Андижонда қорқиз кийимини кийган йигит калтакланди
Ижтимоий тармоқда қорқиз кийимини кийган эркакни ҳақоратлаб сўкиб, калтаклангани акс этган видео пайдо бўлди.
Шу бугун фейсбукга қўйилган, қўл телефонига олинган бу видеотасвирда сўзлашув нормативидан йироқ гаплар бор ва унда эркаклар тарафидан уят сўзлар, сексизм, зўровонлик, гомофобия унсурлари акс этган.
Машинасига қараб кетаётган қорбобо ва қорқиз атрофида пайдо бўлган эркакларнинг гап сўзларидан воқеа Андижонда бўлганини билиш қийин эмас.
Кадрда бир гала эркаклар «қорбобо»ни ўтказиб юбориб, «қорқиз»ни ўраб олишади ва ҳақорат қила бошлашади.
Унинг юзига муштлашади, тепишади… «Қорқиз»нинг шериги уни ҳимоя қилишга заиф ҳаракат қилади.
Эркакларнинг «Сен ҳам бунинг шеригимисан!» деган дағдағасидан қўрқиб нари кетади.
Фейсбукда қолдирилган изоҳлардан, бунинг оддий бизнес экани, Ўзбекистонда ҳар йили янги йил кириши билан қорбобо ва қорқизга эҳтиёж борлигини билиш мумкин.
Бироқ, қорқиз ролига қизлар ҳамиша ҳам талабгор бўлаверишмайди, шу боис кўпинча бу ролни ҳам эркаклар ўзларига олишмоқда.
Ўтган йили Хоразм вилоятида қорқизлар зўрлангани боис, бу йил ўғил болалар қорқиз ролини ўйнагани кузатилди.
Eltuz.com