Кўзқараш
9 март 2020

Хоразм тарафдан эсди шамоллар…

1965 йилнинг 8 марти. “Хоразм ҳақиқати” газетасининг биринчи варағида оқ халат кийган врач аëлнинг янги туғилган чақалоқни осмонга кўтариб турган тасвири биринчи саҳифада чоп қилинди.

Тасвирдаги бола менинг укам Қудрат Бобожон эди.

Қудрат туғилибоқ матбуот билан юзлашди.

Ўша пайтда отам ва онам Хоразм телестудиясида ишлар эди. Қудрат улкан ТВ студиянинг даҳлизларида ўйнаб катта бўлди.

Уйда марҳум филолог аммамдан қолган каттагина кутубхона бор эди.

Шекспир, Бальзак, Мопассан, Толстой ва Достаевский асарларини олдин мен, кейин эса укам Қудрат “ўқиб туширар” эди.

Бошқа болалар ланги¸ чиллик¸ ҳўққа ва карта ўйнаса, Қудрат билан мен бошқача ўйинларни ўйнар эдик.

Шаҳар ҳовлимиз тўрида ўн мингча пишиқ ғишт тахланиб турар эди.

Биз бу ғиштларни қайта тахлаб, қўрғон ҳолига келтирдик.

Бу қўрғоннинг ичини “Қуëш болалар республикаси”¸ “ҚБР” дея эълон қилдик. Бу республиканинг илк президенти ҳам ҚБР, яъни Қудрат Бобожон Ражабўғли эди.

Бу мамлакатнинг ўз алифбоси¸ ўз байроғи ва мустақил телефон алоқа тизими бор эди.

Бу утопист Томмазо Кампанеелланинг “Қуëш шаҳри ва Форобийнинг “Фозиллар шаҳри” китобини мутоала қилган ва киночи Геннадий Полока тарафидан 1966 йил суратга олинган “Респу́блика ШКИД” ни томоша қилган икки бола ўйлаб топган сиëсий ўйин эди.

Масалан, шу кунларда Сорос жамғармаси мана шундай сиëсий ўйинларни болалар учун ташкил қилиб туради.

Кейинчалик машғулотларимиз икки турга айрилди. Мен расм чизишга берилдим, Қудрат эса шеър ëзишга.

Қудратнинг илк “шеър”и уруш ҳақида эди:

«Каравотлар тахтадан.
Дарахтлар синиб ëтган
Уруш бошланди бирдан…»

Кейинроқ Қудрат шеърият билан жиддий шуғуллана бошлади. ТошДУ журналистика факультетига ўқишга кирди.

Бу орада Қудрат армияга кетди.

Бугун укам Қудратнинг 1983 йил ëзган шеърлари ëдимга туша бошлади.

Қудрат бу шеърларни Совет армияси окопларида махорка қоғозга ëзган эди.

Армияга уни кўришга борганимда мендан бериб юборган. Мен бу қоғозларни Рауф Парфига кўрсатдим. Устоз ўз қўллари билан оқ йўл ëзиб, «Шарқ юлдузи» журналида босилиб чиқишига ëрдам берган эди.

Мана ўша оддий аскар Қудрат Бобожоновнинг окопдаги шеърлари:

Очкўз менинг кўзларим жуда.
Кўзларингдан оч қолди улар.
Улар энди беҳуда кулар.
Улар энди йиғлар беҳуда.
Ишим бордир ўша оҳуда.

Яна йиғладингми дардкашим шабнам.
Шу қисқа умрингда қайдан ғам.
Сенинг умринг каби шеърим ҳам.
Шабнам шеърим кўзларингни арт.

Бугун менинг иродам янгилайди совутин.
Ортмоқ учун елкага муҳаббатнинг тобутин.
Бормоқ учун то қабргача бетиним
Бугун менинг иродам янгилайди совутин.

Шеърларимдан воз кечдим бугун
Кўкка ўрлаб қоғозлар ëнди.
Бахт-ку ахир шеърга ўт қўйиб
Сокингина севишмоқ энди.

Хоразм тарафдан эсди шамоллар
Елканлар елкамга қўйдилар қўлин.
Хоразм тарафга кетди бетизгин,
Менинг соғинчларим бир кема бўлиб.

Шуҳрат Бобожон

«Oзодлик» радиоси журналисти

Тағин ўқинг
30 май 2016
«Ўзбек ҳукумати зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз, 10 октябр куни сиёсий мотив билан қамоққа ҳукм қилинган мустақил журналистни ...
30 январ 2017
Давлат рахбари иқтисодий муаммолар ҳақида бот-бот гапирмоқда. Ҳукуматдаги вазирларни, катта амалдорларни халқ дардини эшитмасликда айблаб сўкмоқда. Мамлакатга чет-эл сармояси ...
2 декабр 2022
Азиз оға ини, опа-сингилу қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.Матчон Суқилиш: Ничиксизлар, мўччи ойбика ҳам хўжик биррила?РТ: Матчонбой, ...
12 феврал 2021
Минутлар, соатлар ва кунлар ўтиб яна сиз билан мулоқотдаман. Бугун 2021 йилнинг 12 феврали. Бундан 140 йил аввал Россия ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...