Асосий мавзулар
21 феврал 2024

Блогер Дилдора Боймуродова қамоқда калтакланганми?

Элтузга ушбу мактубни кўп йиллар давомида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Навоий вилояти ҳокимлари ва бошқа мутасаддиларни танқид қилган блогер Дилдора Боймуродованинг фарзандлари йўллади. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган 48 ёшли Дилдора Боймуродова айни дамда Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясида сақланмокда.

2021 йил 9-март куни Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати Боймуродова Навоий шаҳридаги кафелардан бирида вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Нодир Ниёзовдан 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини олаётган вақтда қўлга олингани ҳақида хабар берди. ИИБ хабарномасида айтилишича, фуқаро Боймуродова айрим маълумотларни эълон қилмаслик эвазига Нодир Ниёзовдан 1500 доллар талаб қилган ва пулни олаётган вақтида ушланган.

Ҳибсга олинганидан сўнг, Боймуродовага суд қарори чиққунига қадар уй қамоғи тайинланган эди.

Жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди 2022 йил 4-октябр куни Боймуродовани товламачилик ва туҳмат қилишда айбдор деб топиб, унга 3 йилу 9 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Боймуродова тунги вақтда уйда қолиши, ўзи яшаб турган шаҳар ҳудудидан чиқиши ҳақида хабар бериши ва интернетдан фойдаланмаслиги керак эди.

Боймуродова ўз айбини қатъиян рад этади. 2023 йил январ ойида у суд қарорига норозилик билдириш учун Тошкент шаҳрига боргани сабаб унинг ҳаракат эркинлигини чекловчи суд қарорини бузгани учун ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинади. 2023 йил 24-январдаги суд қарорига кўра, Боймуродова ўзига тайинланган жазо муддатининг қолган қисмини (2026 йил 10-ноябргача) Зангиота аёллар колониясида ўташ учун юборилади.

Гарчи Элтузда Боймуродованинг айбсизлигини исботловчи ҳеч қандай далил йўқ бўлса-да, бироқ таҳририят қуйидаги хатни ўқиб чиқиб, жазонинг оғирлик даражаси содир этилган жиноятга мос келиши кераклигини таъкидлашни жоиз деб топди.

Мактубни маҳкуманинг қизи Элтузга йўлламоқда.

“Бир йилдирки, онам – 2-гуруҳ ногирони Боймуродова Дилдора Наимовна Зангиота туман 21-сон жазони ижро этиш колонияси (ЖИЭК) да оғир шароитда сақланиши ортидан соғлиги ёмонлашди” дея ёзади у қамоқдан йўллаган мактубида.

Унинг билдиришича, онасини октябрь ойидан буён тарбияси ўта оғир бўлган 7-туркумдаги 50 нафар жанжалкаш маҳкумалар ичига қўшиб қўйишган.

“Онам айнан шу 2-секторда кўп судланган ва қамалганлар орасида яшаб, 2023 йил 9 ноябрь куни иккита зўравон маҳкумалар Гўзал Парпиева ва Нилуфар Ўрмонқуловаларнинг куч ишлатиши ортидан “мия чайқалиши” ташхиси билан аҳволи оғирлашган эди. Бу пайтда эса зона тиббий бўлимида зарур дори воситалари топилмагани сабабли ўз вақтида тиббий ёрдам ҳам кўрсатилмаган, дея ёзади у.

Мактубга кўра, фаол маҳкума мия чайқалиши ва инсультни бошдан кечирган бироқ муолажасиз юраверган. Унга қариндошлари 18 ноябрдагигина дори дармон етказиб беришга муваффақ бўлишган. 20 ноябрдан кейингина даволанишга ётқизилган.

“Онам бу ҳолатларни ўзига нисбатан қасддан содир қилинган деган гумонда. Онамнинг соғлиғини ўйлаб, ҳар ой қамоқхонага 1 миллион сўм атрофида дори воситалари киритамиз” дея ёзади у.

У шунингдек, бу пулни топиш унга осон эмаслиги, мавсумий ишлар билан шуғулланиши. Қариндошлари ҳам камбағал экани ҳақида ёзади. Унинг оиласида ёлғиз ишчи, талаба ва фарзандири ёлғиз тарбиялаётган опаси бор.

Қаҳратон совуқ ва жазирамага қарамасдан узоқ йўл босиб онасини кўришга бориши ҳақида ёзади у ўзининг уқубатли мактубида.

“Онамни тезроқ озодликка чиқишлари учун ҳаттоки кўп нарсага кўз юмиб яшаяпмиз. Онамга нисбатан турли жазо чораларини қўллайвериш ёки уларнинг олинмаслиги ҳаддан зиёд адолатсизлик эмасми?” дейди у ўз мактубида.

Унинг тағин ёзишича бир неча марталаб жиноят қилганларга ҳам авф қўлланиляпти. Наҳотки, бир ожиза ногирон аёлнинг қилган жинояти шу қадар кечирилмас бўлса?! Бир катта бошқарма бошлиғига бир ожиза шунча катта зарар етказа олдими? Ҳайронман, қани инсон қадри?” дея ҳасрат қилади Боймуротова.

Унинг онасидан иқтибос келтириб ёзишича, Навоий вилоят ДХХ раиси ўринбосари Абдували: “Сени йўқотиш топшириғи бизга президентдан келган, қўлингдан ҳеч нарса келмайди буёғига, ё зонадан умрбод чиқолмайсан ва ёки ўлиб кетасан” деб айтган.

Шу боис унинг зона бошлиқларига йиғлаб ёзган аризалари ўқилмасдан, йиртиб ташланмоқда.

“Онам кимни уриб ҳақорат қилдики, бундай муносабат қилиняпти? Онамни урган маҳкумаларга жазо ҳам тайинлашмади, ахир. Ёки улар буйруқни бажаришдими? Нега жазо олиш ўрнига озодликка чиқиб кетишди? Ёки маҳкумалар тенг ҳуқуқли эмасми? Буни қандай тушуниш мумкин?!” дея ёзғиради мактуб эгаси.

Онасининг айтишича, янги йил олдидан калониядан яна бешта аёлнинг ўлиги чиқибди.

“Буларни эшитиб қандай жим ўтириш мумкин?! Биламиз, у давлат органлари ходимларига ёқмайдиган ишларни қилди. Уни шу усул билан фаолиятини тўхтатишди. Аммо бир кун онамни касаллик сабабли нимадир бўлди дейишса ишонмаймиз ва бунга жим қараб турмаймиз” дея ёзади у.

“16 январда онам узоқ муддатли учрашувга уйқусираб, кучли бош оғриғи ва хорғин ҳолда чиқди. Тайинли гаплаша олмадик ҳам, ётиб қолдилар. Узоқ муддатли учрашувимизни қасддан ортга сурдириб, биз билан онамни хорғин ҳолатда учраштиришди” дея тасвирлайди холатни Боймуродованинг қизи.

У шунингдек онасининг ижодкор эканини ҳам урғулайди.

“Онамнинг айтишига кўра, 1 та 34 варақли, 1 та 24 варақли, 1 та 10 варақли, 1 та 22 варақли, 1 та 16 варақдан иборат шеърлари ёзилган дафтарлари цензура қилиниб, қайтариб берилмаган. Сабаби дафтарлар Фахриддин исмли цензурачи бошлиқ томонидан муҳрланмай олиб қўйилаяпти экан. Агар улар муҳрланмаса, бу дафтарлар ҳеч қачон зонадан олиб чиқилмас экан.

Онамнинг ижод қилиш эркинлигидан ҳам айириб, конститутцион ҳуқуқларини топташмоқда. Онамнинг жами бешта шеърлар битилган дафтарларини биз фарзандларига беришларини талаб қиламиз”, дея ёзади у.

У шунингдек булар ҳақида колония раҳбариятига ҳам хабар берганини билдирган. Аммо бир ойдан ошдики, бирор ҳолат ўзгармаган, аксинча ёмонлашган. У ўз мактубида, ходатни холис ўрганадиган ходимлар гуруҳи суриштиришини талаб қилган.

Дилдора Боймуродованинг қизи йўллаган бу мактубнинг айрим жиҳатларигагина эътибор қаратдик. Бироқ мактубдан жазонинг нисбатан адолатсизлиги нарса кўзга яққол чалинади.

Масалан куни кеча, Хоразмдаги меҳрибонлик уйидаги етим қизларни жинсий алоқага мажбурлаган амалдорлар ҳеч қачон қамоққа юборилмагани, аммо икки йиллик енгиллаштирилган жазони манзил колонияда ўтаётганлиги маълум бўлди.

Эски бир мисолни ҳам эслаймиз: Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов 20 йилга озодликдан маҳрум этилган, аммо… жазо шартли бўлган. Ўшанда Тошкентнинг собиқ ҳокими ўта йирик миқдорда иқтисодий зарар етказганликда айбдор деб топилиб, тахминан 1 миллион 300 минг долларни давлатга қайтарди. Шу боис, у бир кун ҳам панжара ортида ўтирмади.

Саволимиз шуки, Боймуродова жамият учун шунчалик хавфли шахсми, уни қамоқда сақлашда давом этиш керакми? Элтуз айни саволга расмийлар томонидан жавоб кутади. Каналимизга обуна бўлинг. Видеоларимизга лайк қолдиринг.

Тағин ўқинг
6 май 2022
Бугунги ваъзни тез айтиш билан  бошласам. «Оқ чойнакка оқ қопқоқ¸ кўк чойнакка кўк қопқоқ»… Матчон Суқилиш: Тез айтиш ўрнига маймунлар ...
30 август 2023
Рассом ва журналист Шуҳрат Бобожонов ўзининг тарих¸ тасвирий санъат ва мумтоз адабиëтга оид китоблар йиғилган кутубхонасини Урганч замонавий санъат ...
14 январ 2023
РТ: Бугунги жума ваъзи қисқа бўлади. МС: Навчун оғо, сўқишдингизми ë? Ўдин оз бўлсом гап кўп дар адила хонқолило. ...
8 октябр 2021
Бу 20-асрнинг энг буюк ўзбек шоири Мухаммад Солиҳ ëзган шеърдан иқтибос эди. Бир вақтлар Гдлян «Ўзбеклар ўғри» деганда, Ўзбекистондаги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...