Туркияда 644 нафар ўзбекка ишлаш ҳуқуқи берилди
Туркияда ишлаш борасида вазирликка мурожаат қилган 46 минг чет элликлардан 38 минг кишиниг илтимоси қондирилди.
Туркия иш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, иш истагида ариза берганлар орасида Марказий Осиëдан келганлар анча:
“2355 киши Қирғизистондан, 2220 киши Туркманистондан ва 644 киши Ўзбекистондан.”
Eltuz.com мухбирига маълум бўлишича, Туркияга Қозоғистондан иш сўраб мурожаат қилганлар деярли йўқ.
Россия, Қозоғистон ва Жанубий Корея каби мамлакатларни тўлдирган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бугунги кунда тирикчилик илинжида Туркия шаҳарларини ҳам “ишғол” қилмоқда.
Ўзбекистонликлар кўпроқ Истанбул, Анталия, Измир каби йирик шаҳарларда меҳнат қилиши айтилади.
Туркиянинг “Анталия ривьераси” номи билан машҳур дам олиш масканлари денгиз соҳили бўйлаб 550 километрга чўзилиб кетган.
Ёзги таътиллар бошланиши билан Туркиянинг Ўртаер денгизи қирғоқлари дам олувчилар билан тўлиб-тошади.
Анталия, айниқса, россияликларнинг энг севимли дам олиш масканларидандир.
Рус тилини биладиган ўзбекистонликлар эса уларга хизмат кўрсатишда маҳаллий туркларга энг мос келадиган хизматчилар сирасига киради.
Eltuz.com мухбирининг ўрганишича, ҳозир Туркияда ишлаëтган ўзбекистонлик кўплаб муҳожирлар ноқонуний ишламоқда.
Eltuz.com