Асосий мавзулар
11 феврал 2021

Вилоят ҳокими қабулига кирмоқчи бўлган фуқароларни туман ҳокимлари тўхтатиб қолмоқда

Андижонлик фуқаролардан бирининг айтишича, у бир неча ойдан бери вилоят ҳокими қабулга кира олмаётир. Фуқаро омади чопиб унинг қабулига ёзилган тақдирда ҳам бундан хабар топган туман ҳокимлиги вакиллари бунга қаршилик кўрсатишади.

Избосканлик Нодира Мамажонованинг сўзларига кўра, туман ҳокими Серобиддин Исмоилов ходимларига айтиб, бир неча марта аёлни қабул олдидан қайтариб юборган.

“4 йилдан бери туман ҳокимлигига ёрдам сўраб мурожаат қиламан. Сайёр қабулга 3 марта бориб қайтиб келдим. Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам 2-гуруҳ ногиронимиз. Кам таъминланган, ногиронлиги бор фуқароларга кир машина, тикув машинаси каби маиший жиҳозлар бериляпти.

Бизни эса хатловга ҳам қўшишмаяпти. Ёзмаган жойим қолмади, ҳатто ОАВларда ҳам чиқдим. Мурожаат қилаверганимдан ҳокимликдагилар мени ёмон кўриб қолишган. Вилоят ҳокимининг қабулига минг уринсам ҳам кира олмаяпман”, дейди аёл.

Ҳар ойнинг сўнгги шанбасида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мурожаатига ўз туманидаги ҳокимлик ва давлат идораларида ечим топа олмаган фуқароларни қабул қилади. Шу куни вилоятнинг барча юқори ташкилотлари мутасаддилари томонидан ҳам турли муаммолар билан келган аҳоли арзлари тингланади.

– Айрим туман-шаҳар ҳокимлари “кети” очилиб қолишидан қўрқибми ё муаммоларни кам қилиб кўрсатиш учунми, ўз ҳудудидан келган фуқароларни вилоят ҳокимига яқин йўлатмасликка уриняптилар. Ҳатто айримлари шотирларига айтиб, эшик ёнидан зўрлаб қайтариб олиб кетган кунлари ҳам бўлмоқда, – дейди қабулга кирмоқчи бўлиб юрган фуқаролардан бири.

70 ёшли Ҳасанбой Домлажонов вилоят ҳокимининг қабулига кирадиган куни Хонобод шаҳри ҳокими Машъал Тожибоев томонидан тўхтатиб қолинган. Фахрий ўқитувчи қабулга куздан бери киришга уринаётганини билдирди.

– Ё ўзи менинг масаламга ёрдам кўрсатмайди, ё Абдураҳмонов олдига боришимга қўймайди, – дейди фуқаро.

Андижон туманида балиқ ҳовузи бўлган тадбиркор Абдуғулом Турғунов ери ноқонуний олиб қўйилгани масаласида ёрдам сўраб бормаган жойи қолмади. Бир йилдан буён унинг мурожаатларига Андижон тумани ҳокимлиги жўяли жавоб қайтармаган. Тадбиркор вилоят ҳокимининг телеграмдаги каналига бир неча бор хат ёзгани, бироқ хатлари жавобсиз қолаётганини айтмоқда.

– Эплаганлар кириб, баҳоли қудрат муаммосига ечим топяпти. Лекин ҳокимга кира олаётганлар мурожаат қилмоқчи бўлганларнинг ўндан бири ҳам эмас, – дейди у. – Мен ҳам ҳоким билан юзма-юз ўтириб саволларимга жавоб олиш ниятим бор эди. Афсуски, кира олмаяпман. Қабулга ёзилиш институтга кириш имтиҳонларидан ҳам қийин бўлиб кетди.

Андижон вилояти ҳокимининг 2021 йилдаги илк қабули шу йилнинг 9 январь кунига белгиланганди. Аммо, очиқланмаган маълумотларга кўра, шу куни вилоят раҳбари бирортаям фуқарони қабул қилмаган. Номаълум муддатга қолдирилган қабул, мана, бир ой ўтса-да, ҳамон ўтказилгани йўқ.

Ҳокимлик ахборот хизмати хабарига кўра, шу ойнинг охирида Ш.Абдураҳмонов туманларда сайёр қабуллар ўтказади. Бироқ ҳоким билан юзма-юз гаплашиб дардини айтиш кимларга насиб қилади, кимлар эшикдан қайтарилади, бу ҳали номаълум.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 май 2019
Лондонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов 14 май куни Ўзбекистонда мулкка эгалик ҳуқуқлари бузилаётган, айниқса, уйларидан оммавий кўчирилаётганлар муаммоси юзасидан петиция-мурожаатини ...
23 сентябр 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб, сиз билан биргаман. Кундузлари иссиқ бўлса ҳам, кечга бориб қиш ...
18 январ 2018
Президент Мирзиёев ўз чиқишларида «эски замонлар тугаганини» бот-бот эслатишига қарамай, унинг мулозимлари Каримовни қўмсашда давом этишмоқда. «Шу тизим ичида ...
1 ноябр 2016
Далаларда умуман пахта қолмаганига қарамай ҳалиям одамлар пахта териб келиш учун бўм бўш далаларга жўнатилаяпти дейди, Eltuz.comнинг Фарғона вилоятидаги ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...