Асосий мавзулар
21 июл 2016

Йўқ машина теримига тайёргарлик бундай бўлибди-да!

Аввал ҳам айтганмиз, «Қишлоқ ҳаёти» ажойиб газета. Қишлоқ одамларига, деҳқонларга экинни қачон экиш, гўнгни қачон қаерга ишлатиш борасидаги қиймати йўқ маслаҳатлари билан кишини хурсанд қилади.

Бу сафар эса газета бутун ўзбек халқининг қарийб 25 йилдан буён ушалмаган орзуси – пахтани машинада териш мавзусини кўтарди. Кўтаргандаям шунақа кўтардики, Афанди болаларни фалон жойда ерга чалпак ёғди, деб алдаб, болалар ўша ёққа чопиб кетгандан сўнг ўзи ҳам шу гапига ишониб, болаларнинг орқасидан югурганига ўхшаш лофни урди.

Аввало, Ўзбекистонда пахтани машина териш амалиёти йўқолганига жуда кўп йиллар бўлгани бор гап. Кейин бу жараённи қайта тиклаш ишлари ҳам бугунги кунгача самара бермаганини ҳатто қишлоқ хўжалиги вазири ҳам билади (Бошқалар билганига ўнлаб йиллар бўлган. Лекин нимагадир шу соҳага масъуллар сал кечикиброқ эшитади).
Ҳозир пахта фақат қўлда, ўшандаям, халқаро ташкилотлар эътирофича, мажбурий меҳнатга асосланган ҳолда териб олинади.

Ҳар йили юз минглаб ўқитувчи ва шифокор, турли касб эгалари давлат учун «оқ олтин» териб беради.

Осмондан чалпак ёққандек, «Қишлоқ ҳаёти» ҳе йўқ, бе йўқ, машина терими мавзусини кўтариб қолганини ўқиб: «Наҳотки бу йил Ўзбекистонда пахта машинада терилса?» деб таажжубга тушиб қолади одам.

Ўтган йили баъзи хўжаликларга далага терим машинаси солингани бор гап. Аммо икки марта у ёқ-бу ёққа бориб келган машинага нима жин урди, дарров уни дала четига чиқаришиб, фақат комиссия келганда бир кўрсатиш учун эшакка ўхшаб дала четига боғлаб қўйишди.

Шу-шу пахтани машинада териш мавзуси ўз-ўзидан четга чиқиб қолганди. Шунча гапга қарамай, «Қишлоқ ҳаёти» «Ғўзани теримга қулай, машинага ўнғай қилиб ўстиринг», деб маслаҳат солиб қолди.

Ҳатто чилпишни машиналар ёрдамида қандай амалга ошириш тўғрисида ҳам эслатиб, совет давридаги айрим чилпиш машиналарининг номларини (маркаларини) келтиришдан ҳам тортинмади.

Мақолада далани машина теримига қандай тайёрлаш, қандай ишларни амалга ошириш борасида қатор маслаҳатлар берилган.
Ўзбекистонда машина терими деярли бўлмаса, бу мақола нима мақсадда чоп этилди экан, деган савол туғилди.
Саволга эса юқорида эслатганимиз Афанди латифасидан жузъийроқ жавоб топгандек бўлдик.

Ўзбекистонга ҳаваси ортган дунё

«Тошкент оқшоми» газетаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг «мустақил тараққиёт йўлимизга дунёнинг ҳаваси ортаётгани» тўғрисидаги мақоласини эълон қилди.
Депутатнинг ёзишича, «1989-1990 йилларда катта иқтисодий қийинчиликлар даври эди. Экинзорларнинг бор-йўғи 8-10 фоизида буғдой, 0,8 фоизида картошка экилган».

«Ўзбек модели»даги кучли ижтимоий сиёсат, қонун устуворлиги, иқтисодиётнинг сиёсий масалалардан устунлиги, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш ва давлатнинг бош ислоҳотчилиги тўғрисидаги тамойилларнинг қатъий белгиланиши бугун халқаро майдонда рўй бераётган турли муаммолар олдида мамлакат ва халқларни тинчлик ва тараққиётга олиб чиқишнинг энг тўғри йўли эканини кўрсатаётганини» таъкидлайди депутат.

Депутат дунёни иқтисодий қийинчиликлардан қутқаришнинг бу йўлини кўрсатиш билан қониқмайди. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг қурилиши «Ўзбекистон аслида қандай буюк давлат экани, халқи қандай қудратга, салоҳиятга эга эканини яна бир бор жаҳон ҳамжамиятига намоён этгани»дан суйлайди.
Хитойликлар қуриб берган туннели, бир неча ўн километр темир йўлни электрлаштиргани билан мақтанадиган элга «ҳавас қилаётган дунё» наҳотки шунчалик ношуд бўлса?! Ёки депутат ўзининг ношудлигини яширяптимикин!?

Пулсизни ўлдираётган «беқиёс ғамхўрлик»

«Халқ сўзи» газетаси Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва спорт масалалари қўмитаси раисининг «Беқиёс ғамхўрликнинг ёрқин намунаси» тўғрисидаги мақоласини эълон қилди.
Мақола соғлиқни сақлаш тизимига бағишланган бўлиб, у давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг «мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб кўрсатиб келаётган ғамхўрликлари» ҳақидадир.

Аввало, қўмита раисининг ўзига у қадар алоқадор бўлмаган соҳага катта эътибор қаратаётганининг ўзи диққатга сазовор. Фан, таълим ва спорт соҳасидаги сон-саноқсиз муаммолардан ортиб, тиббиётга эътибор қаратаётган раисга балли.

Қўмита раиси тизимда мустақиллик йилларида «қўлга киритилган улкан ютуқлар»ни санаб ўтар экан, дунёнинг бечора «ривожланган давлатлари ҳам биринчи навбатда ижтимоий соҳага харажатларни камайтираётгани»дан қайғуради.

Ўзбекистонда эса 2015 йилда тизимни «равнақ топтириш учун давлат бюджетидан 4,3 триллион сўм ажратилгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмагани»ни эслатиб ўтади.
Албатта, депутат «улкан ютуқлар»га соя солмаслик учун бугун Ўзбекистон тиббиёт тизими коррупциянинг улкан манбаига айлангани, пули бўлмаган одам «дунё ҳавас қиладиган давлат»нинг бу тизимидан фойдалана олмай ўлиб кетаётгани ёки ногирон бўлиб қолаётгани, шу каби бошқа муаммолар гирдобига тортилганини айтишни ўзига эп кўрмаган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 март 2016
22 март куни Жиззах вилоят жиноий ишлар судида бўлиб ўтган аппеляция махкамасида, судланувчилар Арамаис Авакян, Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов ...
21 ноябр 2016
«Халқ сўзи» газетаси (19.11) Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки иштирокида мамлакатда Муносиб меҳнат ...
3 май 2017
Ҳар йили шу куни БМТ Бош котибининг Халқаро матбуот кунига бағишланган баёноти тарқатилади. Жумладан 2006 йилги баёнотида, Оммавий ахборот ...
15 октябр 2015
Хоразмга сафари пайти ҳокимликнинг тунги мажлисида журналист Малоҳат Эшонқулова ёзиб олган аудиоёзувлар Ҳазорасп ҳокими Ўктам Қурбоновнинг иккиюзламачилигини фош қилган. ...
Блоглар
23 октябр 2017
Совет Ўзбекистонини узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидов шахсига ҳар хил баҳо бериш мумкин. Кимдир уни ...
20 октябр 2017
«Айтдим-ку, юқорининг буйруғи билан сизларга шу айбларни қўйишга мажбурмиз, деб. «Ким ўша юқоринг? Каримовми?» Менинг ...
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан ...