Асосий мавзулар
2 декабр 2019

«Бегона», 3-қисм. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақидаги фильм

Туркияда яшаётган атоқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади.

Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақидаги сизга тақдим этилаётган фильм ўзбек ёзувчиси ва драматурги, мухлисларига “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Оқ бино оқшомлари” фильми ва “Бу кунлар” романи билан танилган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурилла Отахонов) лойиҳаси асосида тайёрланди.

“Элтуз” нашри кўп қисмдан иборат суҳбатнинг 3-кисмини эътиборингизга ҳавола қилади.

«Бегона»: 3-қисм матни

Бир ёнда ожиз-у, бир ёнда кучли
кураш бошланаркан тарафма-тараф,
ожизнинг ёнини олганинг учун
“хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
“менинг душманим” деб сени атаса,
жазавага тушса, исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки зулмга “зулм!” дея олсанг,
бошингда ҳар куни синса-да таёқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!

М.С: Мен яна Муҳамммад САВнинг ўша аввал эслатганим, «инсонлар ўлганда уйғонурлар», деган ҳикматнинг иқлимига қайтишни истаяпман. Тасаввуфда, биласиз, «Ўлмоқдан олдин ўлмоқ» қабилидаги бир сентенция бор. Бу ерда зикр қилинаётган ўлим, албатта, нафс ўлимидир. Аммо нафссиз инсон ҳам йўқ аслида. Бу йўқлик Аллоҳдан бошқа ҳеч бир ҳадаф, ҳеч бир орзу, ҳеч бир ғояси бўлмаган йўқликдир.

Биз бугун Пайғамбаримизнинг «Инсонлар ўлганда уйғонурлар», деган ҳикматидан илҳомланиб, ўлмасдан олдин уйғонмоқ истаймиз. Бу ҳаётнинг Пайғамбаримиз зикр этгани каби чиндан ҳам бир уйқу эканини идрок этмак учун бу уйқудан ўлмасимиздан олдин уйғонмоқ керак бўлаяпти. Уйғониш эса уйқу дунёси, ёлғончи дунёнинг ҳақиқатларини айтиш билан мумкиндир.

1985 йилда ёш ижодкорлар тарафидан Политбюрога ёзилган хатнинг орқасида турган гаплар ўша биз айтмоқчи бўлган ҳақиқатлардир. Бу мактубга жамоатчилик орасида уч хил муносабат бўлди, биласиз. Бир гуруҳ зиёлилар ёшларнинг мактубини гизли бир хушнудлик билан қабур қилди. Иккинчи гуруҳ қизғанчлик билан, кўпчиликни ташкил қилган учинчи гуруҳ эса бу нарсани лоқайдлик билан қабул қилди.

Хушнудлик билан қабул қилган гуруҳ кейинчалик, мактуб ёзилганидан 4-5 йил сўнгра миллий ҳаракатлар сафига қўшилди. Қизғанч гуруҳ эса ёшларга очиқ таҳдид қила бошлади ва Москванинг ёнини олиб: «Бу ёшларга нима керак ўзи? Буларга Ленин бобом мавзолейдан туриб таъзим қилсинми?» Буларга атом бомбасининг кнопкасини бериб қўяйликми, деб бизга қарши ҳайқирди. Бу ҳайқирган зот ўша Рашидов даврида жуда арзанда бўлиб, коммунистик режимнинг барча неъматларидан фойдаланган бир шоир эди.

Қисқаси, Политбюрога мактуб ўзбек зиёлиси учун бир марактош вазифасини бажарди. 80-йилларда зиёли қатлам ўзининг потенциалини кўрди. Ўзининг захирасини кўрди. Бу нарса ўша коммунистик режим қириб ташлаган, жадидлардан кейин пайдо бўлган, саҳрода кўринган илк яшиллик эди. Албатта, гуркираб ўсиб кетмади, бир боғ пайдо бўлмади, лекин ўша саҳрода яшиллик аломатлари кўрина бошлади.

Шу мавзуда ўша даврда, яъни 85-йилда ёзилган битта шеъримни ўқиб бермоқчиман. Бу шеър ўша даврнинг кайфиятини, менимча, шеърий шаклда ифодалаган бир матн. Шеърнинг оти «Туркистон», ўзининг асл исми, аммо цензурадан ҳимоя қилиб, дўстлар ўша пайтда чиққан китобда «Юрак» деб атанг дейишди ва «Юрак» шаклида чиқди. Аммо- лекин аслида шеърнинг номи «Туркистон». Ҳозир уни ўқиб бермоқчиман:

Ҳар бир сонияда юз бор тинтилган,
Юз бор сўроқланган шаппатдай диёр —
Сенми, ҳали ўша кўкка интилган,
Сенми қоронғуда ахтарган зиё?!
Фаровон ҳаётдан ношукур банда,
Нон эмас, эрк ҳақда куйлаган сенми —
Ёмон отли бўлиб ҳаммага бунда,
Яна ҳамма ҳақда ўйлаган сенми?!
Сенми тутиб қолган Адл қамчисин,
Сенми ҳақ жазога халақит берган —
Сенми нишон олган кўз ёш томчисин,
Сенми ҳали ўша такаббур мерган?!
Сенми ҳамон бўйсунмаган бўйин,
Қақраган лабларнинг ол қаҳри — сенми?
Қуллар саҳросида кўтариб қуюн,
Ҳеч не кўрмагандай лол даҳрий — сенми?!
Соқчи уйқуда деб умид-ла боққан,
Қочишни кўзлаган сенми пиёда —
Бу оғир занжирни шалдиратмоққа
Журъат этган сенми жим-жит дунёда?!
А-ҳа, сенми?!

НМ: Мен ҳозир эшитаяпман-у, ўйладим. Сиз ўқиган шеърни агар бугун ёзсангиз, бугун ҳам шундай ёзиларди…

МС: (кулади) Бугун ҳам жавобгарликка тортишади.

НМ: Ҳа, йўқ-йўқ. Гап бу ҳақда эмас, яъни чекилган жабрлар бўлсаям, халқни ўйлашдан чиқди бу. Ватанни ўйлашдан чиқди, бошқа бўлди. Гўё 35 йил бурун бугун ҳақида ёзилгандай.

МС: Энди, бу жудаям очиқ шеър. Буям ўша пайтда ёзилиб, Раъно Абдуллаева ишдан кетганидан кейин босилди. Албатта, совет режими аввалги режим эди, лекин шу нарсалар босилди. Иккита шеър бу.

  1. МУМКИН

Сўзингни айтмаёқ ейишинг мумкин,
Ҳали ҳам бор бўлса айтажак сўзинг.
«Мўмин мусулмонман», дейишинг мумкин,
Ҳали ҳам мусулмон бўлмасанг ўзинг.
«Оқ туя кўрдингми», деб сўрасалар,
«Кўрмадим» дейишинг мумкиндир кўриб.
Агар виждон қийнаб, топсанг ҳафсала,
Уйингда йиғлашинг мумкин ўкириб.
Тишни тишга босиб мумкин чидамоқ,
Агар қолган бўлса оғзингда тишлар.
Мумкиндир — суякка етгунча пичоқ,
Бутун қолган бўлса суягинг агар.
Чидамоқ мумкиндир токи ўлгунча,
Агар аллақачон ўлмаган бўлсанг.

2. МУМКИН ЭМАС

Сиз бетобсиз, бетобсиз ошна —
Мумкин эмас кўчага чиқиш.
Мумкин эмас дунёқарашни
Бузадиган китоблар ўқиш.
Мумкин эмас номаълум томон,
Олис томонларни соғинмоқ.
Мумкин эмас, соғлиққа ёмон
Севмоқ, чўкка тушиб сиғинмоқ.
Мумкин эмас кийинмоқ қишда,
Мумкин эмас оч бўлсанг емоқ.
Мумкин эмас ҳатто оҳиста,
Қўрқа-писа «мумкинми», демоқ.
(1984)

Ўша пайтнинг қатағонига жавоб-да бу.

НМ: Биз, мана, жадидлар ҳақида гапирдик. Жадидларнинг қатағон қилиниши миллатнинг белини синдирган.

МС: Айнан шундай.

НМ: Чунки улар ойдинларимиз эди, йўл кўрсатувчиларимиз эди. Бир тўп подага айланиб қолди халқ. Бир қўрқув салтанати ташкил бўлди. Бутун бир совет даҳшати, ҳарбийлари билан, КГБси билан халқнинг лидерлари, ойдинлари боши олинганидан кейин бу халқ қўйдай ювош бўлиб қолди-да. Ўшанинг кайфияти «Мумкин эмас»да айнан сезилади. Бу узоқ вақт давом этаяпти, мана ҳозирги кунларгача… Қўрқув салтанатидан қутулиб кетганимиз йўқ. Ташқарида бир-икки йил яшаб кўрган одамлар биз қанақа муҳитда яшаётганимизни билади.

МС: Мен бир тажрибамни айтай. Мен бу ерда яшаб, масалан, Истанбулда, Оврупада яшадим, бизнинг мамлакатдан келган, ҳатто эски СССРдан келган одамларни мен гапирмасаям юзидан танирдим. Ҳаммасининг юзида бир қўрқув тамғаси бор. Худди орқасидан биров қувиб келаётгандай ҳадиксираб, сал нарса учун жаҳли чиқишга ёки қўрқиб қочиб кетишга тайёр… Ёки шундай бир саросима юзида бор. Бир қўрқув бор. Бу ўша қулликнинг тамғаси. Фақат ўзбеклардагина эмас, руслардаям бор эди. Бугун русларда бу тамға йўқолди. Аммо ўзбекларда бу тамға ҳамон давом этаяпти. Бу асорат бугунги кунда янаям жирканчроқ шаклда давом этди. Чунки қайта қуриш йилларида бизда пайдо бўлган эркинлик руҳини Каримов ўлдирди. Совет даврида бу қулликни ҳис қилиш, унга қарши курашиш бир шараф эди, чунки ташқаридан келган бир душман эди у. Аммо ўзимиздан чиқиб туриб, бизга босқинчидан кўпроқ зулм ўтказган ҳукмдорга қуллик халқ учун катта бир ҳақорат бўлди. Ва бугун ҳам мана шунинг асоратидан қутулганимиз йўқ.

НМ: Ўша қўрқувни юракларга сингдирган коммунистик тузум – совет мустамлакасидан қутулганимиз мустақиллик биз кутган озодликни, биз кутган эркинликни бермай, бошқа нарса бўлиб чиққанлиги аламли. Ҳозир айтдингиз, мана, душман бегона бўлса бошқа масала у. Сал енгилроқ бўлади. Чунки шу бегоналар эзаяпти, дейсиз. Ўзингдан чиққани бало бўлади. Мен сизга ўзи адабиёт ҳақида гаплашамиз, шеърлар ҳақида гаплашамиз, деган ниятимда, барибир, истаймизми, йўқми, сизнинг иккинчи бир фаолиятингиз – сиёсат ҳақида сўрамоқчи бўлиб турувдим. Лекин бу шеърларни эшитиб ўтирибмиз, бу мавзуга аллақачон кириб бўлинган экан…

МС: Амалдаги фаолият, яъни актив соф сиёсат, табиий, бу шеърлар пайдо бўлганидан бир ўн беш йил кейин бошланди. Лекин сиёсатнинг тамали ўша пайтда биз ёзган асарларда эди. Мен фақат ўзимни назарда тутаётганим йўқ, умуман, бизнинг ўша авлод. Бу жараён балки баъзи шахсларда секинроқ юрган бўлса, баъзиларда тез юрди. Лекин ҳаммаси ҳам истаса-истамаса, сиёсийлашган эди. Яъни 80-йиллар охирига бориб, биздаги ўша мавжуд Сталин даврида яратилган аполитизм, яъни сиёсатдан узоқлилик секин-секин йўқола бошлади ва ҳатто шоирлар ҳам шеър ёзишни қўйиб, мақола ёза бошлади. Яъни сиёсийлашди жамиятимиз. Ва бу бизнинг мазлум халқимиз учун жуда катта бир чиқиш йўли эди – сиёсийлашув. Лекин, мана, кейинги Каримов даврида, 26 йил ҳукмронлик қилди, ва мана шу сиёсийлашган бир жамиятни яна ўша аполитизм чуқурига, жарга итарди. Ва халқимиз сиёсатдан қанча узоқ бўлсак, шунча тинч яшаймиз, деган қаноатда бўлди. Аслида ақлли инсонлар бундай деб ўйламайди. Лекин халқимизнинг аксарияти сиёсатдан узоқлаштирилди. Ва сиз ўзингизнинг ишингизни қилинг, сиёсатни деган коммунистларнинг ақидаси яна жамиятимизда устун рол ўйнай бошлади.

НМ: Сизни 50-йиллар авлоди дедик. Мана шу авлод ҳам кейинги ўзгаришлардан унумли фойдаланган ҳолда миллатни уйғотишга турли йўллар билан ҳаракат қилди. Биз бунинг самарасини қайта қуриш даврида кўрдик. Шу авлод етакчилик қилди. Ташқаридан биламиз энди, қачон ва қайси ҳаракатлар пайдо бўлди? Сизда шахсан сиёсатга аралашиш қачон пайдо бўлди?

МС: Аслида менинг табиатим – аполитик инсонман. Яъни сиёсатни ёмон кўрган одам, совет даврида, ҳозир ҳам жуда яхши кўраман деб ўйламайман сиёсатни. Лекин бир шундай тарихий давр келдики, шоир ҳам сиёсат билан шуғулланишга мажбур бўлди. Ҳали Маяковскийнинг гапи бор. «Я наступил на горлу собственной песни» деган, тахминан шундай ибораси бор. Яъни «мен ўз қўшиғимнинг бўғзига оёғимни қўйдим. Қўшиғимни тўхтатиб, сиёсатга берилдим», деган маънода. Биз ҳам ўша пайтда қўшиғимизни четга суриб, мақолалар ёза бошладик. Ҳатто демографик масалаларни ҳам. Орол масалалари. Аёлларнинг соғлиғи. Туғилиш. Ўлиш. Болалар ўлими. Яъни бизга ҳеч алоқаси бўлмаган, ҳатто яхши билмаган темаларда ёзишга мажбур бўлдик, чунки бу масалаларнинг ҳаммаси бизнинг мазлум халқимиз масалалари эди. Ва буларни ўртага олиб чиқиш имкони пайдо бўлган эди. Бир минбар бор эди. Нега биз унгача рамзий шеърлар, метафорик шеърлар, фалон оқим деб яшириб ўзимизнинг ҳисларимизни, ишғолчиларга, мустамлакачиларга қарши ўзимизнинг рамзий йўллар билан курашиб юрган шоирлар бирданига кўрдики, бир имкон пайдо бўлди. Яъни очиқ айтиш, яланғоч айтиш, ва дарҳол айтиш мумкин бўлди… Шунинг учун ҳам мен онгли равишда мақолалар ёза бошладим ва публицистикага ўтдим. Шеърим тўхтади. Шеър ёзишни ёмон кўрганим ёки ёзадиган шеърим бўлмагани учун эмас. Балки мана шу тарихий зарурият менинг шахсий заруриятимга айланди. Масалан, айтишадики, «мен халққа ўзимни бағишладим, халқнинг дардини айтдим». Мен ундай деб айта олмайман. Менга уйқу бермаётгани учун бу дард билан шуғулландим. Халқимнинг дарди менга уйқу бермайди. Мен яхши ухлашим учун ўша дардни айтишга мажбур бўлдим. Буям бир эгоизм. Мен ўзим.. Муҳаммад Солиҳ ўзининг яхши ухлаши учун мана шу гапини айтиши керак, айтмаса ёмон ухлайди. Яъни буям бир эгоизм ўзига яраша. Яъни халқимнинг дарди менинг дардим деган гап бир баландпарвоз сўз эмас. Биз учун бир реал бир сўз эди. Бизнинг ҳаётимиз эди бу. Ўша 80-90 йилларда биз на бир муофот кутдик. Аксинча, биз мукофот эмас, қарғиш олдик. Бизни «халқ душмани», «пантуркист, русларга қарши булар», «буларни йўқ қилиш керак», деган мақолар ёзилди бизга қарши. Ўша Кружилинлар эсингизда бўлса. Биз қувғин қилиндик. Халқ душмани эълон қилиниб, китобларимиз тўхтатилди. Бироқ биз тўхтатганимиз йўқ, барибир ёздик ёзадиганимизни. Чунки, яна айтаман, халқнинг дарди бизнинг дардимиз бўлган эди. Бу ҳеч баландпарвоз сўз эмас. Бу бир муболаға, бу бир ташбеҳ эмас. Масалан, ўзбеклар фалон, ўзбеклар саводсиз, қўй халқ деб Москвадаги бир газета ёзса, мен масалан ухлай олмас эдим. Эрталабгача мақола ёзиб ўрисларнинг ўзига юборар эдим, ўрислар босар эди. Ўзбекистон менинг мақолаларимни босгани йўқ кўпини, руслар босди. Ўзларига қарши мақолаларни руслар босди. Ҳатто 86-87 йилларда, ҳали қайта қуриш унча авж олмаган пайтларда ҳам менинг миллий масалалар бўйича мақолаларим, демография бўйича, «Дружба Народов», «Литературная Россия» журналларида босилди. Ўша пайтларда илк даъфа 88 йилда СССР ёзувчилар Союзининг съездида мустамлака деб айтдим Ўзбекистонни. Буни ҳамма чиқиб, ҳатто мана тирик Ўлжас Сулаймон, Чингиз Айтматов (вафот этди), Анор Озарбайжон шоири, улар мени табриклади. Ҳақиқатан ҳам ўша пайтларда, 80 йилларнинг оҳирига бориб ўзбек зиёлиси уйғонган эди, том маънода. Ҳозир ҳам гапирилаяпти уйғониш ҳақида. Мен айтаяпман ўлмасдан олдин уйғонишимиз керак деб. Ўша пайтда уйғониш бор эди. Бугун ҳам ўша уйғониш ҳақида гапираяпмиз, тасаввур қилинг. Мана мустақилликдан кейин 29 йил ўтаяпти ҳали ҳам уйғониш ҳақида гапираяпмиз. Ҳали ҳам «Эй Халқим уйғон!» деб шеър ёзаяпмиз. Мана шу дард бизни сиёсатга олиб келди. Дард мени ёмон кўрган нарсамга олиб келди. Халқнинг дардига олиб келди. Мен ҳеч қачон, Аллоҳ ҳузурида айтаманки, менинг ҳеч қандай шахсий манфаатим йўқ эди.

Бу яхши ё ёмон деб айтаётганим йўқ, мен реал гапларни айтаяпман. Агар мен бирор шахсий нарсага интилганимда эди, масалан моддий, ёки бир мансаб мен буни олган бўлар эдим. Каримов менга жуда кўп нарсаларни ваъда қилди, ҳеч бир нарсасини олганим йўқ. Салтанатининг ярмини ҳатто, 90-йилларда ваъда қилди. Бунга келамиз ҳали бу воқеага. Мен буни рад қилдим, чунки Мен унинг учун яшаётганим йўқ эди. Бугунам унинг учун яшаётганим йўқ. Бугунам мен бир тахт учун курашаётганим йўқ, тахтдагилар золим бўлгани учун уларга қарши курашаяпман. Ҳамма ўйлайди Муҳаммад Солиҳ ҳалиям шу тахт орзусида. Ундай бир орзуим йўқ менинг. Тахтда ўтирсин, русча айтганда «ради бога», ўтирсин шу ерда. Аммо адолатли бўлсин, халқига хизмат қилсин. Халқни эзмасин. Ана унда мен мухолифатни ташлайман. Шеъримни ёзаман. Шеър ёзиш мен учун қулай.

80-йилларнинг охирига бориб, бутун шароитлар ҳам етишди. Ҳали айтганимиздек СССР, болтиқбўйи ва бошқа ҳудудларда. «Бирлик» ҳаракатининг бир пайтлар жадидлар бизнинг ўша 10-йилларда тузган бир партия эканини мендан бошқа ва КГБдан бошқа ҳеч ким билмас эди. «Эрк» партиясининг ҳам айнан ўша жадидлар тарафидан тузилганини мендан бошқа КГБ билар эди аммо. Чунки улар ўлдирганда… Ҳатто менинг ёнимда энг яқин юрган ўша пайтда Аҳмад Аъзам, Зоҳир Аълам, бошқалар… Уларгаям мен айтганим йўқ. Чунки мен уларга жадидлар тузган, ўшалардан қолган исмлар бу десам, улар қўрқиб кетади дем мен андиша қилдим. Аслида яъни «Бирлик» ва «Эрк» жадидларнинг тўғридан тўғри давоми деган ғояда бу исмларни қўйдим. Бўлмаса, ташкилот тузайлик деб Зоҳир Аълам келган. Улар «Эътиқод» деган бир исм билан келишган. Биз жадидларнинг мафкуравий давомчиси эдик. Ўша пайтда «Бирлик»да миллий масалалар у қадар бир очиқ қўйилмаган эди. Чунки 88-йилда тузилди бу. Чунки у пайтда ҳали шароит етилмаган эди. Лекин экология ҳам миллий масала эди зотан. Лекин Мустақиллик, Москвадан ажралиш, янги бир давлат қуриш, советлардан ажралиш ғоясини биз «Эрк» партиясида қўйдик.

«Эрк»нинг ўз оти. Яъни мустақилликнинг исми эди. Коммунистик партиядан кейин қурилган Ўзбекистондаги илк партия «Эрк» партияси эди. Буни кўп ёшлар ҳали билмайди. Ва «Эрк» номининг тарихини билмайди ҳали ёшлар. Бу тарих бизни жадидларга боғлайди. Жадидларнинг қурган партияси эди. Улар – жадидлар, ҳаммаси қатл қилинди. Ўртада саҳро пайдо бўлди ва бу шарафга биз муяссар бўлдик. Ва биз 80-йилларнинг охирида уларнинг тўхтаб қолган ишини, байроғини олиб кўтардик.

НМ: «Эрк» партиясиям вазият етилганидан кейин пайдо бўлди, демак?

МС: Шундай.

НМ: Демак, сиёсий масалаларни ҳам қўйишга вазият етилди. Минбарлар пайдо бўлди.

МС: Минбарлар доим бўлган. Аммо минбарларда гапириладиган гапнинг миқёси кенгайди. Чунки у пайтларда шеърлар орқали чўнтагимизда мушт кўрсатар эдик. Энди муштни чўнтакдан чиқариб кўрсата бошладик. Дедик, биз мустақил бўламиз. «Эрк» партияси мустақиллик ғояси билан чиқди.

«Эрк» партиясининг биринчи мажлисига Каримов яхши муносабатда бўлган эди. Кейин у ердаги менинг программамни кўриб, ҳаммасини тескари ўгириб юборишди. «Эрк» партиясининг биринчи қурултойига Москвадан ўша хабар агентликларнинг мухбирлари келган эди. Улар энди Горбачевинг сиёсатини қўллайди деб ўйлади улар. Чунки «Бирлик» пайтида Горбачевнинг ғоясини қўллаб қувватлар эдик очиқчасига.

Аммо, биринчи марта бизга мустақил бўлишдан бошқа бир йўл йўқ деган ғояни ўзининг программасида «Эрк» партияси қўйди. Буни эшитиб ҳатто бизга ҳайрихох бўлган либерал руслар ҳам зални тарк этди. Чунки улар сепаратизм тарафдори эдилар. Каримов ҳам қўрқиб кетди. Аввал у лоял эди. «Эрк» партияси шундай қилиб

туғилмасиданоқ қора рўйхатга кирди. «Бирлик»да ундай радикал ғоя йўқ эди. Ўзи «Бирлик»ка зўрға чидаб турган эди, «Эрк» эса ундан ҳам радикалроқ чиқиб, мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Мана булар энди, кўпроқ сиёсий мотивда ёзилган шеърлар. Бутун асарларимни Москва ёритиб турган пайтда, Москвага қарши ёзилган шеърлар.

«Деҳқон қўллари» туркумидан

Худо қарамади менинг раъйимга,
Аллақачон ўзининг муҳрини босди.
Ва ижрочи фаришта қоқ манглайимга,
«Лавхул махфуз»даги қисматим ëзди.

Манглайимга боқиб, уйдагилар ҳам,
Ëзувни ўқиëлмай бўлдилар сарсон.
Ниҳоят марказдан келган бир одам,
Ўқиди ва деди: сен пахтакорсан.

Шу-шу олтин топган қул каби хурсанд,
Юраман пахталар кўкарса гулдай,
Мен маҳзун юраман аччиқ қиш кирса,
Топган олтинини йўқотган қулдай.

Баъзан тушларимда сўкинаман бад,
Ўнгимдачи, тавба дейман асосан.
Ҳар ҳолда энг ширин таом бу меҳнат,
Энг катта идиш бу сабр косаси.

ЎРТОҚЛИК ҲАЗИЛИ

Пахталар очилиб турса…
Дафъатан
Кулиб турган ҳаво кетса бузилиб,
Қор ёгса, бу демак , ерга нисбатан
Осмоннинг ўртоқлик ҳазили.
Чопиб раис келса, кийиб ол эгнинг,
Қор эмас, пахтадир турган осилиб,
«Териш керак» деса, бу бир ўзбекнинг
Ўзбекка ўртоқлик ҳазили.
Зўриқиб пахтадан уйганда тоғни,
Марказдан келсаю кимдир сузилиб,
«Тўйга кетдик» деса, буниси соғнинг
Касалга ўртоқлик ҳазили.
Тўйга келса ўзбек ва дастурхонда
Нон эмас, шиорлар турса ёзилиб
Бу ҳам бир пахтакор Ўзбекистонга
Ўртоқнинг ўртоқлик ҳазили.
… Ўриснинг ўртоқлик ҳазили (кулишади)

БОШҚА

Ўт бор, ўлан бор, майсадан гилам бор,
Май бор, палов бор, алвон ранг ялов бор,
Бахт бор, саодат бор, тўй бор, зиёфат бор,
Ҳамма нарса бор ўзбекдан бошқа.
Қари бор, қартанг бор, каттаю кичик бор,
Аччиқ бор, чучук бор, ит билан кучук бор,
Қурт бор, қумурсқа бор, илон бор, чаён бор,
Ҳамма нарса бор ўзбекдан бошқа.
Ўзбек қани? Ўзбек – пахтада!

Мана бу. «Эрк» партияси бўлмаган, аммо Эрк сўзи менда доим мотив бўлиб ўтади доим.

ТИЛЧИНИНГ ДЕГАНИ

«Эрк» сўзи
Отаси эмасмикан «эркак» сўзининг?
Шундай бўлиши мумкин,
Фақат – ўтган замонларда.
«Эрк» сўзида, балки,
Умуман маъни йўқдир,
«Эрк» сўзи шунчаки
Ўлаётган аскарнинг бўғизидан чиққан
«Ҳиқ»иллашдир?
Шундай бўлиши ҳам мумкин,
Фақат Aфғон томонларда.
Биз учун эса,
Эринчоқ одам тўқиган сўздай туюлар у,
Шунчалар қисқа:
Эрк.

ТАШБЕҲСИЗ ШЕЪР

(Бу Ленин ва Сталин ва Брежнев ҳақидаги шеър деб шифрасини айтиб қўйдим)

Буюк одам инжиқ бўлади сал,
Бу ҳам бир фазилат албатта.
Дунёга келар у хоҳлаган маҳал
Ва хоҳлаган жумҳуриятда

Буюк одам камтар, бунақа одам,
Туғилмай ҳам турар юз йиллаб баъзан.
Туғулгудек бўлса, мабодо,
Биздан яшириниб юрар мунтазам.

Биздан беркинади чунки буюкнинг
Таъмаси йўқ биздан тариқча.
Камтарлик ҳам юкдир,
Бу юкни тарихий зарурат дерди тарихчи.

Ўша камтарлиги сабаб биргина
Беркинмас у бойлик, моли ортига,
У биздан “инсоний” беркинар,
Дейлик ўз соқоли ортига.

Башарти удумда бўлмаса соқол,
Буюкка етади оддий бир мўйлов,
Бизга шу мўйлов ҳам келса гар малол,
У қоши ортига беркинар дарров.

Қошни ҳам кўп кўрса ношукур давр,
Буюк одам ҳеч бўғилмайди.
Фақат камтарона қилади сабр,
Удум эврилгунча у туғилмайди.

Ўша қош, соқол, мўйлов ўша пайтдаги шахсларнинг бир рамзи эди бу шеърда.

Шундай шеърлар кўп. Яъни мен бу гапларни бизни эшитаётган ёшларга қарата гапираяпман. Буни бизнинг тенгдошлар билишади. Биздан кичикроқлар ҳам билишади. Аммо биз кетгандан кейин, мана 30 йилдан бери ташқаридамиз биз. Янги бир авлод пайдо бўлди. Улар билмайди. Уларнинг ҳаммасига Муҳаммад Солиҳ террорист. 99-чи йилги портлашларни Муҳаммад Солиҳ қилди. У ватанга доимий ҳиёнат қилди деган гаплар билан уларнинг миясини чорак аср давомида Каримовнинг пропогандаси ювди. Мана шу ёшларга қаратиб айтаяпман бу гапларни.

Биз айтаяпмизки, сизнинг севган миллатингиз, менинг ҳам миллатим. Биз унинг кадарини, тақдирини ўйлаб майдонга чиққанмиз, ва биз уни севганимиз учун ҳам юртдан сургун қилиндик. Уни севганимиз учун ҳам уни биздан айирди душманлар.

Шу дард билан ҳали ҳам яшаётганимиз учун биз юртга қайтаётганимиз йўқ.

НМ: 80-йиллардан буёғи дейлик, тарих етказилмаган ҳозир миллатга. Ёки бузиб етказилган. Айниқса мустақилликдан кейин тарих фақат ўша Ислом Каримов тарихига айлантирилди. Унгача бўлган тарихий воқеалар, мустақиллик учун кураш, масалан, ҳазилакам гап эмас. Ўша экология учун курашлар ҳам, ҳазилакам гап бўлмаган, ўша замонларда. Битта кичик туманларга бориб қилинган митинглар ҳам. Лекин тарих китобларда бу йўқ ҳозир.

Буни билишмайди. Чунки буни айтса, аслида мустақиллик учун кимлар курашгани юзага чиқиб қолади-да. Шунинг учун энди бу яширилди. Биладиганлар ҳам бу зулмлардан кейин ичига ютди. Ошкор айтадиган минбар ҳам қолмади. Имкон ҳам қолмади. Ҳафсалалар пир бўлди. Мана шунинг оқибатида 30 ёшлилар ва ҳатто 40 ёшлилар ҳам дейиш мумкин. Чунки мустақиллик арафасида туғилганлар, 10 ёш эди.

МС: Биз чиқиб кетганда туғилган эдилар.

НМ: Ҳали ақли йўқ эди. Тўғри билан эгрини билмас эди. ўшалар 30 йилни қўшса 40 ёш бўлади. Авлоднинг катта бир қатлами асл ҳақиқатлардан узиб тарбияланди. Биладиганлар бор албатта. Энди шунинг учун, менинг бир ижодкор сифатидаям дардим, бу ҳақиқатларни қачондир, майли оғирликларини бўйинга олган ҳолда етказиш керак. Билиш керак. Бугун энди имконият борку мана.

МС: Мана шу сиз билан қилаётган суҳбатимиз. Ўзингиз ҳам айтаяпсиз. Бу сизнинг ғоянгиз. Мана шу мақсадни ташийди. Яъни етказиш учун, бу ерда очиқ, ҳеч муросасиз гапиришимиз керак. Бировларнинг кўнглига тегиш эҳтимоли бор афсус. Аммо бизнинг мақсадимиз бировларнинг кўнглига тегиш эмас, ҳақиқатни айтиш.
НМ: Бор ҳақиқатни етказиш…

МС: Ҳа. Бировга ёқиш ҳам бизнинг мақсадимизмас. Табиий ёмон гапиришни истамаймиз, лекин ёмон гапирилмасин деб ҳақиқатни гапирмай тура олмаймиз. Гапиришимиз керак, чунки, жуда оз одам бу ишни қилаяпти. Ҳақиқатан ҳам мана шу сиз билан қилинаётган суҳбат жуда ноёб бир нарса. Бизнинг айтаётган гапларимиз ноёб эмас, мавзуимиз ноёб. Чунки бу мавзуда гапираётган одам жуда оз. Бугун масалан жуда кўплар, ҳалиги жадидларни оқлаш учун чопиб юрибди. Жадидлар бундай бўлган деган нутқлар қилишаяпти. Жадидларга қилинаётган зулм бугун ҳам давом этаяпти, бизга қарши зулм давом этаяпти, нега буни ҳеч ким гапирмайди? Яъни айни зулм, Сталин даврида қилинган зулм бугун ҳам айни шаклда давом этаяпти.

НМ: Давом этаяпти.

МС: Нега буни гапиришмайди? Буни мен зиёлиларга айтаяпман. Ҳукуматга айтаётганим йўқ. Зиёлиларнинг ўша, энг олд сафида, ҳурмат тарафида туриб, ўзларини гўё адабиётнинг жонкуяри қилиб кўрсатаётган дўстларимизга айтаяпман. Нега сиз бунақа мунофиқлик қилаяпсиз? Чўлпонни гапирасиз, Фитратни гапирасиз, рахмат сизга. Уларни нашр қилаяпсиз, улар эзилган деб ҳайқираяпсиз. Лекин, уларга қилинган зулм бугун бошқаларга ҳам қилинаяптику. Нега бу ҳақда ҳеч қандай гап айтмайсиз.

1986 йил ноябр ойида бир пленум бўлган эди. Яъни Горбачев келди. Перестройка бошланди, аммо ҳали бизга етиб келгани йўқ эди. Москвада бошланган, бизга секин келдида… Шу пленумда мен чиқиб, чўлпонлар, фитратлар ҳақида гапирдим. Русча гапирдим. Союз аъзосиман. Москвада мақолаларим чиқиб турибди. Озгина машҳур бўлганман у пайтларда. Шунинг учун менга сўз беришга мажбур бўлишди. гапирдим.

Бугун дедим, баъзи Чўлпонни чиқариш керак деб айтиб юрган одамлар ҳайъатда ўтирибди дедим. Комил Яшин, Лазиз Абдусаматов, Лазиз Қаюмовлар ҳаммаси шу ерда ўтирибди. Булар чиқарадими, дедим. Булар унинг бош душманику, дедим. Ҳаммаси жим бўлиб совуқ бўлиб қолишди. Шунинг учун очиқ бўлайлик, мард бўлайлик дедим. Очиқ айтиш керак, бу одамларни узоқлаштиринглар. Бу ғояга бошқа инсонлар келса улар чиқаради, дедим. Ҳозир чиқарамиз деган гап ўзларини кўрсатиш учун айтилаяпти, дедим.

Мажлисдан чиққандан кейин Озод Шарофиддинов ёнимга келиб, «Яхши гапирдингиз» деб шипшиди. «Менга шивирламанг Озод ака дедим. Чиқиб, ўша ерда гапиринг, дедим. Яъни Озод ака ўзи Чўлпон тарафдори бўлиб юрди, нашрга тайёрлади. Лекин, мен ундаги ижтимоий мунофиқликни айтаяпман. Инсонлар гўё тарафдор лекин, ҳақиқатни айтиш учун озгина таваккал қилишга тайёр эмаслар.

НМ: Озгина журъат керак.

МС: Бўлмаса Озод ака анча прогрессив одам эди. Кейин тамоман Каримов тарафга ўтиб кетди. Бу бошқа масала. Лекин ўша пайтда, 70 йилларда илғор одамлар қаторида саналар эди.

НМ: Бир неча марта мана шеърларингизни ўқидингиз. Буни янаям ўқинг дейман. Чунки ҳақиқатан ҳам бу кейинги пропаганда орқасида нафақат сизнинг сиёсий арбоб сифатида, балки шоир сифатида ҳам халққа унуттирилди. Дастлаб, ёдингизда бўлса, биз энди у ёқда эдик. Сизлар чиқиб кетганларингдан кейин, орада бирор йиллардан кейинмикан, дарсликлардан йиртиб олинди. Сизнинг шеърларингиз бор саҳифалар, Гулчеҳра опани шеърлари бор саҳифалар йиритиб олинди. Мана шу нарса бир рамзий маъноки, бизнинг халқимиз хотирасидан йиртиб олинди. Бу 27 йиллик ташвиқот-тарғибот хотирани ювиш билан шуғулланди. Бунинг натижасида, ҳозирги айтганимиз 40 ёш авлод деярли билмай ўсди. Билс ҳалигидай салбий томондан билади. Террорист деб билади. Инсофлиси сал фикрини айтмай туради, лекин жуда кўпчилик адашаяптиям. Шунинг учун суҳбатимизда мақсад ҳам шуни ойдинлатиш. Ҳаммаям сиздай фикрлаши шарт эмас, ҳаммаям сизни ёқлашиям шарт эмас.

МС: Мумкин ҳам эмас бу.

НМ: Бу бошқа масала. Бошқача фикрда бўлиш. Лекин, бир инсонга ҳақсиз бўлароқ агрессив бўлиш бу энди адолатсизлик. Солиҳ ака ўша давр руҳини берадиган, бу руҳни ҳозирги авлодга етказадиган яна бир нечта шеърлардан ўқисангиз яхши бўларди.

МС: Ўзбекнинг дунёга қараши

Қўлимда пиёла. Чордона қуриб,
Кутаман. Мудрайди ҳорғин кўзларим.
Ялқов қаҳр билан пашшани қўриб,
Кутаман. Келмади ҳали дўстларим.

Ҳали душманларим тўплангани йўқ,
Юришар узилган симларни улаб.
Ҳар ҳолда, улардан менинг кўнглим тўқ –
Пайт келса, бир-бирин топажак улар.

Пайт келса, билмайман, нега ярайман?
Қўлимда пиёла. Чордона қуриб,
Лоқайдлик пардаси аро қарайман:

Ҳали ўнгламади ўзини зўрлик,
Қанотин ёзмабди ҳали ҳақорат,
Ҳали қиёмига етмабди хўрлик!…

СИЗГА ЯРАШАР

Гул ҳақда куйлашни сизга чиқарган,
Баҳор истеъдоди сизда намоён,
Сизга ярашади, боқиб юқорига,
Десангиз, меники эрур шу осмон!

Ярашар, меники, десангиз ерни,
Чунки алдамайсиз шундай деганда,
Шу ер – меники, деб ёзаркан шеърни,
Шубҳага бормайсиз ҳеч қачон мендай.

Бу Ватан – меники, десангиз бирор
Одам туриб демас сизга: «Бу – ёлғон!»
Чунки ҳақиқатни айтасиз такрор,
Айтиб, мен сингари йиғламайсиз қон.

ОТИМНИ БОШҚА ҚЎЯМАН

Отимни мутлақо бошқа қўяман,
Буткул ўзгартаман ўз шарифимни,
Миш-миш ҳандоғига бориб, қуяман
Элнинг менга берган бу таърифини.
Етар. Мен ўттиз йил яшадим алдаб,
Ўттиз минг қулоқни гулдай сўлдирдим –
Муҳаммад Солиҳни ўттиз ёшида
Мана, қурбонликка келтирдим.
Унинг номидан мен сўрайман узр
Сизга ёлғондан дўст бўлгани учун,
Ниҳоят, ўзидан умидин узиб,
Ҳеч кимга айтмасдан ўлгани учун.
Хунини тўлайман, зарра ачинмай,
Мўминлиги учун у еган ноннинг,
Қайтариб бераман, ўттиз йил тинмай
Жилмайгани учун олган унвонни —
Ишонинг, мен агар шундай қилмасам,
Дарров ўзгартаман янги отим ҳам!

ДЕҲҚОН ҚЎЛЛАРИ

Бир қўлим кўксимда турар мунтазам,
Бир қўлим раисга саломлар берар,
Ишга шунғиб кетар қолган ўнтаси –
Қолган ўнта қўлим пахтани терар.
Қўлдан иборатдир менинг вужудим,
Кўзим-қўл, юзим-қўл, оёғим ҳам-қўл,
Неки туртиб чиққан бўлса ичимдан
Бари қўл, ҳаттоки қулоғим ҳам – қўл!
Тушда аён бўлди улуғ бир мақсад,
Олға кетаяпман, боқмай орқамга:
Хўжалик ерига пахтани эксам,
Мен қўл экажакман ўз томорқамга!

КЕЧИККАНЛАР

Мен ҳаётдан ортда қолдим – кечикдим мен поездга,
Бекатда бир зум толдим, тилим айланмай сўзга.
Уфққа бир балиқ мисол шўнғиди сўнгги вагон,
Қўлимда қолди патта, қолди-ку катта тугун.
Ёлғиз эмас эканман-ку , пайдо бўлди бир одам,
У ҳам мендай кечикибди – қувватланди иродам.
Дақиқа ўтар-ўтмас ҳансираган, ичиккан
Минг киши етиб келди – ҳаммаси ҳам кечиккан.
Бирпасда миллион бўлди одам сони бекатда,
Ҳар кимда миллион тугун, миллион кераксиз патта.
Халқ турибди, деярли халқ… ҳеч ким англамас лекин –
Гар кечиккан бўлса ҳаммa, ким поездда кетди, ким?

1985

Бу энди нима дейди. Ўзимнинг кадаримни, тақдиримни олдиндан ёзиб қўйгандек бўлаяпти. Мен башоратчи эмасман, аммо бу 1983 йилда ёзилган. «Денгиз бўйида» деган.

ДЕНГИЗ БЎЙИДА

Ҳаво ёмон. Дам олувчилар
Кириб кетар хоналарига.
Юз ўгириб денгиздан улар
Парда тортар ойналарига.
Ҳаво ёмон. Бемажол дайдир
Куя тушган булутлар кўкда.
Соҳилда-чи турар қандайдир
Ватанидан айрилган одам.
Мен биламан унинг кимлигин –
Яккамохов, бадавлат, нотинч –
Мен биламан, унинг жимлиги
Чидаб бўлмас соғинчдир, соғинч.
Ўша одам ҳавони бузган,
Ёмғирни ҳам чақирган ўша,
Ўша сабаб кўримсиз бизга
Бу шифобахш, жаннатий гўша!
Ахир, нима ҳаққи бор унинг?
Бу сизники, сизнинг ерингиз –
Боринг, уни ҳибсга олинг!..
Ё Ватанин топиб берингиз…

(Давоми бор)

Тағин ўқинг
26 сентябр 2016
Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан амалдаги бош вазир, мустақил кузатувчилар фикрича, ноқонуний тарзда президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланишини ...
19 феврал 2018
Ички ишлар вазири, 57 ёшли Пўлат Бобожонов ўтган йили «ИИВнинг 230 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилгани, 8 минг 32 ...
13 январ 2017
Каримов ўлимидан сўнг кенг урф бўлган Виртиуал қабулхона ортидан, ҳар бир туманда Халқ қабулхоналари ташкил этила бошланди. Халқ қабулхонасида ...
14 сентябр 2019
«Элтуз» нашри ўзининг ютуб каналида “Марҳабо, талантлар” танловини бошлади. Танлов шартлари Танловда иштирок этиш учун қўшиқ, ашула, рақс, шеърни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...