Кўзқараш
25 май 2020

Мирзиёев Русияга нималарни ваъда берган эди?

“Би-Би-Си” радиоси ўзбек хизмати журналисти Муҳаммад Солиҳга: “Коронавирус пандемияси пайти шундай чиқиш қилишингиз ўринлими? Бунинг мавридими ҳозир?” қабилидаги саволлар берди.

Интервью эълон қилинганидан сўнг Муҳамад Солиҳ мавзуни тармоқда давом эттириб, бир неча чиқишлар қилди ва савол эгаларига қуйидаги саволлар билан юзланди:

“Бундай тутуруқсиз саволларга шу савол билан жавоб қайтараман: Ўзбекистонда коронавирус пандемияси авж олаётган пайтда Тошкентда рус босқинчилари шарафига бутхона тиклашнинг мавриди эдими?

Мирзиёев ҳеч нарсага қарамай, бутхона тиклади-ку!

Бу саволингизни нега янги “ота”нгизга бермайсизлар?

Пандемия пайтида Тошкентда советларга бағишлаб “Ғалаба” парки қуриш ва у ерга минглаб одамларни тўплаб, “Ғалаба” байрамини нишонлашнинг мавриди эдими?

Пандемия пайтида Мирзиёев ўзи чиқарган карантин қоидаларини бузиб, тиббий ниқоб тақмасдан, машваратга тўпланганлар ҳам ниқоб тақиш ва масофа сақлаш қоидаларини бузиб, шоду хуррамлик қилишнинг мавриди эдими?

Бу тантананинг вабо пайтидаги зиёфатдан нима фарқи бор?!

Ёки Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров туғилган кунини оддийроқ нишонласа бўлмасмиди? 650 минг долларлик совғани рад этса бўлмасмиди?!

“Ўзбекистонда расмий тил рус тили бўлиши керак!” маъносидаги ҳақоратли баёнот билан чиққан Мария Захарова ҳам Ўзбекистонда коронавирус пандемияси тугашини кутиб ўтирмасадан бизга ҳужум қилдику !

Янги “дода”нгиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳимоясига отланаркан, озгина ўйланглар, ҳукуматпараст троллар!

Энди Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путинга берган ваъдаларини очиқлайман.

Аввало, шуни айтиш керак. Мирзиёев бу ваъдаларини 2015-2016 йилларда, яъни ҳали Бош вазир бўлиб ишлаётганда берган.

Бу ваъдаларнинг энг каттаси агар Кремль Мирзиёевга президент Ислом Каримовнинг тахтини эгаллашда кўмаклашса, Ўзбекистонни Россияга тўла бўйсундириб бериш эди.

Бу ваъданинг олтита моддаси бор:

  1. Ўзбекистон давлат идораларининг номлари ва ишлаш тизимларини тўла-тўкис Россия номлари ва тизимига уйғунлаштириш;
    Мирзиёев бу ваъдасини қандай бажараётганига аввалги чиқишимда мисоллар келтиргандим. Ички ишлар идоралари, президент девонининг номларини Россиядаги аналогик идоралар номларига мослаб ўзгартирганини айтиб ўтгандим.
  2. Ўзбекистонда рус тилини иккинчи давлат тилига айлантириш; Бу ваъдасининг устидан чиқиш йўлида Шавкат Мирзиёев Тошкентда яна икки рус олий ўқув юртининг филиалини очди.
    Фақат ҳали рус тилига иккинчи давлат тили мақомини бера олмаяпти. Россия Ташқи ишлар вазирлиги спикери Мария Захарова ўзининг ҳақоратомуз баёнотида “ўзбек тарафининг ваъдалари” деганда, айнан шу ваъдани назарда тутган эди. Аниқроғи, бу ваъданинг бажарилиши чўзилиб кетаётганига норозилик билдирди.
  3. Ўзбекистонни Россия ҳукмронлигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига олиб кириш;
    Шавкат Мирзиёев бу ваъдасининг устидан чиқиш учун қандай жон куйдираётганини бугун ҳамма кўриб турибди. Халқ ва фаоллар у ёқда турсин, ҳатто иқтисодчи экспертларнинг ва шу иитифоқдан жабр чекаётган Қирғизистоннинг огоҳлантиришларини ҳам бир тийинга олмаяпти. Чунки Володя акасига ваъда бериб қўйган.
  4. Ўзбекистонда Россия атом электр станциясини қуриш; Бу йўлда Шавкат Мирзиёев Путин билан бирга қурилиш ишлари бошланганлигини билдирувчи рамзий тугмани ҳам босди. Володя акасига берган ваъдасининг устидан чиқиш учун Шавкат Мирзиёев халқнинг қаршилигига парво қилмаяпти.
  5. Россия атом электр станциясини қуриш баҳонасида гўёки “хавфли қурилиш объектини ва битказилган АЭСни қўриқлаш мақсадида” Ўзбекистонда Россия ҳарбий базасини жойлаштириш ваъдаси;
    Шу ерда муҳим бир гапни айтиб ўтишим керак.
    Мирзиёевнинг ҳам, Путиннинг ҳам АЭС қуришдан кўзлаган асосий мақсадлари бу объектни қуриш эмас, унинг баҳонасида, яъни гўёки уни қўриқлаш учун Ўзбекистонга Россия ҳарбий контингетини олиб кириш ва жойлаштиришдир. Бошқача қилиб айтганда, Россия Ўзбекистонда АЭС қурмаслиги ҳам мумкин, лекин шу қурилиш баҳонасида ҳарбий базасини жойлаштириши аниқ.
    Агар Мирзиёев ана шу хоинона ниятига етишса, у нафақат Ўзбекистон, балки Тожикистонни ҳам, Туркманистонни ва Қозоғистонни ҳам Россиянинг раҳинасига айлантиради.
    Чунки АЭС қурилиши мўлжалланаётган Жиззах вилоятидаги Фориш тумани Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистонга яқин ҳудудда жойлашган. Бу бўлга Россия ҳарбийлари учун тожикларга, туркманларга , қозоқларга қуролли таҳдид қилиш бобида стратегик аҳамиятга эга .
    Кремлнинг “кукла”си бу режасини амалга оширса, нафақат Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиёни Россияга қарам қилиб беради.
  6. Ўзбекистонда Россиянинг ҳарбий базасини жойлаштириб бўлгач, республикани янги форматдаги СССРга, яъни ягона давлатга киритиш.
    Путин ҳукуматининг асосий мақсади шу. Кремль Мирзиёевни айнан шу сиёсий авантюрани амалга ошириш учун Ислом Каримовнинг ўрнига иқтидорга олиб келди.
    Ўлган “ота”си ва “дода”си Каримовни унутиб, Мирзиёвни ўзига янги “ота” ва “дода” қилиб олганлар “Мирзиёев Путинга шу ваъдаларни берганда Сиз устида турганмидингиз?!” дейишлари мумкин.
    Одам бирор воқеа ҳақида хабар бериши учун ўша воқеанинг устида туриши шарт эмас.
    Қўлимда етарли далилларим бор.

Лекин сизлар уларни ҳам сохтага чиқаришингизни биламан. Чунки сизнинг тоифангиз Пайғамбар ойни иккига бўлиб кўрсатганда ҳам ишонмаган тоифа.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги спикери Мария Захарованинг ўзининг ҳақоратомуз баёнотида: “Ўзбек ҳукумати рус тили мақомини ошириш ҳақида Россия вакиллари билан музокаралар олиб борган” , деб очиқ айтаяпти.

Мария Захарова қандай музокараларга шаъма қилди? У назарда тутаётган ваъдаларни ўзбек ҳукуматидан ким берган?

Бугун Путин бу жасорати учун Захаровани орден билан мукофотлади!!!!

“Ўзбекистонда рус тилининг расмий мақомини оширамиз”, деган ваъдани рус ҳукуматига президент Шавкат Мирзиёев берди. Чунки бу масалалар фақат унинг ваколатига киради.

Мария Захарова айнан Шавкат Мирзиёевга “ваъдангни бажар”, деб ҳайқирди.

Эсингизда бўлса керак, 2019 йил декабрь ойида Россиянинг бошқа бир мулозими Валентина Матвиенко Тошкентга қилган сафаридан сўнг Москвага бориб: “Ўзбекистон 2020 йилнинг февраль ойида Евроосиё иттифоқига аъзо бўлади! Ўзбек ҳукумати шунга ваъда берди”, деганди.

Ўзбек ҳукумати номидан бундай сиёсий ваъдани ким беришга қодир?

Ташқи сиёсатни белгилаш ва юритиш ваколатлари Шавкат Мирзиёевнинг қўлида. Ва бу ваъдани Мирзиёев берди.

Янa бир муҳим хусус: 2017 ва 2018 йилларда президент Шавкат Мирзиёев хорижий сафарларга чиққанида Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва Ташқи жосуслик хизмати раиси Сергей Наришкинлар Тошкентга сафар қилишди.

Сафар пайтида бу иккаласи Тошкентга келишиб, Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашининг йиғилишларини ўтказиб, ўзбек касбдошларига кўрсатма бериб кетишди. Ҳа, айнан кўрсатма беришди!

Бу ташрифлар ва шармандали мажлислар ҳам президент Шавкат Мирзиёевнинг итоаткорона ижозати билан амалга оширилди.

Бир мамлакат раҳбари хориж сафарига чиққанида иккинчи бир мамлакат жосуслик хизмати ёки хавфсизлик идораси раҳбарларининг биринчи мамлакатга кириб келишини каерда кўрдингиз?

Бу инцидент ўзини суверен деб атаган бир ўлка учун шармандаликдир!

Бу хатти-ҳаракатлари билан Мирзиёев нафақат Ўзбекистон ҳукуматини, балки ўзбек давлатини ҳам дунёга шарманда қилди!
Халқнинг вассалга ялиниши бефойда.

Чунки вассал халқнинг эмас, уни тахтга ўтқазиб кетган хўжайинининг айтганини қилади.

Халқ бу вассални кетказиб, ўрнига халқнинг дардига даво топадиган шахсни иқтидорга келтирсагина, ўлка бу оғир вазиятдан чиқиб кетиши мумкин. Бунинг учун халқ кейинги сайловларда ўзи истаган одамнинг сайланишига эришиши керак.

Мен собиқ бош вазир, бугун Ўзбекистон ҳукуматини бошқараётган Шавкат Мирзиёевнинг Путинга берган асосий олти ваъдасига тўхталдим.

Мирзиёевни шундай ваъдаларни беришга нима мажбур қилган эди?

Нега у Кремлнинг бутун шартларига рози бўлганди?

Бу хусусда янаги чиқишларимизда гапирамиз иншаАллоҳ. «

Муҳаммад СОЛИҲ

муаллифнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди

Тағин ўқинг
17 июл 2022
Ҳурматли каналимиз обуначилари ва азиз меҳмонлар! Элтуз почтасига келган, ўзбекистонлик таҳлилчи томонидан битилган қуйидаги мақолани рус тилидан сиз учун ...
22 ноябр 2023
Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримованинг мусодара қилинган 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган эди. Бу Каримованинг ...
26 январ 2018
23 январь куни бир гуруҳ ўзбекистонликлар мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни “ватанга қайтариш”ни сўраб президентга мурожаат хати ёзишди. “Энди биз ...
27 май 2024
Швеция ўз қуролларидан Россия ҳудудларига ҳужум қилишга изн берди. Грузия президенти Россияпараст қонунни бекор қилмоқчи. Андижонда эса кўприк қулади. Путин ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...