Асосий мавзулар
29 апрел 2019

Серёғин апрель деҳқонни ташвишга қўйди

Ўтган йили қурғоқчиликдан қаттиқ азият чеккан ўзбек деҳқонлари бу йил меъёрдагидан ортиқ ёғингарчилик айрим экинларга салбий таъсир кўрсатаётганидан ташвишда.

Жорий йилги серёғин апрель мамлакатда сел ва тошқинлар билан кечди, катта моддий талафотлар кўрилди.

Энди эса деҳқонлар республикада асосий экинлар ҳисобланадиган буғдой ва пахта ҳосили кўнгилдагидек бўлмаслигидан хавотирга тушмоқда.

Сирдарёлик фермер Акбар ака бу йил 50 гектардан ортиқ ерга буғдой эккан. Аммо ҳозир буғдой ётиб қолиб, кун етарли даражада исимаётгани сабабли қаддини қайтиб тиклашга улгурмаяпти.

“Кун исимаётгани ҳосилга салбий таъсир қилишидан чўчияпман. Чунки ёмғир билан бирга шамол ҳам келиб, буғдойни ётқизиб кетди. Бундан ташқари, ёғингарчилик кўп бўлгани учун буғдойга занг касаллиги тегиши хавфи юқори. Далада ишлашга қўймади бу ёмғир анча вақт”, деди фермер Акбар ака.

Аммо ёмғир суғориладиган ерлардаги буғдойга салбий таъсир кўрсатган бўлса-да, лалми ерларда жуда авж билан ўсяпти. Шунинг учун бу йил лалми ерларда арпа ва буғдой ҳосили мўл бўлиши кутиляпти.

Жиззахлик чўпон Шерали қир-адирларда ўт-ўлан кўплигидан хурсанд.

“Ўтган йили тоғда ўт бўлмай, қўйларимиз тупроқ ялаб қолди, қанча-қанчаси ўлиб кетди. Бу йил эса ўт зўрлигидан ичида қўзичоқлар кўринмай кетади”, дейди у.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили баҳор ойларида ёғингарчиликнинг меъёрга нисбатан 30-40 фоизгача кам бўлганлиги сабабли лалми майдонларга экилган жами 197 минг гектар ғалла майдонидан ҳосил олишнинг имкони бўлмади. Айниқса, лалми майдонлардан олинадиган ҳосил 2017 йилга нисбатан Жиззах вилоятида 34 минг, Қашқадарёда 32 минг ва Самарқандда 24 минг тоннага кам бўлди.

Ўтган йилги қурғоқчилик пахта етиштиришга ҳам салбий таъсир кўрсатганди. Камида 5 марта сув ичиши керак бўлган ғўзазорларни 3 марта суғора олган фермерлар ўтган йили қалпоғини осмонга отган эди.

Бу йил эса ёмғир сабаб энди-энди бўй кўрсатаётган ғўзаларга ишлов беришнинг имкони бўлмаётир.

Қашқадарёлик фермер Зафар март ойи охирларида чигит эккан эди. Энди эса униб чиққан кўчатларнинг илдизи чириб, қайта чигит экишга тўғри келмасайди, деган хавотирда.

“Ёмғир сабабли далага техника кирита олмаяпмиз. Ҳозир ғўзага ишлов беришнинг айни вақти. Лекин дала лой бўлиб ётибди”, дейди Зафар ва кунлар тезроқ исишини кутмоқда.

Қолаверса, намлик юқори бўлгани сабабли ғўза далаларини қатқалоқ босиши эҳтимоли юқори. Бу эса ғўза ниҳоллари нимжон униб чиқиб, касалликларга тез чалинадиган бўлиб қолишига олиб келади.

Юқори намлик ғўза майдонларидаги ёввойи ўтларнинг авж билан ўсишига ҳам сабаб бўлди. Энди ғўзани тезроқ ягана ва чопиқ қилмаса бўлмайди.

Одатда бу каби ишлар қўшимча ишчи кучи талаб қилади. Яқин-яқинларгача бундай пайтларда маҳаллий ҳокимият тезда турли бюджет ташкилотлари, жумладан, ўқитувчи ва шифокорларни далага ҳайдар эди.

Аммо халқаро ҳамжамият босими остида мажбурий меҳнатдан аста-секин воз кечаётган Ўзбекистон ҳукумати учун бу йилги об-ҳаво сабаб юзага келган қийинчиликлар яна бир синов вазифасини ўтайди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 май 2016
Бухоронинг сўконғич ҳокимларидан бирини мажлисда бир уриб йиқитган олотлик фермер Баҳодир Шарипов номи элга овоза бўлди. Айрим манбалар, ҳусусан ...
22 ноябр 2021
Британиялик таниқли фотограф Рип Хопкинс (Rip Hopkins) фотообъективида акс этган Ўзбеккистон туризм ширкатлари чоп қилган буклетлардан фарқ қилади. 10 ...
22 март 2016
Наврўз байрами муносабати билан қўшимча техника ва ҳарбийлар келтирилган Ўзбекистоннинг Қирғизистон чегарасида “сиëсий ҳарорат” туша бошлагани кузатилди. Томонлар Кербен-Ола ...
17 май 2023
1976 йилнинг 8-17 апрелида Ўзбекистоннинг табиий газ олинадиган ҳудудида жойлашган Газли шаҳрида бирин-кетин туркум ер қимирлашлари юз берди. Даҳшатли ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...