Асосий мавзулар
11 декабр 2020

РТдан ваъз: Путин Мирзиёевни помидор билан шантаж қилмоқда

– Мен кўп таъна эшитаман, – деди Чингиз Айтматов ёнида ўтирган Мустай Каримга, – қирғиз тилида ёзмайсан, деб танқид қилишади. Не қилайки, ўз она тилимда ҳатто ҳақиқат маъносини билдирувчи сўз йўқ. Улуғ ёзувчи шундай деб қўлидаги газетани машҳур шоирга узатди. Газетанинг номи “Фрунзе правдаси” эди. – Ҳасрат қилма, азизим, – деди Мустай оға ўзига хос назокат ва маданият билан, – менинг бошқирд тилим олдида қирғиз тилини улуғ ва қудратли, деса бўлади. Яқинда бир журналимизда мақола чиқди. Номи бундай: Советлар Россиясинда крестьянлар положениеси! Суҳбатга Иброҳим Юсупов қўшилди: – Қорақалпоқнинг бош газетаси яқин-яқинларда ҳам “Қизил Қорақалпоғистон” бўлган. Воиз айтар: тақдир шул, шу жаҳоний ирода. Тиллар йўқолар буткул, бир тил қолар дунёда, дейилганидек, агар эски тузум яна давом этганда яқин ўн йиллар ичида тилларимиз унутилиши аниқ эди.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» китобидан

СПРАВКА КЕТАДИ

Эркин Воҳидов ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратган. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

Эркин Воҳидов ҳақ эди. Ростанам, агар совет ҳокимияти яна, ана боринг, 50 йил давом этганида борми, ўзбек тили унутилиши мумкин эди. Чунки партқўм раҳбарлари болаларининг тили ўрисча чиқарди, ўрис мактабга борарди ва русийзабон билан турмуш қурарди. Раҳбар бўлмоқчимисан, русчани ўрган. Ўрисча билмаган қишлоғидан ташқарига чиқа олмасди. Тартиб шунақа эди. Советлар парчаланди, аммо мустақил Ўзбекистон даврида ҳам давлат тили бир гўр бўлмади. Тилга муносабат ўзгармади.

“Ҳукуматдагиларнинг болалари ўзбекча гапирмаса, тил қонуни ишламайди”, деган  шоир ва драматург Усмон Азим тақиқга тушди.

Чунки Ислом Каримовнинг қизлари ўрисча гапирарди, ўзбекларни «харип» дерди.

Қора рўйхатда Усмон Азим ёлғиз эмасди. Шоирлар Рауф Парфи, Шукрулло, Гулчеҳра Нуруллаева, Гулчеҳра Жўраева… Яна ўнлаб шоир ва ёзувчи, олим ва мутафаккирлар… Эркин Воҳидов ҳам шу рўйхатда сўнгги нафасигача турди.

Каримов ҳукмронлигининг сўнгги йилларида шоир норасмий тарзда уй қамоғига олинган эди.

Журналист Карим Баҳриев хотирлайди:

Эркин Воҳидовнинг жонлари вужудларини тарк этаётган пайтда Фарғонада у кишининг китоблари тақдимоти бўлаётган эди, унда олим Иброҳим Ғофуров бошчилигида зиёлилар қатнашмоқда эди. Тошкентдан Ёзувчилар уюшмаси раҳбари телефон қилиб: “Тезда ортга қайтинглар. Эркин Воҳидов запретдаги одам.. Тадбирларингни тўхтатинглар, давлат раҳбари билиб қолса, балога қоламиз!” – деган. Ўксиниб қайтаётганларида довонга келганда Эркин аканинг оламдан ўтганини эшитган олимларимиз йиғлаб юборганлар. Ўша куниёқ Эркин Воҳидов уйи атрофи асфальт қилинди ва асфальт совимай Шавкат Мирзиёев келдилар, кейин бирор соатдан кейин яна бир бор келдилар. Ёзувчилар иттифоқининг раҳбари телефон қилиб: “Эркин аканинг уй адресини айтинглар, бормоқчимиз”, деганда, аёллари Гулчеҳра опа: “Қўйлиқда ё Дўрмонда деб юборинглар, шуларни кўргани кўзимиз йўқ”, дедилар.

Фақат ўлимидан кейин, Мирзиёев президент этиб сайлангач, номи тикланди. Мирзиёев Эркин Воҳидовнинг 80 йиллик юбилейини давлат миқёсида ўтказишга фармойиш берди, шоирнинг уй музейи ташкил килинди, чоп этилмай келаётган асарлари нашр этилди, Марғилон шаҳри марказидаги истироҳат боғига Эркин Воҳидов ҳайкали ўрнатилди.

Эгил, ўзни пана қил,
Борлигингни билдирма.
Йўталганга ўн беш йил,
Аксирганга йигирма.

Кар бўл, кўр бўл, тишла тил,
Бошга бало келтирма.
Гапирганга ўн беш йил,
Эшитганга йигирма.

Қаламингни душман бил,
Қоғоз узра жилдирма,
Роман ёзсанг – ўн беш йил,
Достон ёзсанг – йигирма…

Эркин Воҳидов, 2014 йил

Помидор сиёсати

Манқуртвойларимиз севадиган Путин ҳукумати Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларни Россияга олиб киришга ўтган ҳафтада тақиқ қўйди.

Бу янгиликдан хабар топган экспортчи фермерларимизнинг фойдакор кўнгиллари помидордек айниди. Ҳокимлардан сўкиш эшитганда шлакоблокдек қимирламай турадиган юзлари карам япроқларидек буришди. Совуқ қотган кетлари қалампир суркалганидек ачишиб кетди.

“Бу шумхабарни эшитганимдан кўра, ҳокимбуванинг онагинамни сўкканини эшитганим яхши эди”, деб юборишди ўзбекнинг илғор фермерлари.

Экспорт учун бошқа мамлакатларни излаш ўрнига улар аввалига: “Энди нима қиламиз?” дейишган бўлса, кейинроқ сал ҳовурлари босилгач: “Тақиққа нима сабаб бўлибди?” деб сўрашди.

Иккинчи саволга мен ҳам жавоб изладим. Изланишларим давомида қизиқ воқеалар кетма-кетлигини ва улар ўртасидаги боғлиқликни топгандек бўлдим.

Мана, қаранг: шу йилнинг 15-22 ноябрь кунлари ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов Америкага сафар уюштирди. Бир ҳафта давомида у Оқ уй вакиллари билан турли масалаларни муҳокама қилди. Улар ичида Ўзбекистоннинг россияпараст ва ҳар томонлама зарарли Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш эҳтимоли ва оқибатларини ҳам гаплашиб олди.

Узун қулоқ гапларга кўра, америкаликлар Комиловга: “Бу иттифоққа кириш-кирмасликни ўзингиз ҳал қилинг. Лекин кирсангизлар, ҳаммангиз онангизникига киришингиз аниқ”, дейишган.

Бу музокаралардан Кремль дарров хабар топган шекилли, орадан атиги икки кун ўтиб, 24 ноябрь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров: “Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари пайдо бўлишди. Улар Ўзбекистонга бостириб киришмоқчи”, деб қолди.

Лавровнинг ваҳимасига кўра, Амударёнинг Термиз қисми нарёғида Тоҳир Йўлдошнинг қизи елкасида автомат кўтариб юрганмиш, бир ўзи 100 нафар ўзбек чегарачисининг пешонасидан тешик оча олармиш…

“Биз, яъниким аҳли Кремль, ўзбек аскарларининг, конституцион тузумининг, ҳукуматининг тақдиридан хавотир оляпмиз. Ана шунга бемалол ухлай олмаяпмиз”, деди Лавров.

Унинг баёнотини эшитиб, ожиза хотиним Лавровга қараб: “Эркак бўлмай ўл-эй!” деворди. “Қўявер! Автоматли жониворни кўрганда сийворадиган ўзбек эркаклари ҳам кўп. Эркакнинг кимлиги у Калашниковга рўпара келганда аён бўлади”, дедим ақллилик қилиб.

Ўзбекистон исломий ҳаракати аллақачон йўқ бўлиб кетган бўлса ҳам Кремль ҳалигача бизникиларни шу чўпчак билан қўрқитишга ҳаракат қиляпти.

Эртаклар Учқўрғонга етаклар!

Тавба! Баъзи эркакларни эртак билан ҳам қўрқитса бўлади-ей!

Эртаксевар момоларимиз ёш болаларни олабўжи ва аждарҳолар билан қўрқитавериб, миллатни қуён қилиб тарбиялагани билиниб қоляпти.

Негадир: “Эртаклар Учқўрғонга етаклар!” дегим бор.

Мирзиёев ва унинг ҳукумати Лавровнинг чўпчагидан қўрқмаган шекилли, ўтган ҳафтада Россиянинг “Роспотребнадзор” ташкилоти ўзбек мева-сабзавотларини Россияга олиб киришга тақиқ қўйди. Русларнинг баҳонасига қаранг: Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларнинг сифати ёмонмиш, ўрисларни ичбуруғ қилармиш.

“Бутун бошли аҳли Кремль ўтган ҳафтагача Тошкент вилоятининг Паркент ва Пскент туманларида етиштирилган “Путинка” навли помидорларни еб, соппа-соғ юрувди-ку, ҳожатхонага ҳам одатдагидек қатнаётганди-ку, жаллаб”, дейдиган ўзбек йўқ.

Ундан кўра, “помидорларингни Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирсанггина оламан”, демайсанми эркакчасига, Иван?!

Путин ҳукуматининг Ўзбекистонни қуллар иттифоқига киритишга уринишлари сиёсатшуносликда “неоколониализм”, яъни “янги колониализм” дейилади. Мирзиёевни помидор билан шантаж қилишга уринишлар эса “софт пауэер”, яъни “юмшоқ куч, юмшоқ босим”, дейилади.

Путин биз ўзбекларни бундай сиёсий найрангларни билмайдиган омилар деб ўйлайди.

Кремлдаги неоколониалистларнинг асосий мақсади – қандай қилиб бўлса ҳам Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига олиб кириш. Ундан сўнг эса республикадаги даромадли соҳаларни хусусийлаштириш, сотиб олиш, иқтисодий қарам ўлкага айлантириш ва мамлакатни талаш.

Уларнинг режаларига кўра, Мирзиёев Ўзбекистонни жорий йилнинг 31 декабригача шу иттифоққа олиб кириши керак эди. Лекин ўзбек президенти бу ташкилотга кириш ўзбек халқининг бошига мислсиз кулфатларни олиб келишини ҳамда оммавий норозиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини вақтида тушуниб етгандай бўлди.

Шу сабабдан ҳам президент Мирзиёев Евроосиё иттифоқига киришдан бош тортди.

Унинг жасоратли қарори, аввало, Путиннинг чўнтаги Алишер Усмоновга ёқмади. Шу сабабдан Кремль олигархи Мирзиёевдан аразлаб, Москвага кетиб қолди. Бойвачча Сардобада янги қуриладиган уйларга пул ҳам ажратмади. Кремлнинг наманганлик малайи ваъдасида турмади. Натижада бу уйларни Мирзиёев ҳукумати ички маблағлар эвазига қуриб битирди.

Алишер Усмонов Мирзиёевнинг қарорини Путинга етказиши билан Кремль ўзбек президентини сиқувга ола бошлади.

Москва Ўзбекистонга қарши ваҳимали баёнотларни бера бошлади, помидор шантажини ишга туширди.

Мирзиёев ҳам анойи эмас. Аммо у катта оғаси Путиннинг раъйига қараб, ҳануз демократлардан сайланган Жо Байденни табриклагани йўқ. Ва бу ёмон, албатта…

Ўзбекистон узра бир шантаж юрипти. Бу – помидор шантажи. Сукут сақламанг, оломон! Орқада ватан!

Нега большевиклар чизган ватанни севишим керак?

Навбатдаги (саксон мингинчи) фуқаро рассом Тузни «аламзадалик» ва юртни «севмаслик»да айблади. Нега энди коммунистлар 1924 йили картага чизган палон квадрат метрни севишим керак. Нима, мажбурманми?

Биринчидан, нима дегани «аламзада». Биров еб мен қуруқ қолибманми ? Ҳаëтнинг мақсади ўзини тўла реализация қилиш деб биламан. Шу маънода бахтлиман. Ўз севган ишимдан яхшигина пул келади.

Бунга қўшимча ҳафтада бир ваъз мультфильм ва карикатуралар чизаман. Бугун кун бўйи ҳайкалтарошлар халқаро тадбирида эдим. Мармар ва гранит чопиб, терлаб ишладик.

Қорлихонов деган акамиз ҳам кеганлар. Демак «аламзада» деган гапни чиқиндига ташлаворамиз. Нима қолди? Ҳааа. Ватанни севмаслик. Нега севишим керак? Қизларни ëки қовурилган музқаймоқни севаман. Пикассо ва Рембрандт асарлари оригиналини музейда томоша қилишни севаман.

Хуллас, бу троллингнинг ҳам батареяси ўлибди. Аммо ватан учун куйиб ëниб кет демаганига ҳам шукур. Бир вақтлар ана шунақа шиор бор эди.

Хотира шароби

«Ватан бу большовойлар чизган карта эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Наҳотки Ўзбекистон билан боғлиқ бирор бир илиқ хотираларингиз, сиз учун қадрли бўлган инсонлар ёки жойлар бўлмаса, Rassom Tuz оға?» дея савол берди Алишер Юнусов.

Тоғ чўққилари орасида Саричелак деган қишлоқ бор. Ўша ерда кўл бор. Шу кўзгуга ўхшаш кўлни жуда севаман. Бу кўлда ярми балиқ, ярми қиз бўлган жонзот бор, дейишди. Аммо мен уни кўрмадим.

Лекин Шинара деган гўзал рассом қиз яшайди ўша жойда. Яна бир рассом оғам бор эди Саричелакда. Янаги йил балки борарман шу кўлга.

Мазори шарифда Анхўй деган ер бор. Шу Анхўй ва у ердаги ўзбекларни эсласам кўнглим ийиб юзимга кулги ëғилади. Яхши одамлар. Майли, чарс етиштирса ҳам, содда бўлиб панд еб юришса ҳам.

Яна Илонли деган жой бор¸ ундан нарида Пўрси деган қадим қишлоқ. Пўрсида қадим жувозлар бор. Шу қадим жувозларни кўзи бойли эшак ëки туя айлантиради. Шу жувознинг қорайиб кетган давлисини (тош ўртасидаги ëғ оқадиган тешикка кириб турган, цилиндр шаклидаги ëғоч) эслайман.

Жувоз ëғига қоврилган сулгун қовурдоқ мазаси оғзимда. Суриянинг Ҳалаб шаҳрига урушдан олдин борувдим (2012 йилда). Дизайн ишим учун ҳалаб туркманларига ғоли (гилам, қалим) буюртма қилиш учун борувдим. Иш бир четда қолиб бу туркманлар билан оға-ини бўлдим. Улар қиладиган оëқ ëғини севдим. Оëқ ëғи аслида зайтун ëғи.

Туркманлар зайтунни юмалоқ гранит тегирмон тошини эшак билан айлантириб янчади. Ҳосил бўлган бўтқани қопга солиб туркман хотинлар тош устида оëқ билан эзғилайди. Шу тариқа бўтақадан ëғ ажралиб чиқади. Ҳалаб туркманлари буни «оëқ ëғи», дейди.

Яна бир хотира эса Помирдаги Тоғли Бадахшонда яшайдиган Оғахон авлодлари билан боғлиқ. Улар тоғда яшагани боис дунëнинг ëмонликларидан баландда туришади. Фавқуллода мусофирпарвар ва ëрдамга ҳозир одамлар.

Улар тиккан кигиз такяни қишда кийиб юраман. Улар чинор ëғочидан ясаган товоқда томоқ ейман. Шу тариқа помир тожиклари дея аталган қадим тамаддун мансубларини доим эслайман.

Қизларининг териси қор каби оқ, кўзлари эса феруза каби яшил. Ҳозир қанот чиқариб ўша Помирга борган бўлардим. Ҳавоси ëқади у ернинг.

Яна бир шаҳарни севаман. Тошдан бўлган Мардин шаҳри. Шу тош меъморчилигига қизиқиб бориб, у ердаги одамлар билан қариндошдай яқин бўлиб кетдим. Иккита товани бир-бирига тўнкариб қилинган паловни фақат Мардиннинг Мидят шаҳарчасида едим. Мен кулиб, глобус ичидаги палов, дердим.

Навбат билан айлантириб икки тарафдан оловга тутиб пиширишади. Пишганидан кейин гуруч катта товоқда гумбаз каби туради. Аммо ичи тўла қўй эти. Мидятда христиан¸ яҳудий¸ мусулмон¸ зардўшт, сурëний каби турли инонч соҳиблари иноқ яшайди.

Аммо уларни турк тили бирлаштиради. Хотиралар шаробга ўхшайди. Вақт ўтган сари таъми яхшиланиб, ўткирлашиб бораверади.

Қозонга яқин юрсанг…

«Оддий муаллим минг доллар олмаса, у ишга келиши керак эмас. Бўлмаса у набирасини қандай боқади». Бу гапни ТВда эшитган биология ўқитувчиси Зуҳра Ғурбатиллина «вот молодец», деди.

Кейин у мактаб буғалтерига шолдиратиб, «Мин қонча маош олам шу ой учун?» деб сўради. Буғалтер қандайдир рақам айтди. Бу рақам беш юз долларнинг ярмидан ҳам оз эди.

Зуҳра Ғурбатуллина “Ондай булса мин эшкә бармыйм”, деб трубкани илиб пуховой рўмол тўқишда давом этди. Совуқ бошланиб пуховой рўмолнинг бозори чаққон эди.

Мактаб директори эса Ғурбатуллинанинг бўшаб қолган ўрнига Абсатторни ишга олди. Абсаттор ҳўкизини сотиб, директорга 1000 доллар пора берди.

10 кун ўтди. Мактабга муфаттиш келиб барча ўқитувчилардан диктант олди. Абсаттор ëзмай ўтираверди. Муфаттиш “Сиз нега ëзмаяпсиз” деса, Абсаттор “мен ëзишни билмайман, катта. Молди кетидан юрган одамман. Маллимлар 1000 доллар олади деб молди сотиб шу ерга ўрнашувдим”, деди.

Муфаттиш “сенинг дипломинг борми?” деб сўради. Абсаттор пахталик нимчаси қўйнидан рўмолга ўралган дипломни чиқариб, “Бу диплом учун тўртта буқа ва уч қўй бердим”, деди дипломнинг чарм муқовасини мехр билан силаб.

Эртасига “Мактаб ўқитувчиси сохта диплом билан қўлга тушди, бу халқ таълимидаги ислоҳотлар доирасида фош қилинди”, деган хабар чиқди.

Абсатторнинг отаси энди қолган қўй ва ҳўкизларни сотиб судьяга олиб бориб берди. Шартли жазо учун.

Мамлакатда газ ва электр йўқлиги боис хотинлар бошига, эркаклар белига бойлаш учун пуховой рўмол сотиб ола бошлади.

Ғурбатуллина пулларни тўплаб¸ уй-жойини сотиб Қозонга кетворди. Бу даврда қозонга яқин бўлган маъқул. Оч қолмайсан.

Қабристонда кеча ёққан қор
Милдир-милдир эриб ётибди.
Гўр устида бир ит инграб зор,
Лойга бағрин бериб ётибди.

Кеча тобут кўтарилган дам
У беором югурган-елган.
Қувсалар ҳам, тош отсалар ҳам
Эл ортидан мозорга келган.

Отасидан айрилса агар
Бунча куймас одам боласи.
Ёлғон эди кеча йиғилар,
Рост эди шу итнинг ноласи.

Совуқ тунда қотиб, дийдираб,
Қабрга у қўйиб ётди бош.
Эриган қор каби милдираб
Кўзларидан тинмай оқди ёш…

Биз инсонмиз, соҳиби дунё,
Қудратлимиз, мағрурмиз, тўқмиз.
Садоқатда, меҳрда аммо
Шу бечора бир итча йўқмиз…

(Эркин Воҳидов)

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
27 июн 2023
Қабристонда яшаётган оила, свет, газ муаммоси ва ойлиги тўлиқ берилмаган ишчилар. Элтуз порталига келган навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз улар ...
28 июл 2017
Прокуратуранинг Ўзбекистон ҳукуматига қайтарилиши кераклиги иддао қилинган Гулнора Каримова мулклари рўйҳатида дунёнинг бир қанча йирик мамлакатларидаги кўчмас мулклари, пул ...
23 май 2023
Куни кеча Андижонда ўзларини «Тўмарис издошлари» деб атаган гурух паркда ўз партияси учун имзо йиғаëтган Оллоқуловга ташланди ва калтаклади. ...
26 апрел 2024
1966 йил 26 апрель куни Тошкентда тонгги соат 5 дан 22 дақиқа 53 сония ўтганда Рихтер ўлчови бўйича 8 ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...