Aфғонистон Марказий Осиё учун мураккаб вазиятни яратади
Chatham House халқаро муносабатлар сиёсий институти Кейт Меллинсон (Kate Mallinson)нинг Афғонистон ва Марказий Осиёда кечаётган вазиятга оид таҳлилий мақоласини чоп этди.
Ғарбдан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё давлатлари бир неча йиллардан буён «Толибон»нинг қўшни Афғонистонга қайтишига тайёргарлик кўрмоқда, дипломатик алоқаларини мустаҳкамламоқда ва ички хавфсизликни кучайтирмоқда, лекин «Толибон»нинг ҳокимиятни эгаллаши катта муаммолар яратди, дея ёзади мақола муаллифи.
Афғонистондаги вазиятнинг мавҳумлиги ва «Толибон»нинг экстремизм экспортини бартараф этиш бўйича Москвага берган хавфсизлик кафолатлари қанчалик ишончли экани хавотирга солади, лекин Россия минтақадаги хавфсизлик масаласида, минтақа истагидан қатъи назар, АҚШнинг шарафсиз чекиниши ва бефарқлигидан ўз иштирокини кучайтириш йўлида фойдаланмоқда.
Марказий Осиё ҳукуматлари бу субъектларга нисбатан ўз ҳаракатлари ва муносабатларига эҳтиёткорлик билан ёндашишлари керак, чунки сўнгги 20 йил ичида Россия ва ҳатто АҚШ хавфсизлик муаммоларини бўрттириб кўрсатганига қарамай, Марказий Осиё учун ҳақиқий хавфлар мавжудлиги шубҳасиз, дейилади мақолада.
Афғонистон инқирози аҳолининг катта қисмини исломнинг экстремистик шаклларига нисбатан заифлаштиради, «Толибон»нинг жиҳодчилик мафкураси эса маҳаллий исломий гуруҳларни минтақада фаол ҳаракатлар олиб боришига илҳомлантириши мумкин. Шундай ҳолат 90-йилларда юз берган, афғон мужоҳидлари ташвиқоти Марказий Осиё бўйлаб кенг тарқалган эди.
Минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид
Афғонистон ҳудуди Туркистон исломий ҳаракати каби халқаро террор ва диний экстремистик ташкилотлар марказига айланиб, минтақа мамлакатлари хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий хатар уйғотмоқда. Минтақа давлатлари рухсат этилмаган диний ҳаракатларни бостириш учун кураш олиб бораркан, уларнинг ички вазиятлари қалтислашмоқда, чунки бу ҳаракатлар борган сари яширин ва сиёсий йўлга ўтишмоқда.
Мақола муаллифига кўра, толибларнинг сўнгги бор ҳокимиятни олгунига қадар ҳарбий кучларни қўллаб келган «Шимолий альянс» ҳарбий иттифоқи буферисиз Афғонистондаги жангари исломий кучлар бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари учун ўта хавфлидир.
«Толибон»нинг яқинда қўлга киритган ғалабаси ва экспансиясида уларнинг курашига бориб қўшилган ҳуқуқлари чекланган этник озчиликлар, жумладан, ўзбеклар ва тожикларнинг хизматлари катта. Ашраф Ғани ҳукумати Марказий Осиёнинг қатор ҳукуматлари тинчини бермаётган сабаблар – қонунларнинг ишламаслиги, коррупция, динчиликнинг кучайиши ва аҳолининг ҳуқуқсизлиги боис ағдарилди.
Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳақсизлик ва авж олган коррупция билан тўқнаш келаётган ёш авлод ўз ҳукуматлари бошқарувига шубҳа билан қарамоқда. Айниқса, Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев даврида улар кўпроқ диний эркинликларга эга бўлишди.
Аҳолининг бу қатлами орасида Владимир Путиннинг ҳам, «Толибон»нинг ҳам кучли бошқарувини қўллаб- қувватловчилар кўпаймоқда, шунинг учун агар экстремистик кучлар мамлакатга кириб келса, улар учун бу ерда унумли замин топилади.
Аммо, мақола муаллифига кўра, Марказий Осиёнинг «Толибон»га умумий муносабати анча мураккаб, чунки минтақадаги дунёқарашлар мутлақо бир хил эмас. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон толиблар билан муносабатларга киришмаяпти ва агар Афғонистондаги этник тожик ва бошқа озчиликлар манфаати камситиладиган бўлса, Душанбе Кобулдаги янги ҳукуматни тан олмаслигидан огоҳлантирмоқда.
Бу орада «Толибон» вакиллари Туркманистон расмийларини Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонни боғловчи қувур ётқизиш ишларини ниҳоясига етказишга ишонтиришмоқда, гарчи ҳақиқатда бунга ишониш қийин.
Ўзбекистон 2016 йили президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг дипломатик ва тижорат ишларида эҳтиёткор бўлишга интилмоқда. Янги иқтисодиёт, савдо имкониятлари ва қисқароқ йўллар билан денгизга чиқишни кўзлаб Афғонистон билан муносабатларни кенгайтирмоқда.
Россияга қарамликнинг ортиши
Марказий Осиё мамлакатлари муносабатларидаги тафовутлар уларни фақат Россияга, у ва Хитой бошқараётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га орқа қилишига мажбур қилади. Гарчи Ўзбекистон КХШТга аъзо бўлмаса-да, ташкилот фаолиятида қатнашади ва минтақадаги вазият сезиларли ёмонлашадиган бўлса, унга қўшилиши ҳам мумкин.
Совет замонларидан буён гўёки ўзини Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги кафолати сановчи Россия анъанавий тарзда ўзининг жанубий қўшнилари инфратузилмаларидаги иштирокини кучайтириш учун хавфсизлик таҳдидини бўрттириб кўрсатиб келади. Энди эса у тағин ҳарбий мускулларини кўз-кўз қилиб, минтақага кириш учун кенг миқёсда ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда.
Бироқ, мақола муаллифига кўра, ҳатто Россиянинг ҳарбий қудрати ҳам олдиндан башорат қилиш қийин бўлган экстремистик гуруҳларнинг ассиметрик урушларини тўхтата олмайди, унинг минтақадаги ҳарбий фаоллиги эса Россиянинг Шимолий Кавказдаги исломий экстремизм билан тўқнашувлари ва Марказий Осиёдан келган муҳожирларга таҳдидлари фонида минтақага фақат хавф солади.
АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиши билан катта бир вакуум яратдики, бу бўшлиқни унинг икки асосий рақиби Хитой ва, айниқса, Россия қувонч билан мумкин қадар тўлдиришга интилмоқда.
Бу икки давлатнинг минтақадаги хавфсизлик ва гиёҳвандлик моддалари савдосидаги ношаффоф аралашуви, АҚШ ҳамкорлиги ва ёрдамларининг янгиланишини қийинлаштиради. Айниқса, Россия АҚШни Марказий Осиёга яқинлаштирмасликка бор кучи билан ҳаракат қилади.
Марказий Осиё давлатлари дуч келаётган хавфсизлик муаммолари, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг жангари экстремистлар киришидан қўрқиб, қочқинларни қабул қилмаётганида ҳам кўринади.
Бу давлатлар ҳукуматлари яқинда пайдо бўлган жанубий қўшнилари билан назорат қилинмайдиган қуроллар тарқалиши, экстремизм экспорти, гиёҳвандлик моддалари савдоси ва террорчилик хавфининг кучайиши масалаларида нозик муносабат олиб боришларига тўғри келади.
Бироқ бу ҳозирги кунда расман минтақадаги тақиқланган террорчилик ҳаракати бўлган «Толибон»ни у ҳукумат ташкил этиши биланоқ тан олинганини англатади. Лекин бу ҳукуматга мамлакатдаги турли этник ва сиёсий кучларнинг кириш кирмаслиги номаълумлигича қолмоқда.
Марказий Осиё давлатлари «Толибон» ва унинг ўз мамлакатларига таъсиридан қўрқишлари мумкин, бироқ ўзларининг Афғонистонга яқинликларидан келиб чиқиб, қай шаклда бўлмасин, улар билан ҳам, Россия билан ҳам ҳамкорлик қилиш йўлларини излашга уринишлари керак.