Асосий мавзулар
11 март 2024

Қулаётган симёғочлар, кесилган дарахтлар ва абгор кўчалар – ЭП123

Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан келган. Дастлабки мактуб Самарқанддан. Чириган симёғочлар қулаши Оқдарёда ҳам давом этмоқда.

“Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Янгиобод маҳалласидан мурожаат қиляпмиз. Маҳалламиздаги симёғочлар 2021 йилда алмаштирилади деб рўйхатга киритилган эди. Мана, 3 йилдирки, ҳеч ўзгариш йўқ. 7 феврал куни тунда Музон қишлоғидаги симёғочлар ағанаб, симлар узилиб кетди. Яхшики, ҳеч ким йўқ экан, акс ҳолда бирортасининг умрига зомин бўлиши мумкин эди. Бирор мутасадди ходим келиб текширгани йўқ. 

йўлларимиз ҳам асфалт қилиниши керак эди, лекин одамлар кутишдан чарчаб ўз ёнидан бетон қуйиб, тош тўкяпти. Маҳалла раиси симёғоч ва йўл масаласида ҳаракат қилармикан? Маҳалламиз қачон номига муносиб бўлади?” дея ҳасрат қилади янгиобод маҳалласи турғуни.

Қашқадарёда эса кўп йиллик тут ва тераклар кесилмоқда. Бу ҳақда Яккабоғлик Элтуз обуначилари ёзмоқда

 “Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан мурожаат қиляпмиз. 1088-контурдаги терак ва тутзор 1996 йили Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган эди. 8 гектарлик шу боғ 2023 йили гўё бўш ер сифатида ноқонуний равишда электрон савдога чиқиб кетган. Уни ютиб олган шахс ҳозирги кунда кўп йиллик тут ва теракларни аёвсиз кесиб ташламоқда. Экология идораси ҳолатга эътибор қаратишини сўраймиз”.

Кейинги мактуб, мактабларда болалари ўқиши ва тарбияси юзасидан огохлантириш хати олган ота оналардан. 

“Мактаб маъмурияти ота-оналарга жарима ҳақида огоҳлантириш хати беряпти. Мақсад пул ишлашми? Бу талаб қонунчиликка тўғри келадими ўзи?” дея шубҳаланмоқда мурожаатига огоҳлантириш хатини ҳам илова қилган мухлис. 

Маълум бўлишича, Огоҳлантириш хати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонуннинг 31 моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47 моддасида кўрсатилган холатлар юзасидан берилган. Демак ҳаммаси қонуний. Яъни болалар тарбияси ва ўқиши учун уларнинг ота оналари жавобгар. Агар сиз болангизга тўғри тарбия бермаган бўлсангиз ва сизни бунинг учун 15 суткага қамашса, ёки жаримага тортишса ҳар холда бу тўғри қарор бўлади.

Кейинги мактуб, Зангиота туманининг абгор аҳволдаги кўчалари ҳақида.

«Ассалому алайкум, Хурматли «Элтуз» тахририяти, сизга Тошкент вилояти Зангиота тумани «Эркин» МФЙ да истиқомат қилувчи фуқаролар номидан мурожаат йўлламоқдамиз.  

Бизнинг маҳаллада ўтган 2023 – йилнинг ёз ойларида канализация ва ичимлик суви қувурлари ётқизилган эди. Бу ишлар якунлангач, қазилган ер қайтадан кўмилган, лекин ҳанузгача асфалт қилинмади!

Таъмирлаш ишлари якунига етганидан кейин Камолиддин Бехзод ва Эркин кўчаларида фақатгина булдозер ёки трактор каби махсус транспорт воситаларида юриш мумкин бўлиб қолди, енгил автомашиналарда эса бу кўчалардан ўтиш, машина эгаси учун хам моддий хам маънавий АЗОБ! 

Агар ХОКИМларимиз ва уларнинг муовинлари ишонишмаса ўзларининг хизмат ёки шахсий автоуловларидами келиб бир юриб кўришсин!

Йилнинг ёғингарчиликсиз пайтида кўчаларимиз, хонадонларимиз чангдан аримайди. Аёл, қизларимиз сув сепишдан, уйларнинг чангини артишдан росаям чарчашди!  

Мутасаддиларга қилинган мурожаатлар аксар ҳолларда жавоб ва эътиборсиз қолмоқда, ёки «тепадан» қандайдир учинчи даражадаги муаммони ҳал қила олмайдиган, лекин «номига» маҳаллий фуқаролар билан формал учрашув ўтказиб кетадиган «вакилчалар» юборилиши билан чекланиб қолинмоқда. Улар ҳам фақат юпатадилар ва ҳеч нарса қилолмаймиз деган сохта важларни рукач қиладилар. Ёки номига «қўл учида» йўлнинг кичкинагина қисмига шағал ва тош ётказиб, «РАХБАРИЯТЛАРИГА» ишни дўндирдик деб «РАПОРТОВАТ» қилишармикин?

Бу ишларнинг натижасини бир ёмғир ва қор ёғгандан сўнг келиб кўришсин!» дея ёзмоқда Зангиотадаги кўча жонкуяри.

Ва ниҳоят сўнгги мактуб, ертўласини сув босган, Термиздаги Ислом Каримов кўчасида қурилган уй эгаларидан.

 “Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри Боғишамол маҳалласи И.Каримов кўчасидаги кўп қаватли уйлардан ёзяпмиз. Подвалларимизни сув босиши сабабли уйимиз ички фасади кўкариб-захлаб кетяпти. Йўлакларимиз чўкиб кетган, айвончалар таъмирталаб. Газонлар сувсизликдан сарғайиб кетган, ҳовлида бир дона ҳам гул йўқ. Қурувчилар ремонт қилиб берамиз деганди, аммо натижа йўқ. Уйимизнинг кредити бор, таъмирга ортиқча пулимиз йўқ. Мутасаддилар ҳолатни ўрганиб, етказилган зарарни қоплатиб берсин” дея ёзмоқда айни уйларда яшовчилар.

Ва бу сизнинг эътиборингизга бугун ҳавола этганимиз бешта шикоятнинг сўнггиси эди.

Кўрсатувимизга келаётган изоҳларда кўпинча биз билан қандай боғланиш. Қандай қилиб бизга мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида сўрашади. Билмаганлар учун яна бир бор эслатамиз. элтуз портали интерактив тарзда телеграм каналида алоҳида саҳифа шаклида очилган. Мурожаатлар учун у ерга махсус бот ҳам ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам эътиборингизга тақдим этишга интилади. Кун давомида биз билан қолинг. Каналларимизга обуна бўлинг.  

Тағин ўқинг
30 март 2017
«Оила ва жамият» газетасини (29.03) варақлар экансиз, ундаги мақолаларда бугунги ўзбек жамиятининг анча оғриқли муаммолари тилга олинганига гувоҳ бўласиз. ...
3 октябр 2019
Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко баёнотига кўра, Ўзбекистон президенти мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласини ўрганаётир. Матвиенконинг айтишича, ...
17 март 2021
Бахтиқаро, шўртумшуқ Олий Мажлисимизнинг ягона шоввоз адекват депутати бўлиб кўринган Расул Кушербоев йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар тўғрисида хабар берган, ...
16 ноябр 2016
Рассом Туз машҳур «Опять двойка» асарига тақлидан чизган карикатурасида Ўзбекистоннинг бугунги муаммосини нишонга олади. Шу пайтгача ёзилган аризалар сонининг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...