Асосий мавзулар
13 январ 2020

Бош прокуратура Гулнора Каримова вилласидан топилган санъат асарлари хатланганини билдирди

11 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳибсда сақланаётган Гулнора Каримованинг Швейцариядаги уйидан топилган санъат ашёлари ҳақида баёнот берди.

Прокуратуранинг баён қилишича, Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари миллий бойликка тааллуқли ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Аввал Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги яшаш манзилларида тарихий, маданий ва бадиий аҳамиятга эга деб топилган, умумий қиймати 12,7 млрд. сўмдан ортиқ бўлган 985 турдаги санъат асари (рангтасвир, сўзана, миллий тақинчоқлар, сопол, ёғочдан ишланган миллий ҳунармандлик буюмлари ва ҳоказолар) аниқланган ва хатланган.

– Қайд этилган рангтасвир ва санъат асарлари, суд ҳукмига кўра, давлат эгалигига ўтказилиб, Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандлик тарихи давлат музейи, Фарғона вилояти тарих ва маданият давлат музейи, Андижон вилояти тарих ва маданият давлат музейи, Чирчиқ шаҳри тарих музейларига топширилди, – дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Шу куни Гулнора Каримованинг фарзандлари томонидан юритилаётган Инстаграм саҳифасида раддия пайдо бўлди, унда Бош прокуратуранинг баёноти «ёлғон» дейилади.

Имон ва кичик Ислом Каримовлар ўзбек прокуратураси баёнотида онасига тегишли бўлмаган уй сурати тақдим этилганини билдирган.

«Шу боис, биз синглим билан ҳақиқий уй фотосурати ва манзилини тақдим этамиз», дейилади Каримова фарзандлари баёнотида. 

Бироқ Гулнора Каримованинг Швейцариядаги уйида илгари Ўзбекистон музейларида бўлган санъат асарларининг борлиги 2013 йилда тасдиқланган. Швейцарияда яшовчи сиёсий қочқин Сафар Бекжонов Каримованинг бўш ётган уйига кириб, у ердаги мулкларни видеотасвирга олган эди. У ўз акцияси билан ўшанда жамоатчилик эътиборини «дипломат» Каримованинг ҳашаматли уйига сарфланган пулларга қаратмоқчи бўлган эди.

Ғарб матбуотига кўра, Каримова Женева кўли соҳилидаги бу уйни 2009 йили 18 миллион швейцария франкига харид қилган. 

Жорий йилнинг 8 январь куни Тошкент шаҳри судида Гулнора Каримовага қарши қўзғатилган тўртинчи жиноят иши бўйича ёпиқ суд бошланди. Каримова давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузишда айбланмоқда.

Аниқланишича, Гулнора Каримова «бошқа шахслар билан тил бириктириб, давлатга тегишли «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» пакет акцияларини пасайтирилган нархларда сотиб олган, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

2019 йил март ойидан бошлаб Гулнора Каримова Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-умумий режимдаги колонияда сақланмоқда. 

Тағин ўқинг
6 октябр 2016
Айни кунларда 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига иштирок этиши кутилаётган номзодлар учун сайловчилар имзосини тўплаш жараёни бормоқда. ...
7 феврал 2017
«Адолат кўзгуси» газетаси анча вақтлардан буён пенсияси ёки нафақа пуллари ўзларининг розилигисиз пластик карточкага ўтказиб берилаётгани, бу эса турли ...
11 май 2018
Cобиқ совет даврида рангтасвир асарлар яратиб, ёрқин шуҳрат қозонган саноқли ўзбек рассомларидан бири Неъмат Қўзибоев бундан 14 йил бурун, ...
12 май 2020
Ҳаëтилла дамасчи билан Мадина темир решётканинг бу ёғида, Абсаттор эса нарëғида турарди. Чапани¸ камбағал бўсаям унча-мунча одамга гап бермайдиган ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...