Асосий мавзулар
10 июн 2019

Тошкент курантида яна “қурилиш” авжида

Тошкент курантига тақаб пластик ва шишадан кафе-бар учун терасса-айвон қурилиши нафақат янгидан тикланди, балки курантнинг иккинчи томонида ҳам худди шундай ишлар бошлаб юборилди.

Курантга ёндош қурилган айвон шаклидаги бу қурилиш объекти ўтган йили ижтимоий тармоқлардаги кучли норозилик туфайли тўхтатиб қўйилганди.

Блогерлар қора шиша ва пластикдан тикланган, элита тоифадаги ресторан бўлиши айтилган бу айвонни “қора тобут” деб номлаб, шу номдаги хэштегни ишга туширганди.

Ушбу норозиликлар ортидан Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев терассани демонтаж қилиш қарорига келинганини маълум қилганди.

Ҳокимнинг ўшанда айтишича, “қурилишни бошлаган киши курантнинг тарихий аҳамиятга эга меъморий ёдгорлик эканини билмаган. Шунингдек, лойиҳа муаллифи “курантларга янги ҳаёт бағишлаш” ғоясига шаҳарликлар бунчалик жўшиб норозилик билдиришини кутмаган”.

“Айвон демонтаж қилинади. Курант масаласи ёпилган, деб ҳисобласа ҳам бўлади”, деган эди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Бугунга келиб шаҳар ҳокими ҳаммани алдагани, ўша пайтдаги “демонтаж” аслида жамоатчиликни тинчлантириш мақсадида хўжакўрсинга қилингани билиниб қолди.

Фото: eltuz.com
Курантнинг "демонтаж" қилинган айвони қайтадан қад ростлади

Чунки “демонтаж” давомида айвоннинг шиша деворларигина олиб қўйилди. Уни тутиб туриш учун ўрнатилган темир тиргаклар эса олиб ташланмади.

Бунинг сабаби кейинчалик ойдинлашди. Жамоатчилик тарихий бинога зарар етказиш тўхтади, деб тин олганидан сал ўтмай қора шишалар яна жойига қўйиб чиқилди.

Айвоннинг тепа қисми эса сурилиб очилиб-ёпиладиган қилинди. Бар учун мўлжалланган пештахта яна курант деворига мустаҳкамланди.

Энг қизиғи, норозилик объекти бўлган бу жойда орадан кўп ўтмай яна ўшанақа ишлар бошланганига жамоатчилик қайтиб эътибор қаратмади.

Натижада лойиҳа эгалари курантнинг Амир Темур хиёбонига қараган томонида ҳам қурилиш ишларини бошлаб юборди. Айни кунларда бу ерда ҳавозалар ўрнатилиб, монтаж қилиш ишлари давом этмоқда.

Афсуски, ўтган йили курантга туташ ҳолда қад ростлаган терассанинг “иккинчи навбати”ни қуришга киришилгани ҳам ижтимоий тармоқларни бефарқ қолдирмоқда.


Курантга туташ қурилишнинг «иккинчи навбати»

Айвоннинг “биринчи навбати” қурилаётганда объект эгалари бу қурилиш учун тегишли рухсатномаларни олмагани айтилганди.

Аммо кейинги қурилишлар учун улар рухсатнома олганми, олган бўлса, кимдан олган? Бу каби саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.  

Ўтган йилги “демонтаж” вақтида курантнинг декоратив ғишт қатлами ва ганч орнаментларига зарар етган эди. Шунингдек, меъмор Муҳаммедшин, ганчкор Уста Ширин ҳамда соатсоз Айзенштейн исми ўйиб ëзилган мармар лавҳа ҳам йўқолганди.

Тошкент тимсолларидан бири бўлган курант 1947 йилда қурилган. У ўша йили 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба шарафига илк марта бонг урганди.

Мустақилликдан сўнг курантнинг яқинида унинг эгизи ҳам қурилди. Халқ орасида “Гулноранинг куранти” номини олган бу бинода ҳам ҳозир қурилиш-реконструкция ишлари давом этмоқда.

«Элтуз»нинг Тошкентдаги мухбири


eltuz.com
Тағин ўқинг
26 июл 2016
Қамчиқ довонидаги туннел баҳона Оқсаройга йўналган пахта оқими янада кучайди. Бутун Ўзбекистон матбуоти бугун шу қурилишни амалга оширганларга эмас, ...
28 май 2019
“Шома менинг ёнимга келиб, тиззамга тепди. Мен “Ҳе, онангни…”, деб унинг устига қараб юрдим. Шома столи ортига қочди ва ...
17 март 2020
Ўзбекистонга коронавирус пандемияси кириб келгани боис жорий йилнинг 16 мартидан карантин эълон қилиниши билан мамлакат бӯйлаб нарх-наво ошиши кузатилди. ...
20 июл 2018
Нукус музейида 16 июлга ўтар кечаси занглаган қувурдан оққан сув машҳур футурист рассом Александр Шевченконинг «Челак кўтарган аёл» расмига ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...