Cатира
16 феврал 2021

ДХХ жосус тутиш ўрнига ëшларни ишга жойлаш билан шуғулланади

Президент Шавкат Мирзиёев ёшларни иш билан таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига топширилганини жорий йил 28 январдаги видеоселектор йиғилишида маълум қилган эди.

Бунинг ортидан ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси зобитлари хўроз уриштираëтганларни ушлашга сафарбар қилингани тармоқда ҳажв қилинди.

Шундай ҳажвиялардан бири рассом Тузга оид:

Офицернинг юраги

Суратда: ДХХ ушлаган "ҳавфли" жиноятчилар. Расм ижтимоий тармоқдан олинди

Самарқандлик ДХХ зобити эрта билан ўрнидан туриб, ҳарбий кийимларини кийди. Қуролни кобурага солиб, ухлаб ëтган ўғлининг пешанасидан ўпди.

Кўзида ёш айланди, йиғлаб юбормаслик учун ютунди. Хотини нон олиб чиқиб тишлатди. Онаси бўлса, йиғисини зўрға ушлаб: “Ой бориб омон кел, болам. Шаҳид бўлсанг, шу ватан учун розиман,” деди.

ДХХ зобити 21-асрдаги энг даҳшатли жиноятни фош қилиш учун сафарбар қилинган ўнлаб ДХХ ходимларидан бири, балки энг жасоратлиси эди.

Уларга қўшилиб, Самарқанд шаҳри ИИБ ходимлари, Самарқанд вилояти ИИБ тезкор отряди ва Каттақўрғон шаҳри ИИБ ходимлари ҳам ўлимга тик боқиб, киприк қоқмай, ватанимизга таҳдид солаëтган жиноятчиларни зарарсизлантириш ва имкони бўлса, ушлаш операциясига шаҳдам қадамлар билан кетишди. Оналар дуо қилди. Келинлар рўмолчасига лабини принт қилиб беришди.

Ўлсанг ватан учун шаҳид, ўлдирсанг ғозий бўладиган мужодала. Душман эса маккор. Лекин ўзбек зобитлари қалбида президентга содоқат ва одалатга ишонч бор.

Тадбирни осмондан туриб дронлар ҳам кузатди. Оғир кечган тадбир сўнггида душман қўлга олинди. Хавфли жиноятчилар энди Каттақўрғонга таҳдид сола олмайди. Тинч ухла, Ватан. Содиқ ўғлонларинг сенинг осойишталигингни қўрийди.

Энди жиноятчилар ҳақида айтсам: уч самарқандлик хўроз уриштириш каби мудҳиш жиноятга қўл урган эди. Аммо ўзаро тил бириктирган жиноятчилар ўзларининг ғаразли ва манфур мақсадларини амалга ошира олмадилар.

Жиноятчилар қамағда. Хўрозлар эса катакда. ДХХ ходими пистолетини кобурага солиб, чуқур, аммо хотиржам нафас олди.

Бошлиққа честь бериб, уйига йўл олди. Уйида ўғилчаси ухлаб ëтарди. Уни кутиб ўтирган хотини бағрига отилди. Лаблар лабларга туташди. “Қаҳрамонимсиз”, деди аёли. “Ватан учун жоним фидо,” деди зобит. Овози хириллаб чиқди. Кўзига ёш келди.

Радиодан “Серқуëш, ҳур ўлкам” деган қўшиқ янграрди чунки. Қўлини кўксига қўйди. Хотини ҳам. Узоқларда итларнинг вовуллаши эшитилиб турарди. Хонаси тўрида марҳум президентнинг портрети осиғлиқ турарди. Зобит портретни рўмолчаси билан артди. “Қалбимдасиз, Юртбошим”, деди. Чалқанча ой деразадан уялиб қараб турарди. Йигитни яна бир оғир кун кутаётганди.

Расмни рассом Элсевар чизган

Тағин ўқинг
19 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда дин арбоблари, жамоат ва давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган учрашувда мамлакат учун жуда ...
13 май 2020
Сардобадаги фалокат сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссиясининг 7 май куни эълон қилинган таркибига Сардоба сув омбори лойиҳасининг бош ...
3 феврал 2020
Қашқадарё вилоятида 30 январь куни Чироқчи тумани ИИБ биносидаги гумондор ўлими юзасидан брифинг бўлди. Ички ишлар вазири ахборот хизмати ...
3 май 2017
Каримов даврида шаҳар чеккасига чиқариб ташланган Шомаҳмудовлар ҳайкали яна марказга қайтарилмоқда. “Санъат асари ўлароқ мен бу ҳайкал мажмуасини ҳеч ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...