Асосий мавзулар
24 ноябр 2022

EP47: Ҳибсда ўлган ўспирин, ботқоққа айланган кўчалар, шикоятчилар деворини бузиш таҳдиди

Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Самарқанддан.

Ҳибсга олинган ўспирин юрак касалидан ўлганмиди?

«Ассалому алайкум. Бу мурожаатимни албатта чиқаринг, илтимос.
Суд-тиббий экспертиза соҳасида ишлаб ҳозир нафақага чиққанман. Кейинги вақтда адолатсизлик натижасида жиноятлар кўпайиб бормоқда. Бу жиноятларга минг афсуски менинг касбдошларим ҳам шерик бўлишяпти. Буни кўра била туриб жим қараб туролмадим ва ушбу мурожаатни ёзишга мажбур бўлдим.

Яқинда ИИБ ходимлари Фарғоналик 15 ёшли йигитни қўлга олгани ва уни вояга етмаганлар марказидан ўлиги чиққани айтилди.

Самарқанддаги 40 ёшли эркакни ўлимига тутқаноқ сабаб дейишди.

Қаршида ҳарбий хизматдаги 18 ёшли йигитни «юрак касаллиги» натижасида ўлдига чиқаришди.
Бу ерда жиноятни қилган «ДАВЛАТ МУЛОЗИМЛАРИ» сувдан қуруқ чиқяпти. Вазият шундаки , марҳум ўлди у тирилиб келиб нима бўлганини айтиб бермаслигини ҳамма билади. Буни суд-тиббий экпертиза экпертлари белгилаб беради. Кейинги вақтда экспертиза ҳулосасини сохталаштириш я’ни милитсия, терговчи, прокуратура, суд органлари жиноятни ва жиноятчини яшириш ҳолатлари марҳумнинг оила аъзолари ва қариндошларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Марҳумнинг жасадини текшириш (екпертиза қилиш) учун милитсия ёки терговчи суд тиббий экпертиза экспертини тайинлайди.
Экспертиза ҳодимлари марҳумни қасддан ўлдирилганини билса ҳам терговчи (ёки милитсия) айтган хулосани ёзиб беради. Я’ни суд органлари,прокуратура терговчиси, милитсия ҳодимлари ўзлари жиноий шерикларга айланишади. Я’ни бу ерда жуда катта пул устида сўз бормоқда.
Экпертиза вақтида марҳумни ички органларини хоҳлаган бирини олиб алмаштириб қўйиш мумкин.(Бу ерда бир неча минг доллар я’ни ички органлар кўра бозорининг дастлабки босқичи тўғрисида сўз бормоқда).Бу нарсадан марҳумни қариндошлари хабарсиз қолишади.
Қариндошлар ўликни ҳурматини жойига қўйиб тезроқ обориб кўмишни ўйлашади.
Энди конкрет масалага ўтсак, жиноятни қилган одам қонун бўйича қамалиши керак, лекин жиноятни қилган одамлар турли ёъллар орқали прокурор, судялар ҳамёнига элтувчи каналларни топиб жазодан бебахра қолишади. Мана сизга ҳақиқат.»

“Сув ўтказамиз деб йўлни ботқоққа айлантиришди»

“Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри Араловул МФЙ Нуроний кўчасидан мурожаат қиляпмиз. Шу кўчада 1995 йилдан буён яшаб келмоқдамиз. Кўчани обод қилиш учун бир неча бор ўз ёнимиздан қум-шағал тўкиб, йўлни текислатганмиз. Ёз ойларида ичимлик сув ўтказамиз деб кўчамизни қазиб кетишди. Авваламбор, ичимлик сув ўтказишдек яхши ишлари учун раҳбарларимизга раҳмат! Лекин сув ўтказган ташкилотлар йўлни расво қилиб кетгани аҳолига қийинчилик туғдиряпти. Ёз бўйи чангдан қийналдик. Мана, ёғингарчилик кунлар ҳам бошланди. Пиёда тугул, машинада ўтиш маҳол. Машиналар ботқоққа ботиб қолади. Аҳоли қийналмасин, мутасаддилар ҳолатга эътибор қаратсин!”

“Шикоятимиздан кейин уйимизни бузишмоқчи!”

“Қашқадарё вилояти Косон туман Лолазор МФЙдан такрор мурожаат йўлламоқдамиз. Уйларимиз таъмирталаб экани, канализация, йўл, чироқ, газ муаммо экани ҳақида мурожаат йўллаган эдик. Мурожаатимизда 1982 йилда қурилган “дом”имиз ўшандан бери таъмирланмагани, хонадонларимиздан чакки ўтаётгани ҳақида арз қилган эдик. Шундан кейин ҳудудимизга маҳалла раиси, йўл ва кадастр идораси вакиллари келиб, ёрдам бериш ўрнига обод қилиб ўтирган жойимизни огоҳлантиришсиз бузмоқчи бўлишди. Маҳалла раисимиздан норозимиз, бирор марта ҳол сўрамагани етмагандек, бу гал ҳам аҳоли ёнини олмади. Маҳалла раиси туман ҳокимини пайғамбарга ўхшатганини, очиғи, қандай изоҳлашни ҳам билмадик. Туман ҳокимимиз биз билан гаплашишни истамаяпти. Ҳолбуки, 2 йилдан бери мурожаат қиламиз. Ушбу масалада ҳурматли Президентимиздан амалий кўмак кутиб қоламиз”.

«Тўрт ойдан бери маҳалламиз кўчасида юриб бўлмайди…»

«Ассалому алайкум! Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Оқ тепа маҳалласидан мурожат юбормоқдамиз.

Маҳалламизда канализатсия ўтқазишди. Ишлар июл ойдан бошланган, ҳамма жойни кавлаб ташлашган, канализатсия ётқизиб бўлишгандан кейин устини тупроқ билан ёпиб кетишган, баъзи жойларга озгина шағал ташаб кетишган. Туппа тузик асфалтни бузиб, ўрнига янгисини қилмай кетишган. Ҳамма жой лойқа, ўнқир чўнқир бўлиб ётибди.
Адашмасам сметасига асфалтлаш учун ҳам маблағ кўрсатилган бўлиши керак, билмадим шу орқали пул ўзлаштириш янги усулими ёки бошқа нарсами, лекин кавлаб кетиб шундай ташаб кетишлари нотўғри деб ўйлайман ёки маҳалла фуқаролари ўзлари қиволишади деб ташаб кетишдими? 4 ойдан бери маҳалла кўчаларидан юриб бўлмайди!»

“Ерқўрғон бозори ҳудуди ёғингарчиликдан кейин кўлмакка айланмоқда!”

“Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Ерқўрғон марказий деҳқон бозори ёғингарчиликдан кейин кўлмакка айланади. Тадбиркорларга шароит яратилмаганини тузалмас даво дейиш мумкин, ундан маҳаллий мутасаддилар яхши хабардор. Лекин негадир “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутишади. Ерқўрғон бозори ҳалқаро бозор мақомини олсагина муносиб шароит яратиладими? Муттасаддилар давлатимиз раҳбари қарорларини ижро этишса, яхши бўлар эди”.

@eltuz

Тағин ўқинг
24 май 2016
Бухоронинг сўконғич ҳокимларидан бирини мажлисда бир уриб йиқитган олотлик фермер Баҳодир Шарипов номи элга овоза бўлди. Айрим манбалар, ҳусусан ...
11 апрел 2017
Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилинаётгани ҳақидаги ура-урачиликнинг янги тўлқини кўпчиган шу кунларда «XXI аср» газетаси яна бир мавзуни кўтарганки, соҳадаги ...
7 март 2020
“Straus House” муассиси туяқуш олиб  бераман деб одамлардан алдаб олган пулини тимсоҳ сотиб олиш учун сарфлабди. Аммо на тимсоҳдан ва ...
18 апрел 2022
Украинада бедарак кетган 11 нафар сурхондарёликларнинг сўнги видеоси Буча туманига қарашли Колоншчина қишлоғи бозор қоровули томонидан 1 март куни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...