Cатира
18 июл 2018

Буғдойини давлат тортиб олган фермер сомонга умид қилмоқда

“Биз фермерликнинг энг яхши даврларини ўтказиб қўйган эканмиз. Бу йилги аҳволимиз шундай далолат бермоқда”.

Бу қашқадарёлик бир фермернинг эътирофи. У узоқ йиллардан буён фермерлик қилишини, лекин бу йилгидек босимга анча вақтдан бери дучор бўлмаганини айтди.

“Ҳали ғалла бўйича режани бажармаган йилим бўлмади. Шунга яраша қолган буғдойни уйимга тўкардим, ишчиларимга тарқатардим. Бу йилги буғдой эса бошга битган бало бўлди”, дейди фермер.

Унинг сўзларига кўра, буғдой режаси бўйича шартнома икки марта қайтадан тузилган. Биринчи шартнома бекор қилиниб, ўрнига фермерга янада кўпроқ ғалла топшириши белгиланган бошқа шартнома имзолатилган. Бундан ташқари, бу шартномага қўйимча равишда яна ўн фоиз ортиқча ҳосил топшириш бўйича мажбурият ҳам юкланган.

“Аммо ҳокимлик мажбуриятни бажарган фермерларга ҳам ортиқча ғаллани ўзига олишга рухсат бермади. Ёки режасини бажармаган фермерга сотишимиз, ёки ҳаммасини давлатга топширишимизга мажбур этди”, деб нолиди фермер.

Қашқадарёлик фермернинг айтишича, ўтган йили 45-50 тонна ортиқча буғдойни ўз уйига тўктирган. Шундан ишчиларига берганидан ортганини сотиб, пахта етиштириш учун сарфлаган.

Фермернинг бешта доимий ишчиси бор. Уларга 3 тоннадан ғалла бериши керак. Қолаверса, мавсумий ишчиларга ҳам сомон ва маълум миқдорда ғалла билан ҳисоб-китоб қилиши лозим.

Лекин барча ғалласини давлатга топширгани сабабли ишчиларининг олдида уятли бўлиб турибди. Энди қандай қилиб бўлмасин, улар билан ҳисоб-китоб қилиш йўлини топиши шарт.

“Бу йил пилласи ҳам бошқа битган бало бўлди. Пилланинг кўп қисми ўлиб қолди. Тепадагилар ўрнига пул тўлашимни талаб қилишди. Қайсидир ҳисоб рақамига 6 миллион сўм тўлаб келдим. Катталар бу пуллар хайрия учун ишлатилишини айтди”, дейди фермер.

Аммо у ўзи каби фермерлар топширган пул хайрияга ишлатилишига ишонмайди. Бу пул “туя” қилиниши ҳақиқатга яқин, дейди фермер.

Унинг билдиришича, ҳозир фермерларга кредит бериш олдингилардан кўра анча енгиллашган. Шунга қарамай, ҳамма ҳам кредит олиш иштиёқида ёнаётгани йўқ. Чунки худди олдинги даврлардагидек, фермер ўз ҳисоб рақамига ўзи тўла эгалик қила олмайди.

“Олдин ҳам ғалла ўраётган пайтда милиция, ҳокимиятдагилару яна аллакимлар даланинг бошида туриб оларди. Лекин режани бажаргандан сўнг битта-иккитаси қоларди, қолгани бошқа фермерга кетарди.

Қолганларига 200-300 кило ғалла бериб, ҳосилни тез ўрдириб, уйга ташиб олардик”, дейди фермер.

“Ҳозир эса уларнинг ҳам нафси ўпқон бўлиб кетди. Бир нарса бериб, ортиқча ҳосилни ўзимизга олиб қолайлик десак, сўрагани осмон қадар.

Бунинг устига, ҳаммаси буғдойни тўлиқ ўриб бўлгунча тепамизда тургани учун ўзимиз ғалласиз қолимизга кўниб ўтирибмиз”, деб қўшимча қилади у.

Фермернинг таъкидлашича, бу йил сомон анча қиммат. Шунинг учун у ўз ишчилари билан ҳисоб-китоб қилиш учун сомоннинг пулига кўз тикиб турибди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 март 2020
Ота ўғлига телефонда: «Дамасга пулим етмади, болам. Яна ўн миллион юбор». Рассом Кирпи
8 сентябр 2021
Ҳар бир инсоннинг асосий вазифаси қалбидаги инсонийликни сақлай олишдир», деб ёзган эди ХХ аср бошларида ëзувчи Антон Чехов. Бугун, ...
12 май 2016
Шу кунларда ўндан ортиқ “Ўзавтосаноат” ходимлари ва усталар зудлик билан Россияга ҳизмат сафарига жўнатилган. GM Uzbekistan заводидаги муҳандиснинг Eltuz.com ...
4 апрел 2017
Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов 30 март куни Россиядаги кўпфункцияли миграция марказини бориб кўрди. Айнан шу ерда Москвада ишлашни ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...