Пилла, йўл, сув ва мажбурий ишга жалб этилаётган МИБ ходимлари
Салом қадрли мухлислар, Элтуз порталига келган cўнгги 5 та мактубни ўқиймиз, улар Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Жиззах, ва Бухоро вилоятларидан келган.
Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини таъминлаш, шунингдек каналимизнинг алоҳида саҳифасига кириб приватга ўтказилган видеоларни кўриш учун Элтуз каналига обуна бўлиш, лайк босиш ва суперраҳмат тугмачасини босиб канални қўллаб қувватлаш тавсия қилинади ва биз хатларни ўқишда давом этамиз.
Дастлабки мактуб Қашқадарёнинг Ғузор туманидан. Ҳумдон қишлоғи аҳолиси автомобил йўли йўқлигидан қийналмоқда.
“Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Хумдон қишлоғи Янгизамин кўчасидан мурожаат қиляпмиз. 2013 йилда тендерга қўйилган ер участкаси сотиб олиб, ҳозирги кунга қадар автомобил йўлисиз қийналиб яшаб келяпмиз. Биз бу ҳақда республикамизнинг турли мутасадди ташкилотларига мурожаат қилганмиз. Мурожаатларимиз бир неча бор “Сиздан Телеграм” каналида ҳам чоп этилди. Туман мутасаддилари тош йўл қилиб берамиз, шағал тўкиб берамиз деб ваъда берган, аммо натижа йўқ. Ёмғир ёғиб қолса, биронтамиз касал бўлиб қолсак, сойдан ўтолмай сарсон бўламиз. Кўчаларимиз таъмирланишида ёрдам сўраймиз” Хумдон қишлоғи турғунлари.
Кейинги мактуб ҳам Қашқадарёдан. Фермерлар елкасидаги ипак қурти боқиш мажбурияти оширилмоқда.
“Қашқадарё вилояти Қамаши туманида буғдой ва пахтага ихтисослашган фермер хўжаликларига мажбурий равишда 13 қути пилла топшириш мажбурияти юкланди. Бу ақлга сиғмайдиган қарор туман ҳокими прокурори ва ИИБ бошлиғи орқали бермоқда. Аслида, 1 қути, яъни 60 кг пилла етиштириш учун 7 метрли 2 та хона керак бўлади. 13 қути (780 кг) учун 26 та хона керак. Майли, 2-3 қути берсин, текинга боқиб берамиз, лекин 780 кг ақлга сиғмайди. Нега касаначи, деҳқон хўжаликлари, тут плантация эгаларига берилмай, фақат фермерларга берилмоқда? Пиллани боқиш азоб. Режа тўлмаса, бажарилмаган ҳар кило учун 50-60 минг сўмдан пул йиғишади. Ҳурматли Президентимиз фермерлар дардини тинглайди деган умиддамиз” дея ёзади Қамашилик фермерлар.
Навбатдаги мактуб Жиззах вилоятидан. Бу сафар Мажбурий ишга жалб қилинаётган Мажбурий ижро бюроси мулозимлари Элтузга шикоят қилмоқда.
“Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани бўлимидан мурожаат йўллаяпмиз. Биз прокуратура биносига кўчганимиздан буён уйқу камайди. Баъзида тунги соат 23 ларда, шанба куни ҳам ишда олиб қолиб, ҳар хил топшириқлар беришади. Бизда оила, бола-чақа йўқми? Ўринбосаримиз кетганларга билдирги бериш билан қўрқитадилар. (Бўлим бошлиғнинг ўринбосари бўлса керак. Курсив элтуздан) Кун бўйи кўчада ишда, кечқурун компютерда топшириқни бажарамиз. Баъзида уйга кеч борганимизда кунлаб фарзандимизни кўрмаймиз. Илтимос, ҳолатга ҳурматли Президентимиз эътибор қаратсинлар” дея шикоят қилмоқда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Мажбурий ижро бўлими ходимлари.
Ўзбекистоннинг расво йўллари туркумидан навбатдаги мактуб Бухоронинг Қоракўл туманидан. Мактубни Янги турмуш маҳалласи турғунларининг эскича турмуш муаммолари дея атадик.
”Ассалому алайкум ҳурматли ЭлТУЗ Канали ходимлари. Биз Қоракўл тумани Янги турмуш маҳалласида яшовчи аҳолининг номидан мурожаат қиляпмиз. Муаммоимиз шундаки бизнинг маҳалла марказини туман маркази билан туташтирувчи 4H170P йўлимиз мана 35 йилки бирор марта ҳам таъмирланмасдан қолиб келяпти. Мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Бу 35 йил ичида неча марта ҳоким алмашган бўлса биз энг камида ҳар янги тайинланган ҳокимга 10 марталаб мурожаат қилганмиз. Аммо биз Янги турмушликлар тақдирнинг ўгай фарзандларимизми, негадир арзу-додимизни ҳеч ким тингламайди. Фарзандларимиз шу йўлдан мактабга, боғчага қишда лойга, ҳаво қизиганда эса чангга ботиб қатнайдилар. ЭЛТУЗ каналини Пресидент ва унга яқин бўлган амалдорлар ўқийди деб эшитамиз. Зора сизлар туфайли дардимиз Президентга етиб борса. Илтимос ёрдамлариггизни аяманглар. Яқинда президентимиз Ш. Мирзиёев Қоракўлга ташриф буюрар эканлар. Биз Янги турмушликлар ушбу йўлимизнинг таъмирланиши учун ҳар қандай қаршиликни енгиб бўлсада, Президент билан учрашишга ҳаракат қиламиз. Негаки шу пайтгача на сайёр қабуллардан, на ҳокимлардан бирор наф бўлмади” дея ёзмоқда Янги турмуш турғунлари.
Ва ниҳоят сўнгги мактуб. Қаршида ичимлик суви исроф бўлмоқда.
«Қарши шаҳри Буюк Турон маҳалласи Юнус Ражабий кўчасидаги ҳолат.
Кўча тўлиб одамлар уйига кираяпти ичимлик суви. Ариза берилганига 3 кун бўлди. Натижа йўқ. Бу биринчи марта тешилиши эмас…” дея ёзмоқда Элтуз обуначиси.
Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг. Соғ бўлинг.