Асосий мавзулар
7 май 2018

Ўзбекистон учун АЭСдан кўра қуёш энергетикасидан фойдаланиш маъқул эмасми?

Европанинг энг ривожланган давлатлари, жумладан, Германия, Осиёда эса Япония атом электр станциялари ўрнига қайта тикланадиган муқобил энергетикага ўтиш қатъиятини намойиш этаётган бир пайтда Ўзбекистон АЭС қуриш ҳаракатига тушиб қолган.

Мамлакатимиз Туркия, Беларусь, Эрон, Миср, Ҳиндистон, Бангладеш, Хитой каби АЭС қуриш йўлини танлаган кўринади.

Яқинда Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг очилиш маросимида ҳам шу мавзуда гапирган президент Шавкат Мирзиёев Россия билан бу ҳақдаги келишув ҳатто жорий йилнинг ўзидаёқ имзоланиши мумкинлигига ишора қилди.

Гарчи бу лойиҳа қиймати маълум қилинмаган бўлса-да, айрим манбалар унинг нархи 10 миллиард доллардан ошиқ бўлишини тахминлаяпти.

Айтиш керакки, Ўзбекистоннинг ўз АЭСига эга бўлиш мақсади ҳақида 2014 йилда, ҳали Ислом Каримов қудратда эканида хабарлар пайдо бўлганди. Аммо бу ният аста-секин йўқликка сингиб кетганди.

Янги президент Шавкат Мирзиёев бу лойиҳани амалга ошириш орқали мамлакатнинг электр энергиясига бўлган йил сайин ўсиб бораётган талабини қондириш, шу орқали энергетик мустақилликни мустаҳкамлаш мақсадини кўзлаётгани айтилмоқда.

Тўғри, АЭС баҳона Ўзбекистонга илғор технологиялар кириб келади, минглаб янги иш ўринлари яратилади, саноат ривожланиши тезлашади.

Шу билан бирга, Япониянинг Фукусимасидаги 2011 йилдаги даҳшатли атом ҳалокати бундай лойиҳаларга жиддий ўйлаб, анча эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундайди. Қолаверса, 1986 йилдаги Чернобиль АЭСидаги авария ҳали кўпчиликнинг хотирасидан кўтарилгани йўқ.

Бундай хавфидан ташқари АЭСни қуриш жуда қиммат, унга хизмат кўрсатиш ҳам катта молиявий харажатларни талаб қилади.

Бошқа томондан, ундан олинадиган электр энергиясининг таннархи арзон, АЭС атмосферага зарарли газлар чиқармайди.

Электр энергияси танқислигидан азият чекаётган ўзбекистонликлар орасида АЭС қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаётган кўплаб топилишига шубҳа йўқ.

Шу билан бирга, АЭС ўрнига қуёш электр станцияси қуриш фойдалироқ ва хавфсизроқ бўлиши ҳақида ўйлайдиганлар ҳам бор.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қуёш энергиясининг потенциали қарийб 51 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг.

Таҳлилчи Азиз Носирнинг биз билан суҳбатда таъкидлашича, қуёш электр станцияси қуриш нархи АЭСникидан анча арзон. Бундан ташқари, унинг қурилиши тезроқ амалга ошади. Хавфсизлик жиҳатдан у АЭСдан кўра тўлиқ устунликка эгалигини эса айтмаса ҳам бўлади.

“Ўзбекистон битмас-туганмас қуёш энергетикаси манбасидир. Бу имконият турганида АЭС қуришга жуда катта маблағ йўналтирилишини тушунтириш қийин. Бунинг ўрнига биз асосий эътиборни айнан қуёш электр станциялари қуришга қаратишимиз мантиқли бўларди”, дейди таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, АЭСга сарфланадиган маблағга қуёш электр станциялари қурилса, АЭСдагидан бир неча баробар кўпроқ электр олиш мумкин.

“Ўзбекистон қуёш энергетикасидан фойдаланишга ҳам катта эътибор қарата бошлади. Аммо АЭС қуриш лойиҳаси бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар кўламига таъсир этиш эҳтимолини эътибордан соқит қилиб бўлмайди”, деди таҳлилчи Азиз Носир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 январ 2018
Стокгольм марказида террор ҳужуми уюштирганликда айбланаётган 39 ёшли Раҳмат Оқиловга швед прокурори умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради. Бу ҳақда ...
13 июн 2018
Юнонларнинг Марказий Осиёга сургун қилинишининг сўнгги босқичи Сталин томонидан 1949 йил 13 июнга ўтар кечаси амалга оширилди. Бир кечада ...
2 август 2017
30 июл куни «Таҳлилнома» кўрсатувида Каримовнинг «тўмтайиб юришлари», мамлакатдаги валюта «қора бозори», қўшнилар билан муносабат, чегара масалаларида йўл қўйган ...
15 декабр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com 14 декабр куни Жиззах шаҳрининг Бобур махалласида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида ўқиб берилган МХХ мактуби мазмунидан ...
Блоглар
12 октябр 2018
Ўзбекистон ҳарбий қисмларидан биридаги аскарнинг «Элтуз»га билдиришича, улар вақтли ҳарбий хизматни Андижон вилояти далаларида пахта ...
10 октябр 2018
«Cуҳбатимиз ғайритабиий тус олаётганга ўхшаб кетяпти менинг назаримда, яъни мелиса ходими ва маҳкум ўртаси­даги савол‑жавоб ...
9 октябр 2018
Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлиги октябрь ойининг бошида Ўзбекистонда кўриш тақиқланган 103 фильм рўйхатини ...