Cатира
16 январ 2024

Духи ушлаган азройил

Қотил атр сотувчилар ҳақидаги овозли ва текстли хабарлар тармоқни титратмоқда.

Атиргулим атрингни соч, гўрингда гўрковинг бўлай… Қотил одеколон!

Кобра заҳридан ҳам тез ўлдирадиган исли сув! Духи ҳидлатиб ўлдирадиган жаллодлар.

Украин ватанпарварлари ўрисқулларни атр ҳидлатиб ўлдираëтган экан. Самарқанд, Тошкент ва Фарғонани Қўқон шамоли каби қамраган бу совуқ гаплардан қўрқув, воҳима, хатар ҳамда қўрқинчли васваса ҳиди келади.

Битта келин ойи Самарқандга зиëрат учун борганида Гўри Амир атрофидаги кимдир «шу атрни ҳидлаб кўринг, коронадан кейин бурним ҳид билмай қолган» дея, шишадаги атрни тутқазган.

Келин ойи ҳам атирни ҳидлагану тили калимага келмай тошдай қотган. Бировлар сразу, яна бировлар духи ҳидлаганидан ярим соат ўтиб ўлиб қолмоқда.

Бир биридан қўрқинчли эсемес ва «голосавой»лар телефондан телефонга ва мессенджердан бозордаги пистачи хотинлар тилига кўчиб юрибди.

Соцсетнинг ўзи бу хабарлардан қалтираб қақшаб кетмоқда. Айниқса, СССРни соғинган ўрисқул ва путинқуллар қаттиқ қўрқмоқда.

Чунки бу киллер духи Украинанинг ўрис босқинчиларига қарши янги даҳшатли қуроли экан. Бундай миш-мишлар олдинроқ Россия ва Қозоғистонда ҳам тарқалган эди. Самарқанддаги каби Россияда ҳам қандайдир номаълум хотин киши кўчада кимгадир духи ҳидлатган ва ҳидлаган эркак тил тортмай ўлиб тарашадай қотган.

Кўча хотинлари нима деяпти?

«Қизлар мен бу ҳақда эшитувдим. Ўткан ҳафта қайинсинглим телефон қилиб Татаристонда ўнлаб киши духи ҳидлаб ўлганини айтганди. Қотиллар қишлоқма қишлоқ оралаб юрганмиш. Ана энди духи киллерлари бизнинг кўчада изғимоқда!»,

«Қўқондаям шу гап. Зироатопани маҳалласида ўша духини ҳидлаган ҳожака ўлиб қопти. Уйма уй юриб, ҳидлаб кўринг деб, шиша кўтариб юришибди. Яқинларни огоҳлантириб қўйинглар. Хидлаганлар ярим соатга қолмай анëққа кетворяпти!»,

«Мен Самарқандда пожарнийни орқасида яшайман. Худди шундай бўлди. Тожикча гапирган хотин келиб духи ҳидлатди амакимга. Ярим соат ўтиб амаким икки букилиб қолди. Скорий келганда уже жони узилган эди. Просто юраги тўхтаб қолган. Ҳозир пробкада турибман Университет яқинидаги кўчада, битта хотин машиналарни олдига битта-битта бориб атир ҳидлатиб юрибти. Сигнал чалиб, ойнани тушириб сен Украинадансан десам, қочиб қолди.

Элтуз тасарруфидаги ўнлаб овозли ва текстовой сообщениялар мазмуни деярли бир хил. Баъзилари моргда ишлашини ва исли сув «дегустацияси» боис ўлганларни ўз кўзи билан кўрганини айтишади.

Элтуз мухбири Самарқанд тиббиëт институтининг исми айтилишини истамаган профессори билан гаплашди. Профессор бу шунчаки инсон миясидаги қўрқувга асосланган васваса эканлигини таъкидлади:

– Бу фейк. Келиним тез ëрдамда ишлайди. Духидан заҳарланиб касалхонага тушиш бўйича бирорта ҳолат Самарқандда қайд қилинмаган. Мен буни атай сўрадим. Такрорлайман, ғирт ëлғон бу. Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ҳам бирорта одам духидан заҳарланиб госпитализация қилинмаган.

Қўқонлик врачга кўра¸ Духидан отравление бўлган касал умуман мавжуд эмас ва бу фейк информацияни тарқатаëтган хотинлар бориб уйидаги идиш товоғини ювиши керак.

Тошкентлик врач Марат Кравчук хусусий клиникада врач-терапевт бўлиб ишлайди ва олий квалификацияга эга токсиколог.

Элтуз саволини кулиб қарши олди.

– Васваса, бред, алаҳсираш ва навбатдаги «шаҳар чўпчаги». Шаҳардаги токсикологлар кулгисига сабаб бўлган фейк. Кимдир лайк олиш, репост ва хейп учун қаттиқ ҳаракат қилган. Ўқимаган авлод шунақа фейк гапларга тез ишонади.

Мейнстрим медиага назар ташладим, теракнинг учи бекорга қимирламайди деган умидда. Аммо у ерда ҳам духи ўлдирган мақтуллар ҳақида сукунат.

Австралияда бир хотиннинг кўтини туалетда илон чаққани дунë матбуотида намбр вон. Хотин баннисада.

Илон ўрмонда ўрмалаб юрибди. Эврилиш Суғурта агенти Грегор Замза ўз уйида улкан ҳашаротга айланиб қолади… Машҳур сюрреалист ëзувчи Франц Кафканинг бу ҳақдаги ҳикояси 1981 йилда Шарқ юлдузи журналида Муҳаммад Солиҳ таржимасида босилганида катта кўпчилик эътиборини тортмади.

Адабиëт оламидаги йигирма нафар эстет ўқиб, бир-бирларига мақтаб қўя қолишди. Ҳолбуки, бу ҳикоя 200 минг тиражда чоп қилинган эди. Ҳолбуки, Кафка илк марта ўзбекча гапирган эди. Ҳолбуки, попукқанд каби чучмал матнлар тўла журналда илк бор Ғарбча иронияга тўла битиклар пайдо бўлган эди. Афсус чучмалликка гиëҳванд вужудлар бу матнни қабул этмади.

МИЯМИЗДАГИ ИЛОН

Аммо ўткан йили декабрда Кафка ҳикоясига ўхшайдиган ривоят тарқалиши ҳамоно Ўзбекистондаги оддий аҳоли шуурини ишғол қилди қўйди.

Гўë ҳожи она ҳаждан келиб, нолингани заҳоти ўз уйида илонга айланиб қолади…

 (Ҳажда илон каби судралиб, товуқ каби тош тердик, деб нолинганмиш)

Яна бир маълумотда эса ҳожона товуққа айланиб, гўнг титиб юради. Фақат телефон ойнагида акс этган ва уйдирмалиги шундоқ кўриниб турган бу воқеа оғиздан оғизга, уйдан уйга, тилдан тилга, телефондан телефонга кўчди.

Ана айтмадимми, ўшанақа бўлади, ажаб бўпти, илойим баттар бўлсин, деган хулосалар сабаби бўлди бу лавҳа.

Франц Кафка каби юксак зако соҳиби жунбушга келтира олмаган ўзбеклар шуури оддий ҳаваскор тасвирчи тарафидан кам куч билан ишғол қилинди.

ҲАЛИМАГА ҚАРШИ ИСËН

Франц Кафка ўзининг Эврилиш ҳикоясида моддий неъматларнинг қул каби истеъмолчисига айланиб бораëтган кичкина буржуазиянинг руҳий қадриятлардан узоқлашиб ҳашаротга эврилиш жараëнига эътиборимизни қаратмоқчи бўлади.

Бугун Ўзбекистонда тарқалган миш мишларда ўрисқул бўлганлар атр ҳидлаб ўлади илонга айланган аëл эса руҳий оламга беписанд бўлгани учун, гўë жазоланади.

Яна ҳам тўғриси, бошқа Ҳожи оналар айта олмаган гапни айтишга журъат қилгани учун ривоятдаги аëлнинг тили жазога лойиқ кўрилади.

Зеро ўзбек аëли нолимаслиги керак. Айниқса Ҳожи она.

Умуман ўзбеклар сабр қаноат, битмас туганмас тоқат соҳибидир, дея шаклланган стереотип сувратига зид ҳар қандай хатти-ҳаракат омма наздида жазога лойиқ.

Мунаққидлар Кафка ҳикоялари парадокс, яъни ҳақиқатнинг тескарисига асосланганини ëзишади. Шу маънода ўзбекларнинг сабрли экани ҳам парадокс яъни нисбий кўринади.

Ўз раҳбарининг зулм ва таҳқири, ҳамда сўкишларига сурункали чидаб келаëтган бу омма ТВда сўкинган масхарабоз дўмбоқча, Ҳалиманинг линч қилинишини бир овоздан талаб қилмоқда.

Бу ҳақда Элтузда ëзилган мақола остида қолдирилган изоҳлардан ҳулоса чиқарсак, ўзбеклар қуюшқондан, белгилаб қўйилган доиралардан сал четга чиққанларга ўта тоқатсиз.

Фавқуллода тоқатсиз десам ҳам муболаға қилмайман. Яна бир эътироз эса Маккада валютафурушлик қилаëтган ўзбек йигитга аталди.

Аммо 2024 йилнинг биричи ўн кунидаги энг кўп тарқалган миш-миш бу атир ҳидлаб ўлаëтган ўрисқул ўзбеклар ҳақида бўлди.

Бу васваса интернет деб аталмиш стакан ичида турли лақаблар ортига яширинган ғаввослар тарафидан кўтарилган бўлса ҳам, барибир зеҳниятимизга оид диагноз учун маълумот бўла олади.

Бу диагноз жорий йилнинг биринчи январида ўзига ўт қўйган самарқандлик 32 яшар хотин танасининг гуриллаб ëнган ëруғида янада равшанроқ кўринди.

Ҳолбуки бу хотин атр ҳидлаб ўлгани йўқ. Уни чорасизлик ўлдирди. Қотил духи ҳақидаги гаплар эса васвасадан бошқа нарса эмас. Васвасани тарқатаëтганлар эса илми, билими йўқ ва президент қарорларини ўқимаган ақлсиз аққаллият.

Атиргулим атрингни соч, давринда беморинг бўлай.

Тағин ўқинг
15 август 2019
«Зангиотага воронокда олиб кетяпти. Машинадаги ҳаммаси ёш йигитлар, фақат мен 60 ёшдаман. Ёшлар тинмай чекишяпти, нафас олишга ҳаво етишмайди. ...
12 сентябр 2017
12 сентябр куни тармоқда Сирдарёда туман ҳокимининг мактаб директорларини ураётгани акс этган видео тарқалди. Кун.уз нашри тарқатган видеода Сирдарё ...
9 декабр 2019
Туркияда яшаётган атоқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақида ...
13 июн 2023
Гулнора Каримова аёллар қамоқхонасидан уй қамоғига ўтказилгани ҳақида хабарлар келмоқда. Тафсилоти Элтузга маълум эмас. +++ Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...