Асосий мавзулар
28 май 2019

Еб битирилаётган бюджет 

Молия вазирлиги ходимлари томонидан бюджет ташкилотларида ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чораги давомида ўтказилган назорат тадбирлари бу муассасаларнинг аксариятида молиявий қинғирликлар борлигини кўрсатди.

Бу қинғирликлар ҳажми Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мазкур даврлар якунлари бўйича давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот муҳокамаси чоғида маълум қилинди.  

Ҳисоботдан кўринадики, ўтган йили давлат молиявий тадбирлари ўтказилган 5575 та бюджет ташкилотининг 7744 тасида 68,1 миллиард сўм миқдорида молиявий хатоликлар аниқланган. Бу сумманинг 15,6 миллиард сўми камомад ва ўзлаштириш ҳисобланади. 52,5 миллиарди эса ноқонуний харажатлардир.

Жорий йилнинг биринчи чорагидаги аҳвол эса бундан ҳам баттар. 1 348 та бюджет ташкилотининг 1 189 тасида 23,4 млрд. сўм миқдорида молиявий хатоликлар топилган. Бунинг 5,9 млрд. сўми ўзлаштириш, 17,5 млрд. сўми эса ноқонуний харажатлардир.

Бу рақамларни оддий тилга ўгирадиган бўлсак, бюджетдан пул оладиган ташкилотларнинг 80 фоизидан ортиғида мансабдорлар ёки маблағларни ўзлаштириб юбормоқда, ёки ноқонуний харажатлар қилмоқда.

“Элтуз” билан мавзу юзасидан суҳбатлашган иқтисодчи Ғолибжоннинг айтишича, аслида ноқонуний харажатлар ортида ҳам ўзлаштириш билан боғлиқ жиноят ётади.

Раҳбарлар ташкилот учун умуман кераксиз бўлган ёки эҳтиёждан ортиқ хизматлар ёки маҳсулотлар учун маблағ ўтказади ва бунинг ортидан таъминотчилар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда “пул қилади”.

“Эътибор берган бўлсангиз, ташкилотга келган янги раҳбарларнинг аксарияти ишни турли таъмирлаш ишларидан бошлайди. Чунки қурилиш ишларидаги ўзлаштиришни аниқлаш қийин. Шунинг учун бу ишдан раҳбарлар яхшигина пул ўзлаштириб олади”, дейди Ғолибжон “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг таъкидлашича, парламентда айтилган сумма айсбергнинг учи, холос. Аслида бюджет ташкилотларида ўзлаштириш миқдори жуда катта ва буни депутутларнинг ўзлари ҳам яхши билади.

“Масалан, ҳамма биладиган ободонлаштириш ишларини олайлик. Дейлик, ҳоким бирорта фирманинг эгасини чақиртириб, ҳомийлик асосида бирор кўчани ободонлаштириб беришни сўрайди. Фирма эгасининг кўнмай иложи йўқ. Акс ҳолда ишхонасини солиқ босади. Ўша фирма ўзининг ҳисобидан кўчани асфальт қилади. Кейин бу иш бошқа бирорта таниш фирма ҳисобига расмийлаштирилади. Унга бюджетдан асфальт учун пул ўтказилиб, мансабдорлар томонидан бўлиб олинади. Бу энди бир мисол”, дейди Ғолибжон.

Бюджет маблағларини ўзлаштириш Ўзбекистонда коррупциянинг энг кенг тарқалган кўринишларидан бири ҳисобланади.

Умуман, коррупция даражаси бўйича мамлакат дунёда энг охирги ўринлардан бирини эгаллайди. Хусусан, Transparency International халқаро ташкилотининг коррупцияга қарши рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 158-ўринда қайд этилган эди. Бу эса 2017 йилдагидан бир поғона пастдир.

Демак, мамлакатда коррупцияга қарши кенг кўламда курашилаётгани айтилаётган бир пайтда аҳвол яхшиланиш ўрнига тобора ёмонлашмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 январ 2017
Президент «пуф» дегандан кейин тадбиркорлар ва ишбилармонлар газетаси бўлмиш «XXI аср»га (19.01) жон кираётгандек бўлди. Ҳа йўқ, бе йўқ, ...
13 феврал 2022
Россия Украинага бостириб кирди дея фараз қилайлик. Иннан кейинчи… иннан кейин нима бўлади? Шуни совуққонлик билан бир таҳлил қилиб ...
20 сентябр 2018
Қирғизистонда жиноий ишларда кўп қўлланилиб сийқаси чиққан, экстремизм аломати бўлган видеоматериаллар, брошюра, китоб сақлаш бўйича юзлаб айблов ҳукмлари чиқарилмоқда, ...
8 декабр 2020
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида жасади 6 ноябрь куни катта ариқдан топилган 55 яшар фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг яқинлари у туман ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...