Асосий мавзулар
19 март 2021

Эшаклар эркин ўтлаган мамлакат

Эй аҳли ватан! Босди сани мунча ғафолат,
Ғарқ айлади мунча сани дарёи жаҳолат,
Тушдий сани бошинг уза шум заллаю разолат,
Боқ! Ҳолингга налар бўла? Гар бўлса басорат?
Қоплаб келур миллатингни зулмату ғорат,
Инсон сифатинг вор эса тур! Айла жасорат!
Ғафлат уйқусидан кўзинг оч! Боқ бу замона…
(Ҳамза)

Мана, баҳор кунларидан бирида яна сиз билан учрашдик. Синглим, опам, иним, оғам, замондошларим, дардкашларим. Тийран ақл ва етук зеҳн соҳибисиз.

Узоқда ялтираб кўринган ҳар нарса олмос эмаслиги, шунчаки шиша синиғи эканини биласиз. Яъни сохтани ҳақиқийдан ажрата оласиз.

Масалан, муҳаббатни олайлик. Она ўз боласини бағрига босиб эркалар экан, бу ҳақиқий муҳаббатдир. Тобе ходим ўз хўжайини боласини силаб илжайгани эса зўраки муҳаббат.

Бугун тушунчаларнинг алмаштириб қўйилиши ҳақида гаплашсак. 30 йил бизнинг қулоғимизга маънавият дея қўрғошин қуйишди. Асл маънавият эса аллақчон мамлакатни тарк қилган эди. 

Бугун дазмолни ëқсангиз ҳам заковат деган сўз эшитилади. Заковат сўзининг сийқасини чиқариб, уни эшитган одамлар қайт қиладиган ҳолга олиб келишди.

Аммо ақл-заковатлимиз деб бонг ураëтганлар хориждаги ҳисобдан Ўзбекистон ичидаги ватандош ҳисобига оддий тўғри пул ўтказиш тизимини ҳам жорий қила олишмаган. Миллатнинг пулини ҳар хил «Вестерн юнион»лар туя қилиб ëтибди.

Партия тузмоқчи бўлган Хидирназар Аллақулов ўтказаëтган йиғилишга шаллақи хотинларни бошлаб келган нусха ўзини матбуот вакилиман, палонча обуначим бор, деб ëқангиздан олади.

Аслида бунинг отини шантаж дейди. Бу ҳолатнинг блогерлик ëки журналистикага алоқаси йўқ.

Туман тарқалди. Фронт чизиғи кўринди. Ким давлат, ким миллат тарафида, ким миллат ва эркинлик душмани экани аëн бўлди.

Билгич оғамиз Элдор Асанов ëзгани айни ҳақиқат:

«Кўп давлатларда бу каби фаоллар, маргиналлар, шартли “шаллақи”лар, одатда ҳокимиятни танқид остига олади. Ўзбекистонда эса “мен ватанпарварман”, “тўғрисўзман”, “халқ биланман”, деб кўксига урадиганлар реал коррупционерлар қолиб, монополистлар қолиб, халқни ўйламайдиган амалдорлар бир четда қолиб, қўрқа-писа бирор ўзгариш қилишга, бирор янги фикр айтишга жазм этган кучсиз, қўлида бирор таъсир воситаси йўқ, оёғининг тагида пойдевори шаклланиб улгурмаган одамларга ташланади, зўр бериб ҳокиму амалдорларни ҳимоя қилади.

Тулкининг кучи товуқларга етади, дегани шу бўлса керак. Елкаларида ўтирган хожаларини жон бериб ҳимоя қиладиганларни ҳеч қачон тушуна олмасам керак.

Лекин бундан-да қўрқинчли бир масала бор. Бу “ҳимоячи”ларда бирор тузук сиёсий аргумент йўқ. Сиёсий баҳс, мафкуралар тўқнашувини кўрмаяпмиз. 

Шунчаки ёқмаган одамга “ватан хоини”, “халқ душмани” ёрлиғини ёпиштиришларини, ҳатто Ўзбекистон онасининг маҳрига қолгандай, “Ўзбекистондан чиқиб кетишсин”, дейишларини кўряпмиз. 

Ёқмаган одамни душманга чиқариб, мамлакатдан чиқариб юбориб, кейин “ана хоин, четда юрибди”, дейиш Сталин қатағонларидан қолган дунёқарашдир. 

Бундай дунёқарашдаги одамлар орамизда ҳали ҳам кўплиги жуда қўрқинчли, дўстлар. Жамият фақат фикрлар хилма-хиллиги негизида соғлом ривожланиши мумкин.

Сизга ёқмаган фикр, албатта, бутун жамият учун зарарли ёки хавфли бўлмайди. Бу фикрни айтган одам, албатта, сотқин бўлмайди. Шунчаки жамият турфа одамлардан иборат, ҳар кимнинг ўз фикри, дунёқараши, ўз муаммоси бор. Бир-биримизга тоқатли бўлайлик, қоронғу хонада қора мушук, душман йўқ жойда душман қидирмайлик».

Қисқа хабарлардан кейин мавзуни давом эттираман

Қисқа хабарлар

Тошкентлик аёл қарзини узиш учун навоийлик қизни Туркияга сотиб юборди.

***

Фарғона вилояти Бувайда туманида 18 ёшли йигит қайнотаси ва ҳомиладор хотинини чопқи билан чопиб ташлади.

***

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 4 йигит келинойисига гап отган эркакни белкурак дастаси билан калтаклаб, аёллар рўмоли билан бўғиб ўлдирди ва жасадни каналга оқизиб юборди.

***

Навоий вилояти Нурота туманида эркак рашк сабаб хотинини пичоқлади.

***

Дунëдаги энг адолатли Хонқа суди томини шамол учириб кетди.

***

Афғонистонда 12 ёшдан ошган қизлар ва ёш аёлларнинг жамоат жойларида, оммавий тадбирларда куйлаши, рақс тушиши расман таъқиқланди. Улар бундан буён кўчада ҳатто мамлакат мадҳиясини ҳам айтиши мумкин эмас. Куйлаш ва ўйнаш энди фақат баччаларга қолди.

***

«Бизага бўлоуради. Европага шолпиллаб қолади». Европа воз кечган AstraZeneca вакцинаси Ўзбекистонга келтирилди.

***

Бизда инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас. Бу шунчаки қўшиқ сатри эмас. Аччиқ реаллик. Шафқатсизлик ва бизни тарк этган меҳр- оқибат. Кўраëтганингиз бу икки гўдак – Сардорбек ва Азизбекнинг гуноҳи не эди? Нимага уларни ўлдиришди? 

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида жорий йилнинг 13 мартида 2007 йилда туғилган ака ва 2013 йилда туғилган укани ўлдириб, мурдаларини ёқиб, кўмиб юборганликда гумон қилинган Озода Тоғаева ушланди.

Вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумотига кўра, Пайариқ тумани прокуратураси тезкор тергов гуруҳи томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида вояга етмаган қурбонлар жасади тумандаги Навоий маҳалласидан топилган.

Аниқланишича, Навоий маҳалласида яшаган Озода Тоғаева исмли аёл ўтган шанбада қўшниси Марҳабо Туйғунованинг  уйига ўғирликка кирган. У пул ва қимматбаҳо буюмларни қидираётган пайтда Марҳабо опанинг  ўғиллари мактабдан уйга қайтиб, беихтиёр аёлнинг жиноятига гувоҳ бўлиб қолишган.

Озода Тоғаева ўз жиноятини яшириш мақсадида болаларни авраб, ўз уйига олиб чиқиб кетиб, икки болани белкурак билан уриб, ўлдириб, жасадини ёқиб, ҳовлисига кўмган.

Рассом Тузга мактуб

Ассалом алайкум, Tuz оға. Соғ-саломатмисиз. Ака, бир нарса менинг асабимни бузди. Ўғлим Тошкент шаҳри чемпионатида юнон-рим курашида қатнашиб, 70 кг вазнда ғолиб бўлди.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги рағбатлантирмади ҳам. Жаҳонгир  Ортиқхўжа деган монополист ҳоким курашчи ёшларни қўллаб- қувватласа бўларди-ку.

Мен Жанубий Кореяда яшаб, ишлайман. У ерда Сеул шаҳри чемпиони бўлган курашчи ёшларни ТВда кўрсатади. Рағбатлантиради… Мана шу танқидий гапларимни видеодастурингизда ўхшатиб гапирсангиз, зора Ўзбекистонда курашчи полвонларга ҳам эътибор берилса… Олдиндан раҳмат.

Қирғизларга нега тез ёрдам машиналари совға қилинди?

Яқинда бир мулозим тез ëрдамнинг битта бориши 140 минг сўмга тушяпти, деб оғринган эди. Энди эса ҳукумат ҳеч кимдан сўрамай, ўнлаб тез ëрдам машинасини Қирғизистонга совға қилди.

Бизнинг солиқдан тўлаган пулларимизга нега Қирғизистондагиларга тез ёрдам машинаси берилиши керак? Давлат  қирғизларга бундай машина совға қилгунча, ўша машиналар ўтиб кетган Хўжаобод туманидаги тез ёрдам машиналари аҳволига бир қараса яхши бўларди.

Мен доим ҳар қандай муаммони, у ҳатто кичик бўлса ҳам суд ҳал қилишини истардим. Мана бу даъво аризаси «Тошкент оқшоми» деган бир шиша ароқни қўшнидан қарзга олиб қайтариб бермаëтган ҳамсоя ҳақида. Фақат кулманг. 

СССРнинг нимаси яхши-ю, нимаси ёмон эди?

Бундан 30 йил олдин ўзбекларга СССРда қоласизми ë оғилхонанинг эшигини очиб берсак, тарвақайлаб қочиб кетасизми, деб савол берилувди.

Ўшанда ҳисоблагичи йўқ, аммо узлуксиз ëнадиган газ бор эди. Гугуртни аяб, газ эртадан кечгача ëниқ турарди. Гугурт бир тийин эди. Бир фаррошнинг ойлигига 6 минг почка гугурт берарди. Фаррош 60 сўм ойлик оларди. Қиладиган иши эрталаб келиб, швабра билан ювиб чиқарди тўртта кабинетни. 

Кейин куни билан писта сотарди. Хуллас, унинг ойлигига 70 кило оққанд берарди. Тўрт қоп ун. 15 шиша зўр ароқ олса бўларди- «Водка Московская». Хуллас, шунақа. Мелисаларнинг қўлида дубинка йўқ эди.

Бир-икки милиса қази кўтариб юрганини кўрувдим. Мақлас буни, ока, десам, 15 суткага қамалган биттаси қазини яхши кўрар экан, ашинга, деди.

Ана, 15 суткага қамалганларга шашлик ва компот бериларди. Мошиналар қулпланмасди. Уйларда умуман қулп йўқ эди. Ҳозирги «Порш»дан ҳам зўр «Запорожец» машинаси 3 минг сўм эди.

Ўша фаррош хола бу пулни икки ойда писта сотиб топарди. Бир стакан писта 10 тийин эди. Ўрис қизларга, иди суда, девушка, мана сенга семичка, десангиз анқайиб эргашиб кетоурарди.

Эшаклар бемалол ўтларди. Уларни сўйиб ейдиганлар Хитойдан нарига жилмасди. Ашнақа замонлар эди-я омо-лекин.

СССРда эшаклар бемалол ўтларди, аммо…

Гастроном дўконларига арзон гўшт келса, навбат икки километрга чўзиларди. 

Галантерея дўконларида фақат “Шипр” атирлари сотиларди. 

“Тет-а Тет” анқонинг уруғи эди. 

Ҳаммадан бир хил ҳид келиб турарди.

Кўчаларда морс ва квас сотиларди. 

Морсдан бензин ҳиди анқиб турарди.

Оқ сақич топилмасди, қора сақич килолаб сотиларди.

Спорт иштонлари уч сўм турарди, лекин бир марта ювсангиз, тиззаси қопга ўхшаб осилиб қоларди.

Ўзбекистон 6 миллион тонна пахта чиқарарди, лекин пахта кўйлак “падприлапка” сотиларди. 

«Запорожец» машинаси олиш учун 10 йил навбатда туриш керак эди.

Ўрисча билмасангиз, ҳарип ҳисобланардингиз. 

Тошкентда ўрис опалар ўзбек оқсоқолларини бемалол «бабайка», ёшларни эса «баран» деб чақирарди. Ҳеч ким хафаям бўлмасди. 

“Менинг оғам рус эрур”, деган шеърни айтиб юрардик горн чалиб.

Ўрис аёлига уйланганлар олқишланарди, каръера қиларди Ислом Каримовга ўхшаб. 

ЎзТВ бўларди. Эрталаб икки соат, кечқурун 6 соат ишларди. 

Ойда бир марта ҳиндча кино қўйишарди. Маҳаллада 10 хонадонга битта телевизор бўларди.

Тошкентда битта масжид бор эди, Қуръон ўқиш тақиқланганди. 

Намоз ўқиганлар жамиятга ёт унсур сифатида қора рўйхатга киритиларди. 

ДХХни КГБ дейишарди. 

Номи бор, ўзи йўқдек эди. Одамлар йўқолиб қолса, ҳеч ким сўрамасди. 

Табобат бепул эди, лекин шприцлар қайнатиларди. 

Ана шунақа замонлар эди.

Қонун ўрнига «понятка»

Шу кунларда йўл қоидасини бузганлар ҳақида пул эвазига хабар бериш керакми ë йўқми, деган баҳс бормоқда. Инсоният борки, хабар пул туради.

«Палон нарса ҳақида хабар берган одамга палон олтин бераман», дейилади эртакларда. Қизингиз туғибди, деб суюнчилаганга суюнчи пули берилади. Шу жиноятчи ҳақида хабар берганга 50 минг доллар берамиз, дейилади АҚШда.

Ўзбекистон ҳам инсониятнинг бир парчаси. 35 миллион одам бирни икки қилсам, деб ўйлайди. Зинҳор филантроп эмас. Муллаларни тергов қилган оперлар яхши билади чақимчилик қандай кенг тарқалганни. Қиссадан ҳисса ҳам шу. Хабар – бу пул.

Мана, сиз темир йўл яқинидан ўтиб боряпсиз. Биров шпал тагига бомба жойлади. Бу ҳақда хабар берсангиз, Кушербоев назарида «козёл» бўласиз.

Аммо хабар бермасангиз, 10 минутдан кейин ўтадиган Тошкент-Самарқанд поезди ичида хотинингиз, икки болангиз билан келяпти. «Воровская понятка»га содиқ қоламан, деб бола-чақадан айрилиш керакми?

Сиëсий мунозара ўрнига ë диний, ë жиноятчилар «понятка»сини тиқиштирадиган неондартал жамият ўша поезд портлагандай портлаб, йўқ бўлиб, кукунга айланади. Мени айтмади деманглар. Чантриморе.

Блогер Шаҳноза Соатова фикрлари

Анчадан бери фейсбукда қоидабузарлик тўғрисида хабар бериш ҳақида яна баҳс қизиган. Блогер Шаҳноза Соатова бу ҳайдовчилар жамиятининг радикаллигидан безиб кетиб, охири фикрларини тизимлаштириб ёзиб қўйибди. Ўқиймиз:

1.  Бу мамлакат фақат ҳайдовчиларники эмас. Машина ҳайдаб тирикчилик қилаётганлар қанча бўлса, пиёда тирикчилик қилаётганлар ундан кўп. Фақат ҳайдовчилар учун, автомобиллар учун қулай шароит сўраш адолатсизлик.

Йил сайин сони ошиб бораётган автомобилларнинг барчасига тураргоҳ етказолмайсиз.  Уларни назорат қилиш учун ДАН ходимлари сонини кўпайтиришга солиқ тўловчи сифатида қаршиман.

Мен 2004 йилларда машина ҳайдаганман, 6 ой ҳайдаб, ойликка машина ҳайдаб бўлмаслигини тушунганман, харажатларини кўтара олмаганман. Шунинг учун йўл қоидаларини бузганлик учун жарималарни ойликларга мослаш фикрини қўлламайман.

Ойликка қарам одам машина минолмайди, деб биламан. Жарималар одамларни тарбиялаш учун етарли миқдорда бўлиши керак. Бўлмаса, 10 минг тўлаб, қизилга ўтиб кетаверади одамлар. 

2.  Шаҳарни пиёдаларга қайтаринг. Жамоатчилик транспорти, велойўлаклар, пиёдалар йўлакларини кўпайтириб беринг, ҳурматли мутасаддилар! Ҳадеб автомобиллар учун йўл кенгайтириб, машина сотилаверса, бу пуфакни шиширилаверса, бир кун ёрилади.

Истиқболни ўйланглар: пиёдалар ва велосипедчилар учун шароит яратиб беринг. Машина йўлларини таъмирлаб тугатолмайсиз бунақа ҳажм ортишида барибир. Одамларда метро, трамвай, автобус каби муқобил транспорт вариантлари бўлиши керак. Қачонгача бу борадаги ишлар лойиҳа даражасида қолиб кетади???

3.  Йўлларда йилига 2-3 минг одам ўляпти. Фарзандингни мактабга жўнатиш урушга жўнатишдек гап бўлиб қолди. Масалан, бундан уч йил аввал ўғлимнинг синфдошини машина уриб кетганди.

Шундан бери жуда қўрқаман ва мен бу қўрқувларимда асоссиз эмасман. Машина ҳайдаган одамда машинани ҳайдамаслик ёки қоида бузмасдан ҳайдаш каби муқобил вариантлар бор. Аммо қоидабузар босиб кетган одамда вариант қолмайди.

Ҳайдовчилик ва пиёдаларнинг йўлларда юриш маданияти ёмонлигини биламиз. Йўлларни силлиқ қилиб қўйса, бу муаммолар ҳал бўлиб кетмайди барибир.

4.  “Козёл”, “сотқин” деган ибораларга эҳтиёт бўлиш керак. Масалан, Америкада бировнинг кўчирмакашлик қилаётганини профессорга хабар бериш чақмачақарлик ёки хиёнат ҳисобланмайди. Бу билан талаба ҳамма учун тенг имкониятлар сўраётган бўлади.

Бизда аллақачон “сотқинлик”, “козёллик” каби тушунчаларимизни қайта баҳолаш вақти етди. Совет даври комплексларидан чиқиб фикрлайлик. Далил йиғувчи далил йиғувчи, холос. Бу далиллардан кимдир адолатсизлик йўлида фойдаланса, ўша жавоб берсин.

Лекин қоидабузарлик ва жиноят ҳақида хабар бериш ёмон иш эмас (пулгами, текингами – кейинги масала, буни, умуман олганда, айнан ҳайдовчиларга ҳеч таъсири йўқ).

Кейин, ҳурматли ҳайдовчилар, ватанни сотади, жамиятда бўлиниш, жадидларни ҳам шунақалар сотган, деган баландпарвоз гапларни қўяйлик. Тан олинглар: қоидабузарлик учун жарима тўлаш муқаррарлиги ёқмаяпти. Аммо қоидани бузмасангиз, жарима тўламайсиз.

Хуллас, бу баҳсда конструктивизм керак. Эрталаб ишга келаётганимда йўллар тиқилинчлигини кўраман. Ҳар машинада 1 та ёки 2 та одам бўлади. 30 дақиқалик тиқилинчни ҳосил қилган машиналар ичидаги одамларни йиғсангиз, битта автобусга сиғарди. Афсуски, бунинг учун зарур тизим йўқ. 

Келинглар, ривожланган мамлакатлардадек жамоатчилик транспорти ва бошқа муқобил транспорт воситалари учун шароитлар сўрайлик. Чунки “ногаҳон бу арғумоқ остингда бўлғай-бўлмағай” деганларидек, миниб юрганингиз маркаб бир кун келиб сизда бўлмаслиги мумкин.

Қоринжа китоби

Ëши улуғ оғаларимдан бирига яқин ўтмишда ўзим гувоҳ бўлган сиëсий воқеаларни гапириб берганимда¸ буларни бир китоб қилиб ëзиб қўй, дея насиҳат қилди.

Ҳали китоб ëзишни бошлаганим йўқ, аммо ëзилажак китобнинг номини аниқ биламан.

Бу китобнинг оти «Қоринжа китоби» бўлади.

Ҳали мактабга бориб, қоринжанинг чумоли эканини билмаган пайтимда ҳам бу майда, аммо интизомли ҳашаротларни кўп кузатганман.

Кичкина бўлса ҳам мақсад сари дузанли бир тарзда интиладиган қумурсқалар ҳаëтда бир нарсага эришмоқчи бўлган ҳар ким учун бир ўрнак бўла олади.

Ëшлигимда Ҳамза театрида қўйилган «Инқилоб тонги» спектаклини бир неча бора томоша қилганман.

Аввалига рассом Отахон оға даъват қилиб, «Бор кўр¸ декорацияси жуда зўр¸ устозим Бримнинг шоҳ асари», деди.

Менга бу спектаклдаги декорациядан ҳам кўра, Ўзбекистон тарихидаги икки СССР халқ артистининг диалоги маъқул келди.

Саҳнада Бухорода демократия ўрнатаман деб одамларни кўчага, митингга олиб чиққан ва амир тарафидан ўққа тутилиб ҳафсаласи пир бўлган Файзулла Хўжа (Ëқуб Аҳмедов ижро қилган) онасига (Сора Эшонтўраева ўйнаган) зорланади:

– Она, чарчадим¸ бутун ҳаракатларим чиппакка чиқди. Худди чўлу биëбонда узоқ вақт сув қидириб, чашма олдига келдим-у, чашма эса қуриган бўлиб чиққан каби ҳолатдаман.

Она эса ўғлига далда беради:

– Ўғлим чашма қуриган бўлса, ғоз ўрнингдан тур-у, яна янги чашмани қидириб йўлга туш. Агар у чашма ҳам қуриган бўлса, руҳингни туширмасдан, яна ғоз туриб янги чашмани қидириб одим от. Чашмани қидир. Ғоз тургин-у, олдингга интил!

Туркистон тараққий топсин, миллат иттиҳодга қовушсин дея курашган ва бу кураш йўлида ўлдирилган Файзулла Хўжанинг ҳаракати, назаримда, мақсад сари секин бўлса ҳам илгари юрган чумолининг ҳаракатига менгзар эди.

Раҳматлик энамдан эшитган нақл будир:

Қоринжа (чумоли) ҳажга бораман деб йўлга чиқибди. Атрофдагилар унинг устидан кулиб, шу заиф оëқларинг биланми¸ дея мутойиба қилишибди.

– Ҳа, шу заиф оëқларим билан. Балки мен ҳажга етиб бора олмасман, лекин ҳеч бўлмаса йўлда ўламан. Мақсад йўлида.

Фарғона вилояти Данғара туманида қайнота уйига кетмоқчи бўлган келинини сўйиб ташлади.

Ғафлат уйқусидан кўзинг оч! Боқ замона,

Илм айла! Маориф тутуни тўлди жаҳона,

Солди ҳама миллат бу маорифга хазона,

Биз миллат этуб ор ила номуси баҳона,

На мактаб илм ўлди, на бозорда тижорат,

Хушк ўлдиғимиз боисидан бўлди касолат.

Олимларимиз ичар тама бирла адоват,

Давлат элида кибру ҳаво бирла сафоҳат,

Фахр аҳли аро фисқу ҳасад этди давомат,

Хотун, эру қиз ёшу қари ичра жаҳолат,

Топсунми тараққий яна бизларда камолат,

Кетсунми таассуф элидан бўғзу адорат?

Инсон эсанг ўлгил ҳама дам толиби миллат,

Зийнатласун абаданий ғайрат ила ҳиммат,

Муносабатим 

  1. Домланинг уйи олдида ўз қанжиқларни еталаб олган семиз чўчқа папароза тихирлигига ИИБ тарафидан қонуний баҳо берилиши керак. 
  2. Жиноят олами «поняткаларини» тиқиштираëтган Кушербоевни қоралайман. 
  3. Янги лотин алифбоси 1929 йилги илк вариантга қайтаëтганини олқишлайман. 
  4. Сардор Салим ва Элдор Асанов каби билгич оғаларнинг битта Х бўлиши керак, деган гапини тўла қўллайман. Туркияда ҳам битта Х. Бу нарса улардан Нобель оладиган даражадаги ëзувчи чиқишига халақит бермади. Ц ҳарфининг кераги йўқ. Зўрлаб тиқиштирилган. Талаффузда барибир С деймиз. Сирк деймиз, цирк эмас. 
  5. Қўшиналарга падарка деб, халқдан сўрамасдан, ерларни берворишни дарҳол тўхтатиш керак. 
  6. Карантинни баҳона қилиб, сиëсий фаолликни ўлдирмоқчи бўлганларга қаршиман. 
  7. Ëшлар иттифоқи ва Ëшлар агентлигини тарқатвориб, унга ажратилган пулнинг ҳаммасини йўлларни асфальтлашга сарфлашни талаб қиламан. Бўлди, шу етти талабим. (Яна бир илтимосим бор. Халқнинг орасида презерватив кийиб жинсий алоқа қилишни тарғиб этиш керак. Иккита болам бор, эрим туғдирганда туғдириб, ўзининг носига пул тополмаяпти, ëрдам беринг, деб порталма портал юрадиган ëш оналар камаярмиди балки).

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
19 март 2023
1989 йилнинг 19 мартида Тошкент марказидаги Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонида норозилик митинги бўлиб ўтди. Митингни “Бирлик” халқ ҳаракати ташкил ...
8 ноябр 2024
– Мана хафта зувв этиб айланиб, яна сиз билан юзма юзман.  МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ...
31 май 2023
29 май куни Тошкентдаги Grand Mir меҳмонхонасида Ўзбекистон “жиноят олами” вакилларининг “сходка”си бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги ягона “вор в законе” ...
29 апрел 2019
Ўзбекистондаги «Вақф» хайрия жамоат фонди раиси Искандар Халилов хизмат машинаси сифатида миниб юрган «Малибу-2» автомобили тармоқларда баҳс уйғотди. “Вақф” ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...