Асосий мавзулар
23 март 2022

Мирзиёев 21 март куни Путин билан нима ҳақда гаплашди?

Украинада Россия бошлаган уруш 27 кундан буён давом этаркан, Шавкат Мирзиёев 21 март куни тағин Владимир Путин билан телефонда гаплашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, телефон суҳбати Россия билан ўрнатилган дипломатик муносабатларниннг 30 йиллигига бағишланган.

Кремл бўлса Мирзиёевнинг яна бир бор Россиянинг Украинадаги позициясини тўғри тушунишини билдиргани ва бунинг устига бу телефон қўнғироғи Ўзбекистон ташаббуси билан бўлгани ҳақида хабар бермоқда.

Ўзбекистон расмийлари хабарида эса Украинада кечаётган воқеаларга муносабат ҳақида умуман ҳеч нарса билдирилмаган.

Ўзбекистон ҳабарида Россия билан иқтисодий стратегик ҳамкорлик ва иттифоқлик сўнгги йилларда энг олий даражага кўтарилгани қайд этилган.

Россия томони эса мутлақо аксинча, суҳбат Украинада кечаётган воқеалар ҳақида бўлганини хабар қилмоқда. Владимир Путин суҳбат давомида Мирзиёевга Донбасс республикаси ҳимояси учун олиб борилаётган махсус ҳарбий амалиёт ҳақида маълумот берган, Ўзбекистон президент эса Россия томони позициясини тўғри тушунишини билдирган.

Расмий Ўзбекистон айни хабардаги бу тафсилотлар юзасидан ҳеч бир муносабат билдиргани йўқ.
Гарчи бундан илгари Ўзбекистон Украинадаги оғир вазиятни инобатга олган ҳолда бу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишини билдирган эди.

Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 17 март куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида қилган чиқишида билдирди.

“Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк республикаларини тан олмадик”, деган эди Абдулазиз Комилов.

Украинадаги можаро ортидан Ғарб мамлакатларининг Россияга қарши жорий этган санкциялари Ўзбекистонга ҳам тўғридан-тўғри таъсир ўтказаётганини урғулаган Абдулазиз Комилов мазкур санкциялар салбий таъсирининг олдини олиш Тошкент учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини урғулаган эди.

Ўзбек Форум инсон ҳуқуқлари ташкилоти рахбари Умида Ниёзова «Настоящее время» дастурига берган интервюсида Тошкентнинг расмий муносабатидан қатъий назар Москва барибир Ўзбекистонни ўз ҳаракатларини қўллаб қувватлаётган давлатлар қаторига тортишга интилмоқда, деди.

Ниёзованинг фикрича, ташқи сиёсатни мустақил юргизиш учун Ўзбекистон ҳукумати ўзининг Россияга қарамлигини камайтиришга эришиши керак.

Бундан олдин Мирзиёев Путин билан 25 феврал куни телефонда суҳбатлашган эди. Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов эртаси куни телеграм каналида эълон қилган баёнотида Тошкент Украина масаласида «нейтрал позиция»да эканини билдирган эди.

«Кечадан буён мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва блогерларидан Ўзбекистон ва Россия Президентларининг яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқоти якунларига изоҳ беришимни сўраб, мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шу муносабат билан ҳамкасбларимизга қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.

Икки томонлама муносабатларнинг кенг кўламли кун тартибида турган долзарб масалалардан ташқари, Ўзбекистон ва Россия етакчилари Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Россия Президенти давлатимиз раҳбарига махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари тўғрисида маълумот берди.

Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда» деган эди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов.

Элтуз Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган уруши атрофида кечаётган воқеалар тафсилотини кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 июн 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 53-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) МУСИҚА ҲАРОММИ? Буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзнинг ...
18 июл 2022
Бўстонлиқ тумани «Хўжакенттепа шаҳристони» археология ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилаётгани билан боғлиқ вандализм воқеасини Бўстонлиқ тумани прокуратураси ...
12 январ 2023
Ўзбекистон ССР Компартияси Марказқўмининг собиқ биринчи котиби, СССР Олий Cовети Миллатлар кенгаши собиқ раиси таниқли ўзбек-совет сиëсий арбоби, дипломат, ...
16 феврал 2017
Президентнинг 15 февралдаги фармонига кўра, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги иккига ажратилиб, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...