Асосий мавзулар
2 апрел 2021

РТдан ваъз: Арслон лавозимидаги эшак ҳақида

Нодонлар тўрга чиқди,

Замонага ҳайронман.

Оқилни гўрга тиқди,

Машрабдайин гирёнман.

Итбалиқ денгиздадир,

Мудом ишин бешлайди.

Кит ҳовузга ташланган,

Кит ҳовузда яшайди.

(Юсуф Жума)

Эҳ давр, эҳ даврон!

Оëқлар бош, бошлар эса оëқ бўлди.

Оломон эса қутурган итдай ўзини ҳар ëнга ураëтган пайт.

Менинг ëшлигим Амударë бўйларида балиқчилар орасида ўтди.

Дарëдаги қайиқлар орасидаги сув атайлаб лойлатилар ва босма билан балиқ овланарди.

Босма – икки тарафи ҳам очиқ бочка.

Сув лойланганида талмовсираган лаққалар тутиларди.

Йиллар ўтиб, кўп мамлакатларни кезиб, Швециядан қўним топдим.

Швеция жуда кўп ўзбек диндорларига, хусусан, Обид қори Назаровга сиëсий бошпана берди.

Айни пайтда Швецияда бошқа инонч мансублари, ҳеч нарсага инонмайдиган агностлар ва гейларга ҳам Обид қори Назаровга берилгани каби тенг ҳақ ҳуқуқлар ато қилинган.

Ҳеч ким чиқиб, япон мультфильми ëки корейс поп мусиқаси эшитганларни ëқасидан ушлаб дўппосламайди.

Мамлакатда турли одамлар яшаши ҳеч кимнинг, хусусан, Обид қори Назаровнинг тақвосига зиëн етказгани йўқ.

Балким кит ҳовузда, фил сичқон кавагида яшай олмас, аммо мусулмонлар Швецияда бемалол яшамоқда.

Хабарлардан кейин суҳбатни давом эттираман.

Бермуд учбурчаги

Ўзбекистонда илк мустақил профсоюз, яъни касаба иттифоқи қурган сардобалик Роза Агайдарова лавозимидан четлаштирилиб, ўрнига Адолат деган хотинни қўйишди. Ўзбекистон – ташаббуслар изсиз йўқоладиган Бермуд учбурчаги.

+++

Хидирназар домланинг партияси талонга учради. Бир шаллақи хотин билан тавия эркак келиб имзо йиғаëтганларга ташланди. Бу икки талончини Бобожоновнинг милисалари ëллаган. Ўзбекистон мафтункорлиги кундан кун ошиб бормоқда.

+++

Президент сайловида номзодини қўйишини айтган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажоновга Туркияда номаълум шахслар томонидан таҳдид қилинди. 27 март куни Отажоновнинг Истанбулдаги офисига  кириб борган уч шахс ўзларига уни дўппослаш учун «пул таклиф қилингани»ни айтишган.

+++

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 30 март куни Ўш вилоятининг Ўзган тумани аҳолиси билан учрашувда “Ўзбекистоннинг 13 минг гектар ери Қирғизистонга ўтди”, деб айтди. Аммо негадир расмий Тошкент бу борада жим. Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги масаласини ким элга билдирмай кўрпа тагида ҳал қилди? 13 минг гектар ерни кимдан сўраб, ким ва нега чет давлатга берворди?

Ҳурматли дўстлар, қизишиб кетиб, нега ерни бервординг, деб муҳтарам президентни сўкиб қўймангар. Бугундан бошлаб Ўзбекистон президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш уч  йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, мазкур меъёр Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларда белгилаб қўйилди. Президент бу моддани амалга татбиқ этувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни 30 март куни имзолаган.

+++

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрэйзер 28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида содир этилган тартибсизликни қоралади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳар қандай кишига қарши қаратилган камситиш ва зўравонликнинг барча шаклларни қоралайди”, дейилади Ҳелена Фрэйзер баёнотида.

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳуқуқ-тартибот органларини 28 мартда содир этилган воқеани холис тергов қилишга чақирган.

Ҳелена Фрэйзер оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва фуқаролик жамиятини инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида зўравонликка қарши ҳамкорликда курашишга чақирган.

Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида 28 март куни бир гуруҳ ёшлар япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларини ЛГБТ фаоллари деб ўйлаб, уларни калтаклаган эди. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, зўравонлик қилганлардан 12 киши қўлга олинган ва уларга нисбатан “безорилик” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган.

Расмдаги қиз япон мультикларини севгани учун Тошкент марказида калтакланди. Буни ўзбек халқининг катта ютуғи деб ўтирган калтакесаклар бор экан.

АҚШ грин-карди ëки Шенген визасини олган ўзбекнинг хурсанд бўлганини кўрганмисиз? Сал бўлмаса, сийворади. Аммо АҚШ ва Европа Иттифоқи, ҳатто Туркияда ҳам одам жинсий таааллуқлиги учун жазоланмайди. Нега биз ривожланиб, палон мамлакатдай бўлмаймиз, дейишади? Энангникида ривожланасанми? Куппа-кундуз куни япон мультфильми кўрди, корейс поп мусиқаси тинглади, дея бир қиз болани дўппослашди.

Буни халқимизнинг ор-номуси деб кариллаб юрган поп гапонлар уялсин. Китоб ўқимаган, ҳатто паспортидаги ўз исмини ҳам ўқий олмайдиган жоҳил эшаксеварлар подасига рафоқ ва тараққиёт ҳайф. Улар таназзул ва зиллатга маҳкум.

Мухолифат нима дегани? 

Яқинда менга ҳаётидан зада бўлган бир одам хат ёзди. У «Элтуз»нинг доимий тингловчиси экан.  «Boshqa davlatga ko’chib ketkim keladi, chunki jarimalar mamlakatiga aylanib qoldi O’zbekiston. Ishonasizmi, to’yib ketdim nohaqlikdan! Onamni, bolalarimni oylaymanda, bolmasam qaysidir amaldorning boshini olardim, bunday nohaqlikda yashagandan ko’ra turmada o’tirardim”, дея ёзди у. 

Мен унга сиёсат инсонлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканини ёздим. Агар одамлар мухолифатни қўллаб- қувватлашдан қўрқишса, у ҳолда ривожланиш бўлмайди. 

У: «Muholifat nima degani?» деб сўради. 

Эътироф этишим керак, бу мен учун кутилмаган савол бўлди, чунки «Элтуз»нинг доимий тингловчилари менинг демократия, сиёсат ва сўз эркинлиги борасидаги маърузаларимни кўп марталаб тинглашган. Масалан, ўтган йили мен Хитойнинг Ухан шаҳридаги шифокор билан боғлиқ мисолни келтирган эдим. У коронавирусни илк бор аниқлаган, бироқ Хитой ҳукумати ваҳима қўзғамаслик учун вирус тарқалганини яширишга қарор берган эди, бу эса бутун дунё бўйлаб улкан фожеаларга олиб келди.

Ёмон сиёсат дегани ҳаёт даражасининг танглашуви, расво йўллар ва ишсизлик деганидир. Яъни бугунги Ўзбекистонда кечаётган аҳвол.

Демак, мухолифат нима ёки, тўғрироғи, сиёсий мухолифат дегани нимани англатади? Мухолифат ҳокимиятга келиш, яъни ҳозирги ҳукумат ўрнига мамлакатни бошқаришни истаётган сиёсий партиялар ва ҳаракатлар фаолияти билан узвий боғлиқдир. Мамлакатда демократия бўлганида эди, мухолифат парламентда ўтирган бўларди. Диктатура шароитида эса мухолифат турмада ўтиради.

Демократик мамлакатларда сиёсий мухолифат мавжуд ҳокимиятни доимо танқид қилади, президентнинг хатоларини қидиради ва бу хатолар ҳақида одамларга гапиради. Ҳақиқий мухолифат ўз ғояларини тарғиб қилиб, унга тарафдорлар жалб қилади ва ўз ғояларининг ҳозирги ҳукуматникидан афзал эканини кўрсатишга интилади.

Бу нормал соғлом бир жараёндирки, бу ҳолда ҳукумат хато қилишдан қўрқади, чунки у ўз фаолиятини мухолиф партиялар диққат билан кузатаётганини билади. Агар мамлакатда мухолифат бўлмаса, демак у ҳолда ҳукмдор истаган аҳмоқона қарорни чиқариши, хоҳлаган ваъдасини бериши, йилдан йилга давлатни таназзулга етаклаши мумкин. 

Коммунистлар борми?

Талабалик давримизда ёшлари етмишдан ошган домламиз Раҳим Ёқубов тарих дарсида бир воқеани гапириб берди: “Уруш тугаган йиллари Украина қишлоқларидан бирида уч-тўрт нафар юқори синф ўқувчиси ўйнаб юриб ташландиқ ертўлага дуч келадилар. Қизиқишлари туфайли ертўлага тушиб, немис аскарларининг кийим-кечак ва қурол-яроқларини топиб оладилар.  Болалардан биттаси “Ташқарига чиқиб одамларни қўрқитамизми?” деган таклифни қилади. Улар шу мақсадда кийиниб-қуролланиб, яқин масофада жойлашган колхоз идорасига киришади ва “Ҳанди ҳоҳ” деб бақиришади.

Яқинда уруш даҳшатларини бошидан ўтказган идорадаги кишилар шошиб қолиб, қўлларини баланд кўтарадилар. Шунда ёшлардан бири украин тилида “Коммунистлар борми?” деб сўрайди. Қўрққанидан ўзини йўқотаёзган раис: “Мен коммунист эмасман. Мана бу, мана бу, мана бу коммунист” деб бир неча кишини қўли билан кўрсатади.

Раиснинг ўзини йўқотиб қўйганига кулгиси қистаб, ўзларини базўр ушлаб турган ёшлар: “Биз шу ерликмиз, ҳазиллашувдик”, деб устидаги кийимларни ечади. Бу воқеа тезда юқори ташкилотларга етиб боради ва жиноят иши қўзғатилади. Суд болаларга қамоқ жазоси тайинлаб, колхоз раисини эса отишга ҳукм қилади”.

Консерватив жамият

Олдин айтганимдек, ривожланган жамият бир-бири билан газета орқали гаплашади. Қоғоз газета урфдан қолгани боис улар «Элтуз»нинг ютуб каналида гаплашишади. Бир вақтлар СССР Олий Кенгаши депутати ўлароқ дунëнинг олтидан бирини назорат қилган элита ичида бўлган Пўлат Охунов ўзбек жамиятини консерваторликда айблади:

“Бизнинг жамиятимиз азалдан ўта консерватив. Бунинг сабаблари сифатида турмуш тарзимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз, диний талабларни кўрсатишимиз мумкин. Буларнинг барчаси менталитетимизга таъсир қилган ва уни шакллантирган. Кўпчилик ўзи учун эркинликлар талаб қилади, лекин ўзлари ўзгаришни хоҳлашмайди. Одамлар кўчада демократ бўлиши мумкин, лекин ўзининг уйида ёки ўзининг тасарруфида бўлганларга нисбатан кўпинча феодалларча, диктаторларча муносабатда бўладилар.

Буни Ислом Каримов жуда ҳам яхши билар эди ва бундан фойдаланиб, ўта қаттиққўллик билан 25 йил Ўзбекистонни бошқарди. Президент Шавкат Мирзиёев эса бу жамиятни ўзгартириш учун кўп яхши ишларни бошлади. Эришилган ютуқларни қадрига етайлик. Ҳали бу ютуқлар мустаҳкамланмади, осонлик билан улардан ажралиб қолишимиз мумкин. Демократия – бу узоқ муддатли жараён. Одам ўзгармагунча, жамият ўзгармайди.”

Гегель ëки ўзбекча талаффуз қилсак, Ҳейгель деган файласуф яшаган. У бир дарëга икки марта тушиб бўлмайди, деган. Аммо ақл эмас, жаҳлни танлаш каби паншаха тишига қайта ва қайта оëқ босаëтган Ўзбекистон бу фалсафий доктрина аксини исботлагандек.

Бугун Тошкент кўчаларига чиқиб, одам ураëтганлар 90-йиллар бошида илдиз отган демагогиянинг бошқа шаклдаги кўриниши каби туюлмоқда.

Ўзи билмайдиган ва умрида кўрмаган демократиядан нафратланаëтган мулла акалар хуружини 1990 йили Наманганда кўришган эди. Наманганлик диндорлар раҳнамоси Тоҳир Йўлдош Каримов билан учрашганида “Муҳаммад Солиҳ иштирокидаги сайловни тўхтатишни сўраган” эди.

Сиёсий мухолифат ва диний гуруҳлар пайдо бўлганларидан бери (совет даври қайта қуриш йиллари) бир-бирига ҳеч яқинлаша олмадилар.

Муллалар ўзлари танлаган йўлдан бошқа ҳар қандай йўлни хато деб билар, баъзида ҳатто «куфр» деб ҳисоблардилар.

Билимсизлик ва аламзадаликка қурилган бундай дунёқараш эгаси нафақат кўрган нарсасидан, кўрмаган, билмаган нарсаларидан ҳам нафратланишга мойил эди.

Бу хусусият балки сиёсий мухолифатни диний оқимлардан узоқ туришга мажбур этган асосий сабаблардан бири эди.

«Улардан бошқача бўлмаганлар билан» бир жамиятда яшашни ўрганмагаунча биз тараққиëт деган катта йўлга чиқа олмай, орқа сўқмоқларда адашиб юраверамиз.

Қуён вазифасидаги айиқ

Шу ўринда эртак айтасам. Бу эртакни 50 йил олдин Аркадий Райкин айтган, мен фақат ëнсилайман.

Бир ўрмонда айиқ қуëн вазифасида ишларди. Бу қандай бўлган? Айиқ ишсиз қолган эди. Ўрмонда эса фақат қуëн лавозимидаги иш ўрни бўш эди. Хуллас, айиқ бу лавозимда айиқдай ишлаб, қуëн ойлигини оларди. Айиқ чин дилдан одалатга ишониб, содақат билан ишлаб, қуëнлик вазифасини дўндирди. Аммо бир куни бу айиқ буюк сирдан огоҳ бўлди. Айни ўрмонда шалпангқулоқ қуëн айиқ лавозимида ишлар, қуëнлик қилиб, айиқдай ойлик олар эди. Буни эшитган айиқнинг жаҳли чиқди.

Бу қандай гап? Қачондан бошлаб қуëн айиқнинг ойлигини олади? Хуллас, қани одалат? Айиқ ўрмон порталига шикоят аризаси  ëзди. Порталга юборилган аризадан кейин арслонлардан иборат текширув комиссияси келди. Айиқ билан қуëнни кабинетга чақиришди.

Комиссия раиси Арслон ака қуëнга қараб «сен айиқмисан?» деди. Қуëн бўлса: «Ҳа, мен айиқман», деб ҳужажат кўрсатди. Арслон ака ҳужжатни ўқиб: “Ҳа, ҳақиқатан ҳам айиқ экан. Айиқ бўлганда ҳам қўнғир айиқполвон”, деб қуëннинг елкасига қоқиб қўйди.

Бу гапдан айиқнинг жаҳли чиқиб: «Ахир айиқ менман-ку», деди. Порталдан келган Арслон ака бўлса: “Ҳужжатингни кўрсак бўладими?” дея сўради совуққина қилиб. Айиқ ўз ҳужжатини Арслон акага узатди. Арслон ака ва комиссиядаги бошқа арслонлар айиқнинг ҳужжатини кўрди.

«Ҳурматли фуқаро Айиқ, бекор порталга ариза ëзибсиз, мана, ҳужжатда ëзиб қўйибди «Қуëн» деб. Демак, қуëнсиз ва шикоятингиз ўринсиз. Мана, ўрмонда адолат қарор топди», деди Арслон ака.

Сиз қани ҳақиқат деб сўрамоқчимисиз? 

Қанақа ҳақиқат, оғайни! Ҳақиқат нима қилади ўрмонда!

Комиссия аъзосиман деб келган арслонлар аслида эшаклар галаси эди. Улар арслонман деб, ўзига ҳужжат қилиб лавозимга ўтириб олган ҳанги эшшалар эди, холос.

Устозим деганинг шеърфуруш чиқса,

Суйганим деганинг эрфуруш чиқса,

Подшоҳим деганинг элфуруш чиқса, —

Чидагин, болам-а, чидагин,

Дардларинг танингга жойлансин.

Чидагин, болам-а, чидагин,

Оҳларинг қўшиққа айлансин.

(Усмон Азимов)

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
13 апрел 2018
Тошкентнинг Учтепа тумани аҳолиси билан 10 апрель куни ўтказган мулоқотида ИИВ ўринбосари, Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев соқол ...
25 январ 2022
Тошкентнинг барча ҳудудларида электр энергияси ўчгани сабабли Тошкент метрополитенининг барча йўналишларида вақтинчалик метро ҳаракати тўхтади. Ҳозирча мобил алоқа ишламоқда. ...
23 март 2022
Украинада Россия бошлаган уруш 27 кундан буён давом этаркан, Шавкат Мирзиёев 21 март куни тағин Владимир Путин билан телефонда ...
30 октябр 2019
31 октябрь куни Жиззах шаҳри апелляция суди 35 яшар Ўғилой Қулжонованинг ўз уйидан мажбурий чиқарилиши юзасидан шикоят аризасини кўриб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...