Асосий мавзулар
19 март 2023

19 март куни Ленин майдонидаги митингда ўзбек тилига давлат мақоми сўралган эди

1989 йилнинг 19 мартида Тошкент марказидаги Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонида норозилик митинги бўлиб ўтди.

Митингни “Бирлик” халқ ҳаракати ташкил қилган эди. Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш талаби йиғилганларнинг асосий истаги эди.

Митингда, шунингдек, Бўстонлиқдаги кимë заводи қурилишини тўхтатиш ва Орол қуриши оқибатлари билан боғлиқ талаблар ҳам илгари сурилган.

Eltuz.com тасарруфида мавжуд бўлган ҳужжатларга кўра, митингда 80-100 нафар атрофида одам тўпланган.

Баъзи маълумотларга кўра, митингчи фаоллар орасига киритилган КГБ агентлари ҳисобига тадбир охирига бориб одамлар гавжумлашган.

Ленин ҳайкали остида ҳукуматдан изн сўрамасдан 80 кишининг йиғилгани ўша пайтда Ўзбекистон раҳбари бўлган Рафиқ Нишоновни қўрқитиб юборган.

Ҳукумат митингчилар ëнига одам юбориб, аввалига тарқалишни талаб қилган. Бу талаб қондирилмаганидан кейин митинг ташкилотчиси, математика фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлатов айни майдонга ëндош бўлган ва халқ орасида “товуқ оëқли уй” деб аталган 16 қаватли ҳукумат биносига таклиф қилинган эди.

“Бирлик” ташкилотчиларидан бири бўлган Пўлатовни Ўзбекистон ССР Олий кенгаши раиси Мирзаолим Иброҳимов қабул қилиб, унга ўзбек тилини давлат тили қилиш бўйича қонун лойиҳаси тайëрланаëтгани ҳақида билдирган.

Айни митинг ҳақида “Озодлик”нинг Тошкентдаги штатсиз мухбири Тоҳир Умаров воқеадан бир неча кун ўтиб Мюнхендаги радиостанциядан хабар қилган эди.

Билишимизча, айни митинг тўлалигича КГБ тарафидан видеотасвирга олинган ва бу тасвир шу кунда Ўзбекистон МХХ архивида сақланмоқда.

Бу митинг тасвирлари бизда мавжуд эмас. Аммо «Ўзбекфильм» киностудияси ишлаган “Тангалик болалар” киносида айни митинг билан боғлиқ ҳужжатли кадрлар мавжудлиги айтилади.

Турли манбаларга кўра, бундан илгари ҳам Ўзбекистонда сиёсий норозилик намойишлари бўлган.

Масалан, Ўзбекистон тарихидаги илк митинг 1988 йили 20 декабрь куни Инқилоб (ҳозирги Амир Темур) хиёбонида Муҳаммад Солиҳни «Правда Востока» ҳужумидан ҳимоя қилиш учун ўтказилганди.

Унда 300 атрофида одам қатнашгани айтилади.

Бундан ташқари, ўша йили февраль ойида Ўзбекистон тарихида «Тил байрами» номи билан қолган, ўзбек тилига давлат мақоми бериш сўралган илк намойиш талабалар шаҳарчасидаги майдонда ўтган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 ноябр 2019
Оддийгина авария содир этгани сабаб ички ишлар идорасига олиб борилгани ортидан икки ҳафта бедарак кетган андижонлик Абдуллоҳ Тоҳировнинг бошидан ...
27 сентябр 2017
Президент Мирзиёев ваъдаларига ишониб ватанга қайган диссидент ёзувчи Нурилла Отахонов (Нуруллох Муҳаммад Рауфхон)нинг, 27 сентябр куни Тошкент аэропортида ҳибсга ...
29 август 2016
Ўзбекистон тарихида илк бора Вазирлар маҳкамаси мамлакат раҳбарининг соғлиги ҳақида чиқарган баëнот ортидан Ўзбекнаво лицензияси билан фаолият юритаëтган артистлардан ...
13 март 2017
Ўзбекистон матбуоти Кадрлар тайёрлаш миллий дастури туфайли мамлакатда таълим тизими қанчалик «ютуқларга эришгани», «дунёда тан олингани» тўғрисида оғиз кўпиртириб ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...