Cатира
18 июл 2018

Буғдойини давлат тортиб олган фермер сомонга умид қилмоқда

“Биз фермерликнинг энг яхши даврларини ўтказиб қўйган эканмиз. Бу йилги аҳволимиз шундай далолат бермоқда”.

Бу қашқадарёлик бир фермернинг эътирофи. У узоқ йиллардан буён фермерлик қилишини, лекин бу йилгидек босимга анча вақтдан бери дучор бўлмаганини айтди.

“Ҳали ғалла бўйича режани бажармаган йилим бўлмади. Шунга яраша қолган буғдойни уйимга тўкардим, ишчиларимга тарқатардим. Бу йилги буғдой эса бошга битган бало бўлди”, дейди фермер.

Унинг сўзларига кўра, буғдой режаси бўйича шартнома икки марта қайтадан тузилган. Биринчи шартнома бекор қилиниб, ўрнига фермерга янада кўпроқ ғалла топшириши белгиланган бошқа шартнома имзолатилган. Бундан ташқари, бу шартномага қўйимча равишда яна ўн фоиз ортиқча ҳосил топшириш бўйича мажбурият ҳам юкланган.

“Аммо ҳокимлик мажбуриятни бажарган фермерларга ҳам ортиқча ғаллани ўзига олишга рухсат бермади. Ёки режасини бажармаган фермерга сотишимиз, ёки ҳаммасини давлатга топширишимизга мажбур этди”, деб нолиди фермер.

Қашқадарёлик фермернинг айтишича, ўтган йили 45-50 тонна ортиқча буғдойни ўз уйига тўктирган. Шундан ишчиларига берганидан ортганини сотиб, пахта етиштириш учун сарфлаган.

Фермернинг бешта доимий ишчиси бор. Уларга 3 тоннадан ғалла бериши керак. Қолаверса, мавсумий ишчиларга ҳам сомон ва маълум миқдорда ғалла билан ҳисоб-китоб қилиши лозим.

Лекин барча ғалласини давлатга топширгани сабабли ишчиларининг олдида уятли бўлиб турибди. Энди қандай қилиб бўлмасин, улар билан ҳисоб-китоб қилиш йўлини топиши шарт.

“Бу йил пилласи ҳам бошқа битган бало бўлди. Пилланинг кўп қисми ўлиб қолди. Тепадагилар ўрнига пул тўлашимни талаб қилишди. Қайсидир ҳисоб рақамига 6 миллион сўм тўлаб келдим. Катталар бу пуллар хайрия учун ишлатилишини айтди”, дейди фермер.

Аммо у ўзи каби фермерлар топширган пул хайрияга ишлатилишига ишонмайди. Бу пул “туя” қилиниши ҳақиқатга яқин, дейди фермер.

Унинг билдиришича, ҳозир фермерларга кредит бериш олдингилардан кўра анча енгиллашган. Шунга қарамай, ҳамма ҳам кредит олиш иштиёқида ёнаётгани йўқ. Чунки худди олдинги даврлардагидек, фермер ўз ҳисоб рақамига ўзи тўла эгалик қила олмайди.

“Олдин ҳам ғалла ўраётган пайтда милиция, ҳокимиятдагилару яна аллакимлар даланинг бошида туриб оларди. Лекин режани бажаргандан сўнг битта-иккитаси қоларди, қолгани бошқа фермерга кетарди.

Қолганларига 200-300 кило ғалла бериб, ҳосилни тез ўрдириб, уйга ташиб олардик”, дейди фермер.

“Ҳозир эса уларнинг ҳам нафси ўпқон бўлиб кетди. Бир нарса бериб, ортиқча ҳосилни ўзимизга олиб қолайлик десак, сўрагани осмон қадар.

Бунинг устига, ҳаммаси буғдойни тўлиқ ўриб бўлгунча тепамизда тургани учун ўзимиз ғалласиз қолимизга кўниб ўтирибмиз”, деб қўшимча қилади у.

Фермернинг таъкидлашича, бу йил сомон анча қиммат. Шунинг учун у ўз ишчилари билан ҳисоб-китоб қилиш учун сомоннинг пулига кўз тикиб турибди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 январ 2021
8 январь куни Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида Шимолий Фарғона канали устига қурилган 37 метрлик янги кўприк қоқ ўртасидан бўлиниб, ...
22 феврал 2021
Бош вазирлигида Қорасув-1 мавзеси томондаги камтаргина ҳовлида истиқомат қилган президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда ҳашаматли қароргоҳларда яшашни афзал билмоқда. ...
7 сентябр 2020
Бизда бугундан совуқроқ кузак шамоли бошланди. Мен каби совуққа юпқа одамлар енги узун кўйлак кийиб олдик. Бир бошдан ҳосилларни ...
25 январ 2020
Ҳафта ўтиб мен яна сизлар биланман, қадрли томошабинларим. Сўзимни ҳафта янгиликлари билан бошласам. МАҲАЛЛИЙ ЯНГИЛИКЛАР Ўтган ҳафта президент Каримовнинг еб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...