Вақт машинаси
28 апрел 2020

28 апрель – Бенито Муссолини ва унинг жазмани Клара Петаччи қатл этилди

Нацистлар Германияси иттифоқчиси, янги Рим империясини қуриш ғоясини илгари сурган Европанинг сўнгги диктаторларидан бири, дуче (доҳий) Бенито Муссолинининг ўлими бугунги кун диктаторлари учун ҳам ўрнакдир.

Иккинчи жаҳон уруши поёнига етаётган 1945 йили Муссолини Миланга келади. Бу вақтда у Италия шимолидаги Вальтеллине водийсида қаршилик ҳаракатларини бошлаш ёки Швейцарияга қочиб яшириниш ниятида бўлган.

Муссолини аввалига ўз иттифоқчилари бўлган немис генералларига мамлакатда ҳали ҳам ҳаракатдаги немис қўшинлари иқтидорда эканини тушунтирмоқчи бўлади, бироқ нацистлар аллақачон таслим бўлганини билгач, қочиш тадоригини кўради.

26 апрель куни Муссолини ўз сафдошлари билан водийнинг Комо шаҳрига келиб, маҳаллий ҳукумат биносига жойлашади. Ўша куни кечаси кичик бир отряд билан Швейцария сари йўлга чиқади.

Муссолинининг кўпчилик сафдошлари ва яқинлари партизанларнинг қасд олишидан қўрқиб, улардан ўзларини четга олишга ҳаракат қилишади.

Жумладан, Муссолинининг рафиқаси ўша куни тонгда эри билан хайрлашади, маршал Грациани эса таслим бўлишни афзал кўради.

Немислардан ҳам кўра ўз доҳийлари душманроқ

26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси Муссолини ўзига ҳамроҳ бўлган қочоқлар билан қарийб 200 кишилик немис отрядига бориб қўшилади.

Сал ўтиб уларга Муссолинининг жазмани Клара Петаччи, Италия ирқчи партияси саркотиби Алессандро Паволини қўшилади.

Муссо қишлоғи яқинида колоннани партизанлар тўхтатади. Бироқ уларнинг командири колоннадаги немис отрядига йўлида давом этишга рухсат этади.

Немис лейтенанти Муссолинига унтер-офицер мундирини кийдириб, уни юк машинаси кузовига яширган эди. Партизанлар машинани кўрикдан ўтказишганида улардан бири Муссолинини таниб қолади.

Партизанлар асир олинган диктаторни Донго қишлоғидаги бир уйга олиб боришади.

Диктаторнинг 10 йил сарсон бўлган жасади

28 апрель куни соат 16:10 да Мецегра қишлоғи чекасида Муссолини ва унинг жазмани Клара Петаччи қатл этилади.

Муссолини ва Петаччи мурдалари Миланга келтирилади ва Пьяцца Лорето майдонида оёғидан осилади.

Айни майдонда 1944 йилнинг 10 августида 15 нафар аксилфашист партизан қатл этилган эди. Сиртмоқни узишганидан кейин ҳам уларнинг жасади бир муддат оқова сув ариғида ётган.

1 май куни Муссолини ва Петаччининг мурдалари Миландаги қашшоқларга мўлжалланган Чимитеро Мажиоре қабристонидаги номсиз лаҳадга кўмилади.

1946 йили Муссолинининг жасади Доменико Леччизи бошчилигидаги уч нафар ирқчи фашист томонидан қазиб олинади ва ўғирлаб кетилади.

Жасадни ўша йилнинг августида топишади, бироқ ўн йил давомида бир сиёсий қарорга келинмагани боис кўмилмасдан қолиб кетади.

Ҳозирги пайтда Италиянинг сўнгги диктатори жасади у туғилган Предаппио шаҳридаги оилавий қабристонга дафн этилган.

2011 йили Италияда «Доҳийнинг жасади» (итал. Il corpo del Duce) ҳужжатли фильми ишланган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 октябр 2022
Ўзбекистонда сўнгги бир неча йиллар давомида Миллий ўқув дастури асосида яратилган янги авлод дарсликлари муаллифлари бу дарсликлар атрофида юзага ...
2 декабр 2022
Азиз оға ини, опа-сингилу қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.Матчон Суқилиш: Ничиксизлар, мўччи ойбика ҳам хўжик биррила?РТ: Матчонбой, ...
22 апрел 2016
«Авакян иши» номи билан шов-шув бўлаётган жиноят иши тўғрисидаги «фош этувчи» тафсилотлар Ўзбекистон ТВси экранидан ўзбек интернет ресурсларига кўчди. ...
11 март 2019
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари, 4 фарзанднинг онаси, 35 яшар Наргиза Саидованинг фейсбук юзери Ҳаёт Бахтиёрўғли ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...