Хўжайлидаги қадимий обидани сақлашни вазир ўз назоратига олди
Маҳаллий мулозимларнинг «қабр бизнесига» айлантирилган Хўжайлидаги Халифа Эражаб масжиди ва Маздакхон мақбарасини вандаллардан ҳимоя қилишни Ўзбекистон спорт ва туризм вазири Азиз Абдуҳакимовнинг ўзи шахсан назоратга олди.
«Вазиятнинг ўта аянчлиги, масаллий мулозимларнинг қадим осори-атиқаларга жинояткорона беписанд муносабати боис вазиятни соҳанинг биринчи раҳбари ўзи назорат қилишини тақозо этади», дейди «Элтуз»нинг вазирга яқин манбаси.
Жорий йил ноябрь ойи охирида тармоқларда Хўжайлидаги Маздакхон мақбараси ëнида янги пайдо бўлган «евроремонт» қабр тасвирлари муҳокама қилинган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги қарорига кўра, қадимий ëдгорликлар ëнига майит дафн қилиш тақиқланади.
1 декабрь куни Маданий мерос департаменти раҳбари профессор Турсунали Қўзиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ 10-аср ëдгорлиги бўлган Маздакхон мақбараси ëнида изнсиз пайдо бўлаëтган қабристонни бориб кўрди. Бунинг ортидан Қорақалпоғистон прокуратураси қадимий обидага зарар етказилиши фактлари бўйича текширув бошлади. Мақбара жойлашган жойни қиëмат соати дея ишонувчилар сабабли бу жойга зиëрат туризми оммалашган.
Eltuz.com