ART-DURBIN
19 феврал 2021

Яланғоч аëллар суратини чизган халифа ҳикояси

Эҳтимол бошқа оилада дунёга келганида у машҳур турк рассоми сифатида улуғланган ва санъат тарихи зарварақларида муҳрланган бўлар эди. Бироқ тарих бу ижодкорни рассом эмас, ислом оламининг энг олий унвон соҳиби, сўнгги халифа сифатида танийди.

Халифа Абдулмажид II Истанбулда, Усмонийлар хонадонида 1868 йилда дунёга келади. Тахтга даъвогар сифатида Абдулмажид Афандининг имконияти кам эди, лекин 1922 йилда у халифа унвонига муяссар бўлиб тахти равонга ўтиради, айни дамда султонлик ва султон унвони барҳам топади.

"Саройда Гёте" (1898/1917 й.)

Сиёсий ҳаёт ва ислоҳотларга қизиқиши жўш урмаган халифанинг маданият ва санъатга меҳри бўлакча эди. У шунчаки ҳаваскор рассом эмасди, ёшлигида «Sanayi – Nefise Mektebi»да Сальваторе Валеридан, кейинчалик сарой рассоми Фаусто Зонародан классик ранг-тасвир сирларини ўрганади.

Сўнгги халифанинг Вена ва Париж кўргазмаларида иштирок этган картиналари, академизм ва классик ранг-тасвир талабларига тўлиқ жавоб бериб, уларда ғарб рассомлари ва ориентализм таъсири кучли эди.

Чизиш билан бир қаторда рассомлик ва бошқа санъат йўналишларига молиявий ҳомийлик қилиб, 1909 йилда асос солинган Усмонли рассомлар жамиятига раҳбарлик қилади.

«Саройда Бетховен» (1915 йил)

Халифанинг кун тартиби кундаликларида маданий тадбирларда иштироки учун муайян вақт ажратилган эди. Абдулмажид Афандининг «Саройда Гёте» ва «Саройда Бетховен» картиналарида унинг ва оиласининг ғарб адабиёти ва мусиқасига бўлган ихлосини кўриш мумкин.

Ўзи ҳам пианино чалган халифа, шунингдек, балетнинг содиқ мухлисларидан эди. Француз, немис, форс тилларини билган ўз даврининг илғор кишиси бўлган.

"Тарих дарси" ёки "Насиҳат" (1914 йил)

Тирик жонзотлар тасвири тақиқланган ислом динининг олий мақом соҳиби халифа нью жанрида ҳам эстетик завқ улашувчи «Саройда хотинлар» (Avluda Kadinlar) номли санъат асарини яратади.

Холислик ҳаққи айтиш керакки, бу «бешарм» асар Абдулмажид халифа бўлишидан анча олдин – 1899 йилда яратилган. Турк тадқиқотчилари ва медиалари сўнгги халифанинг санъатга ошно моҳир рассом бўлганидан ғурурланишар экан, унинг ушбу картинасини тилга олмасликка, кўрсатмасликка ҳаракат қиладилар.

Картинада ҳашаматли сарой ҳовлисида, ҳовуз бўйида нозикбадан аёллар қоматининг кийимлардан озод гўзаллиги акс этган. Сарой безаклари, умумий манзара ва осмоннинг ёрқин ранглари картинага тантанаворлик руҳиятини беради.

Бу гўзал санъат асари илк бор 1990 йилда оммавий танилиб, 2013 йилда Art Alif аукционида 1,6 млн турк лираси (809 минг доллар) га сотилган.

Абдулмажид II нинг бир неча картинаси Туркиядаги Ankara Devlet Resim ve Heykel Müzesi (Анқара давлат тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик музейи)да сақланмоқда.

Халифа Абдулмажид II (1868 -1944 й.й.)

Абдулмажид II нинг ижодида тарихийлик, аллегория, жонзотлар мавзуси кузатилади. Услубида академизм устунлик қилса-да, 1914 йилдан бошлаб импрессионистик услубга мойиллигини кузатиш мумкин.

Акмал Ризаев

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 апрел 2022
Тошкентдаги Коррупцияга қарши кураш агентлиги биноси ҳовлиси деворида 26 апрел куни Ўзбекистондаги коррупция ҳажв қилинган янги расм пайдо бўлди. ...
20 феврал 2017
Ўзбекистон чорак аср марҳум Ислом Каримовнинг беш тамойили асосида яшаб келди. Бу беш тамойил аслида бир тийинга қимматлиги, қоғоздаги ...
9 феврал 2018
ёхуд Туркияда эрга тегиб олаётган ўзбек аёллари ҳақида 35 ёшли Муслима Туркияга ишлагани бораётганида турмушга чиқишни орзу қилмаганди. Аввалига ...
3 август 2016
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг буғдойдан бўшаган ерларга мош экиш ҳақидаги топшириғи, ўз ерларига бошқа экинлар экиб, катта меҳнат ва ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...