Ҳукумат Муҳаммад Солиҳ яқинлари устидан таъқибни қайта тиклади
Расмий Тошкент Ўзбекистон халқ ҳаракати (ЎХҲ) лидери Муҳаммад Солиҳнинг қариндошлари ортидан таъқибни қайтадан бошлади.
Хусусан, 2019 йилнинг 7 апрель куни Муҳаммад Солиҳ ўзининг кенжа укаси Рашид Бекжоннинг Янгибозор тумани Бошқирших қишлоғидаги уйига участка нозири келиб, унинг устидан расмий назорат ўрнатилганлигини «Элтуз»га билдирди.
Ўзбек мухолифатчисининг тағин билдиришича, унинг кенжа укаси участка милиционеридан: «Бундай назорат ўрнатилишига қандай ҳуқуқий асос бор?» деб сўраган. Бироқ маҳаллий идора вакили ҳеч қандай жавоб бермаган ва кетган.
Бундан ташқари, шу йилнинг 2 апрель куни мустақил ўзбек журналисти Маҳмуд Ражабовга Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости бошлиғи Р. Абдуллаев расмий чақириқ қоғози жўнатган. Ундан зудлик билан (2019 йил 1 апрель куни – !!!) божхона-чегара постига етиб келиш талаб қилинган. Чақириқ қоғозига сабаб, 26 март куни Истанбулдан Тошкентга қайтган Маҳмуд Ражабов ўзи билан ЎХҲ лидери Муҳаммад Солиҳнинг шеърий ва публицистик тўпламларини олиб келгани бўлган.
Хоразм вилоятида (Тошкентдан 1100 километр узоқда) яшовчи журналист пойтахтга бормади, чунки унга чақирув қоғози муддатидан кечикиб етказилган эди. Бироқ 7 апрель куни у аллақайси «номаълум шахс ва номаълум манзилдан келган посилка»ни олиш учун маҳаллий почтага чақирилган.
«Мен почта бўлимига бормадим, чунки бу «чақириқ» мен учун шубҳали туюлди. Ўйлашимча, мени почта бўлимига чақириб, «ичкари»га олиб киришмоқчи. Афтидан, Ўзбекистон диний ишлар қўмитаси мен Муҳаммад Солиҳнинг Туркиядан олиб келган китоблари бўйича салбий хулоса берган», деди Маҳмуд Ражабов «Элтуз»га.
«Элтуз» манбаларининг билдиришича, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ – собиқ МХХ)нинг янги раиси Абдусалом Азизов ва унинг биринчи ўринбосари Ботир Турсунов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни Каримовнинг «гайкаларни бураш» тажрибасига қайтиш заруратига яна ишонтиришган.
Собиқ сиёсий маҳкумлар, жумладан, Муҳаммад Солиҳнинг яқинлари устидан доимий назорат амалиёти Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки даврида президент Ислом Каримов ташаббуси билан жорий этилган.
Бу амалиёт доирасида собиқ (эндигина озод этилган) маҳкум бир йил давомида мажбурий тартибда махсус режим (яшаш жойини тарк қилмаслик, соат 19.00 дан сўнг уйда бўлиш ва ҳоказо) тартибига риоя қилган ва ҳар ойда маҳаллий ички ишлар идораларига ҳисобот берган. Назорат амалиёти қамоқдан озод этилганидан роппа-роса 12 ой ўтганидан сўнг тўхтатилган.
Бироқ бу тажриба 2016 йилнинг кузида, президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгач бекор қилинди. «Ҳар хил «қора рўйхат»да деб айтиладиган одамлар ва собиқ маҳкумлар ортидан назоратни тўхтатинг», дея баёнот берган эди Ш. Мирзиёев Андижон вилояти ҳокимлигидаги чиқишида.
«Айни баёнотдан уч йил ўтиб, расмий Тошкент қариндошларимиз ортидан таъқибни қайта тиклади», дея изоҳ берди «Элтуз» нашрига мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ.
Eltuz.com