Document UZ
12 январ 2016

Менга қарши ҳужжатлар тўплами

Биз собиқ банкир Рустам Усмоновнинг 1995 йил ёзган“Тўхтатилган парвоз” китобидан парчалар эълон қилишни давом эттирамиз. Обрўли ва бадавлат бизнесмен Рустам Усмонов Ўзбекистондаги коррупцион тузум учун ноқулай ва исталмаган шахсга айланди.Рустам Усмонов уни жисмонан йўқ қилишади, дея ўйлаганди. Уни ўлдиришмади. Унинг бизнесини яксон қилишди, ўзини эса турмага тиқишди. У сўнгги 17 йилдан бери қамоқда қолмоқда.

ДОСЬЕ

rasm578Ўзимга қарши ҳужжатлар тўпламини ўқиш жуда қизиқ эди. “Қулоқ”ларнинг бу қоғозларини ўқир эканман, ҳаётга беихтиёр бошқа томондан назар ташладим. Тўпламнинг биринчи ҳужжатига 1994 йил январь санаси қўйилганди. Бу эса Р.Т.Усмоновга қарши иш очилиши тасодиф эмаслигини кўрсатарди. 1994 йилнинг январь кунларида Каримовнинг мамлакат тадбиркорлари билан учрашуви республика телевидениесида икки марта намойиш этилганди. Мен ҳукуматга қарши қаттиқ танқид билан чиқиш қилгандим. Кутилмаганда Каримов мени қўллаб-қувватлаганди. Айнан шу нарса президентнинг яширин мухолифларини чўчитган бўлса ажаб эмас. Чунки уларда президентдан яширадиган нарсалар йўқ эмасди. Балки шунинг учун Усмоновга қарши далиллар йиғишга қарор қилинган, бир гап чиқса, шантаж ва таҳдидлар билан уни тилини тийишга мажбур қилиш кўзланган бўлиши ҳеч гап эмас.

1994 йил 7 январда Сергилев лақабли айғоқчи мен чет элга катта миқдорда пул ўтказганим ва пул ўтказишдан нақд пул шаклида катта фойда олганим ҳақида маълумот берганди. Айғоқчининг тутуриқсизлиги шунда эдики, аслида агар мен ўз пулларимни чет элга ўтказсам, жуда катта эҳтимолий фойдани бой берган бўлардим. Ўзбекистонда айлантирилаётган ҳар бир сўм бир йилда 10 сўм даромад келтирадиган бир шароитда пул умуман фойда келтирмай, ўлик ҳолда ётадиган бошқа давлатга маблағ кўчириш менга нега керак бўларди? Лекин мен айғоқчи Сергилевдан хафа бўлишим ножоиз, чунки банкир бўла олмагани учун у “қулоқ” айғоқчиликни танлашга мажбур бўлган…

Ўзбекистонда 1-2 май кунлари энди байрам ҳисобланмасди. Шунга қарамай, мен меҳнаткашларнинг бирдамлик кунини ўзим туғилиб ўсган колхозда нишонлашга қарор қилдим ва 30 апрель куни Хонободга келдим. Тошкентга қайтишда Андижонда мени ОМОНчиларнинг катта отряди кутиб турарди. Йўл тўртта КРаЗ билан тўсиб қўйилганди. Мен ўз “Волга”мда эдим. Ҳайдовчидан ташқари мен билан ўғлим ва унинг хотини бор эди.

Тўғрисини айтганда, аввалига мен бунча кўп милиционер тўпланиб турганига аҳамият ҳам бермадим. ИИБ бирор операция ўтказаётгандир, шунинг учун бизни тўхтатгандир, деб ўйладим. Икки томондаги уйларнинг томида видеокамералар билан операторлар ўтирарди.

Олдимга юқори мартабали амалдорлар келди. Уларнинг кўпини танирдим, биз саломлашдик, қучоқлашиб кўришдик. Саломлашувлар пайтида бир майор ёнидаги ҳамкасбига қараб: “Аблаҳлар, тревога билан оёққа турғизишди, хавфли жиноятчини қўлга оламиз дейишди, ўзлари эса шу жиноятчи билан қучоқлашиб кўришяпти”, деб сўкинганини эшитдим. Миямга уриб қолди: бу томошанинг ҳаммаси шаҳар ҳокими ниқобидаги маҳаллий мафиоз билан можаролашганим шарафига мен учун уюштирилаётган экан-да…

Бу 1994 йил 2 майда бўлганди. Махфий айғоқчи 5 майда етказган маълумотида ёзганди: “Агар у жисмонан йўқотилмаса, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан унга қарши амалга ошириладиган ҳар қандай ҳаракат кучли можаро қўзғайди”.

Шу ўринда бир ҳужжатнинг матнини келтириб ўтиш ўринли.

«МАХФИЙ»

Ички ишлар вазири ўринбосарига
катта тезкор ходим
(фамилия ва унвонлар тушириб қолдирилган)дан
Рапорт

Маълум қиламанки, Усмонов Рустам Турдиевич билан ишлайдиган манбаларимнинг сизга аввал етказиб берганим маълумотлари кучли хавотир уйғотади. Шунинг учун Сиздан ўз жавобгарлигим остида янада қатъий чоралар кўришга рухсат беришингизни сўрайман.

04.05.94 й. имзо

Резолюция
Танишдим. Вазиятга қараб иш тутинг.
04.05.94 й.

Мавжудлигини, албатта, ҳали билмайдиганим бу ҳужжатнинг оқибатлари мен учун жуда эсда қоларли бўлганди. 28 май куни катта ўғлим Шуҳрат ғойиб бўлди. У кечқурунги рейс билан Москвага учиб кетиши керак эди. Тушгача сартарошхонага чиқиб келишга қарор қилганди. Битта шиппакда кетиб, уйга қайтмади.

Биз уни ҳамма жойдан – милициядан, шифохоналардан, ўликхоналардан қидирдик. Катта қийинчиликлар билан ички ишлар вазири ўринбосарига қўнғироқ қилиб тушдим. У Шуҳрат Қорасув шаҳрида бўлиши мумкинлиги, чунки Қорасув судьяси унга нисбатан қидирув эълон қилганини тахминлади. Қорасувга жўнадим. У ердагилар ўғим ҳақиқатан ҳам қидирувда эканини тасдиқлади, аммо унинг ушлангани ҳақида ўзларида маълумот йўқлигини маълум қилди.

Хонободга келдим. Шаҳар ИИБ бошлиғи яқин дўстим эди. У қучоғини катта очиб столдан туриб келди. Юрагим дуккилашдан тўхтади. Демак ўғлим шу ерда, ўйладим мен. Қучоқлашиб кўришдик. Дарров мақсадга ўтдим.

  • Ўғлим қаерда?
  • Қанақа ўғил?

  • Менинг ўғлим, Шуҳрат.

  • Билмайман …

  • Нега билмайсан, ўзинг уни қидирувда бергансан-ку.

  • Мен эмас, Қорасув тумани судьяси қидирув эълон қилган. Мен фақат унинг қарорини шаҳар ИИБда рўйхатга олганман, холос.

  • Биз сен билан кўп кўришганмиз, мени қандай топишни биласан. Ўғлимга қидирув эълон қилингани ҳақида нега менга хабар бермадинг? Сен мени биласан-ку. Мен ўзим уни олдингга олиб келган бўлардим. Тўғрисини айт, Шуҳратни ушлаб келиш учун шаҳар ИИБдан бирортасини жўнатдингми?

  • Худо ҳақи қасам ичаман. Ҳеч кимни жўнатганим йўқ, ўғлингга нима бўлганини ҳам билмайман.

  • Тўғрисини айт, тушун, мен унинг отасиман. Сенинг ҳам болаларинг бор, сен ҳам отасан. Тасаввур қил, қизларингдан бирортаси кутилмаганда йўқолиб қолса, нима бўлади. Хотиним деярли беҳуш ётибди. Ўғлимдан сўнг уни ҳам йўқотишдан қўрқаман.

Илтижоларим ИИБ бошлиғига таъсир қилмади. У пинагини ҳам бузмади.

Ўша куни ярим тундан сўнг биз Тошкентга қараб жўнадик. Ҳар доимгидек рулда ажралмас ҳайдовчим Қутбиддин Отахонов эди. Кечаю кундуз у мен билан юрарди. Ҳатто уни ишдан бўшатмоқчи бўлдим. Ўз ҳаётимдан қўрқмасдим. Мен туфайли у ҳам йўқ бўлиб кетишидан қўрқардим, холос. Унга бу ҳақда айтганимда, барча хавотирларимни тарқатди: “Худо тақдирга нима ёзган бўлса, ўша бўлади. Яхши кунларда ҳар доим ёнингизда бўлдим. Ёмон кунларда сизни ташлаб кетиш аблаҳлик бўлади. Нима бўлса ҳам охиригача Сиз билан қоламан”.

Тошкентга қайтдик. Дўстларим жиноят олами зўравонларига мурожаат қилишни маслаҳат берди. Бордик. Жавоб оддий бўлди: “Усмоновнинг обрўси жуда баланд, шунинг учун ҳеч ким унинг ўғлини ўғирлашга журъат қилмайди. “Мент”лардан изланг. Улар бизникилардан ҳам абжирроқ ишлайди”.

Бир ҳафтадан сўнг ўғлим Ўзбекистон ИИВ вақтинчалик ҳибсда сақлаш изоляторида эканини билдик. Бу кунларда бошимиздан нималар ўтгани ёлғиз худога аён. Расмий айблов “бир йил ичида икки марта машинани маст ҳолда бошқариш” эди.

Президент Каримовга мурожаат қилдим. Унинг ёрдамчиси Г.А.Крайнов республика ички ишлар вазирига шахсан телефон қилиб, ишни обьектив ва қонун доирасида ҳал этишни сўради. Ўғлим Ўзбекистон ички ишлар вазири З.Алматовнинг буйруғи билан изолятордан қўйиб юборилди.

Хонобод шаҳри ИИБни хабардор қилиш учун ўғлимни олиб ўша ёққа жўнадим. Ички ишлар вазирининг кафили сифатида биз билан Тошкентдан милиция майори ҳам борди.

Хонобод шаҳри ИИБ бошлиғи уйида экан. Унга бизнинг келганимизни хабар қилишди. У ИИБга келгунига қадар мен уйга телефон қилдим ва Шуҳрат билан тез орада етиб боришимизни айтдим.

ИИБ бошлиғининг хонасига фақат ИИВ вакилини киритишди. У бир соатдан кейин чиқди, қовоғи солиқ ва дарғазаб эди. У ИИБ бошлиғи Шуҳратни Андижон турмасига жўнатишни талаб қилаётганини билдирди. ИИБ бошлиғи хонасига ўзим кирдим. Хотиржам гапира бошладим.

  • Сен билан 1976 йилдан бери дўстмиз. Шу вақт ичида бирор марта хизматингдан фойдаланмадим. Бирор марта бир нарса сўрамадим. Ҳар доим дўстлигимизни қадрладим, мен учун бировнинг олдида юзинг қизаришини истамадим. Сен пора олмайсан. Шунинг учун сенга моддий ёрдам бериб туришга ҳаракат қилдим. Лекин буни сенга умуман билдирмадим.

Энди кўмак бериш навбати сенга келди. Шу кунларда хотиним билан ярим умримизни бой бердик. Энди ҳаммаси жойига тушди, Шуҳратни олиб келдим. Йигирма ёшли йигитчани республиканинг энг даҳшатли турмасига жўнатишдан мақсадинг нима? Асосийси, нима учун? Қандай катта жиноят учун? Транспортни маст ҳолда бошқарганлик учун, сизларнинг ибораларингда айтганда, турмага қамаш шаклидаги эҳтиёт чорасини қўллаш дунёдаги қайси қонунда бор? Жавоб бер менга!

  • Тушун, мен бошқача йўл тута олмайман. Акс ҳолда эртагаёқ ишимдан айриламан. Менга буйруқ берилган…

Даҳшатга тушдим. Наҳотки агар гап унинг шахсий амалида бўлса, бошлиқнинг ҳатто ноқонуний буйруғи ҳам унинг учун қонун ҳисобланадиган одам билан шунча йил дўст бўлган бўлсам.

  • Мен сени одам деб ўйлабман. Сен роботсан. Сенда номус ҳам, виждон ҳам йўқ. Сенда қалб йўқ, дўстлик ҳақида оддий тушунча ҳам йўқ. Агар сенга ва бошлиғингга ўғлим керак бўлса, ол уни. Худо менга ўғил берди, лекин уни дўстнинг қўли билан қайтариб олди, деб ҳисоблайман. Сенга худонинг ўзи кўрсатсин.

Эркакка хос бўлмаса-да, ҳўнграб йиғлаб, хонадан югуриб чиқдим. Ўғлимни кўриб, қучоқлаб олдим. Хаёлан у билан видолашдим. Чунки уни бошқа кўрмайман, деб ўйладим. Томоғимга бир нарса тиқилиб, ярим оғиз ҳам гапира олмасдим.

Тунги соат 3 да ўғлимни Андижон турмасига олиб кетишди.

Икки ҳафтадан сўнг суд 130 сўм миқдорида жарима тўлаш тўғрисида қарор чиқарди ва ўғлим турмадан озод қилинди.

Шу воқеадан сўнг сувдан сокин, ўт-ўландан паст бўлиб юрдим. Менга ўзини намунали тутиш ҳақида яхшигина дарс берилганди. Ҳаммаси жойига тушгандек бўлди – 1994 йил сентябрда мени Туркияга жўнаб кетаётган ҳукумат делегацияси таркибига қўшишди.

Афсуски, атрофимда содир бўлаётган воқеаларнинг аниқ сабабларини билмасдим. Балки махфий айғоқчининг қуйида келтириладиган хабари бу ҳақда мендан яхшироқ тушунча бера олар.

«МАХФИЙ»

Манбанинг маълум қилишича, Р.Т.Усмоновга қарши қаратилган барча тадбирларни вақтинчалик тўхтатиш зарур. Чунки Р.Т.Усмонов ўғлига ва шахсан ўзига қарши тезкор тадбирлар режасидан хабардорга ўхшайди. Махфий маълумотлар билан ишлайдиган барча ходимларни қайта текширувдан ўтказишингизни сўрайман. 1994 йил 1 апрелдан 1 августгача бўлган давр оралиғида бу шахслардан бирортаси автомобиль ёки йирик кўчмас мулк сотиб олган-олмаганига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Чунки менинг ҳисоб-китобларимга кўра, тезкор тадбирлар режаси айнан махфий маълумотлар билан ишлайдиган кишилар томонидан Р.Т.Усмоновга камида 10 минг АҚШ долларига сотилган бўлиши мумкин.

Бу ҳақдаги барча маълумотларни телефон сўзлашувларини яширин эшитиш орқали олдим. Мен айнан Р.Т.Усмоновнинг ўғли бўйича тезкор тадбирлар режаси ички ишлар вазири ўринбосари томонидан тасдиқланган ҳамда Шуҳрат ва Р.Т.Усмоновни текшириш учун махсус гуруҳ тузилган ўша даврда бир неча киши у билан учрашув белгилагани ва бу учрашувлар банк жойлашган жойдан узоқроқда ўтказилишини талаб қилганини аниқладим. Сўзлашувлар даврида Зуфар исмли шахснинг номи кўпроқ тилга олинди. Мен бу шахснинг кимлигини аниқлай олмадим. Шунинг учун махфий бўлим ходимларидан бирортасининг исми шундайми ёки йўқми эканини текшириш зарур. Телефон сўзлашувларининг ёзувини хабарга илова қиламан.
20.07.1994 й.

Хабардан кўриниб турибдики, нима иш қилинган бўлса, Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари даражасида тасдиқланган режа асосида амалга оширилган. Бу вақтда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳуқуқий давлат ва демократик жамият қуриш, дунёдаги энг демократик Конституция, энг инсонпарвар қонунлар ҳақида жар соларди. Аслида эса ҳаммаси бошқача эди. “Адолатли, демократик жамият”да инсон ҳуқуқлари ҳеч кимни қизиқтирмасди. Ўзбекистон Конституцияси, қонунлар, президент фармонлари ва сўзларига ҳаволалар ҳатто давлат амалдорларида ҳам истеҳзо уйғотарди. Улар Каримов давлат қуришнинг ўзи яратган модели асирига айланганини жуда яхши англарди. Бу моделда ҳаммаси яхши, ҳаммаси ажойиб ўйланган эди. Лекин бу фақат моделдагина мавжуд эди, холос. Реал ҳаётда ҳаммаси бундан жуда йироқ эди. Аслида мамлакатни давлат амалдорлари ниқобидаги мафиозлар бошқарарди. Улар учун Каримов жуда қулай президент эди. Улар президентни ҳимоялаш орқали аслида ўзларини муҳофаза қиларди. Ҳар қандай ўзгача фикр, республика қонунларида белгилаб қўйилган ҳуқуқларга риоя этиш талаби уларнинг ғазабига сабаб бўларди.

Буни махфий айғоқчининг қуйидаги хабаридан ҳам билиш қийин эмас.

«МАХФИЙ»

Манбанинг хабар беришича, МДҲ ишбилармон доираларида Р.Т.Усмоновнинг обрўси тобора ўсиб бормоқда. Хорижда танилиб қолгани эса янада хавотир уйғотади. “Бизнес” деб аталган айёрона усуллар орқали у хорижга жуда катта миқдорда пул ўтказди ва шу йўл билан ўзини пул қадрсизланиши ва текширувлардан суғурта қилиб қўйди. Маълумотларга кўра, айни пайтда у ҳокимиятни олдингидан ҳам кўпроқ қўмсамоқда ҳамда ҳали депутатлик ва бошқа дахлсизликлардан фойдаланмаётган пайтда ўз вақтида чоралар кўрилмаса, бунга эришишига шубҳа йўқ. Уни йўлдан олиб ташлаш мумкин. Акс ҳолда у президентимиз И.Каримовга қарши энг кучли мухолифат раҳбари бўлади.

Ҳозир унинг бу лавозим сари интилиши учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Пул, машҳурлик, хориждан туриб қўллаб-қувватлаш бор. Энг асосийси, унга садоқатли одамлар ва афсуски, баъзи раҳбарларда етишмаётган жуда кучли таҳлилий тафаккур мавжуд. Ички ишлар вазири ва унинг ўринбосари ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши унинг айёрона ўйини натижаси эканини тахмин қиламан. Мен баъзида унга қарши ишлашдан чўчийман. Чунки интуиция ва унинг баъзи ҳаракатлари махфий маълумотлар билан ишлайдиган ходимлар ўртасида унга содиқ кишилар бор, деб хулоса қилишга ундайди. Р.Т.Усмонов иши бўйича маълумотлар билан ишлайдиган ходимлар доирасини имкони борича торайтиришни сўрайман.
10.11.1994 й.

Худди шу ноябрь кунларида номзодим Олий Мажлис депутатлигига қўйилгани кўпчиликка маълум бўлганди. Айнан шу нарса айғоқчиларни хавотирга соларди. Бироқ махфий айғоқчининг хабарлари тор доирада муҳокама этилаётган пайтда сайловчилар билан биринчи учрашув бўлиб ўтди.

Кучли хавотирга тушган айғоқчи Марказга янги хабар жўнатади.

«МАХФИЙ»

Манбанинг маълум қилишича, Р.Т.Усмонов ўз ниятига эришиш – Ўзбекистон Республикаси президенти курсисига ўтириш учун аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Сўнгги вақтларда номи шунчалар машҳур бўлиб кетдики, ҳар қандай чойхонада унинг исмини эшитиш мумкин. Агар у янги йилгача тўхтатилмаса, кейин кеч бўлади. Энг кескин чоралар кўришни таклиф этаман.

Шунга яқин мазмундаги хабарлар бошқа айғоқчилардан ҳам олинди. Натижада қуйидаги ҳужжат пайдо бўлди.

«МАХФИЙ»
ЎзР ички ишлар вазири ўринбосарига
ИИВ ЖҚБ катта тезкор ходими …дан

Рапорт

Маълум қиламанки, Усмонов Рустам Турдиевич билан ишлайдиган манбаларимнинг сизга аввал етказиб берганим маълумотлари кучли хавотир уйғотади. Шунинг учун Сиздан ўз жавобгарлигим остида янада қатъий чоралар кўришга рухсат беришингизни сўрайман.

Ушбу рапортдан кейинги биринчи ҳаракат республика Олий Кенгаши депутатлигига номзодимни чақириб олиш бўлди.

Иккинчиси эса офисимда қоровулнинг ўлдирилиши эди. Умуман, мен йўлдан олиб ташланишим керак эди. Аммо зарур эҳтиёт чораларини кўриб қўйгандим. Эҳтимол шунинг учун улар қоровулни ўлдириш билан мени қўрқитиб қўймоқчи бўлгандир.

Фаол ҳаракатларга киришишга рухсат олингандан бир ой ўтиб қуйидаги хабар етказилди:

«МАХФИЙ»

Манбанинг хабар беришича, “Рустамбанк” биносида содир бўлган ўғирлик ва қоровулнинг ўлдирилиши иши бўйича ўтказилган тергов керакли натижани бермаган. Р.Усмоновдан норозилар ва уни ёмонловчилардан кўра унга хайрихоҳлар кўпроқ. Терговга керакли йўналиш етишмади. Терговни илгари режалаштирилганидек ўз ишининг усталари эмас, нўноқлар олиб борди. Бу иш учун жуда ақлли ва эҳтиёткор кишиларни танлаш кераклиги ҳақида мен олдин ҳам огоҳлантиргандим. Бу иш атрофида кўтарилган ғала-ғовурдан сўнг мен ўйлаб қўйганларимни амалга ошира олмайман. Менга топширилган вазифани ўз муддатида бажарадиган вазиятда эмасман.

«МАХФИЙ»

Манбанинг хабар беришича, Р.Т.Усмонов жуда айёр ва ақлли рақиб. У билан ишлаётган одамлар орасини бузиш керак. Бу бизга кўпроқ маълумот олиш имконини беради. Уни жисмонан йўқ қилиш бахтсиз ҳодиса ёки касалликдай бўлиб кўриниши учун қулай асос яратади.
12.02.1995 й.

Махфий айғоқчиларнинг шиддатли ишлари кутилган натижани бермади. Мол-мулкдан воз кечишим, республикани тарк этиш ниятим уларнинг хўжайинларини қониқтирмади. Уларга менинг ўлимим керак эди. Улар тирик Усмоновдан қўрқарди. Мен атрофимдагиларга хавф туғдираётганим учун эмас, агентнинг ўзи ёзганидек, баъзи раҳбарлардан ақллироқ бўлганим учун ўлишим керак эди. Улар Усмонов ҳеч қандай ёмон ишлар қилмагани, айнан шунинг учун унинг устидан доимий назорат кераклигини тан олишга мажбур бўлди.

«МАХФИЙ»

Усмонов Рустам Турдиевичга
тезкор маълумотлар асосида тузилган
характеристика

Ташкилотчилик қобилиятига эга, ақлли, айёр, қарор қабул қилишда қатъий, сўзида тура олади. Эҳтиёткор, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилмайди. Аёллар билан ахлоқсиз алоқалари аниқланмаган. Наркотикларга лоқайд, пулни яхши кўради, ҳокимиятга эришишни ундан ҳам яхши кўради. Атрофдагиларни ўзига осон бўйсундиради. Ўзбекистон Республикаси президенти бўлиш имкониятим бор, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон, шунингдек, хориждаги ишбилармонлар ўртасида жуда катта обрўга эга. Ҳамма жойда маслакдошлар топа олади. Молиявий имкониятлари чекланмаган.
25.03.95 й.

Ушбу характеристикада битта ноаниқлик бор. Мен пулни, айниқса, ҳокимиятни севмайман. Агар пулни яхши кўрганимда ҳамма нарсага 5-6 йилда эришмаган бўлардим. Агар ҳокимиятни яхши кўрганимда ўзимга аллақачонлар бирорта мансаб сотиб олган бўлардим. Пулинг бўлса, Ўзбекистонда бунга эришиш қийин эмас.

Мен нима мақсад учун ишлайман?

Иш жараёнининг ўзи менга ёқади. Бу жараёнда ягона тўғри қарор қабул қилдингми, демак ғолибсан. Агар қароринг нотўғри бўлса, ўзингдан кўр. Боксчи рингга нега чиқади? Фақат рақибни дўппослаш учун эмас, балки оммага ва ўз-ўзига рақибидан кучли эканини исботлаш учун. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Мен пул учун эмас, иш жараёнида ўзимни англаш учун меҳнат қиламан. Пул – асосий мақсад эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, тушликда мен бирданига икки ҳисса овқат ейишим ёки бирданига иккита костюм кийишим ёхуд бирваракайига иккита машина рулига ўтиришим мумкинки? Миллионлаб пул ишлаб, ўзим учун унинг муайян қисмини ишлата оламан. Қолгани жамият равнақига сарфланади.

Ҳаддан ташқари бой одамларни бахтсиз кишилар ҳисоблайман. Улар жуда кўп ишлайди, аммо қанчалик мантиққа зид бўлмасин, кам нарсага эга бўлади. Одамлар ундан қаттиқ нафратланиши учун ҳасадчилар ҳамма ишни қилади. Уларни ҳатто энг яқинлари ҳам хуш кўрмайди. Бой одам топганини бошқалар билан бўлишиши керак, деб ҳисоблашади. Аммо бойларнинг аксарияти худо томонидан шундай яратилгани учун эмас, балки ўз бойлигини пешона тери билан топгани учун хасисдир. Ўзини барча нарсадан тийиб, кучи, соғлиғини ўйламай ишлаб, улар дам олиш, байрамлар, дўстлар даврасида ҳангомалашиш нима эканини билмайди.

Улар бутун ҳаёти давомида топганини кўз очиб юмгунча йўқотиш эҳтимолидан доимо қўрқиб яшайди. Шу билан бирга, на дўстлари, на қариндошлари бу пайтда ёрдамга келмаслигини яхши билади.

Ишонинг, шундай бўлган, ҳозир ҳам шундай, яна узоқ-узоқ йиллар шундай бўлади. Дунёни Худо яратган. Уни биз бошқармаймиз. Шунинг учун ҳаётида бирор чўққига эришган киши фақат ўзига ва худога умид қилиши керак. Бошқа ҳеч ким ёрдам бермайди.

Бошимга тушган ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, ҳеч қачон зорланмаганман. Ҳеч кимдан ёрдам сўрамаганман. Ҳар доим ўз кучим билан ҳал этишга интилганман. Яширмайман, охирги икки йилдан бери Қирғизистон тоғларида ўз ҳузур-ҳаловатим учун ишлаш мумкин бўлган кичкинагина фермага эга бўлиш ҳақида кўп ўйлайман. Афсуски, ҳозир бундай орзу ушалмас бўлиб туюлади.

Мен тоғнинг жўшқин дарёсига тушиб қолдим. Унинг тўлқинлари мени тошларга уриб мажақлашга уринади. Мен эса фақат унга чап бериш билан машғулман. Ҳаётнинг моҳияти шунда.

Менга ўлим ҳукми чиқарилганини аввал ҳам сезгандим. ИИВнинг махфий ҳужжатларини қўлга киритиб, бунга тўлиқ амин бўлдим. Яширмайман, вазиятим ҳақида ўйлаб, ҳар доим ўзимга савол бераман: Мени нега ўлдиришмоқчи? Нимага ва кимга ёмонлик қилдим? Бирор инсон мендан норизо бўлиб кетганини эслай олмайман. Ҳеч қачон бировдан бир тийин олмаганман. Бирор кишини алдамаганман, хафа қилмаганман. Ҳалол ишлаганман. Ёрдамимга муҳтож барчага кўмаклашишга интилганман. Мен бойлардек яшамадим. Кундалик эҳтиёжлар учун зарурларидан ташқари бирорта арзигулик нарсага эга бўлмадим. Буни рақибларим ҳам тан олади.

Афсуски, президентнинг атрофидаги одамларнинг менга хусумати бор. Ўзининг президентга қанчалик кераклигини кўрсатиш учун улар гўёки унга катта хавф туғдирадиган душманларни ўйлаб топади. Бу мақсадда улар ҳар қандай имкониятни ишга солади. Душманларни ўзлари ўйлаб топади, улар душман эканини ўзлари исботлайди. Президентни қутқариш учун ўзлари “жонини хатарга қўяди” ва “душманлар”ни йўқ қилади. “Душманлар” эса ўз бошига бундай ноқонуний айблар, туҳматлар нега кутилмаганда ёғилиб келаётганини билмайди ҳам.

Асл ҳақиқатни билмайдиган оддий одамларда эса “жиноятчилар” ҳақиқатан ҳам айбдор экан, деган таассурот уйғонади.

«МАХФИЙ»

Манбанинг хабар беришича, Р.Т.Усмонов ўз атрофига ҳар ишга қодир одамларни йиғмоқда. Р.Т.Усмонов тирик экан, унда пул ва содиқ одамлар бор экан, ҳозирги раҳбариятга реал хавф таҳдиди мавжуд, президент эса бунинг учун ҳаёти билан товон тўлаши ҳеч гап эмас. Р.Т.Усмонов ва унинг гуруҳини йўқ қилишга киришишни таклиф этаман.
12.04.1995 й.

Бундай туҳматларга ишонишади. Туҳматномалар шошма-шошарлик билан йиғилган бошқа агентура маълумотлари билан бирга президент девонига юборилади. Бу ерда улар мана шу уйдирмалар билан президентни қўрқитади ва унинг ижозатини олиб, душман ниқоби остида энг садоқатли ва ишончли тарафдорларини йўқ қилади. Бу асрлар давомида синовдан ўтган эски усул. Аммо у ҳозиргача жуда яхши самара бериб келяпти.

Махсус хизматлар ўз ишини билади, шунинг учун ҳам махсус хизмат-да. Улар ҳосилни бировнинг қўли билан йиғади.

«МАХФИЙ»

Манбанинг хабар беришича, мафия тузилмаларида Усмоновнинг фаолияти ва ўзбошимчалигидан норозилик пайдо бўлган. Шунинг учун агар у бирор бахтсиз ҳодисага йўлиқса, мақсадга эришилмаган тақдирда ҳам буни жиноий гуруҳлардан бирининг қасоси сифатида талқин қилиш мумкин.
17.04.1995 й.

Аммо ўзимнинг ғайриоддий хатти-ҳаракатларим рақибларнинг барча режаларини чиппакка чиқардим. Ўзимга тансоқчилар олдим, оиламни тоққа жўнатдим, ўзим эса Тошкентдан жўнаб кетдим. МХХга Аҳмедовнинг таъмагирлиги ҳақида ариза ёздим, яъни “ақлсиз” иш қилдим.

Бироқ МХХ раҳбарлари қўрқоқлик қилди, хатим президентга етиб бормади. Хат мен устидан арз қилган одамнинг қўлидан ўтиши керак эди. У “чекист”ларни ахборот тақдим этишда тезкор эмаслиги учун койиди. Улар ғоз турганча хижолат чекди, ўз айбини қандай қилиб бўлса ҳам ювишга тайёр бўлди. Албатта, улар ақлли одамлар. Ўз мундирини “жиноий унсур”нинг қони билан булғашни исташмади ва ишни ИИВга оширишди. Бу ерда эса шуни кутиб туришганди ва аввалдан тезкор тадбирлар режасини тузишганди. Режанинг якуний мақсади ҳибсга олинганидан кейин Усмонов вақтинчалик сақлаш изоляторида ўзини ўлдиришини саҳналаштириш эди.

Шундай бўлганда Усмонов умри махсус хизматлар режалаштиргандек поёнига етарди.

Бахтимга республика “олий қўмондонлик таркиби” орасида ҳалол киши – ички ишлар вазири Зокиржон Алматович Алматов топилиб қолди. У ҳибсга олинганим ҳақида президент Ислом Каримовга хабар берди. Аслида ҳеч ким ундан буни талаб қилмаганди. У ўз ўринбосарининг барча режаларини чиппакка чиқарди. Бу ўринда президент Каримов ҳам илтифот кўрсатди. У Усмоновни дарҳол ҳибсдан озод қилишга буйруқ берди. Агар мени Алматовнинг ўзи ҳибсдан озод этганида бунинг учун уни ҳеч қачон кечиришмасди.

Мен эса “ярамас” чиқиб қолдим. Айғоқчининг менга берган характеристикасини оқламадим. Тинчланиш, жўнаб кетиш ўрнига….

Нега?

Чунки Ўзбекистон – Ватанимни давлат амалдорлари ниқобидаги мафиозлар бошқаришини хоҳламайман. Мамлакатим халқи озод, эркин бўлишини, адолат ҳукм суришини истайман.

Китобимда йўл қўйган хатоларим ҳақида имкон қадар рўйирост ва ҳеч нарсани яширмаган ҳолда баён этишга ҳаракат қиламан. Балки кимгадир асқатиб қолар. Зеро, инсон ўз хатоларидан, ақлли одам эса бошқаларникидан сабоқ чиқаради. Агар китобнинг ҳатто битта одамга ҳам ёрдами тегса, мен ўз вазифамни уддалаган бўламан.

Рустам Усмонов,
“Рустамбанк” президенти

Тағин ўқинг
29 декабр 2016
28 декабр куни кечқурун, Ўзбекистонда очилмаётган Фарғона.ру, Озодлик, Америка овози, Би Би Си, Ўзбекистон халқ ҳаракати каби сайтлардан тўсиқ ...
13 июн 2023
Юнонларнинг Марказий Осиёга сургун қилинишининг сўнгги босқичи Сталин томонидан 1949 йил 13 июнга ўтар кечаси амалга оширилди. Бир кечада ...
29 март 2024
Maна ҳафта айланиб яна ойлар султони рамазонда сиз билан юз кўришдик. Рамазон ойида шайтонларни занжир билан боғлаб қўйишар экан. МС: Оғо, ўзбекистондаги шейтонлани бойлош учун зинжир ëсоса дунëда дамир қолмийди. Ничиксизла, мўччи ойбика ...
21 май 2021
Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди, Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...