Асосий мавзулар
21 феврал 2022

Ўзбек фаоллари Швейцарияни 70 млн долларни Такилант офшор ширкатига қайтармасликка чақирди

Бир гуруҳ фаоллар 21 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова коррупцион йўллар билан ўмарган пулларнинг бир қисми “Takilant” компанияга қайтарилиши юзасидан муносабат билдириб Швейцария, Буюк Британия ва АҚШ ҳукуматларига мурожаат билан чиқишди.

Мурожаатда фаоллар Ғарб ҳукуматларини 70 млн доллар атрофидаги пулни Гибралтарда жойлашган, Гулнора Каримова европа телекоммуникация компанияларидан пора олишда фойдаланган Takilant офшор ширкатига қайтармасликка чақиришди. 

Ҳозир кун тартибида 2012 йилда Швейцарияда музлатилган 800 миллион долларни мусодара қилиш ва тегишли тартибда Ўзбекистонга қайтариш масаласи турибди. Бу маблағнинг 131 миллион доллари яқин орада Ўзбекистонга қайтарилиш жараёнида. 

Бундан ташқари, Швейцария жиноий судининг 2021-йил декабридаги қарори билан яна 293 миллион доллар мусодара қилинган. Бироқ Швейцария судининг айни қарорига кўра, Гулнора Каримова томонидан телекоммуникация ширкатларидан пора олиш ва кейинчалик Швейцария банклари орқали пул ювишда фойдаланилган Гибралтардаги Takilant LTD оффшор компанияси ҳисобига 70 миллион долларга яқин маблағ қайтарилиши керак.

Takilant ноқонуний тўловларини Teliasonera ва Vimpelcom компанияларидан олган. 2016 йилда Амстердам жиноий суди Takilant ни пассив порахўрликда айбдор деб топган.

Суднинг 70 миллионни қайтариш ҳақидаги қарори ҳозирда биз ўзбекистонлик фаолларни жиддий ташвишга солмоқда, дейилади хатда. Чунки, Ўзбекистон халқидан ўғирланган пуллар Гулнора Каримова жиноий синдикатига, шунингдек, бу ўғирликда иштирок этганларга қайтарилмоқда.

Бу ўғирлик факти аллақачон кўплаб далиллар, турли юрисдиция органларининг қарорлари ва журналистик текширувлар билан исботланган, шунингдек, ушбу коррупция иши боис Гулнора Каримованинг номи Магнитский санкциялари рўйхатига киритилган. 

Швейцария суди коррупцияга қарши курашда заифлик кўрсатиб, мантиқан Ўзбекистондаги коррупция жараёнларини рағбатлантираётгани, ўз қарори билан офшор ва Ғарб банкларидаги жиноий активларни легаллаштиришга ўз ҳиссасини қўшаётгани жуда ачинарлидир. Бу қарор бутун дунё клептократлари учун хавфли прецедентни, уларнинг жазосиз қолишига ишончини мустаҳкамлайди, дейилади мурожаатда.

Фаоллар шу билан бирга Швейцария адлияси ўз хатосини тўғирлаши, Takilantнинг ўғирлаган пулларини қайтариш ҳақидаги нотўғри қарорни қайта кўриб чиқишидан умидвор эканликлари, шунингдек Федерал Жиноят Судининг мазкур қарорига Швейцария Бош прокуратураси протестини олқишлашларини билдиришган. 

Бироқ фаоллар суднинг нотўғри қарори Швейцария адлияси томонидан тузатилишига тўлиқ ишончлари йўқлиги боис, АҚШ Адлия департаментига ҳам мурожаат қилишган. 2016 йилнинг феврал ойида айни департамент Takilant ширкати томонидан Ломбард Одье банки орқали ювилган 550 миллион долларни мусодара қилиш бўйича фуқаролик даъвоси билан мурожаат қилган эди. 

«Адлия департаменти ўз қарорини ҳурмат қилган ҳолда, ноҳақ натижага йўл қўймайди ва қайд этилган 70 миллион долларнинг Takilantга қайтарилишининг олдини олади» дея умид билдиришади фаоллар.

Улар ўз мурожаатларида, Буюк Британия ва Гибралтар расмийлари ҳам Takilantга нисбатан тергов бошлаши, шунингдек Швейцария суди музлатилган пулларнинг қолган 306 миллион доллари тақдирига ҳам ойдинлик киритилишидан умидвор эканликларини билдиришган.

Тағин ўқинг
8 феврал 2022
2022 йил 3 февраль куни жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани суди маҳаллий блогер Собиржон Бобониёзовни Ўзбекистон президентини ҳақорат қилишда ...
21 декабр 2017
18 декабрь куни Open Source Investigations (OSI) гуруҳи Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов оиласига тегишли кўчмас мулкларга оид мақолани ...
31 август 2018
Тошкентнинг Шайонтовур туман Маъмурий суди, 30 август куни таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, 67 яшар, Аъзам Турғуновни «ҳокимиятга бўйсунмаганлик»да айблаб бир ...
2 октябр 2015
Кеча шармандали бир воқеанинг гувоҳи булдим. Ёзёвон йўлидаги Шаҳартепа қишлоғига бир иш билан бордим. Йўлнинг икки четини 100 дан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...