Асосий мавзулар
18 апрел 2019

Халқ таълими вазирлиги нотўғри ахборот тарқатди

Шу йилнинг 20 март куни Халқ таълими вазирлиги сайтида “Фарғонанинг Қува туманидаги 50-мактаб ер майдони ва қўшимча бино ўқув муассасасига қайтарилди” сарлавҳали хабар чоп этилганди. Бу хабар деярли бир вақтда Ўзбекистондаги барча сайтларда тарқатилганди.

Ҳақиқатдан ҳам ер майдони ва қўшимча бино мактабга қайтарилдими? Мактабнинг кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилдими? Директор бемалол ўқув-тарбия жараёни билан шуғулланяптими?

Қува туманида яна қандай янгиликлар бўляпти?


“Маърифат” газетасида бир эмас, нақ икки марта Қува туманидаги 50-мактаб ери тадбиркор томонидан ноқонуний тортиб олингани, ҳоким қарори бекор бўлмай туриб яна бошқа қарор чиқарилгани, директор бир неча марта судлашгани ҳақида мақола чоп этилган эди.

2019 йилнинг 14 февраль куни Наманган вилояти маъмурий суди кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисини Фарғона вилояти иқтисодий суди биносида видеоконференция тарзида ўтказди. Унда аризачи – 50-мактаб директори Н.Маҳмудовнинг жавобгарлар – Қува тумани ҳокимлиги ва “Ермулккадастр” давлат корхонаси Қува тумани филиали устидан киритган шикоят аризаси юзасидан Қувасой шаҳри маъмурий суди томонидан 2018 йил 17 декабрда қабул қилинган ҳал қилув қароридан норози бўлиб ёзган аризаси кўриб чиқилди.

Аризада Н.Маҳмудов жавобгарлар – Қува тумани ҳокимлиги, Қува тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига нисбатан Қува туманидаги 50-умумий таълим мактабининг қўшимча бино ва иншоотларига кадастр ҳужжатлари тайёрлаш мажбуриятини юклашни ҳамда Қува тумани ҳокимининг 2018 йил 20 июндаги 1065-қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Судьялар томонларни эшитиб, ҳужжатларни ўрганиб чиқишди.

Аввал Қува тумани маъмурий судида, сўнгра Фарғона вилояти маъмурий судида, кейин Қувасой шаҳри маъмурий судида кўрилган масала яна жавобгарнинг ҳам, даъвогарнинг ҳам тилидан эшитилди.

Судьялар жавобгарнинг вакили – Қува тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Азиз Турдиалиевга берган саволга ҳуқуқшунос Қува тумани ҳокимининг қарорида техник хатоликка йўл қўйилганлигини айтди.

Суд томонларни эшитиб, Қувасой шаҳри маъмурий судининг мазкур иш юзасидан 2018 йил 17 декабрда чиқарган ҳал қилув қарорининг аризачи Н.Маҳмудовни Қува тумани ҳокимининг 2018 йил 20 июндаги 1065-қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қўшимча аризасини қаноатлантиришни рад этиш қисмини бекор қилиб, янги қарор қабул қилди.

Қува тумани ҳокимининг 2018 йил 20 июндаги 1065-қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Қарорнинг давлат фойдасига 1.658.700 сўм давлат божи ундириш қисми бекор қилинди. Қувасой маъмурий суди қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

Суд қарорида “Ермулккадастр” давлат корхонаси Қува тумани бўлими Н.Маҳмудовнинг Қува тумани 50-умумий ўрта таълим мактаби балансидаги эски бино-иншоотлар мактаб балансига ўтганлиги ёки туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори мавжуд эмаслиги сабабли уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳужжатини тайёрлашни асосли рад қилганлиги ёзилган.

Тўрт марта бўлиб ўтган судда ҳали у томон, ҳали бу томоннинг қўли баланд келаётган пайтда худди шу тумандан интернет сайтларидан бирида қуйидаги мазмунда яна бир хабар чиқиб қолди:

Нимаймиш… Қува туманидаги 44-мактаб ҳудуди тадбиркор томонидан ноқонуний эгаллаб олинибди. Ҳамма ҳужжатлари қалбаки эмиш, қиш ичи лой бўлиб ётадиган, ёзда мол-қўй ўтлаб юрадиган стадион мактабники эмиш. Ўқувчилар бу ерда жисмоний тарбия дарсларини ўтармиш. Тадбиркор ноқонуний қурилиш бошлаб олибди. Дарҳол қурилишни тўхтатиш керак. Стадион аталмиш ахлатхона мактабга ҳам кераклигини директор мана энди билиб қолибди.

Интернет сайтида чиққан мақоладан сўнг бу ердаги қурилишга рози бўлган, ҳатто қарор ҳам чиқариб берган ҳоким (эндиликда Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари) Ҳ.Умаров дарҳол қурилишни тўхтатишга буйруқ берди. 44-мактаб директори Жамолиддин Мўминов ҳам Қува тумани маъмурий судига “ер мактабники” деб мурожаат қилди.

Биз ҳар икки ҳолат юзасидан Қува тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Азиз Турдиалиевга мурожаат қилганимизда у қуйидагича жавоб берди:

«50-мактабнинг ери ва бино-иншоотлари ноқонуний эгаллаб олинмаган. Наманган вилоятида бўлиб ўтган судда ҳам судялар бу ҳақда ўз қарорида шундай асос келтиришган. Қува тумани ҳокимининг 1065–қарори бекор қилингани йўқ. Ҳокимнинг 1125–қарорида эса техник хато ўтиб кетган. Наманган вилояти маъмурий суди қарорида ҳам ҳокимнинг 1065 –қарори бекор қилинсин дейилмаяпти. Ҳақиқий эмас деб топилсин, дейилмоқда.

44-мактаб масаласида эса тадбиркор 100 фоиз ҳақ. Аммо ҳоким (Ҳ.Умаров) интернетда бу ҳақда мақола чиққач, менга “мактаб ютиб чиқсин” деб айтган».

Эндиги гапни 44-мактаб билан судлашаётган тадбиркор Ином Қосимовдан эшитинг:

«44-мактаб ёнидаги стадионнинг олд тарафидаги ҳудудни мен тендерда қатнашиб ютиб олганман. Ҳар томонлама кўркам ва замонавий, икки қаватли бино қуриб, шу ерда 15 нафаргача одамни иш билан таъминламоқчи эдим. Шунингдек, ўз ҳисобимдан мактабга иккита ўқув хонаси қуриб бермоқчиман. Сабаби, мактаб биноси аввал колхоз идораси бўлганлиги учун синфхоналар етишмаслигидан иккита синф ертўлада ўқийди. Мактабда ошхона йўқ, буфет ҳам қоронғу ва зах бўлган ертўлада жойлашган. Ертўла ёзда ҳам одам совқотадиган даражада салқин. Ўқувчилар саломатлигига зарар қиладиган шароит ўқимоқда.

Шунингдек, стадион учун замонавий қурилиш материалларидан ўриндиқларни ҳам ўз ҳисобимдан қуриб бермоқчи эдим. Аммо барча ҳужжатларим жой-жойида бўлса-да, суд мактаб фойдасига қарор чиқарди. Мен энди Қува тумани маъмурий судидан юқори турувчи органларга апелляция шикояти йўлламоқчиман».

44-мактаб директори Жамолиддин Мўминов судга Қува тумани ҳокимининг 19.05.2014 йилдаги 814-қарорига асосан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганлигини, лекин футбол майдони қандайдир сабабларга кўра кадастр ҳужжатларига қўшилмаганлигини ёзган.

Ушбу 700,00 кв.м. ер майдони, яъни стадионнинг олди томони Қува тумани ҳокимининг 29.08.2018 йилдаги 1754-қарорига асосан танлов ғолиби “Қосимов Сирожиддин чорваси” деҳқон хўжалигига икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун ажратилганлиги ҳам шикоят аризасида келтирилган.

44-мактаб шароити билан танишганимизда, директор талашаётган стадион мактабдан 100 метрдан зиёдроқ узоқликда, серқатнов йўлнинг нариги тарафида эканлигини кўрдик.

Стадион мактабники экан, у ерда ўқувчилар жисмоний тарбия дарсларини ўтаркан. Хўп, дарслар оралиғидаги танаффус 10 дақиқани ташкил этса, ўқувчи мактаб формасини жисмоний тарбия формасига алмаштириб, йўлнинг нариги томонига ўтгунча қанча вақт кетади?

Нега директор тадбиркорнинг совуқ ва зах хонада ўқиётган ўқувчилар учун синфхона қуриб бераман, деган гапига рози бўлмаяпти? Ахир энг муҳими ўқувчиларнинг кенг ва ёруғ, иссиқ хонада билим олиши эмасми? Жисмоний тарбия дарсларини спорт залида ўтса, ўқитувчи ҳам вақтдан, ҳам хавфсизликдан ютмайдими?

«Стадион мактабники деяпсиз, бу ҳақда Ўзаспода қайд этилганми?», деган саволимизга мактаб директори нақадар молиявий саводхон эканлигини кўрсатди, “Ўзаспо энди чиқди-ку, унга ҳали киритилмаган” дея.

Мактабда 612 нафар ўқувчи ўқийди. Дарслар икки сменада ташкил этилган, шунингдек, филиали ҳам мавжуд.


«Ўқув хоналарининг етишмаслиги, ўқувчилар мослаштирилган бинода ҳамда ертўлада таълим олаётганлиги ҳақида, мактаб учун янги бино қуриб беришларини сўраб бирор жойга мурожаат қилганмисиз», – деган саволимизга Ж.Мўминов “ҳа” дея жавоб берди.

Аммо қаерларга ва қачон мурожаат қилганлиги ҳақида тўлиқ маълумот беролмади. Юборилган хатлар орасидан ҳам мактаб учун қўшимча бино ва иншоотлар қуриб беришларини сўраб ёзилган хат чиқмади.

Ҳақиқатдан ҳам ертўлада буфет ўрнини босувчи дўкон (совуқ ва қоронғу), технология фани хонаси бор экан. Ўғил болалар учун технология фани хонаси жиҳозланган, қиз болалар учун ажратилган хона эса ахлатхона бўлиб ётибди.

Ўша куни 7-синф ўқувчиларидан жисмоний тарбия дарслари қаерда ўтилади, деб сўрадик. Улар душанба ва пайшанба кунлари жисмоний тарбия дарслари ўтилишини, кеча ҳам (4.04.2019 й.) стадионда футбол ўйнаганликларини айтишди. 7 «Б» синфнинг синф журналида эса 4.04.2019 йилда ўқувчилар узунликка сакраш мавзусини ўтганлиги қайд этилган.


Бу ерда ўқувчи ҳақми ёки ўқитувчими энди, бу алоҳида масала. Яна мавзуга қайтамиз. Хуллас, туманда бир масалага икки хил кўз билан қарашмоқда.

50-мактаб маъмурияти 20-25 йиллик ҳужжатларни тўплаб, тадбиркор ноқонуний ўзлаштириб олган ер ва бино-иншоотлар мактабники деб даъво қилмоқда, аммо ўз ҳаққини ололмаяпти. 44-мактабда эса тадбиркор ҳақ бўла туриб мактабга судда ютқазиб ўтирибди.

Ҳа, айтганча, маълумот учун яна бир нарсани қўшиб кетмасак бўлмайди. Тадбиркор билан ер талашиши мумкин бўлган мактаблар туманда 19 та. Агар 50-мактаб директори кадастр ҳужжатларини тайёрлай олса, қолган мактаблар ҳам ўз ҳаққини суд орқали ажратиб олиш ниятида. Аммо бу маълумот қанчалик рост ёки ёлғонлигини ҳозирча билмаймиз.

Яна юқоридаги хабарга қайтамиз. Қува туманидаги 50-мактабнинг бино ва иншоотлари ҳали мактабга қайтарилмади. Директор “Ермулккадастр” туман бўлими, туман ҳокимлиги эшигида сарғаймоқда.

Насима Даврон қизи
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 январ 2016
Бизга етиб келган хабарга кўра 11 январ куни эрталаб Тошкентнинг Чилонзор туман ҳокимлигида ТИИБ шахсий таркиби иштирокида мажлис ўтказилиб, ...
2 май 2015
АҚШ Давлат департаменти матбут вакили Жэфф Ратке 1 май куни Вашингтонда ўтган матбуот брифингида Ўзбекистон ҳукуматини узоқ йилдан бери ...
12 апрел 2017
2017 йил 12 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари 68 яшар Бўритош Мустафоев юрак касаллиги боис юзага ...
15 январ 2020
Дунëда энг кўп танилган замонавий ўзбек ëзувчиси 66 ёшли Ҳамид Исмоил 14 январь куни «Озодлик-Озод Европа» радиоси Марказий Осиë ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...