Асосий мавзулар
13 феврал 2024

Агроинспекция мингбулоқлик фермерларнинг пахта ишлаб чиқариш кооперативига қарши  

17 та фермер хўжаликлари бирлашиб ташкил этган “Eko Zamin Oltin Tolasi” ишлаб чиқариш кооперативи (ИЧК) иши.  

Фермерлар 2023 йили ўзлари етиштирган пахта ҳосилини Наманган вилояти, Мингбулоқ туманида фаолият юритаётган “Art Soft Tex” кластерига бермагани учун сарсон бўлмоқда.

Ўқувчиларни Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган қонунлар, Президент томонидан имзоланган қарорлар билан бошини оғритмоқчи эмасмиз. Фақат шуни айтиш жоизки, фермерларнинг кооперацияларга бирлашиб, бозор шароитида тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқи тегишли тартибда қонун билан мустаҳкамланган.

Гарчанд, улар ноқонуний фаолият билан шуғулланмаган бўлса-да, фермерлар бирлашиб ташкил этган “Eko Zamin Oltin Tolasi” кооперативи устидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Наманган вилоят бошқармаси томонидан судга даъво аризаси киритилган.

Агроинспекция суддан нимани сўрамоқда?

Наманган туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилган агроинспекция Мингбулоқ туманида рўйҳатдан ўтган “Eko Zamin Oltin Tolasi” кооперативининг пахта ва ғалла етиштириш, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари билан пахта етиштириш бўйича иккиламчи шартномалар тузиш орқали пахта хом ашёсини қабул қилиш, қайта ишлаш ва биржа савдолари орқали сотиш фаолиятини тугатишни сўраган. Ҳа, шунақаси ҳам бўлади!

2023 йил 27 сентябрда суд ҳам мазкур аризани қисман қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарган. Киритилган аппеляция шикояти 2023 йил 2 ноябрда кўриб чиқилиб, шу куннинг ўзидаёқ қаноатлантириш рад этилган ҳамда шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Биринчи инстанция суди ҳам, апелляция инстанциялари ҳам “Eko Zamin Oltin Tolasi” кооперативи томонидан қандай қонунбузарлик содир этилганлиги, қонунбузарлик бўлган тақдирда унга нисбатан қандай жавобгарлик келиб чиқиши, унинг ҳаракатлари оқибатида кимларнинг манфаатига зарар етаётганлиги, ёҳуд ҳуқуқлари поймол бўлаётганлиги исботланмаганлиги тўғрисидаги кооперациянинг ваъжини умуман муҳокама қилмади, кўрсатиб ўтмади ва асослаб бермади.

Фермерлар судларнинг қароридан норози бўлиб, Олий судга аппеляция шикояти йўллади. Айни шу пайтга келиб, Олий суд томонидан тайинланган кассация тартибидаги ишлар ҳам ўрта бўғин судларида тафтиш тартибида кўрилиши ҳақида гап чиқиб қолди. 2024 йил январ ойида фермерлар иши яна Тошкентдан Наманганга қайтарилди.

Февраль ойи бошида Наманган вилоят иқтисодий судида мазкур иш кўриб чиқилди. Агроинспекция раҳбари Мурод Шарипов Республика президентининг 06.03.2020 йилдаги  4633-сонли қарорини рўкач қилиб, гўёки фермерлар пахта ишлаб чиқариш кооперативини ноқонуний тузган ва ҳукумат қарорига кўра, кластер фаолият олиб бораётган ҳудудларда кооперация ёки қўшимча кластер тузиш мумкин эмас, деган изоҳни келтирди. Шунингдек, кооперация тузиш учун пахта заводи бўлиши кераклиги, ушбу кооперацияда пахта заводи йўқлиги, шунингдек, фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан пахта ҳосилини сақлаш талаблари бузилганлиги ҳақида хат борлигини билдирди.

Фермерлар унинг бу фикрларига эътироз билдириб, Мингбулоқ туманида фаолият олиб бораётган “Art Soft Tex” кластерини ҳам пахта заводи йўқлигини, улар ҳам пахта тозалаш заводини ижарага олиб ишлатаётганлигини таъкидлаган.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мавжуд. Бу қонунга кўра, фермер хўжаликлари ҳам мустақил субьект ҳисобланиб, уларнинг раҳбарлари ҳам тўлақонли тадбиркор саналади.

Умуман олганда, кооперация тузгандан буён тинчи бузилган, гарчи қонун улар томонда бўлса-да, аммо ҳуқуқлари учун курашиб, ҳақиқатни қарор топтириш умидидаги фермерлар ҳам салкам юрист бўлиб кетган. Улар кластер вакилига ҳам, агроинспекция вакилига ҳам, Мингбулоқ тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуносига ҳам асосли ҳамда рад этиб бўлмас саволлар, маълумотлар ва далилларни беришди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили судда “фермерлар ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаганлигини, улар ҳам тадбиркор мақомига эга эканлигини, вазирлик тарафидан уларнинг турли уюшмалар ва бирлашмаларга бирлашиб фаолият юритишига тўсқинлик йўқлигини” маълум қилди.

Суд давомида фермерлар деярли жавобсиз қолган кўплаб саволлар билан мурожаат қилди: Биз кооперация тузиб, ноқонуний иш қилган бўлсак, нега Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари маркази кооперацияни рўйхатдан ўтказди? Қуйи инстанция судлари агроинспекциянинг аризасини қаноатлантиргани оқибатида нафақат “Eko Zamin Oltin Tolasi” ишлаб чикариш кооперативига, балки бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларига моддий зарар етмоқда. Бу зарарни агроинспекция тўлаб берадими?  Қайси қонуннинг, қайси моддасида кооперация тузмаслик ҳақида ёзилган? Бизнинг кооперация тузишимиз кимнинг манфаатларига зид келмоқда? Биз қайси қонунга зид равишда фаолият юритдик?

Наманган вилоят иқтисодий суди судлов ҳайъати томонларнинг кўрсатмаларини тинглаб бўлгач, Мингбулоқ тумани кадастр агентлигидан вакил келмаганлиги боис навбатдаги суд ишини 15 февралда давом эттиришни маълум қилди.

Тағин ўқинг
18 ноябр 2015
Обид қорига суиқасд қилган Жуковский буйруқни Тошкентдан олгани ҳақидаги айблов хулосасини Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерссон 17 ноябр куни ...
21 октябр 2023
Қадрли мухлислар, бугунги мавзуимиз мен учун айтиш ноқулай, аммо эҳтимол кўпчилик учун қизиқ бўлган Туркияга киритилмаслигим мавзуйига бағишланади. Шу ...
2 июл 2019
Ҳукуматнинг тўйларни чекламаслиги ҳақидаги хабарлари ортидан 2018 йилнинг 2 июлида Тошкентда 13 та карнайчи иштирокида ўтказилган тўй тасвирлари тармоқда ...
17 март 2023
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.  Матчон Суқилиш: Ничиксизлар мўччи ойбика ҳам хўжик ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...