Асосий мавзулар
3 ноябр 2020

Жамият чеккасидаги ҳаёт: Ўзбекистон лўлилари

Сураткаш Александр Барковский мулоҳазалари

Ўтмишда Ўрта Осиёдаги бир қанча муаззам салтанатлар ва юксак маданиятли халқларга бешик бўлган бугунги Ўзбекистон аҳолиси аллақачон 30 миллионли довондан ошган экан, мамлакатнинг бой тарихи унинг кўп миллатли этнохаритасида ҳам ўз аксини топган.

Аҳолининг аксар қисмини табиий тарзда ўзбеклар ташкил қилса-да, кам сонли лўлилар жамоаси 50 га яқин бошқа гуруҳлар қатори ушбу заминда азалдан яшаб келади.

Айтиш мумкинки, Ўзбекистон жамиятининг чекка канорасида умргузаронлик қилаётган мазкур элат айнан келиб чиқишига кўра камситилишларга дучор бўлади.

Лўлилар Оврўпа ва Яқин Шарқнинг “Roma” ва “Sinti”ларига яқин деб айтилса-да, уларнинг келиб чиқиши барибир у қадар аниқ эмас. Шу туфайли ушбу жамоани инглиз тилида қандай номлаш кераклиги ҳақида ҳозирга қадар бир тўхтамга келинмаган.

Рус тилида истеъмолда бўлган “цыган” атамасини инглизчага одатда “Gypsies” тарзида ўгириш мумкин бўлгани ҳолда, бу ном, яъни “Gypsies” ҳақорат ва масхара каби туюлгани боис, аксар ҳолларда “Roma” сўзи қўлланилади.

2019 йилда ўзбек тадқиқотчиси Комила Зокирова олиб борган изланишларга кўра:

Ўрта Осиё лўлилари ўзларини “мугатлар” деб аташади. Ушбу атама эса зардуштийларга нисбатан қўлланиладиган сўз бўлиб, “оташпарастлар” маъносини беради.

Уларнинг аждодлари асрлар аввал ҳозирги Покистоннинг Панжоб вилоятидан кўчиб келганликлари ҳақида маълумотлар бор. Ҳозирги пайтда лўлиларнинг умумий сони ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, чунки уларнинг кўплари шахсини тасдиқловчи қонуний ҳужжатларсиз яшайди.

Мен ушбу мавзуда концептуалист рассом ва фуқаролик жамияти фаоли Александр Барковский билан суҳбат қилдим. Ўзининг миллати рус бўлган Александр  кўпдан  бери лўлилар ҳаёти ва ўтмиши билан шуғулланиб келади, улар ҳақида бир неча қисқа метражли фильмлар ҳам суратга олган. Қуйида суҳбатнинг қисқартирилган шакли ҳавола этилади.

Филип Нубель (ФН): Бугунги кунда лўлилар тўқнаш келаётган асосий ижтимоий муаммолар нималардан иборат?

Александр Барковский (АБ): Аввало, таълим-тарбия масаласи. Бу масалада, яъни билим олишнинг бу элат вакиллари учун имконсизлиги ва қисман нозарурлиги борасида ҳар икки томоннинг ўзаро норасмий келишуви борга ўхшайди.

Бир тарафдан, патриархал анъаналар ўта кучли бўлган лўлилар жамоасида барча қудрат ушбу жамоа бошлиғи қўлида жамланган, ўзига хос якка ҳукмдор бўлган бу оқсоқол ёшларнинг таълим олишидан кўра асрлар давомида ўзгармай келаётган қатъий анъаналарни маъқул билади.

Ўз навбатида, жамиятда лўлиларнинг ўзлари билим олишни исташмас экан, уларнинг ўқишларига шароит яратиш ва муайян касбларга йўналтириш бефойда, деган қараш шаклланган.

Аммо лўлилар орасида сўров ўтказсангиз, уларнинг кўплари ўз қисматларини ўзгартиришни исташларига гувоҳ бўласиз. Ёши катталар ҳам ўз фарзандлари тузукроқ касб-ҳунар эгаллаб, яхшироқ ҳаёт кечиришларини исташади, бунинг бирдан-бир йўли эса сифатли таълим олиш эканини улар яхши англашади.

ФН: Юқорида айтганингиз ҳолат лўлиларнинг фарзандлари таълим олишлари учун жиддий тўсиқлар мавжудлигини ҳам англатадими, бу тўсиқларни яна нималарда кўрасиз?

Б: Лўлилар жамоасидаги энг катта муаммолардан бири болалик бахтидан мосуво бўлган болалардир. Лўли оилаларида туғиш кўрсаткичи жуда юқори, аммо фарзандларнинг ярми, балки ундан ҳам ортиғи гўдаклигидаёқ нобуд бўлади.

Чунки ҳали суяги қотмаган чақалоқни кўтариб, оналари жазирама ёзу изғирин қишда ҳам шаҳарма-шаҳар садақа тиланиб кезиб юришади. Сут билан кирган – жон билан чиқади, деганларидек, лўли болаларининг бу дунёда илк бор кўриб кўникканлари ҳам тиланчилик, хору зорлик ҳамда уй ва кўчадаги зўравонликдан иборат.

Сурхондарё вилоятидаги лўлилар мактабида таҳсил олаётган ўқувчи бола. Сураткаш (с): Александр Барковский. Сурат муаллиф ижозати билан фойдаланилмоқда.

ФН: Лўлилар жамоаси ичида аёлларнинг мавқе-ўрни қандай?

AБ: Уларнинг мавқеи билан эркакларники ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Аёлларнинг бир дунё мажбуриятлари олдида ҳуқуқлари мутлақо билинмайди.

Истаса-истамаса, лўли хотинлар этак-этак бола туғишга мажбур, фақат шу йўл билангина озми-кўп ҳурматга сазовор бўла олишади. Лўлилар жамоасида аёлга бериладиган биринчи савол ҳам унинг фарзандлари миқдорига доир.

Жуда истаганлари турмушга чиқмасдан аввал таълим олишга улгурса улгурди, бўлмаса, аксарият учун бу ушалмаган орзу бўлиб қолаверади. Бундан ташқари, қизларни 14-15 ёшлигидаёқ – жуда эрта турмушга узатиб юбориш одатий ҳолатдир.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент яқинидаги кўчма манзилгоҳда истиқомат қилаётган лўли отахон ва онахон. Сураткаш (с): Александр Барковский. Сурат муаллиф ижозати билан фойдаланилмоқда.

ФН: Лўлилар ҳаётида диннинг тутган ўрни ҳақида нима дея оласиз?

Б: Лўлилар ўзларини сунний мусулмон деб билишади, бошқалар қатори намоз ўқишади, барча исломий байрамларни нишонлашади, дин талабларига амал қилишади. 

Тожиклар сингари ўзбеклар ҳам лўлиларнинг мажусий ўтмиши ва кундалик турмушида ҳамон сақланиб қолган каста-табақа тизими, оташпарастлик унсурлари туфайли уларни чин мусулмон тарзида қабул қилишмайди.

Лўлиларнинг исломий тушунчалари бутпарастлик кечмиши қолдиқлари билан омихталашиб кетган диний қарашлар йиғиндисидан иборат, дейиш мумкин.

Тошкентдаги рус-православ қабристонида Пасха кунини нишонлаётган лўлилар оиласи. Сураткаш (с): Александр Барковский. Сурат муаллиф ижозати билан фойдаланилмоқда.

ФН: Лўлилар жамоаси тўқнаш келаётган ижтимоий муаммоларга ҳукумат қай даражада эътибор қаратади?

AБ: Лўлиларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинмагани сабабларидан бири уларнинг турмуш тарзи ва муаммолари ҳақида жамиятда айтарли маълумот йўқлигидир. Улар қаерда, қандай шароитда яшайди ва нуфуси қанча – буларни ҳеч ким билмайди.

Шундай экан, ҳукумат лўлилар жамоаси борасида қандай сиёсат юргизмасин, бунинг ҳеч бир самараси бўлмайди. Конституцион ҳуқуқларини таъминлаш учун имкон қадар шаффофлик ва кўпроқ ахборотлар лозим, ўз навбатида, уларнинг ўзларида ҳам муайян ҳуқуқий билимлар бўлиши талаб этилади.

Мақола Global Voices Интернет нашридан олинди

Тағин ўқинг
6 январ 2020
АОКА блогер ва журналистларни сотиб олиши эмас, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаши зарур. Унинг баёнотлари жуда кулгили. Ваколатлари бизни ҳимоя қилишга етмас ...
10 июн 2016
Бугун, 10 июн – тошкентликлар учун оғир йўқотиш, энг экологик жамоат транспорти бўлган трамвай сўнгги манзилга кузатилганини яна бир ...
17 май 2021
Ўзбекистонда яқинда бир қарашда арзимасдек туюлган, бироқ мамлакатда авж олган, ҳокимиятнинг барча бўғимлари, жумладан, президент томонидан қўллаб-қувватланаётган навбатдаги ҳуқуқий ...
16 декабр 2016
Халқ шоирларию, қўшиқчиларидан тортиб масжид имомигача янги юртбошига мадҳиялар ўқиркан, Шавкат Мирзиёев ҳокимият супасига фақат ўз одамларини яқинлаштирмоқда. Бу ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...