Асосий мавзулар
8 апрел 2019

Миллий гвардия рейдерлик тузилмасига айланиб боряпти…ми?

Сўнгги вақтларда тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган мулкнинг Миллий гвардия фойдасига тортиб олинаётгани билан боғлиқ иккита можаро кузатилди.

Буларнинг биринчиси Янгиобод турбазаси билан боғлиқ. Жорий йилнинг 25 январида, «Элтуз» нашри бу ерга маҳаллий ҳокимлик вакиллари милиция ва Миллий гвардия ходимлари ҳамроҳлигида келиб, объект “давлат ва жамият эҳтиёжлари учун” олиб қўйилишини билдиргани ҳақида ёзган эди.

Кейинроқ Самарқанд шаҳрида ҳам Миллий гвардия тадбиркорга тегишли мол-мулкка эга чиқаётгани маълум бўлди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, тадбиркор Азиз Ибодуллаевга тегишли иккита минифутбол майдони Миллий гвардия эҳтиёжлари учун олиб қўйилмоқда.

Сайтнинг билдиришича, бу спорт майдончалари 2017 йили Наврўз байрами куни тўлиқ фойдаланишга топширилган. Қурилиш ишларига тадбиркор 1,6 миллиард сўм сарфлаган. Энди эса майдонларни бузиш тўғрисида Миллий гвардия марказий девонидан тинимсиз хатлар келмоқда.

Минифутбол майдонлари Самарқанд озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи ҳудудида жойлашган бўлиб, тадбиркор таълим муассасаси билан келишган ҳолда тегишли қонунчиликка мувофиқ қурилиш ишларини бажарган. Ер коллежга тегишли экани сабабли ерга эгалик ҳуқуқи тадбиркорда бўлмаса-да, қолган барча расмийлаштирувлар жойида.

Энди эса Миллий гвардия вакиллари келиб, коллеж ҳудуди тўлиғича мазкур тузилмага ўтишини билдириб, тадбиркорнинг шунча сарфланган маблағига куйишига сабабчи бўлаётир.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, озиқ-овқат коллежи кўчиб кетгандан кейин тайёрланган кадастр инвентар ҳужжатига спорт майдонлари киритилмаган. Яъни ушбу ҳудуд футбол майдонларисиз рўйхатдан ўтказилган. Шунга қарамай, Миллий гвардия собиқ коллежнинг бутун майдонига эга чиқмоқда.

Юқорида тилга олинган икки ҳолатда яна бир жиҳат борки, масала тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясига бориб тақалади.

Ҳар икки вазиятда ҳам қонун ҳимоячилари масалани тадбиркорларнинг эмас, балки сўнгги вақтларда мамлакатдаги энг қудратлилардан бири бўлиб бораётган кучишлатар тузилма – Миллий гвардия фойдасига ҳал этиш пайида бўлаётир.

Гарчи Самарқанд вилояти ҳокими тадбиркорга бошқа ҳудуддан ер майдони ажратиб беришини айтаётган бўлса-да, металл конструкция асосида қурилган ёпиқ футбол майдончаларини шундайлигича кўчириб кетиб бўладими?

Бу саволга жавоб йўқ. Тадбиркор сарфлаган 1,6 миллиард сўм маблағни қоплаш масаласи ҳам ечилмаган.

Қолаверса, турли ташкилотларга қилинган мурожаатлар ҳам самарасиз кетмоқда. Прокуратура эса ишни ўрганишга асос йўқлигини рўкач қилаётир.  

Янгиобод турбазаси бўйича яқинда Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри маъмурий суди мулкдор манфаатларига зид қарор чиқарди.

Судья Ҳусан Ҳамидов вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимовнинг Янгиобод турбазасини тадбиркордан олиб қўйишга оид 2019 йил 25 январдаги қарори қонуний кучга эга эмаслигини тан олишни рад этди.

Нега Миллий гвардия ўз эҳтиёжлари учун бўш ҳудудларга эмас, айнан тадбиркорларга тегишли объектларга кўз тутаётгани масаласи очиқ қолмоқда.

Очиқдан-очиқ рейдерлик ҳужумига ўхшаб кетадиган бундай можароли ҳолатлар учун Миллий гвардияга танбеҳ берадиган куч бормикин ёки мазкур тузилма ўз хатти-ҳаракатлари учун янада юқорироқдан қудрат олаётганмикин?!

Миллий гвардия нисбатан янги тузилма ва у меъёрида фаолият юритиши учун тегишли инфратузилмага эга бўлиши кераклигини тушуниш мумкин.

Лекин бу инфратузилма тадбиркорларнинг тайёр мол-мулкини тортиб олиш ҳисобига тикланмаслиги шарт. Акс ҳолда бу давлат тузилмаси рейдерлигига бир далил ўлароқ хизмат қилади.  

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
17 июл 2017
«Мана битта мисол, эрталаб мен Интернетни ўзим очиб ўқидим, буни менга ҳеч ким бермайди!» деди Мирзиёев депутатлар билан 12 ...
6 феврал 2023
Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг 6 феврал, 30-сонини тақдим этади.+++Ўзбек сенати Въетнамлик меҳмонлар дастурхонига тортган таомлар сметаси Элтуз таҳририятига келиб ...
7 феврал 2024
«Ёшларнинг 100 та энг илғор лойиҳаси» танловида ғолиб топилиб, тўртинчи ўринни олган Навоийлик тадбиркор Пардаев Умид имтиёзли кредит олиш ...
18 апрел 2020
Мана, азизлар, қатордан хато бўлмай, яна сиз билан юзлашганимдан бахтлиман. Ҳолбуки, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.  Бугун одамлар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...