Омон Матчон тирик бўлганда 80га кирарди
ЧЎҚҚИ САНАМАГАН ШОИР
Етмишинчи йилларнинг ўрталарида, образли йўсинда айтганда, Сўз дунёсида гўдак янглиғ эмаклашга чоғланаётган биз тенги қаламкашлар баҳайбат ҳайрат нелигини тузук билардилар. Негаки, айнан ўша паллаларда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфи каби “вулқонлар” отилиб, “тоғ” шаклига кирмоқда эдилар. “Тоғ” чўққиларига тик қарар эканмиз қалпоғимиз тушиши баробарида бошдан ҳушимиз қуш каби учиб ҳам кетарди. Агар шоир деганлари ростдан ҳам шулар бўлса, бизга йўл бўлсин, деярак ҳис-ҳаяжонга берилганимиз айни ҳақиқат.
Айни кунда ғалати туюлади – 1970 йилларнинг охирларида “Гулистон” журнали талаш бўлиб кетарди; зўр журнал эди; қишлоқларгача етиб борарди. Ифодалашга киришганимиз – мазкур журналда Омон Матжоннинг туркум шеърлари ёритилгани, битиклардан ҳайратланганим эсимда. Икки-уч маротаба ўқишим баробарида айрим парчалар идрокимга муҳрланган:
Мен ишқимни айтолмасам ўзингга,
Баланд тоққа чиқиб солай ҳайё-ҳу.
Пойинг узра дарё бўлиб тўлғонсин
Чўққиларнинг бошидаги оқ уйқу.
Шеърнинг оҳангги, образлари ўша давр қаричи билан ўлчанганида мутлақо янгилик эди. Энг муҳими, шоир ижодидаги романтик пафос ўша замон инсонларининг умумий кайфиятига мос тушганди. Хусусан, ишқ-муҳаббат темасидаги шеърлари. Забардаст шоирнинг “Сени яхши кўраман” отлиғ китоби қисқа вақт мобайнида икки маротаба чоп этилгани фикримиз далилидир.
Юқоридаги парча якуни:
Айтолмайин чекиб оҳу нолалар,
Қўяр бўлсам ерга кўксим ногаҳон
Юрагимдан хабар топган лолалар
Фарёд уриб қирга чиқсин – бағри қон.
Бу мисраларни китоб қараб кўчираётганим йўқ. Ёдимга тушганлари… Атайлаб ёдламаганман. Агарда бирон шоирнинг шеърларини атайин ёдламасангизу идрокка ўрнашса, бу хусусият асар сеҳру-жодусидан дарак беради.
Устоз Омон Матжон билан 2020 йилнинг 27 февралида кўришганмиз. Ёдимда, ҳофиз оғамиз Шермат Хўжа: “Молия институтида тадбиримиз бор. Қатнашсангиз…” деган. Дўстларга хабар бердик. Анжуман кўтаринки руҳда кечди. Шермат оғага каттакон гулдаста совға қилдилар. “Мавриди келиб турибди. Омон аканинг уйига борайлик. Қолаверса, ўн тўртинчи февралда туғилган куни эди. Гулдастаям бор” дедим. “Хўп”.
Оға, Шукур Жаббор, камина – учовимиз мошинда йўлга тушдик. Кўчасига бурилганимизда бир машина таққа тўхтади. Устознинг ўғилларидан бири (Диёрми, Элёрми) экан. Бизни таниб қолди чоғи, қувониб кўришиб ичкарига бошлади.
Хаёлимдан: “Омон ака мени танирмикан?” қабилидаги сўроқ “йилт” этиб ўтди. Негаки, устознинг хотираси пасайиб боряпти, баъзи ошналарини танимаяпти, қабилидаги миш-мишлар қулоққа чалинувди. Таниди. “Баҳромбой, бу не, йўқ бўлиб кетдингиз?” дея мутойиба қилди.
Бундан буёғи интернетдаги видеода бор. Шукурбой ҳар бир детални назардан соқит қилмай, видеога олган. Айни шу дийдорлашув охиргиси экани хаёлимизга ҳам келмаган. Чунки, устознинг кайфияти баланд, кўриниши тузук эди. Фақир коронавирус хасталигига чалиниб, шифохонада маҳзун алпозда ётганимда нохуш хабарни эшитдим. Ва беихтиёр улуғ шоир билан қандоқ танишганларимиз, бирга ишлаганларимиз миям қаватларидан кинолавҳа янглиғ ўта бошлади.
Тўғри, Эркин Воҳидов бир тараф-у, Абдулла Орипов бир тараф. Аммо, Омон Матжон шеърияти руҳини, ширасини ўсмирлигимдан бошқача қабул қилардим. Чунки, у инсон бизга қўшни туман – Гурландан етишиб чиққан эди-да! Элдошликни, тилу дил яқинлигини маҳаллийчиликка йўймаслик жоиз. Алҳол, поэтик тилда тупроқ ва ҳаво, сув ўзига хос жилоланади. Наздимда, Омон Матжон шеъриятида қишлоғимизни кесиб ўтадиган Рўзимёпнинг лойқа, ёғдек майин, ёқимли сувлари акс этаётгандек; оқ тутлари-ю нозвогуллари, қолаверса, ёп бўйида гуркираб ўсаётган бўёнларнинг ҳидлари мавжланаётгандек туюларди. Боиси шулки, уйимизнинг орқасидаги боғимиздан ибтидо топадиган пахтазорни “қўриқлаб турадиган” Рўзимёп қошидан ўтадиган йўлни “Гуллан йўли” дейишарди; Гуллан дейилганда 1970- йиллардан эътиборан Омон Матжон тушуниладиган бўлди.
Аниқ-тиниқ эсимда қолмаган: 1973 йилмиди ёхуд 1974, дадам телевизор кўриб ўтириб, илкис: “Ана у йигит ўзимизнинг Гулландан, зўр шоир” деб қолди. Югуриб бориб экран қаршисидан жой олдим; у навқирон йигит овозини жаранглатиб, шеър ўқирди; шеърини тугаллагач, теварагидаги йирик гавдали шоирлар нимадир дедилар; гулланли эса таъзим қилиб қўйди.
Кейинроқ ўша шоирнинг қуйидаги сатрлари хаёлларимда гавдаланди: “Хивада қалъа бор қалъа ичинда, / Бири – Ичон қалъа, бириси – Дешон, / Машҳурдир бирининг номи очунда, / Бири нураб ётар беназар, бешон”. Хулласи калом, мумтоз шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809- 1874) фанони тарк айлаганидан сўнг орадан юз йил ўтиб Хоразм адабий муҳити осмонида яна бир йирик, порлоқ юлдуз жило таратиб, жабҳа олди: бу юлдузнинг исми Омон Матжон эди. Зотан, 1993 йилда забардаст устозимиз “Ўзбекистон халқ шоири” унвони ила тақдирланганида ўша воқелик расман далилланганди.
Унинг “Очиқ деразалар” (1970), “Карвон қўнғироғи” (1973), “Қуёш соати” (1974), “Ёнаётган дарахт” ( 1977), “Ярадор чақмоқ” (1979), “Ҳаққуш қичқириғи” ( 1979), “Сени яхши кўраман” ( 1981), “Дарахтлар ва гиёҳлар” (1984), “Гаплашадиган вақтлар” (1986), “Минг бир ёғду” ( 1989), “Ўртамизда биргина олма” (1990), “Қуш йўли” (1993), “Имон ёғдуси” (1994), “Сайланма” (1997), “Ардахива” (2001) каби йигирмадан ортиқ китоблари нашр этилгани сермаҳсуллигидан дарак беради. Яна у жаҳоннинг машҳур шоирларидан бири Евгений Евтушенко билан ошино тутинган эди; Евтушенко Омон Матжоннинг рус тилида чиққан “Зов Феникса” отлиғ тўпламига сўзбоши битиб устозни Сергей Есенин билан таққослаган, бир нечта шеърларини таглама орқали рус тилига ўгирган эди. Ҳа, дарвоқе, собиқ иттифоқ телевидениесида намойиш қилинган бир кўрсатувда Омон Матжоннинг Евтушенко билан ёнма- ён туриб, шеърларини ўқиганини кўрганман. Евтушенконинг “Сантяго кабутари” шеърий асарини О. Матжон шундай “эркаланиб” таржима қилганки, хоразмча шевадаги сўзлардан ҳам унумли фойдаланган. Бошламасига қаранг-а: “Таннинг бир қоп суяк бўлиб минг чарчагани, / Арзимаган гапдир руҳий чарчоқ олдида”. Бинобарин, ўз даврининг энг машҳур шоири ҳамда таржимони мақомида устоз тарихга муҳрланган.
Энди ўша даврлар ширин хотираларга эврилди. Зотан, ўн беш йилликда миллат ўз шоирларини ғоятда қадрлаган, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон дохил профессионал шоирларини кўкларга кўтарган эди. Сўнг эса негадир маддоҳсифат қаламкашлар Сўз майдонига отилиб чиқдилар; поэтик тили нисбатан соддароқ, жўнроқ бу тоифадаги шоирлар расмий доираларга ҳам, оммага ҳам бирдек маъқул кўрилди. Омон Матжон, ҳаттоки, Абдулла Орипов узлатга чекинган янглиғ чеккага сурилдилар. Матбуот қўмитаси, Ёзувчилар уюшмаси, бадиий газета ва журналлар шу ровишга, тузилмага монанд ўзгардилар. Омон ака шуни билиб, фаҳмлаб Навоийга мухаммас шаклида ёзганидек:
Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,
Котиб-у давру рақам аввалгиларға ўхшамас,
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас,
Кўнглум ичра дард-у ғам аввалгиларға ўхшамас,
Ким ул ойнинг ҳажри ҳам аввалгиларға ўхшамас.
“Аввалгиларға ўхшамаслиги” тайин эди; мантиққа мувофиқ эди. Негаким, тутқунлик эраси барҳам топгач ҳақиқатпарастларга эҳтиёж сезилмади; расмийларнинг кўнгли сокинликни тилар ва ўшандан ҳузур топарди. Қолаверса, эл-улус ҳам ўз тирикчилиги билан андармон бўлишга тутинган; кўрсичқон янглиғ бир қатлам уясида тупроқ кавларди гўё. Сув лойқаланаётганини олдиндан илғаган чоғи Омон ака шуларни ёзган:
Суҳбатдош, гапимиз ҳеч қовушмади,
Гўё бошқа-бошқа биз турган макон,
Ё мен – ўз ғамида юрган йўлчиман,
Ё сен – энди индан чиққан кўрсичқон.
Оғзи ола минг жон эл бўлолмайди,
Эл бўлар меҳрлиғ иккита одам.
Бир кўна вулқон бор ичингда, билдим,
Дуд-қуйқум пускургинг келар дамодам.
Билдимки, эл кимни сал яхши кўрса,
Бу сенинг дилингни солади ғашга:
Омонку ҳеч гапмас!
“Эркин, Абдулланг,
Фу-в…” дейсан,- “Бир-икки шеъридан бошқа…”
Авваллари ундоқ эмас эди. Авваллари бу янглиғ такаббурликка жавоб тариқасида назм фанатлари аларнинг ёқаларига ёпишардилар. Аниқ-тиниқ ёдимда: 1978 йилнинг кузаги… ТошДУ журналистика факультетига ўқишга кирган пайтимиз. Талабалар орасида овоза тарқалди: “Низомий пединститути залида Омон Матжоннинг шеърият кечаси бўлармиш; тадбир тўлалигича телевидениеда кўрсатилармиш”. Бир тарафи “тирик шоир”ни кўриш, иккинчи тарафи телевизор экранида кўриниш бериш истаги фақирни пединститут томонга тортди; устига устак, ижара ҳовлимиз мазкур олийгоҳга яқин эди – Бешоғочда, Шпилковский кўчаси, 37- уй… Троллейбусда икки- уч бекат… Шоназар деган қишлоқдошимга айтсам, “тилизўрда чиқарсалар бораман” деярак йўлга шайланган.
Каттакон зал. Нина отсалар полга тушмайди – тумонат одам. Бу алпозни олдиндан сезганимиз учун белгиланган вақтдан ярим соатча аввал ўринларни банд этдик. Парда қайрилди-ю ялтироқ қора бархит костюм-шим кийган, ихчамгина галстук таққан, сочлари орқага таралган одам сал-пал кўринди. Зал қарсаклардан ларзага келди. Шунда Омон Матжон дадил қадамлар ила юриб, саҳна ўртасига келиб, йиғилганларга таъзим қилди. Бу гал олқишлар янада узоқроқ давом этди. Шоир ним табассум қилганича шовқин тинишини кутиб турди. Сўнг эса ҳеч ҳаяжонланмасдан, виқор билан, дона-дона қилиб гапиришга тушди: “Азизлар! Мен бу залда бундан ўн йил муқаддам, Самарқанд давлат университети студенти эканимда шеър ўқиган эдим. Мана бугун…”. Зал худди нафасини ютгандек жим эди; пашша учса қанотининг товуши эшитиларди. Шу зайлда шоир талабалик йилларини, домлаларини эслаб ўтди-да, ширали овозда назм базмини бошлади. Қанча шеър ўқилгани эсимда йўқ. Эсимда қолгани шуки, зал аҳли қайта-қайта шеър сўрарди; зал аҳлининг шоирни саҳнадан қўйиб юборгиси келмасди. “Энди саволларга навбат берсак”,- дея жилмайди шоир. “Ёзма равишда бўлсин!”. Саҳна сари қоғозлар учирма қилинди. Кўпчилик шеърият, муҳаббат, садоқат мавзуларига қизиқди. Бир савол шундоққина ёдимда қолди: “Омон ака! Қайси асарингизни ижодингиздаги чўққи деб биласиз?”. Шоир қисқа қилди: “Ҳали чўққи санашга эрта”.
Шундан кейин шоирдан дастхат олиш умидидаги ёшлар саҳнада турнақатор бўлдилар. Мен ҳам малла муқовали блокнотимдан саҳифа очиб ҳаяжону ҳайрат ичра актёрсифат инсонга яқинлашдим. У: “М.Омон” дея дастхат битди. Бу – Омон Матжон билан илк кўришувимиз эди.
Уч- тўрт соатнинг нари-берисида воқеликка кўчган назм кечаси, наздимизда, тез якун топгандай бўлди. Романтик кайфиятда ташқарига чиқдик. Аллақачон тун чўкканди. Тиқилинч троллейбусга ўзимизни урдик. Бариси биз тенги ёш-яланг. Хушсувратгина бир қиз кўзларига тикилиб турган йигитга бухороча лаҳжада сўз қотди: “Амон Матжон йигирма беш ёшларда бордир?”. “Бордир” деди йигит ҳам киприк қоқмай. Дарҳақиқат, у анча ёш кўринарди. Аслида ўттиз бешдан ошган эди.
1980 йил… Абдували Қутбиддин, Абдул Жалил, Абдимажид Азим каби курсдошларимиз бирин- кетин “Ёшлик” альманахида кўриниш бергач, фақир ҳам буюклар ошиёни – Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётига серқатнов бўлдим. Курсдошларим эътироф этишларича, номер биринчи шеършунос Иброҳим Ғафуровга ёзганларимни тақдим қилдим. Анча- мунча қатнадим. “Дуруст” деди-ю, альманах ёхуд баёз борасида гапирмади. Хуллас, элдошим-ку ахир, кўмаги тегиб қолар, шаклидаги умидворлик ила “Кўп жилдли асарлар редакцияси” ёзувлари битилган эшикни қоқдим. Ичкаридан: “Киринг!” дейилди. Омон ака каттакон пиёладан чой ҳўплаб ўтирган экан. Кўришдиму креслога чўкдим: “Шеърларимни опкегандим. Мен ўзим Хоразмнанман. Шовотдан…” дедим ярим тошкентча – ярим хоразмча. “Ҳа-а-а! Қаерда ўқийсиз?” деди шоир. “ТошДУда, журналистикада”. “У ерда ўқийдиган кўп студентлар кеп турибдилар. Майли. Беринг папкангизни. Вақт топиб, ўқиб қўярман, фикримни айтарман”.
Қўлларим қалтирар, ҳаяжонланардим; тезроқ хонани тарк этгим келарди. Зўр қизиқиш туйғулари кўнгилда мавж ургани ҳануз ёдимда. Шеърларим тўғрисида Омон Матжон нима дер экан-а?
1983 йилнинг баҳорида “Омон Матжон шеъриятининг лексик хусусиятлари” мавзусида диплом ишимни ёзиб, қўлёзмасини қаҳрамонимнинг эътиборига ҳавола этдим. “Дуруст” деди-ю шеърларим тўғрисида лом-лим демади.
1986-1989 йиллар мобайнида Омон аканинг таклифига биноан у бош муҳаррир лавозимида ишлаётган “Ёшлик” журнали таҳририятида аввал техник муҳаррир, кейинчалик шеърият бўлими мудири вазифаларида меҳнат қилдим. 1989 йилнинг ёз ойларидан бирида ўз аризамга биноан ишдан бўшаб, қишлоғимга “сурдим”. Омон Матжон сабоқлари асносида ижодимга талабчанлик туйғулари бойиди. Пировардида, ўша папкани сўраб-суриштирмадим. Устознинг сукутини жавоб ўрнида қабул қилдим. Унинг сўровига биноан туркум шеърларимни тайёрлаб, қўлига тутқаздим. Уч маротаба чиқиш қилдим “Ёшлик”да…
Дарвоқе, Тошкентга қора тортиб боришимга Омон Матжоннинг “Ёшлик” журнали саҳифасига битган дастхати сабабчи бўлган эди. “Ёшлик”даги илк чиқиш Баҳромбойга катта йўлнинг суюнчиси бўлсин” қабилида ёзув муҳрлаганди у. Ўша журнални саховатпеша устозимиз Матназар Абдулҳаким пойтахтдан олиб келганди.
… 1990 йил эди; “Совет пахтакори” (Шовот туман газетаси) таҳририятида “жавлон ураётган” кезларим. Қасноғи катта антиқа шапка кийиб, шоир Даврон Ражаб кабинетимизга кириб келди; кулимсираб: “Омон ака бериб юборди” деярак бир папкани қўлимга тутқазди. Таниш папка… Ичини очиб кўрсам, қоғозлар ўзаро ёпишиб, пресланиб қолғон экан; гўёки минг йилдан бери варақланмаган каби. Бу ўша, символизм оқимига мансуб шеърларим эди. Омон аканинг сақлаб қўйганига офарин дедим ичимда.
Бадиа аввалида ёзганимдай, ҳаётининг сўнгги йилларида устознинг хотираси анча-мунча пасайиб борди. Шундаям гап орасида Боғолон қишлоғидаги “Ёшлик боғи” хусусида сўйлаб қўяр, “Не-не машаққатлар билан кўчат обкелтирувдим; ноёб кўчатлар эди” дерди. Ёдимда, 1989 йилнинг ёз ойлари; вилоят зиёлиларини, хусусан, шоиру насрнависларни Боғолон қишлоғига чорладилар. Омон ака боғ яратган экан. Ўша “Ёшлик” боғини Адиблар уйи дейиш ҳам мумкин эди. Иншоотларни, ниҳолларни кўрдик. Кутубхонани… Ёдимда, тантана бошланишидан аввал давлат арбоби Маркс Жуманиёзов Омон ака билан виқор ила ўтиб кетган эдилар. “Ёшлик” боғининг тақдири нима бўлган – масаланинг бу тарафи бизга қоронғу. Фермерларга сотиб юборишди, дедилар; узумзорга айлантирилди дедилар. Ёру биродарларининг айтивугига қараганда, устоз қарилик фаслини ўша боғ ҳовлисида ўтказмакни ният қилган экан.
Шундоқ ёзган:
Олис юлдузларга сиррим айтмирам,
Нолишимни тонгги ел билса бўлди.
Учарга ҳар қушдан пар топинмадим,
Парвозлар ҳадисин дил билса бўлди.
Минглаб мухлислар, яъни назм шинавандалари Омон Матжон деган шоирнинг кимлигини, дил рангини, парвозини билиб, англаб, ёдида сақлаб қолдилар. Шунинг ўзи абадиятдан муждадир.
ИЛОВА: Жорий йилнинг 14 февралида Тоғ- кон, геология ва хавфли ишлаб чиқаришни назорат қилиш инспекцияси залида буюк мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига атаб анжуман ўтказилди. Мазкур анжуманда ҳофиз ва шоир Шермат Хўжа қатнашиб, мухтасар маъруза қилди. Бобурнинг “Баҳор айёмидур, доғи йигитликнинг авонидур” ҳамда Омон Матжоннинг “Умр ўтар” сарлавҳали қўшиқларини маромига етказиб куйлади. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Жозиба ва Раҳмон Хожимуродлар Бобур шахсияти, ижоди хусусида гапириш асносида таваллудига 80 йил тўлган Омон Матжон тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Баҳром Рўзимуҳаммад