Асосий мавзулар
22 феврал 2022

Бизга кластер эмас, кооперация керак! Маҳаллий амалдорлар фермерларнинг бу ниятига қарши

Хоразмлик фермерларнинг кластер билан шартнома имзолашдан бош тортиб, ўзлари кооперация ташкил этиб ишлаш саъй-ҳаракатлари маҳаллий ҳокимият вакилларининг кучли қаршилигига дуч келмоқда.

Бу ҳақда уларнинг президент маъмурияти раҳбари ва бош вазир дохил бир қатор амалдорларга йўллаган очиқ хатида маълум қилинган.

“Элтуз”да мавжуд ушбу очиқ хатда айтилишича, Шовот тумани фермерлари 2018 йилдан бошлаб пахта етиштириш бўйича туманда ташкил этилган “Textile Finance Khorezm” МЧЖ билан тўғридан-тўғри шартнома тузиб, пахта етиштириб келади.

Аммо фермерлар бу МЧЖ умуман кластер мақомига тўғри келмаслиги, умуман, республика бўйича ҳам кластер сифатида ишлаётган МЧЖларнинг тахминан 95 фоизи бу мақомга мос эмаслигини билдирган.

Очиқ хатда “сохта кластерлар” сифатида таърифланган бу МЧЖлар фақат фермер хўжаликларидан пахта сотиб олиб, қайта ишлаб, реализациядан келган юқори қўшимча даромаддан уларга тегишли улушини бермаслиги иддао қилинади.

Фермерлар хатидан тушунилишича, улар 2020 йилда Шовот туманида пахтани қайта ишловчи кооперация ташкил этишга киришган. Ўтган йиллар мобайнида кооперацияга қўшилишни истаган фермерларга туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар ва қишлоқ хўжалиги бўлими ходимлари томонидан қўрқитиш ва босимлар ўтказилиб келинмоқда.

Юқори ташкилотларга қилинган ариза-мурожаатларга “сизнинг туманингизда пахта тозалаш заводи йўқ ва туманда кластер мавжудлиги учун кооперация ташкил эта олмайсиз”, деган жавоблар бўлган.

Маълум бўлишича, шовотлик фермерлар мавжуд қонунчиликни ўрганиб, туманлараро пахта хомашёсини қайта ишлаш кооперациясини рўйхатдан ўтказган.

“Кооперациямизга Шовот, Гурлан, Янгибозор, Хонқа ва Урганч туманларидан фермерлар таъсисчи бўлиб кирмоқдалар. Энг замонавий технологияли пахта тозалаш заводи қуриш учун инвестор ўз маблағидан 40 млрд сўм инвестиция киритишини келишиб олганмиз”, дейилади фермерларнинг очиқ хатида.

Ундан англашилишича, 2022 йил 10 февраль куни соат 17.00 да кооперация таъсис йиғилиши ўтказилиши тўғрисида “Республика фермерлари” ва бошқа телеграм каналларда эълон берилган.

Йиғилишга 4-5 соат қолганида фермерларга туман ИИБ бошлиғи телефон қилиб,  соат 15.00 да инвестор билан бирга туман ҳокимлигига келиш тайинланган.

Бу ерда улар билан гаплашиш ва йиғилишни бекор қилиш учун вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Комилжон Собиров, вилоят прокурори ўринбосари М.Баҳриддинов, вилоят ИИБ терроризм ва экстремизм бўлинмаси ходимлари, туман ҳокими вазифасини бажарувчи Азамат Ёқубов, ҳоким ўринбосари Баҳром Шукурбоев, туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва “сохта кластер” раҳбари келган.

Вилоят ҳокими ўринбосари Комилжон Собиров фермерларга кооперация эмас, кластер ташкил қилиш, кооперациянинг таъсис йиғилиши қолдириш талабини қўйган. Шу боис, улар таъсис мажлисини қолдиришга мажбур бўлган.

Очиқ хатда айтилишича, қўшни Урганч туманида фермерлар ташкил этган кооперацияга шу воқеадан кейин “Агробанк”нинг туман бўлими ҳисоб рақам очиб беришни рад этган.

Фермерлар мамлакатнинг олий идоралари раҳбарларига ўзларининг кооперация ташкил этиш ҳуқуқлари бор-йўқлиги борасида мурожаат этиб, Адлия вазирлигидан бу масалага ечим сўраган.

“Вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ИИБ ходимлари, туман ҳокими ўринбосари, туман прокурори, ИИБ бошлиғи, тумандаги тўқимачилик корхонаси бошлиғи фермерларни чақириб, туманда кооперация ташкил қилиш ёки қилмаслик, туманда кластер бор, кооперация мумкин эмас, деб босим ўтказишга ҳақлимилар”, дея савол қўяди фермерлар.

Шунингдек, улар ўз ишларини режалаштириш учун йиғилиш ўтказишга туман ҳокимлигидан расман рухсат олиш талаб этилаётгани, ҳокимлик турли баҳоналар билан фермерларнинг уйига ИИБ ходимларини жўнатиб, “сохта кластерлар” билан оқ қоғоздаги шартномага имзо қўйдириб олаётгани масалаларига ҳам тўхталиб ўтган.

Фермерлар мамлакатнинг олий идораларидан кооперация тузиш ва маҳаллий амалдорларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига баҳо бериш учун малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар юборилишини сўраган.

Очиқ хатни Шовот, Янгибозор, Гурлан, Хонқа, Урганч, Хива туманлари фермерлари, шунингдек, “Республика фермерлари” телеграм гуруҳига аъзо фермерлар имзолаган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 май 2023
2023 йил 3 май, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Германия пойтахтида Германия канцлери ва президенти билан учрашди. Ҳуқуқ фаоллари  эса ...
15 май 2023
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Германиядан келган халқаро ташкилот вакиллари билан учрашувни бекор қилди. Учрашув олдиндан белгиланган эди. Учрашувга ...
9 апрел 2021
Бундан 9 кун олдин муттасил калтаклаш ортидан молхонада осилган ҳолда топилган ҳомиладор келин Мухлиса Қадамбоева мавзуси 9 апрель куни ...
23 май 2016
Ҳаво исиши билан сиқилган газнинг биржадаги нархи арзонлади, бироқ бу нархларнинг ахолига даҳли йўқ. Сўнгги ойларда биржа бозорида сиқилган ...
Блоглар
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...