Интервью
15 август 2022

Муҳаммад Солиҳ билан суҳбат: Ойдин хонимдан кейинги аёл ва фарзанд – 2-қисм

Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солиҳ суҳбатининг давомида севимли аёли Ойдин хоним билан кечирган ҳаёти, бирга Исломни қабул қилгани, унинг вафотидан кейин уйлангани ва кейинги аёлидан 72 ёшида кўрган фарзанди ҳақида ҳикоя қилади.

БИР-БИРИГА ВАТАН БЎЛГАН ҚАЛБЛАР 2-қисм.

МУХБИР: Солиҳ ака, кўнглимда бир савол кечди. Суҳбатни кўраётганганларга ҳам тегишли бу савол. Сизнинг портретингиз улар кўз ўнгида,тасаввурида исломий ҳаёт тарзини кечираётган,ҳар гапини ”Қуръон” ва ҳадислар билан далиллаётган бир шахс сифатида чизиляпти. Улар сизнинг исломий қиёфа,сийратингизни энди танияпти. Айтингчи,сиз ўзингиз исломни қачон танидингиз. Худони қачон танидингиз.
М. С. Агар мен улар тасаввурида шундай чизилаётган бўлсам,яъни яшаш тарзи исломий бир шахс сифатида кўрсалар,мен бундан фақат бахтиёр бўламан. Аммо мен ўзимни динимиз буюрган даражада яшайман деб ўйламайман. Буни бир шеъримда ҳам айтганман: Аввалги М.Солиҳ ўлди,йўқ бўлди, бир художўй одам пайдо бўлди деганларга мурожаат шаклида: «Қанийди шундай бўлса,аввалги Солиҳ ўлган бўлсайди,юраги исломга тўлган бўлсайди»,деб жавоб берганман. Лекин иложи борича шундай яшашга ҳаракат қилганман. Одам охиратини фақат қариганда ўйлаши керак эмас. Шуурли одам ҳамиша охират туйғуси, охират тайёргарлиги билан яшайди. Айниқса,бизнинг ёшда бу дунёни ўйламаслиги керак. Афсуски,биз дунёдан кўнгил узолмаймиз. Бу дунёга кўпроқ кўнгил қўямиз.
М. С.Солиҳ ака. Гапингизни бўламан. Сиз яна саволнинг фалсафий томонига ўтиб кетяпсиз.Мен сиздан Исломни қачон танидингиз деб сўрадим. Сизни ҳеч ким бунга даъват қилмаган,қўлингиздан ушлаб масжидга олиб бормаган. Ичингизда кўтарилган бир туғён, шуурингизда уйғонган бу ҳолат. Буни Ойдин хоним қандай қабул қилди? Калима келтириши,иккингизнинг қайта никоҳ ўқитишингиз…шулар ҳақида сўйлаб берсангиз. Бу суҳбатни кўриб турганлар учун қизиқарли бўлади.
М. С. 1985- йил эди. Ёзувчилар Уюшмаси бизга уй берди.Биз унгача ижарада турардик. Қорақамишдан Пушкин -Солор манзилига, бизга берилган уйга кўчиб ўтган кезларимиз эди. Бир зиёфатдан қайтаётиб(биласиз,шоир халқининг зиёфати майсиз ўтмайди), ҳар галгидек «Ҳамид Олимжон» метро бекатидан эмас,негадир «Пушкин»дан тушибман. Аёзли, қоронғу тун.Солор кўпригидан ўтаётиб,миямда бир савол,бир туғёнли фикр уйғонди.Бу мутлақо инқилобий фикр эди. Тўхта! Сен нима қиляпсан? Нима учун яшаяпсан? 36 ёшга тўлдинг, мана. Не қилдинг шу пайтгача? Сен ўзингни даҳо шоир санайсан. Ҳов нави бир дўстинг ўзини даҳо рассом санайди.Бир-бирингизга шеър бағишлайсиз, у сенинг расмингни чизади. Зиёфатлар қиласиз. Хўп,унвон оларсиз. Китобларингиз чиқар. Сени классик деб аташар балки.Хўш уёғичи? Уёғида не бор? Ўлимми? Шунчаки ўласан,тамомми! Сен бу дунёга нега келдинг? Фақат шунинг учунми? Худони танийсанми? Аллоҳни биласанми? У ёқда нима дейсан? Жавобдан қўрқмайсанми? ? ..Бирдан сергак тортдим! Даҳшатга тушдим. Бу даҳшат шу қадар эдики, мен бутун ҳаётимдаги бўшлиқни бор ҳайбати билан кўрдим! Айни ўша дамларда – истеъдодимиз,келажагимиз ҳақида башорат қилинаётган,мақтовлардан учиб юрган вақтимиз – бу бўшлиқ мени қўрқитди. Бўшлиқнинг ҳайбати қўрқитди. Ва менинг юзимни Оллоҳ тарафга бурди!… Уйга келсам,Ойдин хоним ухламай мени кутиб турган экан. Зотан,бу ҳар кунги ҳолат эди. Хоним бунга кўникиб кетган эди. Мен унга эртадан бошлаб болаларни ”Қуръон” ни ўргатишга жазм қилганимни, ўзимиз ҳам намоз ўқишни бошлашимиз кераклигини айтдим.Хоним қаттиқ севинди мени қучиб олди.Аллоҳга шукур айтиб, Худодан фақат шуни дуо қилганини ,мендан бу қарорни кутиб юрганини айтди. Эртасигами ёки шу куннинг ўзидаёқми, Қорасувга қўнғироқ қилдим.
МУХБИР: Қирғизистонгами?
М. С. Ҳа. Аловуддин Мансурга қароримни айтдим.
МУХБИР:Аловуддин Мансур буни қандай қабул қилди?
М. С. У жуда севинди. Дуо қилди. Биздан бир қават юқорида турадиган Эминжон Усмоннкига келганда, у мен учун ҳам дуо қилганини, иймонга келсам худди саҳоба Умарнинг иймонга келишидек ҳодиса бўлишини айтиб, бизни кўкларга кўтарди. Лойиқ бўлмаганимиз савияга кўтариб, дуолар қилди.
МУХБИР:Муҳаммад С. А. В. Икки Умардан бири иймонга келса эди, деб дуо қилганлари каби қиёс бўлибди.
М. С. Яхши дўст эди Аловуддин Мансур. Аллоҳ раҳмат айласин!
МУХБИР: Демак,Аловуддин Мансур бу қарорингиздан севиндилар ва келдилар.
М . С. Йўқ, ўзи келмади. Зоҳидхон ва Анвар деган шогирдларини жўнатди. Анварни яхши билардим, зотан. Шеърларимни ўқиб юрарди. Адабиётга яқин инсон эди. У бизга жуда яхши хизмат қилди. Кейин биз Ойдин хоним билан никоҳимизни янгиладик.Расмий никоҳимиз бор эди. Аммо шаръий никоҳимиз йўқ эди.Энди ўтдик. Никоҳимизни ҳам Анвар қорининг ўзи ўқиди.Калимаи шаҳодат келтирганимизга ҳам гувоҳ бўлди.Ойдин хоним бунгача ҳам исломни қабул қилган эди ,1985-йилда эса буни расман, шаҳодат айтиш билан қувватлади.
МУХБИР: Демак,бу Ойдин хонимнинг талаби билан бўлди. Яъни расман кимнингдир гувоҳлигида шаҳодат калимасини келтириш украин миллатидан ,христианлар оиласидан келиб чиққан бўлса ҳам Ойдин хоним истаги билан бўлди?
М. С. Ҳа, айнан Ойдин хонимнинг талаби билан бўлди. Шунчаки мен мусулмончиликни қабул қилдим дейиш билан бўлмайди деб,буни расман айтишни истади у. Кейин намозни бошладик иккимиз ҳам. Болалар арабчани ўргана бошладилар ва бир йил ичида уни ўзлаштириб олдилар.
МУХБИР: Демак,фарзандларингиз Темур ва Умида ”Қуръон”ни билишади.
М. С. ”Қуръон”ни тўла ёдлаганлари йўқ, аммо иккиси ҳам ўқий олади. Умида баъзи парчаларни ёд олган. Темур бир неча порасини ёддан билади. Темур энди бизнинг ичимизда энг қуюқ мусулмон. Суннатларни ҳам аъло даражада билади.
МУХБИР: Солиҳ ака. Агар маъқул келмаса,жавоб бермасангиз ҳам майли.Сизни Аллоҳ аёллар масаласида ҳам сийлади. Кўпчилик Ойдин хонимни билади. Аммо сизнинг ундан кейинги аёлингиз бор эканини билмайди…
М. С. Ҳақиқатда Аллоҳ мени кўп жиҳатда сийлади. Ўзига шукур! Аллоҳ жамики жонзотни жуфти билан яратган. Шу маънода Аллоҳ мени ҳақ этмаганим ҳолда жуда яхши жуфтларни берди. Биринчи аёлим билан яхши яшадик. Уч фарзандимиз бор бу турмушдан. Иқтисодий қийин даврлар эди. У бунга чидайолмади ва у ҳақ эди. Биз ажралдик. Кейин Ойдин хоним билан турмуш қурдик. Бу турмуш 40 йил давом этди. Ёшлик палласида гуноҳларимиз ҳам бўлди, бунга тавба қилганмиз, Аллоҳ тавбамизни қабул қилсин, кечирсин. Аёлларим мени доим қўлладилар. Доим ортимда туролдилар. Ойдин хоним билан кечган ҳаётим бир эпопея мен учун. Жуда қийин,қаттиқ шароитларларга қарамай,бирор марта шикоят тугул, бунга ишора ҳам қилмади. Чидади менинг золимлигимга. Ноҳақликлар кўрган эса-да, барчасини буюк бир сабр,буюк бир матонат билан турди.Аллоҳ унинг руҳига ғани-ғани раҳмат қилсин.
МУХБИР: 2014-йил ўтдилар,адашмасам. Қабрлари Истамбулда ,шундайми?
М. С. Истанбулда, Қоража Аҳмад қабристонида.
МУХБИР:Келинг,ўқувчиларга Ойдин хонимнинг машҳур иборасини эслатсак. Кўп мухлисларимиз бу иборага эътибор қаратишади: «Менинг Ватаним-менинг эримдир».
М. С. Ҳа,шундай гап айтганди. Президент сайлови маҳалида Қозоғистондан келган журналист аёлнинг ”Сиз украин миллатидансиз. Отангиз поляк, онангиз украин, сиз Ўзбекистонда яшайсиз, Ватанингизни соғинмайсизми?”, деган саволига Ойдин хоним қисқа табассум қилиб «Менинг Ватаним – менинг эримдир”, деган эди. Мухбир аёл бундан ҳайратланганди.
МУХБИР: Бутун қийинчиликлар олдинда бўлган ҳолда айтган-да?!
М. С. Асосий кўргуликлар олдинда эди у пайт.
МУХБИР: Шунча қийинчиликларда ҳам собит қолди гапида. Сиз Ватан бўлдингиз унга ва биргаликда дунё кездингиз.
М. С. 1993-йил оилам ҳам менинг ёнимга,Туркияга келди. Ўша йилдан бошлаб то 1999-йилгача биз сохта паспортлар билан юрдик. Болаларда ҳам ҳужжат йўқ эди. Олиб қўйишган эди. 1999-йил бизга бошпана берди Норвегия ва бизни қабул қилди.Ўшангача 6 йил йил шу тарзда юрдик. Ҳалиям ётибди ўша сохта паспортлар. Ҳар куни бизни қаерда ушлаб кетишаркин, қайси мамлакатга борсак бўларкин,қайсисида бизни хавф кутиб турибдийкин деган хаёл билан яшадик.Болалар ҳам шу тақлидда яшадилар. 1999-йил феврал портлашларидан кейин Туркия миллий истихбороти мени хибсга олди ва қамади.
МУХБИР: Портлашларда айбладилар…
М. С. Ҳа, бу айбни менга юкладилар.Ўша пайт Сулаймон Демирал президент эди. Мени унинг буйруғи билан қамоққа олдилар.Мен қамоқда экан,1999-йил 18-март куни Сулаймон Демирал Ўзбекистонга борганида телевизорга чиқиб, «Муҳаммад Солиҳ Туркияда эмас», деб баёнот берган. Ҳолбуки, мен Туркия миллий истихбороти қамоқхонасида эдим. «Ўзбекистоннинг душмани бизнинг ҳам душманимиз.Муҳаммад Солиҳ ҳеч қачон бизга киролмайди», деб баёнот берганди Демирал.
МУХБИР:Аммо бу пайтда сиз унинг турмасида эдингиз.
М. С. Ҳа мен шу ерда,турмада эдим. Кейин мени яширинча чиқариб юбордилар.
МУХБИР: Демирални ёлғончи қилмаслик учун?
М. С. Шундай. Истанбулда оиламиздан Умида қолди фақат. Биз Норвегияда 3 ой яшадик. Қочоқлар лагерида. Узунлиги 5-6, эни 4 метр бир тор хона эди маконимиз. Ҳожатхонаси ташқарида. Ўша хонада икки қаватли каравотнинг пастки икки кишилик ётогида биз хоним билан, тепа каватида ўғлимиз Темур ётар эди… Бунинг расми ҳам бор…Шунда ҳам Ойдин хоним «бу не ҳаёт» деб нолиган йўқ.
МУХБИР: Украинага кетаман ҳам демади..?
М. С. Доим қўллаб -қувватлади. ”Ҳаммаси яхши бўлади. Бу бир синов,бунинг мутлақо ажри бор. Муҳими ,биз тўғри йўлдамиз. Аллоҳ буюрган йўлда»- деб далда берарди. Ҳа,у қаттиқ мусулмон бўлди. 1985-йилдан буён намоз қила бошлаган бўлсак, мен 1987-89 йилларда,фаол сиёсатга кирганимдан сўнг, намозда барқарор бўлолмадим,тўхтатдим. Кейин нотинч ҳаёт бошланди. Аммо хоним қаттиқ ушлади ва бир марта ҳам тарк қилмади . Уйга келадиган меҳмонлари ҳам ўранган аёллар бўларди асосан. У ҳам ўранишни истади. Бироқ мен агар у ўранса буни дарров суриштиришлари,болаларнинг ўқиши қолиб кетишини айтиб, рухсат бермадим.Зотан у ботинан ўранган эди. Истанбулга келгач зоҳиран ҳам ўранди.
МУХБИР: Демак, 1985-йил Анвар қори гувоҳлигида шаҳодат калимасини келтирган,расман мусулмон бўлган Ойдин хоним
кейинги бутун ҳаётида динида собит қолди,исломий ҳаёт кечирди ва болаларини ҳам шундай тарбиялади.
М. С. Шундай. У Араб тилини айнан”Қуръон»ни укиб урганди. ”Қуръон»ни аслидан ўқиш учун сўзларнинг маъносини шу китобнинг ўзидан ўрганиш учун шу йўлни тутди.
МУХБИР: Иншааллоҳ,жаннатдадирлар!
М. С. Иншааллоҳ!
МУХБИР: Биринчи аёлингиз ҳақида айтдингиз. Ойдин хоним ҳақида ўқувчилар маълумотга эгалар. Энди агар сир бўлмаса,учинчи аёлингиз ҳақида ҳам айтсангиз.
М. С. Бунда бир сир йўқ. Аммо буни эълон бериб,тантана қилмадик. Ойдин хонимнинг вафотидан кейин бир йил кечиб, уйландим. Эркак киши маҳрамсиз яшолмайди Мусулмончиликда ҳам бу жоиз эмас. Ўзим ёқтириб, истаб бир хонимга уйландим. Унинг ҳам таважжуҳи бор бизга.
МУХБИР: Яъни аввалдан таниш аёлгаи, Ойдин хонимнинг шогирдига.
М. С. Ойдин хонимнинг маънавий шогирди. Исми Муга.
МУХБИР: Муга? Маъноси нима бу исмнинг?
М. С. Бу француз исми. Муга бир гул номи. Ота-онаси турк. Бу ерда дунё исмларини кўп қўядилар болаларига. Хоним консерваторияда дарс беради. Фортопиано бўйича. Ҳозир бизга, оиласига қараяпти.
МУХБИР: Кўришимча хонимнинг сизга ҳурмат ва эҳтироми баланд. Ва Оллоҳ сизларни неъмат билан сийлади яна.
М. С. Ҳа, Аллоҳ бизга бир фарзанд берди.
МУХБИР: Исмлари не бўлди?
М . С. Исми Оқила. Онамнинг исмини қўйдик.
МУХБИР:Орадан йиллар кечиб,онангизнинг исмлари Туркияда тикланди.Қизалоқ иймонли бўлиб улғайсин!
М. С. Оллоҳини севган ва Оллоҳнинг ҳам севган қули бўлсин! Хайрли бир авлод бўлсин. Дуо қиляпмиз.
МУХБИР:Қизалоқ ҳозир қанча ойлик бўлди?
М. С. Ҳозир 40 кунлик бўлди.
МУХБИР: Чилласи чиқди яъни. Ўғлингиз Темурдан бир «чилла»(40 ёш) кичик бўлибди…

(давоми бор)

Тағин ўқинг
16 феврал 2023
1999 йилнинг 16 февралида Тошкентнинг беш жойида кетма кет портлашлар юз берди. Аввалига Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида бомба ўрнатилган ...
2 март 2017
Аввалига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси сайтида босилган қуйидаги мақола жуда долзарб бўлгани сабабли мамлакатдаги бир неча норасмий интернет газеталарда, ...
26 май 2020
Диссертация қўлёзмаси тошқинда яроқсиз ҳолга келганини иддао қилган 28 яшар сирдарёлик Камола Аброрхоновага президент топшириғи билан докторлик даражаси берилди. ...
26 октябр 2023
Бундан 6 йил аввал яъни, 2017 йилнинг 24 июлида 60 ёшни қарши олган президент Шавкат Мирзиёевнинг туғилган кунига совға ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...