Асосий мавзулар
11 сентябр 2020

РТдан ваъз: Яхши эркаклар қандай кўпаяди?

Яхши эркаклар қандай кўпаяди? Сарлавҳани эшитиб юзингизга табассум югурди ҳар ҳолда. Табассум ҳақида гапирсам.  Табассум артиллериядан ҳам, отлиқ аскарлар ва танк дивизиясидан ҳам кучли қурол. Сизни ғажиб ташламоқчи бўлган одамга табассум қилсангиз, у  талмовсираб қолади.

Хохолаб кулиш, тиржайиш ëки кесатиқли илжайиш эмас. Оддий табассум. Зотан, олдингизда турган ва ҳаëт машаққатларидан чарчаган, отаси ўлган, онаси коронавирусга чалинган, умри  хўмрайган шўртумшуқлар орасида ўтган одам учун табассум худди булут  остидан чиққан қуëш каби тансиқ ва иссиқ.

Энг яхши одамлар сенинг юзингга кулги ато қилган одамдир. Бировнинг иштони тушиб кетса ҳам кулиш мумкин. Аммо мен айтаëтган нарса бошқа.

Масалан, кеча бир қиз кафедаги стол устида  кармонини қолдириб кетди. Мен кармонни олиб унинг ортидан секин юрдим. Юз метр юргач, қиз кармони йўқолганини билиб даҳшатга тушди.

Чунки кармон ичида уй калити, банк картаси, кимлик ҳужжати, ҳамда ойлик йўл чиптаси бор эди. Мен унга қараб жилмайдим ва кармонни бердим. Қиз ҳам жилмайди. Кўнглим ҳам равшан бўлди.

Агар сиз ғамгин бўлсангиз, мискинларни ўйланг. Эмпатия дейилади бу. Сиз эшитаëтган мусиқани эшитишдан мосуво карни ëки сиз кўраëттан оламни кўриш бахтидан бенасиб кўрни ўйланг.

Иссиқ уйда ўтирар экансиз, бошпанаси йўқларни ўйланг. Болангизнинг бошини силар экансиз, боласи дарëда чўкиб ўлган ота ë она ичидан нима кечишини ўйланг. Дарров ўзингизнинг бахтли ва шодмон эканингизни биласиз.

Энг катта байрам одамнинг ичидаги байрамдир. Табассум қилинг. Дунë биз ўйлагандан кўра яхши.

Намангандаги жунли махлуқлар

Наманганда жунли махлуқлар кечқурун келиб, қизларнинг иштонини ўғирлаб кетишди, деган гап чиқди. Бу  махлуқ қани, деб интернет титкиласам, Наманганда бир қизнинг икки шилқим эркакни ўлардай дўппослагани ҳақида маълумот чиқди.

Воқеа мана бундай бўлган. Наманганлик икки рамақижон нимжон бола «Спарк» деган ўлимтик машинада келиб, шортик майка кийган талаба қиз Гулсанам Алижоновага гап отади. Гапига яраша жавоб олганидан кейин тўйиб овқат емаганидан бўйни ичига кириб кетган битта йигит қизнинг майкасидан тортиб шилқимлик қилади. Биттаси келиб, тирноғи олинмаган кир қўли билан қизни белидан қучоқлайди.

Ана шунда асримизнинг бу гўзал воқеаси рўй берди.

Қиз биттасининг қаншарига, яна биттасининг эса чоти орасига айлантириб тепди. Икки йигит икки тарафга қараб учиб кетди.

Наманганлик йигитчалар шилқимлик қилган қиз таэквондо бўйича спорт устаси эди.

Икки йигитни уриб ер билан бир қилган Гулсанам 23 ёшда, ҳозир Наманган давлат университетининг жисмоний маданият йўналиши сиртқи бўлимида 3-босқичда таҳсил олади.

Оилада 6 нафар фарзанднинг кенжаси. Бокс, каратэ билан шуғулланган. Икки йилдан бери таэквондо WTF бўйича машғулотларга қатнаб келади. Шу йўналишда Ўзбекистон биринчилиги совриндори, «Наманган опен» турнири ғолиби. 2020 йил баҳор ойида Туркияда бўлиб ўтган халқаро мусобақа иштирокчиси.

Йигитлар бўлса, югуриб милисага бориб йиғлаб-сиқташди. Гуллар шаҳри Наманган йигитларининг кўзидаги ëшига ИИБ ходимлари чидаб тура олишмади. Милисалар ҳам қўшилиб йиғлашди. Қани адолат дейишди улар кабинетда осиғлиқ турган Мирзиëев расмига қараб.

Хуллас, ҳозир мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Гулсанам Алижоновага нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Балки бу қиз қамалар, аммо номуси топталган йигитлар руҳига берилган зарба унутилармикин. Наманганлик бечора бу икки йигит кўчада қизларни кўрса, қалтираб қўрқадиган руҳий касалга дучор бўлибди. Нега мамлакатда эркак зотини ҳимоя қиладиган қўмита йўқ?

Бундай кетаверса, яхши эркаклар қандай кўпаяди? Бу савол жавобини хабарлардан сўнг қидирсак.

Хабарлар

Ҳар бир аëлу эркакнинг шкафида скелети бор. Бу мажозий гапнинг маъноси – ҳар кимнинг бошқалардан бекитган сири бор. Фузулий айтганидек, «Бу пинҳон нуктани сирридан огоҳ ўлондин сўр».

Гапнинг қисқаси, яна Самарқанд. 2020 йилнинг 3 сентябри. Самарқандлик 42 ёшли С.Н. исмли аёл таниши, 43 ёшли Ф.А. исмли аёл телефонидаги суратларни қўлга киритади. Суратларда сағал юпқароқ кийинган аëл ундан ҳам юпқа кийинган эркак билан лайли- мажнун ва саббаий сайëр позасида тургани акс этган (расмлар кўп ва позалар ҳам турли. Масалан кўппак позаси бор).

Бировнинг сирини қўлга киритган С.Н. дугонасини шантаж қилиб, «расмларни қариндошларингга кўрасатаман, интернетда чиқараман», деб қўрқитади.

«3000 кўкидан берсанг, қудуқ бўлиб сирингни яшираман» дейди яшшамугур «дугона».

Бечора Ф.А. бўлса олтин исирғасини сотиб, зўрға 2200 долларни ўртага келтиради.

«Давай», дейди «дугона».

Аммо ўша пайтда, яъни шантажчи пул олаëтган пайтда ўртоқ Бобожоновнинг шортик кийиб, тахта тўқмоқ ушаган бодринг миршаблари кириб келиб, «Тўхта!!! Мамлакатда қонун ва одалат устивор», дейди.

Қараб турсанг, ҳинд киносининг ўзи.

Шантажчи хотинга Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Опагинам Зангиотада срўк мотат қилганида, албатта, Юлдуз ҳожи билан Рустамхўжа келиб ашла этиб кетади. Ағи амнистия.

Ҳурматли аëллар, иштонсиз расмларингиз бўлган телефонни қаровсиз қолдирманг. Ким билади дейсиз. Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга.

Вобкентлик 50 яшар амаки умри бўйича нималарни ўмармади. Бир марта паркдаги скамейкани ўғирлади. Хатто қўшнисининг пишиб турган овқатини қозонига қўшиб ўмарди. Бир куни бу ўғри ватандошнинг назари “Работохун” МФЙ да жойлашган кислород ишлаб чиқариш шахобчасида ўрнатилган ускунага тушди.

64 яшар тоғанинг 306.311.700 сўмлик кислород ишлаб чиқариш ускунасини елкасига ортган ўғри уйига қараб жилди.

Камбағалнинг уйи куйса куйсин, кислород ишлаб чиқариш ускунаси ўғирланмасин. Ахир бу ускуна ортидан бутун бир хўжаликнинг қозони қайнайди.

Кислородчи тоғага ўртоқ Бобожоновнинг чаққон миршаблари ëрдамга келди.

Мазкур ҳолат юзасидан Вобкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ўғри қамоқда.

Бундан буëн ўзбек миршаблари иш жойида диний ибодат қилишига изн берилди. Аммо ҳужжатда қайси дин экани айтилмаган. Ўзбекистон кўп конфессияли давлат.

Демак милиса иш вақтида беш маҳал намоз ўқиши, бўйнига зуннор осиб чўқиниши ëки тангри ва буддага топиниши мумкин. Пасхада юмурто бўяши мумкин. Истаса, уч-тўрттаси бўйнига гулчамбар тақиб, кўз сузиб «хари кришна», деб рақсга ҳам тушиши мумкин. Менимча, тўғри қарор. Бекор телефонда порно кўриб ўтиргандан кўра, тоат-ибодат билан шуғулланишсин. Милисаларга оид маданият саройларининг биттасини черковга, яна биттасини канисога айлантирса ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. Диний бағрикенгликка нима етсин.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни мамлакат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда ниқоб тақиш зарурлигини уқтирди.

Аммо Мирзиëевнинг ўзи ниқоб тақмайди. Тожикистон президенти Имомали Шарипович ва унинг валиаҳд ўғли Рустам иккинчи иккинчи ҳам ниқоб тақади. Германия канцлери Меркель, Франция президенти Макрон ҳам. Аммо Ўзбекистон президенти ниқоб тақ деб айтади-ю, ўзи тақмайди.

Хар ҳолда Мирзиëев коронавирусдан миннатдор бўлса арзийди. У кишининг бошимизга ўтирганига ҳам  4 йил бўлди. Тўрт йил олдин бир дунë ваъдалар берувди. Эчкилар ўлди. Лимон кўкармади ва товуқлар қирилиб кетди. Бунга асосий сабаб президент сиëсатининг ношуду нотавонлиги эмас, балки коронавирус дейилди.

Агар коронавирус бўлмаса, биз аллақачон ўнинчи нирванага чиқиб, ренессанснинг додасини кўрган бўлардик. Еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда бўларди. Ҳатто итларимиз ҳам олтин товоқда ош ерди. Аммо нима қилайлик, кўпга келган тўй. Коронавирус боис отимиз ўзмади.

Аммо барибир президентнинг айтганини қилиб ниқоб тақиш керак. Бўлмаса раҳбарлар итпашшадай қирилиб кетади. Бечора халқ бошлиқларсиз қолиб кетиши мумкин.

Миришкор тумани ҳокими коронавирусдан ўлди. Етим қолган туманда байроқлар туширилиб, мотам эълон қилинди. Қамоққа олинганларни сақлаш бўйича Қарши прокурори Деҳқонбой Абдуллаев 46 ёшида коронадан ўлди. 54 яшар прокурор Турғун Камолов коронага чалиниб ўлди. Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ҳамза Файзиев ҳам коронадан ўлди. Бир ҳафтада уч прокурор гўрга кирди. Прокуратура мотамда.. Эҳ корона, корона.

Комхоз мусоровозини ниқобсиз ҳайдаб, қўлини мунтазам ювмайдиган Рихситилла қолиб, чинни чироқ прокурорларга ковид юқпти. Қани одалат?

«Сен ўзингсан, энг сўнгги нонин ўзи емай қўшнига тутган». Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Тожикистонга газ етказиб бериш қишда кўпайишини билдирди.

“Ўзбекистондан Тожикистонга газ етказиб бериш шартнома мажбуриятларига ва тожик томонининг эҳтиёжларига мувофиқ амалга оширилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.

Абдулла Арипов эса селектор йиғилишида маҳалла раисларига таппи ғамлаш ишини назорат қилишни топширди.

Шанба кунидан бери тепадаги билгичлардан учтаси Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ишдан олиниб, унга қарши жиноят иши очилганини менга шипшитди.

Айтилишича, ҳокимликнинг 20 га яқин мулозими жумадан шанбага ўтар кечаси бошига қоп кийдириб олиб кетилган. Асака, Хўжаобод ва Жалақудуқ ҳокимлари ишдан олиниб, ичкарига олиб кирилиб сўроқ қилинган.

Уларнинг ҳаммаси Шуҳрат Абдураҳмоновга қарши компроматни тасдиқлаб ëзиб беришган. Абдураҳмоновнинг ўзи ҳам сўроқ бераëтган экан. Буни матбуотда эълон қилиш учун Мирзиëевдан изн кутишаëтган экан.

Мен бу сиздирилган гапларни эълон қилишга шошмадим. Отдан олдин аравани юрғазиб қўймайин деб. Эсингизда бўлса, Самарқанд ҳокими Туроповнинг қамалганини ҳам тепадаги билгичлар менга етказган ва мен уни эълон қилгандим.

Ўтган 4 йил давр шуни кўрсатдики, ҳоким алмашгани ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Улар авторитар режим машинасидаги парраклар, холос. Биттасини обиб ташаб, ўрнига бошқа худди ўшандай паррак қўйилади. Ўзгариш фақат биринчи раҳбар алмашсагина бўлади.

Ўзбек зеҳниятида «хотинидан қўрққан эркак» салбий образ, «хотинини уриб ҳукм ўтказгани» эса ижобий. «Хотин йўлимда. Бола белимда, аммо она (ука, тоға, сингил, дўст, амаки, амма, хола) топилмайди», дейилади.

«Қоққанда қонини, силкканда жонини оладиган, қамчисидан қон томадиган брутал эркак» жамият орзусининг тахтиравонида. «Қани эди менинг ўғлим ҳам латта бўлмай, хотинига эркак қанақа бўлишини кўрсатиб қўйса», дейишади оналар.

«Қани мени ҳам уриб йўлга соладиган мўйловдор эр бўлса, бозорга чиқмай уйда ўтирардим» дейди ўрикзорда лўпчик сотадиган София. «Ургани яхши. Демак рашк қилади. Рашк қиладими, демак севади. Бефарқ даюсга йўлиқтирмасин ҳеч кимни», дейди пулли ҳожатхона олдида туршак сотадиган Сумайя.

«Хотинни уришлик вожиб», дейди миясида суюқлик ўрнига ботқоқ балчиғи бўлган, отаси қўйган Тешавой деган исмни Закарияга алмаштирган урод. КГБ ва СНБда ишлаб, пенсияга чиқиб, ҳозир МФЙ раиси бўлган алкаш Иркин Сагатович эса «Эр-хотиннинг уриши, дока рўмолнинг қуриши», дейди. Сиз нима қўшасиз бу гапларга азиз ўқувчим.

Одамлар иккига бўлинади. Яхши ва ëмон одамлар бор. Аммо дарëда яхши балиқ оз бўлгани каби яхши одамлар ҳам оз.

Самарқандлик 25 яшар Мустаҳкам исмли қизни эри уриб қўлини синдирди. Шароз исмли бу эр жонивор хотинига уч кунлик памперс ичидаги бўқни едирди. Унинг ëлғиз айби – етимлиги. Етимнинг куни кунми? Осмонда учаëтган қарға ҳам етимнинг устига тезаклайди.

Бу мусибатни кўрган яхши одамлар ëрдамга шошилди. Ëмонлар эса ўлганнинг устига тепган қилиб, бу муштипар аëлга маломат ëғдиришди.

Аммо муҳорабада яхшиларнинг қўли баланд келди. Мустаҳкам мавзуси ижтимоий медиадан мейнстрим медиа кун тартибига чиқди. Би-Би-Си ва «Америка овози» ҳам бу аëл ҳақида ëзди. Сенат ишни назоратга олди. Пул билан бости-бости қилмоқчи бўлган тавияларнинг сийдиги ер тешмади.

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди.
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Аввал кел-ей, қучоғимга тўл, балқ, дедилар,
Унамадинг, аёл ўзи терс халқ, дедилар.
Ичолмагач юз ўгириб, шўр, талх, дедилар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл,- деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим,- деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов ўтдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврада бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Ҳайвонот ва набототдан фарқли тарзда одам ўз ишларини режалаштиради. Бир ойдан кейин қиладиган ишларини ҳам календарига ëзиб қўяди. Икки ойдан кейин келадиган таътилни ўйлаб чипта олади.

Аммо ҳаëт фақат мантиқ ва симметриядан иборат эмас. Турмуш ассиметрияси бизга кутилмаган совғани беради. Баъзан адашиб чиқиб қолганинг поезд сени керакли манзилга элтади.

Энг муҳими эса эркинлик. Эркинликда ҳақиқий эркаклар етишади. Биз эркинликка тайëр эмасмиз, дейишади. Сузишни ўрганиш учун, албатта, сувга тушмоқ лозим. Қирғоқдан узоқдаги кутубхонада китоб ўқиб, сузишни ўрганиб бўлмайди.

Эркинлик ҳам шундай. Эркин бўлиш учун эркин ва ўзгур тузумда яшамоқ керак. Баъзан бу халқ эркинлик тузумида яшай олмайди, деган хулосага келаман. Аммо бу хато хулоса.

Қамоқдаги ҳар қандай одамдан сўрасанг, эрк тутқунликдан яхши, дейди. Қамоқдан чиққан одамнинг эркинликка ўрганиши эса тажриба масаласи. Сузишни ўрганаман, деган 10 одамдан биттаси чўкиб ўлиши эҳтимоли ҳам бор.

Сўзим бошида қўйган саволга жавоб бердим ҳар ҳолда. Яхши эркаклар қандай кўпаяди? Ўзбекистон халқ артисти раҳматли Обид Асомов бу саволга жавоб бериб, “Яхши эркаклар  кўпайиши учун уларни яхши аëллар қўйнида олиб ëтиши керак”, деганди. Қандай фалсафий жавоб. Демак яхши эркакларнинг кўпайиши аëлларга боғлиқ экан.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
23 ноябр 2020
 “Элтуз” Ўзбекистондаги энг машҳур эротик блогер, Асалхоний тахаллуси билан танилган 30 ёшли Асал Хўжаева билан суҳбатлашди. Суҳбатдош интим блогерлик ва жинсий хизмат ...
16 август 2018
2016 йил февралида овқатланиш маданиятини соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми сифатида шакллантиришга қаратилган «Тўғри овқатланиш дарслари» дастури доирасида ...
22 декабр 2017
22 декабрь куни президент Мирзиёев Ўзбекистон Олий Мажлисида қилган бир неча соатлик жонли мурожаатида молия ходимларини «каламушлар» деб атади. ...
6 феврал 2016
Ҳар бир ўқув йили, чораги Ўзбекистон мактабларининг эски анъанаси бўлган макулатура, темир-терсак, обуна, турли жамғармалардан ташқари, туғилган кун, арча, ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...