Асосий мавзулар
4 апрел 2023

Ҳақини ололмаётган ишчилар, сувсиз иссиқхоналар ва мажбурий меҳнат – ЭП65

Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Наманган, Хоразм, Бухоро, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган. Сизга ўқиб эшиттирмоқчи бўлганимиз дастлабки мактуб Крейферс қандолат фабрикаси ишчиларидан келган. Улар корхона маъмурияти иш ҳақини бермаётганидан шикоят қилишган.

«Крейферс қандолат фабрикаси ишчилари номидан мурожаат йўлламоқдамиз. Корхонамиз маъмурияти иш ҳақимизни бермай келяпти. Ойлик беринглар десак, хоҳламасанглар ишдан кетинглар, деб қўполлик қилишяпти. Наврўз байрамида пулсиз қолдик. Ҳаттоки Рамазон ойига ҳам уйимизга рўзғор қила олмадик. Фақатгина кредити борларга нақд пул берамиз дейишяпти. 12 соатдан тинмай ишлаймиз, маҳсулотларимиз савдоси яхши, лекин нега ойликдан дарак йўқ?! Шоколод, карамел, печене, вафли – ҳамма линия ишчилари ойлигини ололмаяпти. Пешона теримиз бўлган маошимизни олишда амалий кўмак сўраймиз».

Кейинги мактуб Наманган вилоятининг Чортоқ туманидан. Иссиқхоналар қуриш учун кредит олган фуқаро сув йўқлигидан, теплица қурилиши қониқарсиз эканидан нолимоқда

«Наманган вилояти Чортоқ туманидан ёзяпман. Туманимизда баланд адирда 1000 та иссиқхона қурилиши қониқарсиз ҳолатда. Оддий аҳоли вакиллари иссиқхоналарни кредит асосида олган, ҳали ишлатилмаса ҳам банк кредитларини тўлашга мажбур бўлишяпти. Иссиқхона ачинарли ҳолатга келишига шарт-шароит ва қулайликлар вақтида яратилмагани сабаб бўлган. Яна бир асосий сабаб – сув йўқлиги. Президентимиз ташрифидан сўнг озгина вақт ўтиб сув таъминотида аввал узилиш кузатилди, кейин умуман сув келмай қўйди. Оқибатда аҳоли иссиқхонага эккан биринчи экин ҳам мевага кирмай нобуд бўлди. Кредитга олган фуқаролар аллақачон судга чақириляпти. Мутасаддилардан ҳолат бўйича амалий кўмак сўраймиз».

Навбатдаги мактуб Хоразмнинг Хива шаҳридан. 97 сон Мактаб интернати директори қўли остидаги педагогларни дала ишларига мажбурлаётгани ҳақида.

«Хоразм вилояти Хива шаҳридаги 97-сонли ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатидан  ёзяпмиз. Интернат директори “баҳор мавсуми, юқоридагилар буйруқ берган” деб, бизни дала ишларига мажбурламоқда. Орамизда ҳомиладор аёллар ҳам бор. Қолаверса, Рамазон ойида мажбурий меҳнатга жалб этишни қандай баҳолаш мумкин? Бундай ҳолат аввал ҳам кузатилган. Ваколатли идоралар ҳолатни назоратга олишини сўраймиз.

Бу мактубга шуни қўшимча қилиш жоизки. Ўзбекистон ҳукумати имзолаган Халқаро ҳужжатларга ва меҳнат қонунларига кўра мамлакатда ҳар қандай мажбурий меҳнат тақиқланган. Қонун ҳамма учун бир хил «Бахор мавсуми», «Юқорининг буйруғи» ва «Рамазон ойи»нинг бунга даҳли йўқ.

Кейинги мактубни ўқиймиз. Бухоро вилоятининг  Шофиркон тумани Жўйработ маҳалласи турғуни қишлоқ йўллари оғир юк машиналари туфайли абгор бўлаётганидан шикоят қилган.

«Мен Бухоро вилояти Шофиркон тумани, Жўйработ МФЙ дан мурожаат қиляпман. 

Бизнинг туман бутун вилоятимизни шағал билан таъминлайди. Аммо 40 тоннадан 120 тоннагача юк ортадиган оғир машиналар туманимизда тайёр йўл бўлишига қарамай, яқин бўлганлиги боис бизнинг қишлоқларимиз ичидан ўтяпти.  Аммо қишлоғимиз йўлларидан 10 тоннадан ошиқ юк билан ўтиш белги билан тақиқланган.

Биз тумандаги ГАИ лардан қишлоғимизда рейд ўтказишларини сўраймиз. Ахир халқ тўлаган солиқдан қилинган йўлларимиз абгор бўляпти-ку!»

Ва ниҳоят сўнгги мактуб Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидан. Бешчорбоғдаги кўприк қулаши мумкинлигидан ташвиш билдиришмоқда.

«Қашқадарё вилояти  Деҳқонобод тумани Бошчорбоғ қишлоғидан мурожаат қиляпмиз.  Маҳалламиздаги 30 йил олдин ҳашар   йўли  билан қурилган кўприк қулаш арафасида. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан бу масалада ёрдам сўраймиз.»

Бу сизга бугун ўқиб эшиттирганимиз бешта шикоятнинг сўнггиси шикоят эди. Кўрсатувимизга келаётган изохларда кўпинча биз билан қандай боғланиш. Қандай қилиб мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида сўрашади.  Яна бир бор эслатамиз. элтуз портали интерактив тарзда телеграм каналида алоҳида саҳифа шаклида очилган. Мурожаатлар учун у ерга махсус бот ҳам ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам эътиборингизга тақдим этишга интилади. Кун давомида биз билан қолинг. Каналларимизга обуна бўлинг.  

@eltuz

Тағин ўқинг
23 март 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22 март куни давлат ташрифи билан Остона шаҳрига келди. ...
3 июл 2019
Халқаро компаниялар Буюк Британиядаги корпоратив шаффофлик ва ҳисобдорликнинг заиф режимидан фойдаланиб, ватанидаги манфаатлари ва мулкини ниқоблаши мумкин. Кристиан Ласслетт ...
28 феврал 2022
27-февралдан 28 февралга ўтар кечаси Вена шаҳар майдони намойишчилар билан тўлди. Улар Украинани қўллаб қувватлашмоқда. Тарихий биноларда Украина байроғи ...
16 январ 2018
Чимкентлик тўй эгаси буюртирган қимматбаҳо торт видеоси ижтимоий тармоқни ҳайратга солди. Унинг нархи 179 минг АҚШ долларига баҳоланган. Дастлаб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...