гапим бор. Водий азалдан меҳмондўстлиги билан танилган. ...
3 декабр 2019
Рассом КирпиEltuz.com
5 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Андижон, Сурҳондарё, Тошкент ва Ўзбекистоннинг Қозоғистон ҳамда ...
13 сентябр 2018
Андижон вилоятида оммавий пахта йиғим терими ҳали бошланмаган бўлса-да, 10 сентябрь куни бюджет ишчи-хизматчиларининг дастлабки гуруҳи 10 кунлик ётоққа ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...