Асосий мавзулар
30 июн 2021

Шовотлик фермер: Ғалла шартномаларида фермерлар манфаати ҳисобга олинмаган

Шовот тумани ҳокимлиги 28 июнь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ғалла режасини бажарган фермерлардан қўшимча ғалла талаб қилинмоқда” мазмунидаги хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Туман ҳокимлиги расмий баёнотида “Шовот дон маҳсулотлари” АЖ ва “Шовот яхши ният агрокластер” МЧЖ билан тузилган шартнома мажбуриятлари бир қатор фермер хўжалиги раҳбарлари томонидан бажарилмасдан келинаётгани айтилади.

Агар бу шартномалар “бажарилган тақдирда Шовот туманида ун маҳсулоти баҳоси ошиб кетишининг олди олинишига эришилиши” таъкидланади.

Шовотлик фермер Неъмат Эшжоновнинг “Элтуз”га берган изоҳига кўра, ҳокимлик ва кучишлатар тизимларнинг фермерларга қўяётган талаблари ўринсиздир. 

Чунки “Шовот дон маҳсулотлари” АЖ ва “Шовот яхши ният агрокластер” МЧЖ билан фермер хўжаликлари ўртасида тузилган шартномаларда ғалла етиштирувчи фермерларнинг манфаати мутлақо ҳисобга олинмаган. 

Фермер ун маҳсулотлари нархи ошишига деҳқонлар билан шартнома тузган айни ташкилотлар сабабчи эканини билдирди. 

“Бу шартномалардан фермерларга манфаат йўқ. Масалан, улар ғалланинг килосини 1300 сўмдан ҳисоблашяпти. Лекин шартнома тузилаётган вақтда, бултур август сентябрь ойларида ҳокимлик аралашиб, “сен пахта-ғалла фермерсан, сен шу шартномани имзолайсанми, ғалла экасанми?” деган. 

“Ҳаммасига пахта экмайман, қўшимча ғалла, яна нимадир экарман”, деб ўйлайди-да фермер. Шунинг учун рози бўлади. Ҳокимлик “Шовот дон” ва “Яхши ният” билан шартнома қиласан, дейди. Улар арзон олади, десаям, йўқ, шуни қиласан, тамом, вассалом, дея шарт қўяди”, дейди фермер.

Ҳокимлик баёнотида асосий муаммо нима учун туманда режани бажарган фермерлардан шартнома режасини бажармаган фермерларнинг режалари ва туман режасини бажариш учун ҳам ғалла топшириш талаб қилинаётгани ҳақида лом-мим дейилмаган.

Бундан аввал, 25 июнь куни Шовот тумани ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят прокурори ўринбосари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. 

Телеграмдаги “Шовот фермерлари гуруҳи”нинг билдиришича, йиғилишда фермерлар битта-битта “разбор” қилинган. Юзга яқин фермерга режадан ташқари дон топшириш вазифаси юкланган.

Эшжоновнинг сўзларига кўра, бу шартномаларда эътиборга олинмаган жиҳатлардан яна бири сув етишмаслиги билан боғлиқ муаммолардир. Масалан, шу йил ёзда суғориш ишлари якунланганидан кейин кучга кирган янги сув солиғини олиш мумкин.

Бу йил қурғоқчилик бўлиб, хўжаликларга сув кам ажратилганига қарамай, сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ) солиқ идораларига реал сарфланган сув миқдоридан анча баланд ва фарқли бўлган экинларга зарур сув ҳажми меъёрларини тақдим этишган.

“Кейин биз ўзимизни ҳимоя қилиш учун СИУга бордик. Бизга шунча сув бердингми, дедик. Уларда йўқ бундай ҳужжат. Солиқ нимага асосан ҳисобланади, деган саволни қўйдик. 

Бу идора бизга қанча сув бергани ҳақида ҳужжат кўрсатиши, шу бўйича солиқ ҳисобланиши керак эди. Лекин СИУ бизга бундай ҳужжат бермаган. Ана шу гаплар умуман йўқ ахир! 

Гапга тушунишмайди. Барибир ўзлари билганини қилиб чиқариб ўтиришибди солиқни”, дейди Эшжонов.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 ноябр 2020
Блогер Нозим Сафари: «АОКА «Газета.ўз»га ҳам коронавирус бўйича маълумотлар таққосланган мақолалар учун огоҳлантириш жўнатибти. АОКА асл қиёфасини намоён эта ...
22 январ 2018
52 кишининг ҳаëтига нуқта қўйган автобусдаги ëнғиндан 4 кун ўтиб ўзбекистонлик муҳожирлар яна қозоқ даштларида муаммога дуч келди. 41 ...
2 сентябр 2016
Самарқанд марказидаги қабристон Ўзбекистонни 27 йил бошқарган марҳум ҳукмдорни дафн қилишга ҳозир. Ўзбекистондаги ”Eltuz” мухбирига кўра 1 сентябрдан бери ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...