Интервью
1 ноябр 2022

Муҳаммад Солиҳ турк бирлиги имкониятлари ҳақида – 11 қисм

Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва турк дунёси имкониятлари ҳақида.

Мухбир: – Солиҳ ака. Мана ҳозир Турк давлатлари бирлиги ҳаракатлари кечяпти.Хусусан,Туркия давлати раҳбари Эрдўғон жаноблари қаттиқ ҳаракат қиляпти.Шу ҳақда суҳбатлашсак. Сиз бунинг натижаларини,оқибатларини қандай кўряпсиз?Тахминларингиз,фикрларингизни бўлишсангиз
Муҳаммад Солиҳ: Албатта,бу ғоянинг мотори, динамоси,ҳаракатга келтирувчи ва етакловчи бир давлат бўлса,бу Туркия давлатидир. Ҳам иқтидодий,ҳам сиёсий,ҳам дунё олдидаги мавқеи,потенциали жиҳати билан шаклланган қийматли бир ўлка бу- шубҳасиз,Туркия.
Бу бир ҳақиқат.Ва асрлар давомида тевараги душманлар билан ўралган жўғрофияда яшаб ҳам ўз мустақиллигини сақлаб қололган ва ҳеч қачон қул бўлмаган турк қавми – бу Туркия. Биз ҳам турклармиз гарчанд. Бироқ бизда шароитлар бошқа бўлди. Ўзларига шароит тайёрлашга қодир давлат бу Туркия турклари эди. Яъни бу катта миссияни фақат шундай имконияти бўлган давлатгина елкалашга қодир. Ўрта Осиёда бу ғояни ҳаракатга келтирувчи потенциалга эга бўлган давлат Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларидир. Гарчи замонавий Ўзбекистон ҳали давлат сифатида тўла шаклланган бўлмаса-да. Тўғри,унинг давлат дейилишга асос бўлувчи ташқи атрибутлари бор. Масалан,герб,байроқ каби. Бироқ коммунистик зеҳният давлатчилигимизни том ўлароқ вояга етишувига тўсқинлик қилаётган асосий ғайримафкурадир. Ўзимизнинг мустақиллигимизни,дейлик, жисмонан ва моддий ҳимоя қилишга қурбимиз келар, аммо бунга маънан ва зеҳнан – сиёсий ирода жиҳатдан – ҳимоя қилишга қодир эмасмиз. Мана,кўриб турибсиз,мустақил аталганимизга ҳам 30 йил бўлди. Бугун Россия Украинага ҳужум қиляпти.Бир ўлканинг ҳурриятига,эркига тажовуз қиляпти. Биз бу воқеаларга давлат ўлароқ расман очиқ фикримизни айтар даражада эмасмиз. Бу ,албатта,ачинарли ҳол! Ўшанинг учун ҳам Турк бирлиги ғоясини байроқ қилиб кўтариб чиқиши мумкин бўлган давлат бу -Туркия деб биламан. Лекин Туркия туркларида ,масалан,мен ўз вақтида Тургут Ўзал билан гаплашганда ҳам,Сулаймон Демирел билан гаплашганда ҳам,ёки Буланд Эжевит билан гаплашганда ҳам,бир жиҳатга эътибор берганман: улар ”сўлжи» бўлсалар ҳам,Турк Бирлиги ғоясига хаммаси тарафдор эдилар. Нажмиддин Эрбоқан, ёки Алп Арслан Туркаш каби сиёсатчилар билан бу мавзуда гаплашганимизда ҳам,(Алп Арслан зотан ўзи туркчи, МХП(Миллиятчи Харакат Партияси)нинг лидери. Ҳозир бу партиянинг бошида (бўз куртлар, яъни бўз бўрилар)гилар ҳам бу ғоя тарафдорлари,ўз миллатини севган туркчилардир. Уларда бир сиёсий комплекс бор, буни изоҳлаб берай: Масалан, Туркия турклари ”Турк бирлиги” ғоясини майдонга ўртага қўйиб,”турк давлатлари, келинг бирлашайлик” десак,ўзбеклар,қирғизлар,қозоқлар «бизга Руслар 135 йил ”старший братлик” қилди, энди Туркия қилмокчими бу акаликни?” дея бизни маломат қилмасин деб куркадилар. Бу учун бу ғояни сизлар,Ўрта Осиё турклари майдонга суринг» дейишади. Зотан биз қардошмиз, бир-биримизга “старший брат»миз дейишади улар.
Мухбир: – Катта оға,яъни.
Муҳаммад Солиҳ: Шундай.Катта оға бўлиш мақсади йўқ уларнинг. Ўзларингиз олиб чиқинг,кўтаринг бу ғояни дейишади. Зотан,бу ғояни жадидларимиз бошлаб берган. ”Ёш турклар» ни эслайлик. ”Жон турклар” дейишади у ерда. Анвар Пошо туркчи эди,масалан. Хуллас, бугунги сиёсий конюнктурада ”Турк бирлиги” ғоясини бемалол кўтариб чиқиш мумкин.Чунки аввалги бизнинг бирлигимизга тўсиқ бўлган ”суперкучлар” бугун ўзлари бир-бирига қарама-қарши бўлиб турибди. Яъни улардан хар бири ”Турк бирлиги” ғоясини ўз манфаатларига буришни истайди. Америка ҳам,Чин ҳам Рус ҳам.Ораларидаги рақобатда бизни ўз тарафига тортишга уринади. Шу маънода ”Турк бирлиги” Турк Сиёсий Блоги , Адриатикдан Чин деворига қадар ёйилган маҳобатли ҳудуд, 250 минглик нуфузга эга бўлган янги бир блок бўлади.
Бу интеграсия бугун бошланса ва бир сиёсий форматга эришилса, бу нима булади: Конфедерасиями, Федерасиями ё унитарми? Албатта, бу даражага кўтарилишига у қадар ишонмайман,чунки ташқи кучлар, душманлар ҳали ҳам бор.Улар бунга қарши туриши турган гап. Лекин бугун реал амалга ошириш мумкин бўлган фаолият – Турк интеграсиясининг бошланиши бўлиши мумкин.
Бунга энди на Америка,на Хитой,на Русия очиқ қарши туролади. Чунки дунёда бир ўрнак бор. Масалан,сиёсий бирлик,иқтисодий бирликни гапирадиган бўлсак, Оврўпо бирлигини олиб кўринг. Шу форматда турк давлатлари ҳам бирлашиши мумкин. Нега бир бирига тили,дини,ирқи жихатдан бегона бўлган халқар бирлашади-ю,биз, тили, қони ,дини битта бўлган давлатлар бирлашолмаймиз?
Мухбир: – Худди “Евросоюз ”каби ”Турксоюз «қилиш мумкин
Муҳаммад Солиҳ: Ҳа,шундай қилиш мумкин! Битта пул бирлиги,ҳатто армия бирлиги,стратегик масалалар бирлиги бўлиши мумкин. Ташқи сиёсат координасия қилиниши мумкин.Бу платформада қилинадиган иш жуда кўп. Ва бу бирлик дунёга фақат фойда келтиради,зарар эмас. Чунки Адриатикадан Чин саддига қадар ҳудудда бир тинчлик,фаровонлик юзага келади. Уруш бўлмайди. Амир Темур ғурур билан айтаганку:” Салтанатимнинг бир учидан охирги учигача бир бола олтин тўла товоқни бошига қўйиб пиёда юрса, бу олтиндан бир дона ҳам камаймайди”,деб. Агар бизда ҳам бу ғоя амалга ошса, ер юзида бош устидаги олтин товоққа ҳеч ким тажовуз қилмайдиган хавфсиз, амниятли бир бўлга пайдо бўлади.
Мухбир: – Солиҳ ака. Ҳозир сиз бу масалага ҳудудий жиҳатдан баҳо бердингиз-да. Энди стратегик жиҳатдан баҳо берсангиз ҳам,Худо хоҳласа,Турк давлатлари бирлашса,худди ”Евросоюз” каби ”Турксоюз” юзага келса..
Муҳаммад Солиҳ: ”Турк иттифоқи дейлик” ”Турон» дейилса ҳам тўғри.
Бунда турк давлатлари билан бир қаторда,этник жиҳатдан турк бўлмаган давлатлар кириши мумкин. Оврўпода ҳам шундай.Масалан,Тожикистон ёки Қорақалпоғистон. Ирқ,этник тафовут ажратилмайди бунда.Минг йилларча бирга яшаб келаётган қардош халқлар булар!
Мухбир: – Тўғри. “Турк иттифоқи”! Агар шу иттифоқ тузилса, салгина ҳаддидан ошиб,истаган давлати ҳудудига кирадиган Россия сал ўзини босиб,ўйлаброқ иш тутарди. Хитой ҳам ёки. Америка ҳам. Бу катта ҳудудий иттифоқ билан ўйлаброқ муносабат қиларди деб ўйлайман.
Сиз қандай ўйлайсиз?
Муҳаммад Солиҳ: Мутлақо шундай.Масалан,200-300 миллионли нуфус,жуда катта жўғрофий ҳудуд, демографик,иқтисодий потенциал, минтақадаги қўним, стратегик қўним собитлашса, бу дунёнинг сиёсий мувозанатини ўзгартириб юборади. Қаранг,Туркия Оврупо давлатлари ичида эътироф этиладиган бир давлат. Ўрта Осиё давлатлари, Ўзбекистон ҳам шундай ахамиятга эга булаолади. Шундай бир гап бор: Ким Марказий Ўрта Осиёни қўлга киритса,Овросиёга эга бўлади деган. Яъни Туркистон бўлгаси муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудуд. Агар бу булгада Федератив ёки Конфедератив бир давлат юзага келса, бунинг таъсири дунёнинг сиёсий мувозанатини ўзгартириб юборади. Бизга ҳар тарафдан эшитилаётган таҳдидлар кесилади. Нафақат Русия,хатто Хитой ҳам эҳтиёт бўлиб гаплашишга мажбур бўлади. Чунки, 3 милён квадрат километрлик худудда 300 милён аҳолига эга марказлашган бир давлат бўлади! Бутун иқтисодий потенциали,ерости, ерусти ва сув бойликлари биалн дунёнинг энг бой давлатларидан бири бўлади бу давлат агар ”Турк Бирлиги” қурилса.
Мухбир: – Имкониятлари кенг давлат бўлади! Денгизи бўлади. Ғалласи бўлади.
Муҳаммад Солиҳ: Тўртта денгизи бўлади. Шунинг учун бу ғоя бизнинг ёшликдан бери тушларимизга кириб,таъқиб қилаётган ғоя.Бизнинг интилиб келаётган ғоямиз. Ёшимиз бир жойга бориб қолди, кўра оламизми бу кунларни. Аммо мен ҳали ҳам умид қиламан,ҳаёт экан,ҳеч бўлмаганда бошланғич шаклини кўрармиз дея.
Мухбир: – Иншааллоҳ!
Солиҳ ака бунга кимлар қарши бўла олади ва уларнинг қаршилигига асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?
Муҳаммад Солиҳ: Бунга қарши бўладиган давлат, биринчи навбатда ,албатта Хитой. Чунки бу давлатнинг ичидаги турк қисми,янги қурилган бирликка аъзо бўлишга ,қўшилишга ҳаракат қилажакдир.
Мухбир: – Уйғурлар ,яъни
Муҳаммад Солиҳ:Албатта.Сепаратистик ҳаракат кучаяди. Чунки бугунги Уйғуристон ,Шарқий Туркистон Турк дунёсининг ажралмас бўлаги,аслида.У ерлар Хитойники эмас. Уни Сталин совға қилиб юборган Хитойга 1949-йилда. Мао-Цзедунга. Ундан олдин, бутун асрлар давомида Шинжон деган жой Шарқий Туркистонники,бизники бўлган яъни.
Мухбир: – Сўнгги юзликкагача, яъни Қўқон хонлиги давригача
Муҳаммад Солиҳ: Ёки Ғарбий Туркистонни олинг ,Афғонистон ҳудудида яшаётган туркий қавмларни. Улар ҳам 8-9 миллионли халқ. Уларнинг ҳам ҳаққи бор бу Бирликка қўшилишга!
Мухбир: – Эрдўғон жаноблари бу таклифни айтганда биринчи бўлиб Россия реакция билдирди. Яъни Жириновский чиқиб, Эрдўғоннинг устидан кулгандай гапирди. Яъни бу ҳеч амалга ошмайдиган масала деган каби. Табиийки улар ҳам катта бир халқдан,ҳудуддан айрилиб қолишдан қўрқди. Чунки Татаристон,Бошқирдистон,Ёқутистон ҳам туркий қавм. Охиригача ҳам қарши турса керак булар.
Муҳаммад Солиҳ:Албатта! Мутлақо шундай. Россияда яшайдиган турк қавмлари ҳам катта куч. Русиядаги кейинги сиёсатдан уларнинг овози чиқмай қолди кейинги пайтларда.
Кайта қуриш даврида Тотористон ҳар тарафлама юксалди. Ҳам сиёсий,ҳам иқтисодий,ҳам маданий ,ижтимоий жиҳатдан кучли бир давлат бўлди. Иқтидорга Путин келиб,у ерларни қайта босиб олди. Ҳатто татар мактабларини таъқиқлаш даражасига борди. Бу жуда даҳшатли нарса. Агар улар ҳам ”Турк бирлиги” га қўшилса, Русия парчаланиш таҳликасида қолади. Бу табиий жараён бўлади. Жириновсий Путиннинг тили эди. Путин ўзи айтолмаган масалаларни унга айттирарди. Путиннинг сиёсати шу. Жириновскийнинг гапираётган гаплари Путиннинг амалдаги сиёсати,аслида. Путин гапирмай сиёсат қилади,Жириновский уни сўз шаклида айтади. Путин бугун улка ичкарисидаги туркларга сиёсий,маданий,ижтимоий томонидан босим қилаётган бир лидер. Бунақа босим ҳатто Совет пайтида хам бўлмаган у ердаги туркларга. Бугун антитурк сиёсатини чўққига чиқарган одам Путиндир. Бу мавзуда гаплашаётиб,мен бир воқеани эсладим.1977-йилда Олий адабиёт курсида ўқиганман. Ўшанда бизнинг пантуркист дўстларимиздан татар ёзувчиси Роберт Батулин бор эди. Биз уни Батулла дер эдик. Қозоғистондан Сотимжон Исанбоев бор эди. У рус тилида ёзарди. Биз учаламиз Турон бирлиги,Туркистон бирлиги ҳақида жуда кўп гаплашардик. Бир куни Ботулла катта бир харита олиб келди. Харита тепасида ”Совет давлатининг сиёсий харитаси” деган ёзув бор эди. Биз бу ёзувни кесиб олдик. Ўрнига қоп- қора ҳарфлар билан Турк халқининг ерлари” деб ёздик. Бу ташаббус Ботуллиндан чиқди. Бу ерлар ҳаммаси бизники деган маънода. Агар бугун Путин ёки унга ўхшаган бир ирқчи чиқиб ерини талаб қилса,унинг ери Твер ва Московия.Аслида Московия ҳам Олтин Ўрданинг ери бўлган.Кремлни ҳам кейинчалик қурди улар. Агар қоладиган бўлса, Твер қолади уларга.
Мухбир: – Жуда бўлмаса,кўп йиллар унинг пойтахти бўлган Питер.
Муҳаммад Солиҳ: Питер бўлиши мумкин. Қолган бўлгалар,масалан Сибир,Бойкўл,Ўрол,Ёйиқ, Тува,Ёқутистон ҳаммаси бизнинг ерлар. Мана шу потенциални агар турк халқлари ўзининг тарихини ўрганиб,ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиган бўлса, бугун Русиядаги рус шовинистларининг барчаси Тверда ўтириши керак.
Мухбир: – Князлик бўлиб ўтириши керак
Муҳаммад Солиҳ: Мутлақо шундай! Булар энди Қрим бизники эди деб,Украинани босиб олди-ку, агар биз ҳам шу принципда еримизни талаб қиладиган бўлсак, бугун Путиннинг ўтирадиган ери Твер. Шунинг учун ”Турк бирлиги” ғояси Русия учун сиёсий ўлим даражасида қўрқинчли нарса.
Мухбир: – Шунинг учун ҳам Путин ”Турк бирлиги”га қарши бўлади-да?!
Муҳаммад Солиҳ: Албатта қарши бўлади. Ҳозир ҳам қарши. Бу бирликка интилиб келаётган тотор лидерларини ҳозир ҳам йўқ қилиб келяпти у.

(Давоми бор)

Тағин ўқинг
1 июн 2017
30 май куни ижтимоий тармоқда президент Мирзиёевнинг банкирларни кескин танқид қилгани аудиоси пайдо бўлди. Видеоселектрдан ёзиб олинган аудиода президент ...
22 феврал 2023
Хоразм вилояти Хонқа тумани ҳокими Давлатов Мурадбек Сапарбоевич «суд ҳокимияти» деган тушунчадан мутлақо хабарсиз.   45 ëшга кириб қўйган, ...
26 декабр 2018
2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 16 миллиард долларни ташкил этди ва ЯИМнинг қарийб 40-45 фоизига яқинлашди. ...
27 сентябр 2023
Адлия тизими ва қонунлар ишламай қўйса, давлат қароқчи ва талончилар тўдасига айланади. Бу ақлли гапни бир минг еттиюз йил ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...