Асосий мавзулар
18 сентябр 2020

РТдан ваъз: Мирзиëевнинг учинчи ренессанси

Яхшилик, эзгулик ва одамларга қайишиш ҳақида гапиргим келди бугун. Кўзларимга хунук дунëни ҳам гўзал кўрсатадиган рангли кўзойнак таққим келди. Дунëда яхшилар йўқ деганлар янглишади. Бир қоп курмак орасида гуруч ҳам учрайди.

Ваъзда шеър кам бўлсин, дейишибди. Муштарий истаги мен учун азиз, аммо теграмиздаги ҳаëтни шоирдан кўра теран ким акс эттира олади? Масалан, Ҳалима Худойбдердиеванинг мана бу сатри:

“Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.

Ўтган жумадан буён қанчадан-қанча одам ўлди. Судьялар, докторлар, ҳатто Тошкент вилояти имом хатиби ҳам. Мен ўқиган илк китоб – “Оқ кема”ни таржима қилган улуғ мутаржим Асил Рашидов ҳам оламдан ўтди.

Қўнғирот тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи подполковник Куанишбой Акимов ва Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи майор Дониёр Жабборов коронавирусдун ўлди. 

Шунингдек, Хоразм вилояти 1-клиник шифохонаси шифокори Бахтиёр Қиличевни ҳам корона олиб кетди. Худди уруш хабарларига ўхшайди.

Номинг ўчсин, корона! Энди бошланганида “корона бизга юқмайди, чунки биз қўй ëғига ош еймиз”, дейишувди баъзи полвонлар. Катта гапиргунча катта тишласанг бўлмасмиди, тақсир.

Лекин барибир бу кунларга етиб келганлар бор. Улардан бири мен. Ўлганим йўқ. Ëв қўлида таслим ҳам бўлганим йўқ.

Сенга мендан хабар берсалар,
“У йиқилди, чарчаб”, – десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни –
Дўстлар айтмас, яқин кўрсалар.

Сенга мендан хабар берсалар,
“У Ватанни сотди”, – десалар,
Йўқ, ишонма, жоним!
Бу сўзни –
Дўстлар айтмас, мени севсалар.

Юртдан кетдим юртни, сени деб,
Мен курашдим қонли ҳар дамда.
Юртни, сени қўлимдан берсам,
Нима қолар менга оламда?
Сенга мендан хабар берсалар,
“Муса ўлди энди”, – десалар.
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни –
Дўстлар айтмас, мени севсалар.

Муса Жалил

Хабарларга ўтсак.

ХАБАРЛАР

Том бошида можаро. Паркентлик 61 яшар тоға томда лўмбоз қўяëтган эди. Шу пайт пастда 67 яшар чол келиб, ундан қарзини сўради. “Давай, қарзни бер”, деди бобой. 

Лўмбозчи тоғанинг жаҳли чиқди. Томдан туриб чолнинг бошига ғўла ирғитди. Миясининг қатиғи чиқиб кетган чол реанимацияга ëтқизилди. Лўмбозчи тоға қамоқда.
+++
Самарқанд. Фарҳод деган шаҳарчада амнистияга тушиб қайтган битта собиқ зек ўз боласини 5-қаватдан ташлаворди.
+++
Наманганда “Москвич” ҳайдовчиси 51 яшар ватандошини босиб ўлдирди. Дунëдаги энг ўлимтик машина шу маҳсикавуш.
+++
Рақамларни яхши кўраман. Бир вақтлар телевидениеда ишлаганимда журналист оғам Рўзимбой Ҳасан “Рақамлар” деган телелойиҳа ëзиб келувди. Масалан 27 рақами. Бу Каримовнинг лавозимда ўтирган 27 йили. Ëки аҳоли чўнтагидаги пулнинг 27 фоиз ошгани.

Ҳар ҳолда аҳоли ўзининг бойиганини телевизордан билди.

Ўзбекистонда аҳоли ялпи даромадининг 27 фоиз ошгани ҳақида “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.

Яхши ният – ярим мол. Бекор ишламай ўтирсак ҳам даромадимиз ошибди. Умуман, дунë бир дунë рақамлардан иборат бўлиб қолди. Шу кўраëтган тасвирингиз ҳам рақамли тасвир. Бу рақамларни юртдошим жорий қилганидан севиниб, сувутларга чиқиб кетаман.

РАҚАМЛАР

Хоразмий 0 рақамини “кашф қилган” ва ҳозир араб рақамлари дея юритиладиган саноқ тизимига “асос солган”, дея ëзилиши билан ақллилар дод-вой солиб: “Йўқ, бу тизим Хоразмийгача ҳинд қабилаларида мавжуд бўлган”, дейишади.

Хўп, бу борада барча олимлар иттифоқ бўлган википедия нима дейди:

“Ҳинд саноқ тизимини хоразмлик олим Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий бутун дунëга билдирган ва бу тизимнинг асосий тизим сифатида дунë математика илмида жорий қилинишига эришган. Хоразмий бу тизимни оммалаштириш учун  “Ҳинд саноқ тизими ҳақида” номли китоб ëзган. Бу китоб ортидан бутун ислом дунëсидаги математик олимлар фаолиятида ва ҳозирги Испания ҳудудида 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 0 тизими жорий бўлган. Ҳозирга келиб дунë фақат шу саноқ тизимидан фойдаланади”.
 
Хоразмий дунëдаги барча саноқ тизимлари (Хитой, Рим, қадимги Бобил рақамларини) солиштириб кўриб, ит топмас жойдаги оз сонли ҳинд қабиласи ишлатадиган саноқ тизими яхши эканини аниқлаган. 

(Бу тизим шаклидаги учбурчаклар сонига кўра ишлайди. Масалан, 1 рақамида битта учбурчак бўлган. 8 рақами эса ҳозирги каби, фақат иккита юмалоқ ўрнига устма-уст турган икки учбурчакдан иборат. Совет почтаси конвертлари устига  индекс ëзилишида оригинал ҳинд рақамларидан фойдаланилган эди).

Битта саноқ тизимини топиб, бутун дунëга ëйиш оламшумул илмий жасорат эмасми? Нега биз Американи очган кашфиëтчи дея Колумбни ардоқлаймиз? Америка турувди-ку океаннинг нариëғида. Колумб Америка диëри борлигини бошқаларга билдиргани учун кашфиëтчи саналади. 

Ал Хоразмий ҳам шундай. Инсоф юзасидан айтишим керак, хоразмлик яна бир олим Ал-Беруний  (Хоразмий асаридан илҳомланиб) ҳинд саноқ тизими ҳақида трактат ëзган (бу трактат бугунгача етиб келган).

Берунийнинг бу китоби Миср, Марказий Осиë ва Эронда ўнлик саноқ сон тизимининг ëйилишига сабаб бўлган. Демоқчи бўлганим, Хоразмийнинг бугунги саноқ тизимини дунë амалиётига татбиқ этишдаги ролини кичрайтирмайлик.  

Албатта, Хоразмий ҳеч нарса қилмай, фақат “Китабул мухтасар валь-жабр ва-ль-мукабала”ни ëзганида ҳам барча даврларнинг энг буюк олими бўлиб қолаверади. Чунки ҳар бир смартфон ичида Ал-Хоразмийнинг алгоритм тизими ўтирибди.

Рақамлар ҳақида гапираëтгандик. Ўзбекистон президенти мамлакатимизда учинчи ренессансга пойдевор қўйилаётганини айтди. Мана бу кўраëтганимиз манзара президент айтган учинчи ренессанснинг айнан ўзи бўлса керак.

(Видео Бухородаги уруш)

Анови оқ кийимли эркакнинг айлантириб тепганини кўриб кўзим яйради. Ўзбек жамияти кучни тан олади. Кучли ноҳақ бўлса ҳам унга таъзим қилади. Жамиятда ўқитувчи ëки олим эмас, балки қамоқхона нозири, ўғри, қонундаги ўғри, прокурор, судья, милиция бошлиғи каби қудрат соҳиблари иззатда.

Норинлик қиз икки вовчикни уриб, умуман турмайдиган қилиб қўйганидан кейин жамият бу қизга қараб “ЎЎЎЎЎЎ”, деди. Агар анови икки ҳезалак бу қизни уриб, майкасини йиртиб, сазойи қилганида бутун жамият ўша икки ҳезалакка қараб “ЎЎЎЎ”, дерди. 

Ўрмонда ҳайвонлар жуфтлашиш олдидан бир-бири билан уришади. Жангда ғолиб келганнинг олдига урғочи ҳайвон бориб тўнқаяди. Муқоясани сиз қилинг. Мен эса финжондан қаҳва хўплаб, тахайюл қилиб, сизга бир ип учи берсам.

Ëки бир бошдан айтиб берақолай. Норинлик қизнинг икки вовчикни нокаут қилгани ва бўқ еган самарқандлик қиз ҳикояси Мирзиëевга етиб борди. Йиллардан бери шаклланган одатга кўра, Зироат кеннайи ижтимоий медиа ва халқаро радиолардаги хайпона мавзуларни дайжест қилиб ишдан келган эрига ярим тунда бўлсаям айтиб беради. (Энди бошқа иши бўлмаганидан кейин…) 

Норинлик спортчи қиз воқеасидан Мирзиёев ўта таъсирланди. Жума куни соат тунги 2 да битта тугмани босиб, Бобожоновга телефон қилди. Бобожонов ҳам президент қачонтелефон қиларкан деб ухламай ўтирган чоғи, ярим секундда трубкани кўтаради. “Есть”, дейди Бобожонов.

Ана шундан кейин вазирлик тизимида осмон узилиб ерга тушади, ер ëрилиб замориқ чиқади. Спортчи қизга иш очган терговчининг онасини вазирликнинг барча даражадаги зобитлари оғизда итариб чиқади.

(Тасдиқланмаган маълумотга кўра, Наманган ИИБ бошлиғи терговчини тагига босиб уриб ташлаган, дейишди). Хуллас, ишни қўш қўллаб Бобожоновга етказишади. Касби юрист бўлган ва узоқ вақт прокуратурада ишлаган Бобожонов ишнинг туфта эканини бир ўқишда тушуниб етади. 

Йиртиб, Наманган ИИБ бошлиғининг бетига отади. Терговчиларга интизомий чора кўрилади. Норин тумани ИИБ бошлиғи ўзи бориб, спортчи қизга иш ëпилганини айтади. 

Ана шундан кейин уйига ҳорғин қайтган Наманган ИИБ бошлиғи ҳовлисининг ўртасида турган челакни кўтариб, ичидаги сувнинг деярли ярмини ичиб қўяди. Погони юлинмагани учун Шоҳимардон пиримга бир қора қўчқор атайди.

Корейс эр орзуси

Жорий ҳафтада яна бир видео тарқалди. Унда карис эржонларга тегиб олиш учун навбатда туриб, карис тилида гапириш, овқат қилишни ўрганаëтган ўзбек қизлари акс этган. “Элтуз” блогери Мирза Анвар ака бу видеони шарҳлади:

“Шу қизларга Ўзбекистонда яхши яшаш учун шароит йўқлигидан мажбур бўлишяпти итга-битга тегиб кетишга. Ўқий деса, ҳамма ёқ пул бўлиб кетган, ишлай деса, иш йўқ, эрга теккани билан ўзига ўхшаган бир қашшоққа тегади. У эр ҳам бир, иккита туғдириб, ҳайдаб юборади….

Келажакда бир ёруғ умид кўринмаганидан кейин нима қилсин?! Таваккал қилиб карисга тегади. Бир-икки йил яшаб, ажрашиб кетсаям, беш-олти сўмлик бўлиб қолишни умид қилишади, бечоралар!

Бир синфдошим касал бўлиб ўлиб қолди. Орқасида бева хотини, уч қизи, бир ўғли қолди. Орадан беш-олти йил ўтгач, эшитсам, катта қизи карисга тегибди. Хотини бечора бир аҳволда юрар эди. 

Эшитишимга қараганда, қизи юборган пулларга данғиллама участка қурибди. Ўғлига қимматбаҳо мошина олиб берибди. Қўлида доллар ўйнайдиган бўлиб қолган, дейишди танишларим…

Лекин барибир ўзбек қизларининг карис-парисга тегиши одамнинг юрагини куйдириб юборади!..

Лекин нима қилишсин ахир?!..”

Шу ўринда сиздан кичкина бир илтимосим бор. Шу видеога лайк қўйиб, қўнғироқчани босиб, обуна бўлсангиз.

Ваъз ичида реклама кўпайди, деган эътирозлар ҳам бор. Анимация (мультфильм) қилиш вақт ва пул кетадиган жараëн. Ваъз нега кечикди, деганлар учун жавоб. Йилнинг декабригача “Элтуз”нинг ютубдаги каналини рекламасиз тақдим қилдик. 

Ҳеч бўлмаганда яримта одам ëрдам қилганида яна рекламасиз тақдимот давом этар эди. Жорий йилнинг май ойидан бошлаб канални реклама учун очишга мажбур бўлдик. Ўз армиясини боқа олмаган халқ ўзга армияни боқади, деган гапди олдин айтувдим. Жамият бир-бири билан газета (ОАВ) орқали гаплашади. Ўрис ТВ ëки ўрис ташвиқот матбуоти мулоқот эмас.

Шу ўринда бир эртак айтиб берай, иккинчисини ваъз охирида айтаман.

ҚИРОЛНИНГ ХОДАСИ

Бир  қирол бўлган экан қайсидир тепанинг ортида. Ўша қиролнинг саройи икки қаватли эди. Қирол иккинчи қаватда яшарди. Қиролнинг олдига арз қилиб келганлар биринчи қаватдаги котиб ва бошқа мулозимлар чиғириғидан ўтиши керак. 

Буни билган қирол ўз деразасига узун бир ходани суяб қўйибди. Арзи борлар саройнинг ортига ўтиб, деразани хода билан тақиллатишар экан. Қирол деразадан қараб, ўша арзчининг муаммосини “шессекунд”да ҳал қилиб бераркан. 

Ҳамма муаммолар “шессекунд”да ҳал қилинавериб, ҳеч кимнинг муаммоси қолмабди. Ҳеч ким қиролнинг деразасини тақиллатмай қўйибди. Ойлар, йиллар шу тариқа ўтибди. Қирол қўлидаги смартфонини кавлаб ўтирса, бирдан дераза тақиллабди. 

Қирол қараса, битта эшак келиб, елкасини ходага қашлаб турибди. Қирол мол дўхтирини эшакдан хабар олишга туширибди. Мол дўхтири қараса, эшакнинг елкасини  яғир босган экан. У эшшакни даволаб, яғиридан халос қилди. 

Қирол эса эшакнинг эгасини топтириб, “нега жониворга қарамадинг”, деб дўхтирнинг ҳақини тўлаттириб, яна жарима қилиб жазога ҳам тортибди.

Қиссадан ҳисса мана будир. Матбуот – қирол деразасини тақиллатадиган хода. Бу хода ҳатто эшакларга ҳам фойда келтиради. “Элтуз”нинг ютубдаги каналини зиëрат қилиш каби савобли ишни ҳар ким ҳар куни қилиши жоиздир.

БУЮК КЕЛАЖАК ҲАҚИДАГИ ТУШ

Кеча кечқурун ғиждувонлик муаллима опанинг болаларни масжиддан қайтарган аудиосини эшитиб, чуқур ғуссага чўмиб, ухлаб қолибман.

Эрталаб турсам, мактабларда қизларга ҳижоб кийишга изн  бўлибди. Севиниб кўчага чиқсам, бир сўри одам мактабларда қизлар алоҳида, эркаклар алоҳида ўқисин, деб митинг қилаëтган экан. “Яшасин!” деб уларга қўшилиб бақирдим. 

Эртасига мактаблар қизлар ва эркаклар учун алоҳида қилинди. Мана, бўларкан-ку, деб севиндим. Мактабларда биология фани ўқитилмай, ўрнига “мустажоб дуолар” деган фан қўйилди. “Урра”, дедим. 

Эртасига шахматни тақиқлашди. Индинига кофирларга жузя солиғи солиш ҳақида давлатимиз раҳбарининг буйруғи чиқди. Ҳамма ўғрилар “Пахтакор” стадионига олиб келиниб, ошпичоқ билан ўнг қўли чопилди. 

Ажаб бўлсин. Яна ўғирлик қилса, нариги қўли ҳам чопилади. Қатортолдаги жалапларни тошбўрон қилиб ўлдириш учун Гагарин ҳайкалининг олдига олиб келишди.

Шу ерда муаммо чиқди. Бу ҳайкалнинг нима кераги бор, деган. Гагарин ҳайкалининг бўйнига арқон солиб ағдариб ташлашди. Кейин жалаплар тошбўрон қилинди. Ана энди ҳаммаси тартибга тушди. 

Навоий кутубхонасини ëқворайлик, дейишганида йўқ дедим. Ичидаги китобларни қайта ишлаб, ҳожатхона қоғози ишлаб чиқарайлик десам, улар йўқ деди. Чунки кесак билан орқаа артилиши билзарурат экан. 

Хуллас, Навоий кутубхонасидаги китобларни қайта ишлаб, картон ишлаб чиқариш керак, деган масалада муросага келинди.

Машиналар ичидаги антифризларни тўкиб ташлашга буйруқ чиқди. Чунки улар таркибида алкоголь мавжуд. Сартарошларга одеколон ишлатиш ман қилинди. 

Аëлларнинг бодринг ва бақлажон сотиб олиши ва “Ташморе” ëки Чорвоқда чўмилиши ҳам тақиқланди. Энг маъқул иш аëлларнинг машина бошқариши тақиқлангани бўлди. Авария камайди. 

Бурқа ва паранжи чиммат катта миқдорда Хитойда тиктирилиб, аëллар орасида текин тарқатилди. Ҳозир махсус полицияга ишга кирволдим. Намоз ўқилаëтган пайтда кўчада юрган бенамозларни ушлаб, “Панелний”га қамаш билан шуғулланамиз. 

Гулдай ҳунар. Энг муҳими, пахта ўрнига кўкнори экишга изн бўлди. Чарснинг қуввати билан гавдамиз ғоз бўлди. Юзда чиммат, бошда салла, ғоз юрамиз гердайиб. Қўлимизда қора байроқ – келажак эса порлоқ…

Бирдан уйғониб кетиб, бу гапларнинг туш эканидан ўкиниб йиғладим.  Бу уммат ғариб келди ва ғариб кетажак. Саодат асрини кўришдан бенасибмиз. Мен йиғламай ким йиғласун…

Тушимни тақвоси кучли қорига айтиб берсам, умуман хайрли туш, фақат мусулмонлар учун гера ëки кўкнор ишлаб чиқариш жоиз эмас, деди. Қолгани умумиятла аҳли китоб учун уйғун, илойим тушинг ўнг, топганинг олтин, кўрганинг тўй бўлсин, дедилар.

БИЗНИНГ ЎРНИМИЗДА БЎЛГАНИНГИЗДА НИМА ҚИЛАРДИНГИЗ?

Шу кунларда президент куëвининг лашкари сафидаман, деган муштумзўрлар одамларни қон қақшатиб, пулию молини олишаëтган экан. Айниқса, Андижонда Ҳасан Эргашев дегани ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олаëтган экан.

Президент куëви “рейдерлик йўли билан палончининг бизнесини тортиб олибд” десам, битта ақлли “куëвнинг ўрнида бўлсанг сен ҳам тортиб олардинг, деди. Олдин Гулноранинг ўғирлигини ëзганимда бу тролл “унинг ўрнида бўлганингда сен ҳам ўғирлардинг 8 миллиард”, деганди. 

Бир каттароқ акамиз Афғонистонда таржимон бўлиб ишлайди. Ўша акамиз афғонларга қараб, “Нега баччабозлик қиласизлар” деса, “агар бачча текин бўлса, сен ҳам жон деб қиласан-ку», дейишибди афғонлар. 

Давом этамиз. Мабодо куëв ўз мошинасида кўчадаги бир бечора пиëдани эзғилаб босиб ўлдириб кетди, деб айтсам нима дейсан. Мен унинг ўрнида бўлсам пиëдаларни босардим, дейсанми, ғалча.

Умуман, троллар иккига бўлинади. Оддий троллар ва ëлланганлар. Ëлланган тролларда мия бўлмайди. Шунақа гаплар. Куëвларни танқид ва ҳажв тиғи бирла тилка-пора қиламиз. Бизнинг ўрнимизда бўлсангиз нима қилардингиз?

Қўйинг тепадаги муштуми катталарни ўз ҳолига, ваъда қилган эртакни айтиб беринг, демоқда муштарийлар.

ЯХШИЛИКНИНГ ТАГИ ТЕШИК

Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб, унинг отини сўраб олиб, миниб кетганича қайтиб келмабди. Бир қариндоши келиб, гиламларини сўраб олиб бадар кетибди. 

Нотанишлар келиб, идиш-товоқларни сўраб олишибди. Охирида бир одам келиб, уйингни менга бер, деса яхши одам уйини ҳам берворибди.

Уйсиз қолган яхши одам дунë кезишга қарор қилибди.  Йўлда кетаëтса, учта одам қумлоқ ерни чопаëтган экан. Одамлар унга қараб, “Эй дарвиш, шу ер бизга отамиздан мерос қолди. Аммо қумлоқ ер, нима эксак ҳам битмаяпти”, дейишди. 

Яхши одам “отангиз нима деб васият қилган эди?” деб сўрабди. “Учовлон бир бўлиб, мендан мерос ерни ағдаринглар, кам бўлмайсизлар, дея васият қилувди”, дейишибди одамлар.

Яхши одам ернинг ўртасига бориб ҳассасини тиққан экан, қаттиқ нарсага тегибди. “Шу ерни қазинглар”, дебди яхши одам.

Одамлар қазиса, хум тўла олтин чиқибди. Одамлар бу олтиндан бир қисмини чорсига тугуб, яхши одамга беришибди. Яхши одам олмабди ва йўлида давом этибди.

Йўлда кетаëтса, дарëда катта бир балиқ сувдан ярми чиққанича сузолмай турган экан. Балиқ яхши одамга ëлбориб, “мен нега барча балиқлар каби суза олмай қийналиб ëтибман”, деб сўрабди.

Яхши одам қараса, балиқнинг сузгичлари орасига тош кириб қолган экан. Яхши одам бу тошни ҳассаси билан кавлаб олиб, қирғоққа қўйган экан, балиқ бемалол сузиб кетибди. 

“Эй яхши одам, сен мени ҳаëтга қайтардинг. Сузгич қанотларим орасига кириб қолган тош оддий тош эмас, балки қимматбаҳо олмос эди. Ол уни”, дебди балиқ.

Яхши одам бўлса, “менга олмос не керак”, дея каттагина қимматбаҳо олмосни дарëга ирғитиб юбориб, йўлида давом этибди.

Йўлда у бир оч арслонни кўрибди. Арслон ҳолсиз ëтар эди. “Эй яхши одам, ҳолдан тойиб, юришга ҳам мадорим қолмади, бунинг чораси нима”, дебди Арслон.

Яхши одам қараса, арслон очликдан қийналган.

“Сен яхшилаб овқатланишинг керак. Аммо саҳрода бирор бир тирик жон кўринмайди сен ейдиган. Яхшиси мени еяқол”, дебди яхши одам.

Арслон бир ирғиб яхши одамнинг устига ўзини отди ва уни еб, қорнини тўйғазди.

Яхшиликнинг таги тешик дегани шуми?

АХЛОҚ КОДИ

Поезд кетяпти. Қаршисидан 5 одам чиқди. Дастакни буриб, йўлни ўзгартириш мумкин, у ҳолда поезд фақат битта одамни босади. Сиз дастакни бурармидингиз? Сиз чамамда “ҳа”, деб жавоб бердингиз. 


Иккинчи версия. Поезд кетяпти. Қаршисидан поезд уриб юбориши мумкин бўлган 5 одам чиқди. Сиз кўприк устида турибсиз, ёнингизда яна бир одам бор. Агар уни поезд тагига итариб юборсангиз поезд тўхтайди ва сиз 5 одамнинг ҳаётини сақлаб қоласиз. Сиз бу одамни итариб юборган бўлармидингиз?
 
Бу сафар чамамда сиз “йўқ”, деб жавоб бердингиз. 99% одам шундай жавоб беради. Нормал одам совуққонлик билан ёнидаги одамни поезд тагига ташлаб ўлдириши мумкин эмас. Бундай қилишингизга нима халақит беради?
 
Одамларга ўрнашган ахлоқий код халақит беради.

Бироқ айни ахлоқ коди айрим одамларда, баъзан эса бутун бир миллатда издан чиқиши мумкин. Масалан, ўтган асрнинг 70-йилларида Комбоджа диктатори бўлган Пол Пот касаллар, кексалар ва хунук одамлар бўлмаган идеал жамият қуришни истади. Унинг ортидан ўзи каби ахлоқи тубан шахслардан иборат армия эргашди ва улар қисқа вақт мобайнида 3 миллионга яқин одамнинг ёстиғини қуритишди.

Насиҳат қилишни севмайман, аммо бировларнинг насиҳатини жон деб эшитаман. Мана бу насиҳат Уста Гулматдан.

Уста Гулмат насиҳатлари

Аёғинг тортмоғон ерга айланиб бормоғон яхши,
Дилинг тортса, балодин ҳам бенасиб қолмоғон яхши.
Чиқимға дуч келар эрсанг эртани тез рўкач қилғил,
Бугунги ул текин ошни кейинга сурмоғон яхши.
Зиёфатлар эса хил-хил, иштаҳангким эса карнай,
Ўзинг ялғон сипо айлаб, тортиниб турмоғон яхши.
Кўп ўйланма бу неъматлар ҳалолданму ҳаромдан деб,
Узумни жимгина кавшаб, боғини сўрмоғон яхши.
Вале як бор бериб авқот, сани ду бор талар бўлса,
Онингдек сулланинг афтин умрбод кўрмоғон яхши.
Фикр бирла яшаб Гулмат ўта ноёб ўгит айтмиш:
Бировдин олғонинг мақбул, бировға бермоғон яхши.

Уста Гулматнинг 2 рақамли бу ғазали хум ичидан топилиб, 1979 йилда марҳум Анвар Обиджон тарафидан қайта тикланган. (Улуғ демократ шоир уста Гулматни ўқиш ҳафталиги давом этади. Саҳифани кузатинг).

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз








Тағин ўқинг
20 июл 2016
19 июл куни «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси Матбуот хизмати таниқли хонандалар Ситора Фармонова, Сарвар Азимов ва Комил Фозиловларнинг лицензияси тугатилганини ...
29 май 2023
Руслан Давлетов Адлия вазири экан қўли остидаги ходимнинг пора олганини билатуриб, унинг ишишини прокуратурага оширмагани ҳақидаги пост Элтузда нашр ...
27 май 2020
2020 йил 14 майда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова томонидан “ноқонуний харид қилинган” активларни сотишдан тушган ...
25 январ 2017
Мирзиёев Республикада ҳаммага юзтадан товуқ боқишни буюрди. Бунинг назоратини, барча рахбарлар, жумладан Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовга топширди. Рассом ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...