Асосий мавзулар
11 май 2020

Маймунга ўхшаб қолманг

Бир манзара ҳеч эсимдан чиқмайди. Адашмасам, 1996 йиллар эди.

Ўрда бозорида пайпоқ оламан деб, расталар оралаб юргандим. Бир жойда пайпоқ сотаётган ўрта ёш киши кўзимга таниш кўринди. Қаерда кўрган эканман? И-е, эсладим! Матфакда ишлайдиган доцент домла-ку! Бу ерда нима қиляпти? Нега пайпоқ сотяпти?

Доцентнинг пайпоқ сотаётганини кўриб танам музлади.

Ўша йиллар вилоятлик ўқитувчилар ёзги таътилда пойтахтга мардикор ишлагани келарди.

У пайтлар аспирантлар ётоқхонасида яшардим. Мардикор ўқитувчилар ҳам мен яшайдиган ётоқхонадан комендантга уч-тўрт сўм бериб жой оларди.

Юқори курс талабаси эдик. Ўзбек филологияси факультетида ўқиймиз.

Бизга иқтисод (қисқа курс), фалсафа, эстетика, ҳуқуқ каби фанлардан бошқа факультетлардан домлалар дарс бергани келарди.

Чамаси боёқиш домлаларнинг маоши жуда оз бўлса керакки, танаффус пайти катта ойна ёнида газета парчасига мохорка ўраб чекарди.

Ўзим ҳам университетда домла бўлдим. У пайт уйлангандим, қизим
туғилганди. Маошим оиламнинг озиқ-овқатига етмасди. Тузукроқ кийим олишни ҳатто орзу қилиб бўлмасди. Мажбур университетни тарк этдим. Ҳей, мендек университет домласининг моддий аҳволи даҳшатли тарзда ёмон эди.

Шундай! Мустақиллик содир бўлдики, ўқитувчилар, олимлар жамиятнинг иккинчи сорт одамларига айланди.

Яна нималарни ёзай?

Неча-неча истеъдодли ёш олимлар илмни, университетни ташлаб, ҳар томонга тарқалиб кетишди.

Ҳозир вазият қанақалигини билмайман, илм одамининг шароитидан хабарим йўқ.

Демократия деган дарахт қайси иқлимда яхши ўсаркан, бизнинг иқлимда кўкариши қийин бўляпти.

Баҳорда эккан ниҳолларимиздан айримлар вақтида кўкармайди, лекин қуриб ҳам қолмайди. Бу каби ниҳолга алоҳида эътибор қаратамиз, кўпроқ суғорамиз, яъни куртак ёзишига кўмак берамиз.
Ниҳоят, кунлардан бир кун шу ниҳолимиз танасида бўртаётган куртак кўринади. Севинамиз. Кўкармай, қуриб қолиши ҳам мумкин.

Тўқсонинчи йиллар бошида юртимизда пайдо бўлган демократик эркинликлар шу қадар қаттиқ зарбага йўлиққан эдики, ўттиз йил ўтса ҳам ўзига келиш қийин бўляпти.

Яна нима дейиш мумкин?!

Оддийгина фаслга, кундалик оби ҳавога мос равишда кийиниш учун ҳам одамдан катта ақл талаб этади.

Дейлик, эрталаб кийган пайпоғинг ёки шиминг тушга бориб баданингни қиздириши мумкин.

Яқинларингга меҳрибон бўлиш, дўстларга юракни тоза тутиш, қўшнининг қилиқларига сабр қилишга катта юрак зарар!

Халқнинг оғирини енгил қилиш учун шу халқ билан жонинг, қонинг битта бўлиши лозим.

Оғир шароитда тупроққа беланиб яшаётган аёлнинг юзида, кўзида, гапириш оҳангида онангга, синглингга ўхшашлик кўра олсанг, ўша аёлга жон тортасан.

Тоғдай турмуш ташвишини елкасида кўтариб, бели букилиб ёт элларда сарсон бўлиб юрган ватандошингнинг қилиқлари, кўзи, гавдаси дадангни ёки амакингни эслатса, шу инсонга ёрдам қўлини чўзасан.

Агар оддий халққа бирор жойинг, фикрлашинг, туйғуларинг ўхшамаса, халқ тақдири сенга бир пул!

Жамиятдаги иллатларни, халқнинг чўнтагига қўл солаётган ўғриларни, халқнинг тили ва тарихига беписандлик қилаётганларни шунчаки бекорчиликдан ёки ҳасад, кўролмаслик сабаб танқид қилмаймиз.

Жамиятдаги иллатлар билан муроса қилмаслигимиз, аксинча, иллатларга тоқатсизлигимизнинг асосий сабаби шуки, синглимиз, ўғил-қизимиз, набираларимиз елкасидаги машаққат тоғлари озайсин, турмушига нур кирсин, тақдири оёқ-ости бўлмасин, деймиз.
Бизда бошқа ғараз йўқ!

Бизлар жамиятни танқид қилиб ҳеч фойда кўрмаганмиз, аксинча, зараримиз уммон қадар, иллатларга кўз юмиб топилган обрў, қозонилган бойликдан эса ҳар доим нафратланганмиз, бундай имтиёзлар сотқинлик, виждонсизлик меваси, деганмиз!

Кийимингдаги, танангдаги нуқсонни бегона кўзлардан яширганингдек, қиёмига етмаган, хом ва саёз фикрларингни ҳам ошкор этишдан тийил.

Маймун сенга қараб турли хил қилиқлар қилади, минғирлаб нимадир дейди, сен эса уни тушунмайсан, нима демоқчи эканини, мақсади нималигини англамайсан.

Охири маймун сенга тескари ўгирилиб, ёнбошлаб, тўнқайиб, қип-қизил кетини кўрсатади, шунда сен маймуннинг минғирлаб нима гап айтмоқчилигини пайқайсан.

Қурғур маймун минғирлаб, қўлларини силтаб, кетини мақтаётган экан.

Шу маймунга ўхшаманглар, айтар гапларинг лўнда бўлсин, минғирлаб қилиқ қилманглар!

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикояси

Тағин ўқинг
17 феврал 2017
Андижон шаҳрида феврал бошида фаолияти тақиқланган “Дамас” машиналари туманларга кетиб киракашлик қилмоқда. Бу ҳақда Элтуз мухбирига билдирган андижонлик 28 ...
4 июн 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 30-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Қутулишинг ягона йўли эса ...
24 март 2016
Туркманистон президентидан китоб совға олган мулозимлар уни манглайига суртмоқда. Eltuz.com айни ғаройиб сиғиниш ритуали акс этган ҳолатни ҳажв остига ...
17 март 2023
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.  Матчон Суқилиш: Ничиксизлар мўччи ойбика ҳам хўжик ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...