26 апрель – Тошкентда ер қимирлаб, Ўзбекистон пойтахтининг катта қисми вайрон бўлган эди
1966 йил 26 апрель куни Тошкентда тонгги соат 5 дан 22 дақиқа 53 сония ўтганда Рихтер ўлчови бўйича 8 баллик, магнитудаси 5,3 га тенг зилзила рўй берган эди.
Зилзилашуносларга кўра, зилзиланинг вайрон этиш кучи ўта қудратли бўлган.
Шаҳарни тўла вайрон этилишдан фақат зилзила ўчоғи 8 километр ер остида бўлгани сақлаб қолгани айтилади.
Шунга қарамай, ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР пойтахти марказининг камида 10 квадрат километри вайрон бўлгани ҳақида маълумот бор.
Ўша давр расмий маълумотига кўра, 2 миллион квадрат метр уй-жой, 236 та маъмурий бино, 700 га яқин савдо ва жамоат овқатланиш шохобчаси, 26 та коммунал хўжалик, 181 та таълим муассасаси, 36 та маданият ташкилоти, 185 та тиббий ва 245 та саноат биноси вайрон бўлган. 78 минг оила ёки ўша пайтда Тошкентда яшаётган бир ярим миллион аҳолидан 300 мингдан ортиқроғи уйсиз қолди.
СССР ҳукумати ва иттифоқдош республикалар мадади билан Тошкент 1968 йилга келиб тўла тикланди. Тошкент тубдан янгидан қурилган мегаполисга айланиб, аҳолиси сони 1,5 баробар кўпайди.
Айни пайтда бутун собиқ СССРдан ҳар хил одамлар зилзилани бартараф қиламан деб келиб, ўзи қурган уйда ўзи яшай бошлагани ҳам иддао қилинади.
Айтилишича, келганлардан 70-80 фоизи Тошкентда қолиб кетган ва ерли халққа жуда кам турар жой берилган.
Шу боис, Тошкентнинг ўша пайтдаги этник таркиби 51 фоиздан кўпроқ русийзабон бўлиб қолгани айтилади.
Совет газеталари зилзила ҳақида
«Совет Ўзбекистони» газетаси 1966 йилнинг 30 апрель сонида «Зилзила оқибатларини тугатиш республика ҳукумат комиссиясида» сарлавҳаси остида айрим маълумотлар келтирилган.
Жумладан, «ер қимирлаган пайтдан буён 2722 оила шикастланган уйлардан» «вақтинча қариндош-уруғларининг уйларига» кўчирилгани, «шикастланган кўпгина уйларнинг ҳовлиларида вақтинча яшаш учун чодирлар» ўрнатилгани,» шунингдек, «1000 оила янги уйларга кўчирилиши» режаланаётгани айтилган.
Шунингдек, газетада «СССР Қизил крест ва Қизил ярим ой комитети президиуми» табиий офатдан зарар кўрган Тошкент шаҳри аҳолисига 100 минг сўм ажратиш ҳақида қарор чиқаргани билдирилади.
«Совет Ўзбекистони»нинг 1 май сонида эса Ўзбекистон ҳукумати (ЎзССР КП МК, Олий совет президиуми ва Министрлар Совети)нинг 1 май байрами муносабати билан Тошкент шаҳри аҳолисига бугунги кунларни эслатувчи оҳангдаги баландпарвоз мурожаати босилган.
Газетанинг айни сонидан «Тошкент истиқболи» сарлавҳаси остида «СССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, зилзила оқибатларини тугатиш Ҳукумат комиссиясининг раиси И.Т.Новиковнинг айтганлари» босилган.
Унинг сўзларига кўра, 1 май арафасида «бошпанасиз қолган оилаларнинг учдан бир қисми бошқа жойларга кўчирилган», СССР амалдори ўз «айтганлари»да ўша «бошқа жойлар» қаер эканига изоҳ бермаган.
Газетанинг 4 май сони бош сарлавҳасида ҳам Москва Қизил майдонидаги 1 май паради ҳақидаги Р.Я.Малиновский нутқига кўзимиз тушади.
Тошкент зилзиласи ҳақидаги «Тошкентни қайта қурамиз» сарлавҳали материал эса бу сафар саҳифанинг энг пастида майда ҳарфларда берилган.
Газетанинг 4 май кунги сонида, яъни зилзиладан қарийб ўн кун ўтиб, СССР саркотиби Л.И.Брежнев ва бошқа ҳукумат вакилларининг фожеада ҳалок бўлганларга ҳамдардлик таъзияси босилган.
Газетанинг айни сонида Фарғона водийсида 5-6 балл атрофида зилзила бўлгани ҳақида ҳам тафсилотларсиз кичик бир хабар берилган.
Ўзбек газеталарининг Тошкентда даҳшатли зилзила юз берган даврдаги сонларини ўқирканмиз, уларда шаҳарликларни ҳашарга чорловчи, ҳукумат сиёсатини мадҳ этувчи ва фактлардан кўра мафкура ва қуюқ пафосга йўғрилган мақолаларни кўрамиз.
Гўё Тошкентда даҳшатли зилзила юз берган 1966 йилдан буён ярим асрдан ортиқ вақт давомида ўзбек ҳукумати сиёсатида ҳеч нарса ўзгармагандек таассурот қолдиради.
Eltuz.com